У

УЙ ТУТИШ ОДОБИ (рўзғор одоби) – халқимизнинг тарихий ва маданий анъаналаридан биридир. Маданиятга эга бўлган ҳар бир халқ уйни қуришдан тортиб, уни безашгача алоҳида эътибор б-н қарайди. Чунки, уй тутиш инсоннинг мавқеини, дидини, фаросатини, имкониятини ва шу каби жиҳатларини белгилайдиган хусусиятдир. Бу хусусият ўзбек халқи учун ҳам бегона эмас ва у маданиятимизнинг гўзал бир қисмига айланган. XIX асрда ижод этган фозила аёл Олимат ул-Банот ўзининг “Муошарат одоби” рисоласида уй тутиш поклик ва озодаликка асосланишини, шариат мусулмон кишига покиза турмуш қурмоқ б-н бирга покиза уй тутмоқни ҳам буюрганлигини таъкидлаб, бу хусусда бир қатор тавсияларни беради: “уй ва хоналарни чўп-хаслардан, чанг-тупроқлардан супуриб туриш», “ўргимчак уяларини олмоқ ва уй атрофларини соф тутмоқ”, “яшайтурган ўринларни, хусусан, уйларнинг ичкариларини ювиб қуритмоқ, ис ва шу каби нарсалардан соф этмоқ”, “фурсати б-н деразаларни очиб, уйнинг ҳавосини алмаштириш” ва бошқа ишлар у.т.о.нинг зийнатларидандир”.  Яшайдиган уйимизнинг ички ва ташқи кўриниши, табиийки ўзимизнинг дидимиздан келиб чиқиб шакллантирилади. Бунда энг асосийси уйингизда оила аъзоларингиз ўзини қулай ва эркин ҳис қилишлари учун зарур бўладиган жиҳатларни эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Бунинг учун аввало,  уйингизни ортиқча, яроқсиз нарсалар б-н тўлдириб ташламаслик керак. Бу уйдаги нарсаларнинг жойлашувини бузади; уйни безатиш ва саранжомлашда деразаларга алоҳида эътибор қилинг. Деразалар хонани кенгайтириши ёки  кичрайтириб кўрсатиши ҳам мумкин, аммо деразаларни жонли расмга айлантириш ёки мусаввирлик маҳорати б-н бошқа кўриниш б-н беркитиш ҳам мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам деразалар сизни ташқи олам б-н боғлаб турсин ва уйингизга имкони борича кўпроқ тоза ҳаво киритиб турсин;  уй жиҳозларини жойлаштиришда уйда ёш болалар бўлишини эътиборга олинг. Чунки, жойлаштирган буюмларингиз уларнинг бемалол ҳаракат қилишлари учун ҳалақит бермаслиги керак;  танишларингизни уйингиздаги қимматбахо ва ҳашаматли жиҳозлар б-н мақтаб, уларни ҳайратга солиш манманликдир. Шундай хонадонлар борки, соҳиб ва соҳибанинг дидсизлиги натижасида хона қиммат бўлса-да, кераксиз нарсалар б-н тўлдириб юборилган. Бу уйда бир сўз б-н айтганда файз йўқ, ўтирган одамнинг нафаси бўғилади, кишини асабийлаштиради; ошхона, ванна ва ҳожатхонани алоҳида тозаликда сақланг. Чунки бу уйингизга келган меҳмонларнинг ушбу жойларга кириши эҳтимолдан холи эмас. Гулларсиз уйни тасаввур этиш мумкин эмас. Гуллар уйни гўзал қилади, айниқса, янги узилган, чиройли гулдасталар, қуруқ ўт ва гуллар мажмуаси кишининг кайфиятини кўтаради, образли ифодаларни шакллантиради. Бироқ, гуллар бошқа барча нарсалар каби уйда озодалик, эътибор ва парваришни талаб қилади. Уйда тирик табиатни шакллантириш –тўти, каклик, бедана, канорейка сингари сайроқи қушлар, товус, қирғовул каби чиройли қушларни парвариш қилиш, балиқ, қуён каби чиройли жониворларни боқиш ҳам инсонларнинг табиатга нисбатан муносабатини ўзгартиради, унга нисбатан меҳр пайдо қилади. Шунингдек, бу ҳолат хонадонда соғлом муҳитни мустаҳкамлайди, тарбия жараёнини барқарорлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.

УйҒониш даври — инсоният тарихидаги ижтимоий-маънавий юксалиш, илм-фан ривожини ифодлаш учун XVIII а. маърифатпарвар файласуфлари томонидан илмий муомалага киритилган тушунча. Ўрта аср феодал клерикал ҳаётидан кишилар инсон тафаккурини, ижодий куч-қудратини, яратувчанлик имкониятларини одамзот бахт-саодати, эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, жамиятнинг гуллаб яшнаши томон интилиш йўлидаги маънавий-ижтимоий ҳаракат жараёни. Ғарб У.д. XIII а.да Италияда (Данте, Жотте) бошланган бўлиб, XIV-XVI а.ларда Ғарбий ва Марказий Оврупо мамлакатларида кенг тарқалган. Бу даврда Фан-техника, адабиёт-санъат, таълим-тарбия соҳаларида инсоният истиқбол тараққиётига улкан таъсир ўтказган ва унинг маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган буюк ижодкорлар Рафаэл, Леонардо да Винчи, Микеланджело, Коперник, Эразм, Роттердамский, Галилей, Бруно, Рабле, Тициан, Веронезе, Петрарка, Боккаччо, Сервантес, Шекспир, Ариосто, Тассо, Дюрар, Ян ван Эйк, Фуке ва б. Европа уйғониш даврининг атоқли намояндалари сифатида умуминсоний маънавият тарихида фахрли ўрин эгаллашга муваффақ бўлдилар. Шарқда эса, У.д. VIII а.дан бошланган бўлиб, мўғул истилоси ва ҳукмронлиги туфайли XIII – XIV а.ларда тўхтатилган ва Амир Темур салтанатида XIV-XV а.ларда янги равнақ босқичида давом этган. Амир Темур давлати парокандаликка учраганлиги сабабли у ҳам XVI а.дан бошлаб инқирозга юз тута бошлади. Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Аҳмад Яссавий, Исмоил Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Саъдий, Рудакий, Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Муҳаммад Бобур каби Шарқ У.д.нинг буюк сиймолари жаҳон цивилизациясига беназир улуш қўшиб, умуминсоний қадриятлар тарихида мустаҳкам ва абадий ном қолдирганлар ва улар Ғарб У.д.га замин бўлиб хизмат қилдилар.

улуҒворлик — маънавий-ахлоқий тушунча. У. табиатда, жамиятда, инсон, унинг фаолияти маҳсулотларида намоён бўлади. У. белгисига эга бўлган барча нарсалар ва ҳодисаларга хос бўлган умумийлик — меъёрий баркамоллик бўлиб, бу меъёрдан ташқарида меъёрий қонун бузилиши мумкин. Табиатда У. баланд тоғлар, қудратли шаршаралар, чексиз океанлар, мавж ураётган денгизлар, тубсиз осмон ва шу каби тимсолида намоён бўлади. Бу ердаги умумийлик — улардаги кенг кўлам, улканлик, буюклик, туганмасликдир. Табиатдаги У. инсонда ўзидаги заифликни эмас, балки табиат б-н қўшилиб кетишга интилиш ҳиссини уйғотади ва кучли таъсир этади. У. ҳисси ўз-ўзидан қувонч, ҳайратланиш, эҳтиром, тан бериш туйғуларини ўз ичига қамраб олади, руҳий кўтаринкилик бағишлайди. Буларга баъзида қўрқув ҳам қўшилади, лекин у инсонни камситмайди, балки тўсиқларни енгиб ўтишга туртки беради. У. ҳисси умуминсоний, умумий белгилари б-н бирга ижтимоий шартланган, аниқ тарихий табиатга ҳам молик қаҳрамонликда, алоҳида нафосат ва ахлоқий бирликда тўлиқ ва бевосита намоён бўлади. Халқ фидойилари, эл-юрт жонкуярларининг фаолияти, қилган ишлари бир вақтнинг ўзида ҳам улуғвор, ҳам мардоналик намунаси бўла олади. Қаҳрамонлик кўпчилик омма тушунчасида одатдан ташқари, ноёб, кам учрайдиган ҳодисадир. Лекин у кундалик ҳаётда, оддий шароитда энг содда, ҳамма амал қиладиган ахлоқий қоидалар доирасида ҳам содир бўлиши мумкин ва бунинг ўзи инсонлар назарида улуғвор аҳамият касб этади. Табиат б-н ҳамоҳанг бўлиш, ижтимоий фаол, ташаббускор, матонатли, Ватан равнақи йўлида  фидойилик кўрсатадиган шахсни шакллантириш бугунги кундаги У. орзусининг асосий мазмунини ташкил этади. Чунки улуғвор ишларни улуғвор шахслар яратади ва бутун бир халқлар тақдирига ижобий таъсир этади. Улуғ ишнинг тагзамини эса ниятнинг, мақсаднинг улуғворлигидир. Амир Темурнинг мақсади Ватанини мўғул босқинчиларидан озод этиш, илм-фан, санъат ва маданият ривожланган, халқ осойишта ҳаёт кечирадиган салтанат барпо этиш эди. У буюк ҳарбий истеъдоди, ақлу заковатини ишга солиб, бу ниятни амалга оширди. Амир Темур сиймосида тенгсиз саркардалик маҳорати, матонат ва жасорат, давлатчилик ғояларининг ижодкорлиги мужассамланган эди. Соҳибқирон шахси, ишлари, сўзлари биз учун ибрат, у инсоният тарихининг нодир сиймоларидан бири бўлиб, бутун бир давр унинг номи билан боғлиқдир. Амир Темур улуғ салтанат қуриш соҳасида У. намунасини кўрсатган бўлса, Низомиддин Мир Алишер Навоий туркий тилда жаҳоншумул бадиий асарлар ёзиб, ўз халқининг маънавий оламини юксакликка кўтарди, она тилининг қудратини баралла намойиш эта олди. Шу каби илмий кашфиётлари билан жаҳонга номи кетган Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Берунийлар У. шоҳсупасидан ўрин олган. Бу зотлар илму фаннинг, ҳикмат ва ижод паҳлавонлари, Шарқ Уйғониш даврининг буюк сиймолари сифатида ҳозир ҳам бизга ибратдирлар.  У. ўзини ҳар томонлама ижодий ифодасини санъатда топади, унинг барча тур, хил ва кўринишлари учун У. мавзулари асосий тасвир объектларидан бири бўлиб хизмат қилади. Санъатнинг турли кўринишлари У.ни тасвирлашнинг хилма-хил имкониятларидан фойдаланади. Санъатдаги У. бадиий мазмун ва шакл имкониятлари воситасида ифодаланади, лекин бунда ҳал ҳилувчи ролни ғоя ўйнайди. Ғоя мукаммал шаклнинг зурурлигини юзага келтириб, санъат асарининг буюклик даражасини белгилаб беради, бу ҳолат ҳаётий ҳақиқатдан қочишга эмас, унга хизмат қилишга даъват этади. Қаҳрамонлик достонлари, лирик достонлар, қаҳрамонлик фожеаси, қаҳрамонлик асарлари, симфония, нотиқлик, меъморчилик ва ёдгорлик санъати кўринишлари У. мавзусини бадиий ўзлаштириш жараёнида вужудга келган. Чунончи, “Алпомиш” достони, Навоий “Хамса”си, Бобурнинг “Бобурнома”си мана шундай муаззам бадиий обидалардир. Навоий яратган беш достондан иборат “Хамса” ҳам мазмун-маъно, улуғвор тафаккур меваси, ҳажми, бетакрор бадиий санъат намунаси экани билан ҳам ҳайратланарлидир. Ёки “Бобурнома”ни олайлик. Бобурнинг ҳаёти ўзи бир жасорат намунаси. У буюк салтанат бунёд этди, ана шу юриш ва урушлар турли тақдирлар, қарашларни ёзиб қолдиришга имкон топди. “Бобурнома” нафақат Мовароуннаҳр, балки Афғонистон ва Ҳиндистон тарихи, одамлари, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини ёритувчи қомусий асардир. Бу асарнинг дунё тилларига 3-4 мартадан таржима қилингани ҳам унинг аҳамияти нақадар буюклигини исботлаб турибди. Мусиқа соҳасида ҳам “Шашмақом” У.нинг ёрқин намунаси бўлади. Мазмун ва маъносининг чуқурлиги, олҳанглар ранг-баранглиги, ҳиссиётлар қамровининг кенглиги, салобат ва жозиба мақомларнинг абадийлигини таъминлаган. Мақомлар буюк шеъриятимизнинг қанотлари, аждодлар дарди ва умидлари, ноласи ва фарахбахш руҳининг ифодасидир.  У. меъморчиликда алоҳида аҳамият касб этади. Миср пирамидалари, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг меъморчилик обидалари, юнонларнинг Парфенони, римликларнинг Колизейи, ўрта аср готик бош черковлари ўзларининг салобатли, улуғворлиги б-н кишини ҳайратда қолдиради. У. туйғусига фақат миқёс ўлчови б-н эришилмайди. Агар айрим обидалар, Мас., Бобил минораси, Минораи Калон, Миср эҳромлари ва шу каби ўзларининг миқёс кўлами б-н ҳайрон қолдирса, бошқалари ўзининг нафислиги, нозик ифодали ранглар, қисмлар ҳамоҳанглиги, атроф-муҳит б-н узвий қўшилиб кетганлиги б-н алоҳида аҳамият касб этган (Гўри Амир, Шоҳизинда, Мустақиллик майдони, Ичанқалъа, Регистон майдони, Мир Араб мадрасаси, Исмоил Сомоний мақбараси ва б.). Истиқлол йилларида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли У. касб этаётган обидалар жаҳонга юз тутмоқда. Мамлакатимизда Амир Темур, Улуғбек, Навоий каби аждодларимизга ҳайкаллар қўйилди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда ўрнатилган ҳайкалларда  соҳибқирон Амир Темурнинг турли ёшдаги ҳолатлари ифодаланган. Тошкентдаги  от устида ўтирган Амир Темур ҳайкалида  озодлик курашчиси, давлат арбоби ва беқиёс саркардалик маҳоратини кўрсатган улуғвор тарихий шахс сиймоси мужассамлашган. Шу каби Мустақиллик майдони, унда қад кўтарган рамзлар, Меҳрибон она ҳайкали ҳам У.ка мисолдир. Демак, У. тарих, халқ, миллат, озодлик, мардлик, фидойилик тушунчалари билан ҳамоҳангдир. У. инсон орзу-армонларини, идеалларни акс эттиради ва ривожлантиради,  буюк ишларни амалга оширишга чорлайди, яратувчанлик ва ижодкорликка илҳомлантиради, ҳаётга маъно-мазмун бағишлайди, инсон зотининг У.ни таъминлашига хизмат қилади. 

УМИДСИЗЛИК (пессимизм) — дунёда ёмонлик устун, келажак одамга яхшилик келтирмайди, у азоб-уқубатга маҳкум, келажак ҳаётда бахт-саодатга, мақсадга эришиб бўлмайди, деган пессимистик тушунча. У. кишининг келажакка ишончининг сусайиб кетгани, дунёда ёмон одамлар кўплиги, ўз олдига қўйган орзу-мақсадларига эришишига иродаси кучсизлик қилиши, ҳаётда яшашнинг қийинлашганидан нолиши, ҳаётга қизиқишининг сусайиши, тез-тез йиғлаб туриши, ҳаётнинг азобу машаққатлардан, тўсиқлардан иборат эканлиги, муаммоларини ечишга ва муваффақиятларга эришиш учун ҳеч қандай илож-имконият йўқлиги, яшашни истамаслиги ҳақида сўзлаши, руҳий тушкунлик ҳолатида намоён бўлади. Инсонлар орасида жаҳолат, ғафлат, худбинлик, танбаллик, порахўрлик, таъмагирлик, такаббурлик, мансабпарастлик, шуҳратпарастлик каби иллатларга мубтало бўлган баъзи бир шахслар бор. Айнан мана шу ҳолат кўпчиликнинг умидсизликка тушишига сабабчи бўлади. Чунки, мана шундай шахслар ўз шахсий манфаатини, нафсини, ҳирсини қондириш, шуҳрат қозониш, бойлик орттириш каби мақсадларини амалга ошириш учун маънавиятга, ахлоққа зид бўлган турли хил тубан ишларга қўл уради. Бундай шахслар б-н бирга ишлаш жараёнида ҳалол меҳнат қилаётган ходимнинг ҳафсаласи пир бўлади, адолатпарварликка, инсонпарварликка ишончи йўқолади, ҳамма жойда ёмонлик устун, уни енгиб бўлмайди деб ўйлайди, орзу-мақсадларига эришиш сароб бўлиб туюлади, белгилаган эзгу мақсадлари ва режалари амалга ошмагач, умидсизликка тушиб, фаол ҳаётдан узоқлаша бошлайди, ўзига ишончни йўқотади. Ҳаётидаги турли кўнгилсизликлар оқибатида ҳам инсон у.ка тушиб қолади. Мас., турмуш ўртоғидан ажралиш, яқинларининг вафоти,  корхонанинг тугатилиши ва бошқалар бунга сабаб бўлади. У.нинг оқибати хатарли бўлиб, ҳалокатга олиб келади. Япон олимлари (Тохоку Университети профессор Итиро Цудзи бошчилигидаги тиббиёт факультети тадқиқотчилари) илмий тадқиқотлари натижалари-хулосалари айнан аниқ мақсадга эга бўлмаслик ёки эзгу орзуларига эришишига ишонмаслик, фаол ҳаётдан узоқ туриш оқибатида инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп учрашини таъкидлайди. Худбин, шахсий манфаатини миллат ва халқ манфаатидан устун қўядиган, шахсий бойлик ва шуҳрат орттиришга ружу қўйган, бошқаларни писанд қилмайдиган, мағрур, манман, такаббур, адолатга ва инсонпарварликка зид равишда бошқаларнинг орзу-умидлари ва мақсадларига, ривожланишига, ҳаётда уларнинг мавқеи, ўрнини эгаллашига бефарқ, беписанд қарайдиган  кимсалар томонидан ор-номуси, қадр-қиммати, шаъни топталган, оёқости қилинган инсон ҳам  У.ка тушади ва унда келажакка ишончсизлик, умидсизлик пайдо бўлиб, бундай ҳолатда у иродасининг сустлиги туфайли ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари ҳам ҳаётда учраб туради. У. руҳий тушкунлик ҳолати бўлиб, бунда киши руҳан сиқилади, асабийлашади, стресс ҳолатларни ўтказади. Бунинг натижасида унинг танасида турли хил касалликлар пайдо бўла бошлайди. Суқрот айтганидек, “Руҳни даволамай туриб, танани даволаб бўлмайди”. Демак, У.ка тушган одамнинг, аввало, руҳини даволаш лозим бўлади. У.ка тушган одамга, ундаги тушкунлик ўткинчи бир ҳолат эканини ва вақти келиб ўтиб кетишини; руҳий тушкунлик ҳолати ҳар кимнинг бошига тушиши мумкинлигини тушунтириш, ундаги ижобий жиҳатларга, ирода, гўзаллик, ақл, билим, зийраклик, билим борлигига эътиборини қаратиш, унинг оиласига, яқин қариндошларига, дўстларига кераклигини ҳис қилдириш, яшаш учун берилган ҳуқуқдан, имкониятдан бахт яратиш учун фойдаланиш зарурлигини уқтириш орқали ҳам унда келажакка ишонч, умид уйғотиш мумкин. У. ка тушган одамнинг қалбига қулоқ солиш, уни ёлғизлатиб қўймаслик ва тушунишга ҳаракат қилиш, яхши сўзларни гапириш, унинг ҳаяжонини, дардларини сабр б-н тинглаш, унга эътиборли, меҳрибон ва ҳамдард бўлиш, очиқкўнгиллик б-н самимий муомала қилиш, келажакка ишонтириш ҳамда уни қийнаётган муаммоларни ечишга амалий ёрдам бериш, ғамхўрлик, маънавий ва моддий кўмак кўрсатиш орқали уни оптимистик ҳаётга қайтариш мумкин. У. ҳолатидан чиқариш учун қуйидаги амалларни бажариш лозим: яъни, у.ка тушган кишига меҳрибонлик кўрсатиш ва ҳамдард бўлиш, ундаги ижобий ўзгаришларни олқишлаш, унингаҳволидан атрофидаги дўсту биродарларини хабардор қилиш, ёлғизлатиб қўймаслик, янги дўст топиши учун ёрдам бериш, унинг атрофида хурсандлик муҳитини яратиш, аҳволи ёмонлашса, психологик ва тиббий ёрдам чораларини кўришга интилиш зарур. Бу тадбирларнинг барчаси одамдаги руҳий тушкунлик кайфиятини йўқотишга, уни умидли, мазмунли ҳаётга қайтаришга ёрдам беради.

УМР ЙЎЛДОШЛАРНИНГ МУНОСИБЛИГИ – умр йўлдошларнинг биологик, психологик, психофизиологик диди, маданияти, хулқий ва бошқа жиҳатларининг мос келишини ифодаловчи ибора. У.й.м. оила қурган икки кишига хос жиҳатларнинг бир хиллиги, ўхшашлигини тақозо этади. Инсон зоти (генетикаси) нуқтаи назаридан кишилар 16 хил жуфтликни ташкил этади. Умр йўлдошларининг бир-бирига муносиб чиқмаганида, бахтсиз ота-она бўлганликлари ёки ўзларининг иммуногенетик мос эмасликлари туфайли фарзанд кўрмаганликлари сабаб бўлиши мумкин. Бошқача жуфтлиқда наслий касалликларнинг такрорланиш хавфи кучаяди (энг асосийси  — она ва ҳомиланинг резусномутаносиблиги ва жуфтликнинг ота-оналари). Шифокорларнинг таъкидлашича, кишиларнинг 10 фоизи умуман генетик тўлақонли эмас ва никоҳдан ўтмасликлари керак. Энг мақбул жуфтликка психологик темпераментларнинг қутблилигида эришилади. Бундан ташқари, интеллект даражаси ҳам тенг келиши лозим. Никоҳга энг кўп мослашувчанлар очиқ характердаги, ҳаётдан завқланувчи, ўзаро муносабатларда меҳрибон кишилар ҳисобланади. Лекин бу сифатлар ҳаддан ошса, жуда юқори даражада бўлса, унда бундайлар оила тузишга ноқобил бўладилар. Серфикр, эзма кишилар, ўз қадр-қимматларини юқори тутувчи ёки жисмоний ёхуд интеллектуал камчилиги бор кишилар оилавий ҳаёт учун унча тўғри келмайди. Амалдаги ҳар бир ажралишда умр йўлдошларнинг бир-бирига мос эмасликлари ётади. Бугунги кунда фаолият юритаётган оила маслаҳати, оила хизмати  бўлимлари психологик ва бошқа усуллар ёрдамида, шунингдек, ахборотни сақлаш ва ишлаб чиқиш учун компьютердан фойдаланиб, кўпгина кишиларни номутаносиб умр йўлдошилик азобидан сақлаб қолишлари ва муваффақиятли оила қуришга кўмаклашишлари мумкин.

УМУМИНСОНИЙ АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР – инсониятга  хос бўлган ахлоқий,  этик, эстетик, маданий ҳодисалар мажмуаси. Шунингдек, умуминсоний аксеологик, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маънавий унсурлар,  воқеа ва ҳодисалар, жараёнлардир. Тор маънода, фалсафа, социология ва маданиятшунослик фанлари соҳасида  умуминсоний ахлоқий тамойилларни ўрганувчи категориядир. Кенг маънода, инсониятга оид барча маънавий-ахлоқий ҳодисалар тушунилади. Буларга Ер сайёрасининг захирасини, атмосфера қатламини асраш ва бошқа экологик муаммоларни биргаликда бартараф этиш, башариятга хавф солувчи касалликларга  қарши кураш, умумий тинчликни сақлаб қолиш,  инсонпарварлик, ижтимоий адолат, демографик таҳлил, демократияни қарор топтириш, инсон ҳуқуқларини тиклаш, халқаро хавфсизликка раҳна солувчи гиёҳвандлик, терроризм, миллатчилик ва диний экстремизмни олдини олиш, қашшоқлик ва саводсизликка барҳам бериш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш,  гендер тенгликка эришиш, қадимий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва ҳоказолар киради. Жумладан, маиший маънодаги У.а.қ.га ўзаро муомала, саломлашув, харид мақсадида савдолашиш муомаласи, қўшничилик одатлари, беморни кўриш, никоҳни эълон қилиш, меҳмон кутиш ва бошқа турли тадбирлар, маданий анжуманлар мисол бўлади.  У.а.қ. шаклан ўзгарувчан, лекин мазмунан ўзгармайди.  Мас., миллатлараро, давлатлараро маданий алоқалар қадимги даврда ҳам кузатилган. Мазкур халқаро муносабатлар бугунги кунда ҳам шаклан такомиллашган кўринишда мавжуд. У.а.қ.ни асосан, расмий жиҳатдан БМТ институтлари ўрганади. Хусусан, АЙРЕКС (халқаро тадқиқотлар ва алмашинувлар), АНКБШК (аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенция), АФОСОҲ (аҳоли фаровонлигини ошириш стратегияси оралиқ ҳужжати), БМТ НЖБ (БМТ наркотиклар ва жиноятчилик бошқармаси), БРИ (башарий ривожланиш институти), БҲК (болалар ҳуқуқи тўғрисида конвенция), ГМГ (гендер масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ), ГДК ( Германия техник маркази), ГЎД (гўдаклар ўлими даражаси институти), ДОТС (сил касаллигини бевосита кузатиб даволаш қисқа муддатли курси), ЕХҲТ (Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти), ЖБ (жаҳон банки), ЖССТ (жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти), МРМ (мингйиллик ривожланиш мақсадлари институти), ОСБГФ (ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш глобал фонди), ХМК (халқаро молия корпорацияси), ХРУ (халқаро ривожланиш уюшмаси), ХТТБ (халқаро тикланиш ва тараққиёт банки), ЮНЕСКО (таълим, фан ва маданият масалалари бўйича БМТ ташкилоти), ЮНИСЕФ (БМТ болалар фонди), ЮСАИД (АҚШ халқаро ривожланиш агентлиги), ШХТ (Шанхай халқаро ташкилоти), ЮНФПА (БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси) ва бошқа йирик халқаро ташкилотлар У.а.қ.га оид инсоният равнақи йўлидаги омилларни ўрганади. Ҳар бир мамлакат миқёсида миллий ДСҚ  (давлат статистика қўмиталари) ҳам фаолият кўрсатади. У.а.қ. инсониятнинг маънавий мезонидир. Ушбу тамойиллар инсоннинг умумбашарий маънода ҳаёт кечириш мазмунини ташкил этади. Глобаллашув, интеграциялашув, либераллашув каби жараёнлар У.а.қ.нинг уйғунлашувига олиб келади. Шунингдек, уларни яхлит ҳолатга солишга ҳаракат қилади. Бу концепция маълум бир халқлар маънавиятига раҳна солса, айримлари учун том маънода  қадриятга айланади. Бундай жараён  келажакда У.а.қ. бир қутбли бўлишига олиб келиши ҳам мумкин.  У.а.қ.ни  дин, фан, адабиёт, санъат, маданият тараннум этади.  Ижобий кечадиган  умуминсоний  маънавий ҳодисаларнинг ҳаммаси   У.а.қ.га айланади.

УМУМИНСОНИЙ МАЪНАВИЯТ – жамият ва одамзод насли учун энг қадрия сифатида эъзозланадиган ва умумижтимоий аҳамиятга эга бўлган маънавий ҳодисалар, маданий бойликлар, адабиёт, фан, санъат ютуқлари, дин, сиёсат, ҳуқуқ соҳасидаги натижаларни англатувчи т. У. м. тушунчасига хос бўлган кундалик тасаввур билан, унинг маънавий мазмун-моҳияти ўртасидаги фарққа эътибор бериш лозим. Кундалик ҳаётда кишилар аҳамиятга молик маънавий бойликлар, кашфиётлар, қадриятлар, дин, фан, адабиёт, маданият билан боғлиқ хусусиятлар, жиҳатлар, жараёнларнинг ўзини У.м.  сифатида тушунади. Маънавий маъно-мазмун касб этадиган нарса ва ҳодисаларга нисбатан ишлатиладиган У.м. ҳар қандай халқ, жамият ва давлат ҳаёт тарзининг асосий бўғини бўлиб қолгани: а) Сайёрамизнинг дунёдаги барча кишилар учун, уларнинг ирқи, миллати, эътиқоди ва бошқа табиий-тарихий ҳамда ижтимоий белгиларидан қатъи назар, энг умумий ва шу билан бирга чексиз коинотдаги мўъжазгина макон экани тобора яққолроқ ҳис этила бошлангани; б) дунёдаги ижтимоий хилма-хиллик, сиёсий ва мафкуравий ранг-баранглик, турли хил эҳтиёж, қизиқиш, мақсад, интилиш, хатти-ҳаракат, фаолиятнинг тараққиёт талабларига мос келадиган энг умумий маънавий мезонларига муҳтожлик сезила бошлангани; в) даҳшатли қирғин қуроллари, ядро уруши, экологик бўҳрон ва маънавий таназзул каби таҳдидлар билан юзма-юз келиш натижасида инсониятнинг келажаги, сайёрамиз аҳолиси умумий генофондининг тақдири хавф остида қолгани, инсониятнинг ҳозирги авлоди мансуб бўлган тамаддунларни сақлаб қолиш ўта муҳим аҳамият касб этаётгани; г)  кишиларнинг қандай ижтимоий тузум ва давлатларда яшашидан қатъи назар, ҳамма жойда энг асосий мақсад инсон, унинг ҳаёти, манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлари, одамлар учун   мазмунли, тўкин ва фаровон турмушни таъминлашда бутун жаҳон аҳамиятига молик универсал технологиялар, илм-фан ютуқлари ҳамда уларни барчаакатларда қўллаш имкониятларининг умумийлиги, бу имкониятларни рўёбга чиқариш учун умумсайёравий ҳамкорлик зарурлиги тобора кўпроқ англаб олинаётгани билан изоҳланади. У.м. категориясининг мазмунини ўрганиш учун аввало, «умуминсонийлик» тушунчасига ниқлик киритиш лозим. Бу тушунча жамиятнинг асосий жиҳатлари, турли ижтимоий сифатлар ва хусусиятларнинг умуминсоний характерга эга эканини англатади. «Умуминсонийлик» тушунчасида маънавиятни тирик табиатнинг бир қисми бўлган одам зотининг ҳаёти ва камолоти ҳамда тарихий, сиёсий ва бошқа бирликлар (ижтимоий субъектлар) учун аҳамияти ҳам ўз аксини топади. Бир сўз билан айтганда, “Умуминсонийлик” тушунчаси одамлар учун умумий бўлган мезонлар, объектив ҳолатлар, хусусиятлар, шарт-шароитлар ва бошқаларни ўзида акс эттирадиган тушунча сифатида қўлланади. У.м. тушунчаси одамзоднинг яшаши, умргузаронлиги, амалий фаолияти, инсоният ҳаётининг энг умумий соҳаларига тегишли бўлган маънавий тамойиллар, талаб ва ҳодисалар башариятнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини, яшашнинг маънавий йўналишлари, қонун-қоидалари, талаб ва тартибларини, одамларнинг энг азалий орзу-умидлари ва идеалларини ўзида акс эттиради. У.м. жамият аъзоларининг барчаси учун умумий аҳамият касб этади, инсоният ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, кишиларнинг амалий фаолияти, яшаш тарзи, бошқаларга муносабати ҳам ана шу мезонларга мос келиши ёки мос келмаслигига қараб баҳоланади. Аён бўладики,  У.м. ниҳоятда кенг кўламли ва серқирра тушунчадир. У озодлик, эркинлик, тинчлик, бахт-саодат каби умумижтимоий маъно-мазмун касб этадиган тушунчалардангина иборат эмас. Уни фақат маънавий бойликлар сифатида тушунишни ҳам мақсадга мувофиқ, деб бўлмайди. Шу билан бирга, муайян миллий, этник ва бошқа маънавий тизимлар ҳам У.м. тизимининг ўрнини боса олмайди. У.м. ва унинг намоён бўлиш шаклларини таҳлил қилиш, аслида,  таркибий қисмлари бир-бири билан диалектик тарзда боғланган умумий тизимни, унинг асосий қисмлари ўртасидаги муносабатларни тадқиқ қилишдир. Бу маънавият жамият тараққиётининг муайян даврида яшаётган барча кишилар учун умумий бўлган тизимни ҳосил қилади, бошқа маънавий тамойиллар билан узлуксиз алоқада, зарурий боғланишда намоён бўлади. У.м. намоён бўлиш шакллари нисбий хусусиятга эга, аммо бу нисбийлик доимо ҳам кўзга ташланавермайди, бизнингча, Тарихий ривожланиш жараёнида (объектив тарзда), жамият ва кишиларнинг талаб,  эҳтиёжлари натижасида (субъектив тарзда) У.м. шаклларидан гоҳ бири, гоҳ бошқаси умумий тизимнинг марказига, ҳаётнинг олдинги поғонасига чиқиб олади: юртда душманлар ҳукмронлик қилганида – озодлик, мустақиллик; юрт мустақиллигига хавф туғилганида – ватанпарварлик; миллий ўзликни англаш ва миллий уйғониш даврида – тарихий ва маданий меросни ўрганишга интилиш; уруш шароитида тинчлик ва барқарорликка эҳтиёж кучайиб боради. Шу тариқа ижтимоий жараёнлар ривожида У.м.нинг маълум бир шаклининг долзарблиги, бошқасининг зарурлигини бир қадар хиралаштиргандай, уларнинг айримлари идеал  ҳолатга яқинлашгандай, бошқалари эса улардан узоқлашгандай бўлиб туюлади. У.м.нинг намоён бўлиш шакллари орасида ўз аҳамиятини, ижобийлик ҳамда фойдалилик хусусиятларини доимо сақлаб қоладиганлари ҳам бор: инсон вужудининг тириклиги, унинг ижтимоийлиги, инсоннинг умри ва ҳаёти, сиҳат-саломатлиги, ижтимоий фаолияти ва муносабатлари, меҳнати, билим, муомаласи ва бошқалар. Улар инсон ва жамият бор экан, ўзининг ижтимоий аҳамиятини сақлаб қолади, уларнинг қарама-қаршиси бўлган ўлим, касаллик, маъносиз ҳаёт кечириш, билимсизлик ва бошқалар ҳам тарихий жараёнларнинг доимий ҳамроҳидир. У.м.нинг энг олий шакллари маънавий идеал сифатида қаралади. Жамият тарихининг ҳамма даврларида одамлар ана шу идеалларга интилиб, уларга эришишни орзу қилиб яшайди. Кундалик ҳаётда ва илмий адабиётда энг олий идеаллар бир қатор ибора ва тушунчалар орқали ифодаланади: маънавий ва ахлоқий покликнинг умумий белгиси – яхшилик; нафосат белгиси – гўзаллик; билимларимиз ва фан ютуқларининг амалиётга мослиги – ҳақиқат, инсон ҳуқуқларининг олий ифодаси – эркинлик ва тенглик; сиёсатнинг тўғрилиги – адолат, одамлар ўртасидаги ижобий муносабатлар – дўстлик; энг хокисор ва беғараз туйғулар асосидаги қалбларнинг муштараклиги – муҳаббат, орзу-умидларга эришиш – бахт-саодат, ўз юртини севиш ва ардоқлаш – ватанпарварлик ва ҳоказо. Воқеликда у ушбу идеаллар билан бирга уларнинг зидди – ёвузлик, ёмонлик, хунуклик, ёлғон, эрксизлик, тенгсизлик, адолатсизлик, душманлик, нафрат, хиёнат ҳам  муайян тарзда намоён бўлади. Тарихий тараққиёт жараёнида У.м.ни барқарорлаштириш йўллари ва усулларининг бу борадаги мақсадлар билан уйғунлаштирилиши ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш даврида ниҳоятда катта аҳамият касб этади. Бу ўринда уч асосий жиҳатга эътибор бериш лозим: 1. Кишиларнинг У.м. ва уларга эришиш йўллари ҳақидаги қарашларида ўтмиш авлодлардан мерос қолган орзу-умидлар, тасаввурларнинг  ҳам аҳамияти беқиёсдир. Зеро ҳар бир авлод У.м.ни  барқарорлаштириш ва олий мақсадларга эришиш борасида ўтмиш авлодларнинг тасаввурлари ва хулосаларини мерос қилиб олади, ўз фаолияти, замонасидаги ўзгариш ва жараёнларга ҳам ана шу нуқтаи назардан ёндошади. 2. Ҳар бир авлоднинг ўтмишдошларидан мерос бўлиб келган У.м. тўғрисидаги тасаввурлари ва орзу-умидларидан ташқари, ўзи тўплаган тажриба, ана шу тажриба асосида вужудга келган қарашлар ҳам бор. Демак, ҳар қандай даврда маънавий идеалга эришиш йўлида ҳаракатлар бошланганда, уларни амалга оширишнинг режа ва дастурлари тузилаётганда, кишиларнинг руҳий-маънавий тайёргарлиги, бу борадаги мақсад, қизиқиш, эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олиш зарур. 3. У.м. тўғрисидаги тасаввурлар, эҳтиёжлар ва интилишлар асосида вужудга келган турли режа ва дастурларда кўпроқ бу борадаги фаолиятнинг назарий, умумий жиҳатларига эътибор берилади. Бу ҳол, айниқса, жамият тараққиётида туб бурилиш ва чуқур ўзгаришлар юз бераётган даврда яққол намоён бўлади. Аммо бу борадаги режалардан амалиётга ўтилганида, тажрибада мақсадларга эришиш учун бевосита ҳаракат бошланганида кутилмаган ҳолатлар намоён бўла бошлайди. Булар эса ўз навбатида бош мақсадга эришиш (стратегия) борасидаги кундалик фаолиятда турли хил йўллардан, усуллардан (тактика) фойдаланишни талаб қилади. У.м.нинг баъзи шакллари билан боғлиқ яна бир масала бор: уларнинг ҳаётда қарор топиши муайян тўсиқ ва қийинчиликлар орқали кечади. Натижада, идеал мутлақ, тўла-тўкис амалга ошмайди, унинг баъзи бир жиҳатлари ҳаётга татбиқ этилади, бошқалари эса келажак авлодларга мерос бўлиб қолади. Одамзот эса идеалсиз, унга интилмасдан, келажакка умид кўзларини тикмасдан яшай олмайди. Аммо инсон ҳаётда фақат идеаллар, уларга эришиш тўғрисидаги орзулар билан қаноатланиб қолмайди. У ўз идеалларига эришиш, уларни барқарор қилиш йўлида бошқа эҳтиёж, талаб ва қизиқишларини қондириши, ўзга кишилар билан муносабатда бўлиши, жамият талабларини бажариши, ўз бурчини адо этиши ва бошқа соҳаларда фаолият юритиши лозим. Шу маънода, кишилар доимо идеалга интилиб, реал ҳаётдаги вазифаларни бажариб, орзу-умидлар билан реал воқелик орасида умр ўтказадилар. Идеалларга интилиш орзуси билан реал ҳаётда яшаш зарурати ўртасидаги муайян зиддият одамзотни яшашга ундайдиган, умрининг энг қийин, мураккаб даврларида ҳам умид учқунлари сақланиб қолиши учун асос бўладиган умргузаронликнинг асосий тамал тоши, инсон ҳаётининг мазмуни, маъноси ва қадрини белгилайдиган объектив жараёндир. У.м. (айниқса, унинг идеал шакллари) омилкор фаолиятга чорловчи оптимистик ғоялар, шиорлар ролини ўйнаши ҳам мумкин. Бундай ҳолда улар кишини амалий ишлар қилишга ундайдиган, унинг фаолиятига маъно ва мазмун бағишлайдиган, мақсадини аниқлаш имконини берадиган, бирор жараёнга, жамиятда амалга оширилаётган вазифаларга нисбатан шахс ёки ижтимоий субъектларнинг қандай муносабатда бўлаётганини ойдинлаштириш имконини берадиган маънавий мезонга айланади. Одамлар ўзлари ва атрофдагиларнинг амалий фаолиятини, бирор соҳадаги хатти-ҳаракатларини ана шу мезонлар билан солиштириб, мулоҳаза юритади, хулоса чиқаради, баҳо беради. Ижтимоий тараққиёт жараёнида У.қ.нинг устуворлиги талаблари ҳар бир тарихий бирликнинг тарихий ривожланиш маҳсули экани, барча инсонларнинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқлари, орзу-умидлари ҳисобга олиниши даркор. Бу инсоннинг табиий-тарихий ҳақ-ҳуқуқлари, унинг яшаш ва умр кечириш ҳуқуқининг табиийлиги ва муқаддаслигини тўлиқ эътироф қилинишини англтади. Бу ҳол халқ оғзаки ижодида ҳам, барча динларда ҳам, давлатларнинг конституциялари ва бошқа ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган. Мас., буюк француз инқилоби (1789 йилда) даврида қабул қилган «Инсон ва гражданлар ҳуқуқлари Декларацияси»да, 1948 йилнинг 10 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси тасдиқлаган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси»да кишиларнинг табиий-тарихий ҳақ-ҳуқуқлари жамиятдаги асосий маънавий мезон экани алоҳида таъкидланган. Инсоннинг яшаш жойи, ўтмиш авлодларининг хоки яширинган замин, ўзи туғилган юрти билан боғлиқ умуминсониятга хос бокира туйғулари бор. Бу туйғулар туғилган уйдан, маҳалла, қишлоқ, шаҳар кўчасидан тарбиялана бошлайди, киши мансуб бўлган тарихий бирлик, унинг ўтмиши билан боғланган ижтимоий ҳудудга нисбатан муносабатда намоён бўлади. Ҳар бир киши Ер сайёрасининг фарзанди эканини, ўзи учун суюкли ҳудуд сайёранинг таркибий қисми бўлган Ватанни англаганида, ундаги бу туйғу умуминсонийликнинг талабига мос келадиган даражага кўтарилади. Сайёрамиз кишилари учун ундаги тирикликнинг вужудга келиши, ривожланиши, одам зотининг онгли фаолияти, меҳнати, маданий ва маънавий камолотга эришиш босқичлари, табиат ва жамиятда амалга оширган ишлари билан боғлиқ жараёнларни ифодалайдиган тарих ҳам ўз аҳамиятига эга. Тарих – одам зотининг вужудга келган илк давридан, бизнинг кунларимизгача яратилган моддий ва маънавий  бойликларини, инсоният ҳаётида рўй берган ўзгаришларни келажакка етказиб беради. У авлодлар руҳи олдидаги қарздорлик туйғусини қўзғаган, ўтмишдаги воқеаларни ўрганиш зарурати туғилган ва келажакнинг режаларини тузиш жараёнида ривожланишнинг аниқ йўл ва усуллари танлаб олинаётган даврларда маънавият мезонига айланади.

УНИВЕРСИТЕТ (лот. universitas — мажмуа, йиғинди) – олий ўқув юрти, илмий муассаса бўлиб унда фундаментал ва кўпгина амалий фанлар бўйича халқ хўжалиги ва маданиятнинг турли соҳалари учун мутахассисларни тайёрлаш, айни вақтда илмий тадқиқотлар, кашфиётлар амалга ошириладиган олий таълим муассасасини англатувчи атама. Дастлабки У.лар мадрасалар шаклида ислом мамлакатларида пайдо бўлган эди. Универсал таълим ва илмий кашфиётлар борасида IX-X асрлар ва умуман ўрта асрларда Бағдод, Балх, Басра, Дамашқ, Қоҳира, Амадон, Табриз, Самарқанд, Бухоро, Насаф, Гурганж, Кеш, Шош шаҳарларидаги мадрасалар ниҳоятда машҳур бўлган ва уларда етишган алломалар Европа мамлакатларида ҳам яхши танилганлар. Бу мадрасаларда таълиф этилган кўплаб илмий асарлардан ўрта асрлар Европаси У.ларида асосий дарсликлар сифатида фойдаланилар эди. Ҳоз. шаклдаги У.ларга асос бўлган илм даргоҳлари эса XII-XIII асрларда Италия, Испания, Франция ва Англияда пайдо бўлган. Улар асосан маънавият, дин, ҳуқуқ, тарих, география, математика, астрономия, табобатга оид фанларни умумлаштирган эди. XVIII-XIX а.дан бошлабгина бу таркибга ижтимоий ва техник фанлар ҳам киритила бошлади. Ўзбекистондаги дастлабки шундай У. 1920 йилда Тошкентдаги халқ У.и асосида яратилди. 1923 йилда у Ўрта Осиё университети деб аталди. 1960 йилдан Тошкент давлат университетига айланди. 2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университет деб атала бошланди. Ҳоз. вақтда Ўзбекистонда турли соҳалар бўйича етук мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилган 61 та У. фаолият олиб боради. Улар бурунгиларидан ёш авлод тарбияси, билиими ва маънавиятига юксак аҳамият қаратилганлиги, кашфиётлар учун кенг имкониятлар яратилганлиги билан фарқланадилар.

УРУШ — давлатлар ўртасида ташкилий асосга қўйилган қуролли кураш. У.да қуролли кучлар асосий ҳал қилувчи восита сифатида қўлланилади. Булардан ташқари У.да иқтисодий, дипломатик, мафкуравий ва бошқа барча воситалар ишга солинади. Мамлакатнинг ичида ҳам турли ижтимоий қатламлар ўртасида ҳокимият учун кураш келиб чиқиши мумкинки, бу фуқаролар У.и дейилади.  У.лар, шунингдек, адолатли ва адолатсиз турларга бўлинади. Ўз мамлакатининг мустақиллиги ва озодлиги учун олиб бориладиган У. адолатли ҳисобланади. Бошқа халқ ва мамлакатларни ғаразли ниятларда босиб олишга қаратилган У.лар адолатсиз У.лар ҳисобланади. ХХ асрда юз берган икки жаҳон У.и асосан ер юзини тақсимлаш ва қайта тақсимлашга қаратилган У.лар эди ва унда ўн миллионлаб одамларнинг ёстиғи қуриди. Ўзбекистон ўз мустақиллигининг биринчи кунлариданоқ тинч-тотув яшаш, бошқаларнинг ишига аралашмаслик, мамлакатлараро зиддиятларни тинч йўл б-н ҳал қилиш сиёсатини изчил равишда олиб бормоқда. Бутун тарих давомида У. сиёсатни куч ишлатиш орқали давом эттириш тамойили бўлиб келди. Бугунги кунда ядро ва бошқа ҳарбий қуроллар мислсиз ривожлангани туфайли У. мамлакатларнинг иқтисодий, сиёсий, мафкуравий ва бошқа мақсадларига эришиш воситаси сифатида ҳеч бир мазмунга эга бўлмай қолса-да, дунёнинг турли бурчакларида У. ҳаракатлари ва қуролли тўқнашувлар,  ҳарбий можаролар тўхтаётгани йўқ. Замонавий воқелик шундайки, кенг миқёсдаги бирор бир У. бутун инсоният ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин. Шу маънода Ўзбекистон яхлит халқаро хавфсизлик тизимини яратиш, тинч-тотув яшаш учун янги ва янги ташаббуслар б-н чиқмоқда.

УруҒ (ижтимоий бирлик) — бир ота-онадан тарқалган қон-қариндошларнинг ижтимоий-маънавий уюшуви натижасида шаклланган жамоа. Уруғчилик инсоният тарихининг қад. даврига хос бўлиб, яшаш учун кураш ва ташқи душманлардан сақланиш мақсадида кишиларнинг қариндошчилик асосида бирлашуви натижасида пайдо бўлган. Шу йўл б-н кишиларнинг тенг ҳуқуқлилиги, асосий ишлаб чиқариш қуролларинииг умумий мулклиги, жамоа меҳнати ва истеъмол қилишнинг умумийлиги таъминланган, никоҳ ва диний маросимлар тартибга солиб турилган, жорий урф-одатлар бузилганда, айбдорлар жазоланган. Зардуштийлик ҳукмрон бўлган даврларда ҳар бир уруғга Ўтоға етакчилик қилган, унинг зиммасига ибодатхонадаги доимо ёниб турувчи ўтнинг сўниб қолмаслиги масъулияти ҳам юкланган, ҳозир бу сўз “ўтоғаси” шаклида тилимизда учраб туради. Қадимда ўзбекларда 92 та У. бўлган: қўнғирот, манғит, минг, барлос, жалоир, найман, қурама, қипчоқ ва б.лар. Ҳар бир киши учун ўз аждодлари кимлар эканлигини билиш мақсадида қайси У.дан эканлигини аниқлаш айб эмас. Аммо У.чиликка муккасидан берилиб, фақат ўз У.и манфаатини кўзлаб, бошқаларни камситиш, атрофига ўз яқинларини тўплаб қариндош-уруғчилик қилиш ягона миллат бирлигига хавф туғдиради. Бу миллатни жипслаштирмайди, балки заифлаштиради, тараққиётга тўсиқ бўлади. Ривожланган миллатларда бундай иллатларга аллақачон барҳам берилган ва одамнинг қайси уруғдан келиб чиққанига қараб эмас, қандай фазилатлари борлигига қараб баҳо берилади, қадрланади.

УРУҒ-АЙМОҚЧИЛИК – қаранг: этноцентризм  

урф-Одат — маънавий ҳаёт ҳодисаси; анъаналар сифатида умумхалқ томонидан қабул қилинган, тарихан таркиб топган тартиб-қоида; расм-русум, тамойил. (Мас., ўзбекларда кичикларнинг катталарга салом бериши, эрта туриб уй-ҳовлини супуриб-сидириб, тартибга келтириб қўйиш, меҳмонларга алоҳида ҳурматда бўлиш, байрам арафасида бетоб, ожиз ва қийналганлардан хабар олиш, ёрдамга муҳтожларга ҳашарга бориш ва б.). У.о. ва расм-русумлар бир-бири билан узвий  боғлиқ бўлиб, бири иккинчисининг таркибий қисми ҳисобланади. У.о. ва расм-русумлар ҳар бир миллат ва элатнинг тарихи, турмуш тарзи ва б. омиллар таъсирида шаклланади ва уларнинг ўзига хос қиёфасини белгиловчи хусусиятлардан биридир. Мас., ўзбекларда қудачилик ниҳоятда катта эътиборни талаб қилади. “Куёвни пайғамбарлар сийлаган”, дейилади ва шунга яраша куёвга ҳурмат эҳтиром билдирилади. Ўтмишда ота қизи келин бўлиб тушган маҳалладан отдан тушиб, пиёда ўтган. У.о. ва расм-русумлар миллий анъаналар, миллий тил ва миллий руҳ б-н бир қаторда миллий маънавият ва маданиятнинг муҳим қиррасини ташкил қилади. У.о. ва расм-русумлар ҳар бир миллатда ўзига хос тизимни ташкил қилади, миллат томонидан турмуш тарзининг зарурий шарти деб қабул қилинади. У.о. ва расм-русумларга бефарқ киши миллатидан узоқлаштириб, узилиб қолади. У.о. ва расм-русумларга ҳурмат ўз миллатига ҳурматнинг таркибий қисмларга, кўп миллатли давлатда ўз миллатининг У.о.ларига риоя қилиш ҳамда бошқа миллатлар б-н бўлган дўстона муносабатларига путур етказмаслиги керак. Буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний минг йил аввал яратган “Ҳиндистон” асарида шундай деб ёзган: “Бирон халқнинг у ёки бу удумларига баҳо беришда буниси менга ёқади, униси ёқмайди  дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, негаки, ҳар бир халқ удумлари, анъаналари минг йиллар давомида шаклланган ва ўша миллатнинг ҳаёт тарзига айланган”. Шу мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, ўз қадриятларимизни улуғлаб, бошқаларникини камситиш тўғри бўлмайди. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос удумлари бор. Бироқ Шарқ билан Ғарб дунёқараши орасида анчайин жиддий тафовутлар борлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Одатлар – халқ табиатининг кўзгусидир. Ҳеч бир халқнинг ҳеч бир одати айрим одамларнинг истак-хоҳиши, шунчаки ҳаваси билан дунёга келган эмас. Одатлар аслида эзгу ниятларнинг ифодаси сифатида, инсонларнинг бир-бирига меҳр-оқибати намойиши сифатида туғилади. Улар аслида халқ донишмандлигининг бир кўринишидир. Шунинг учун ҳам одатлар узоқ яшайди. Ҳатто замонлар ўтиб, баъзи одатлар янгича ҳаёт талабларига мос келмай қолганда ҳам бир неча ўн йиллар давомида яшаб келаверади. Ўзбек У-о.ларининг шахс маънавиятига, унинг тасаввур дунёсига, борлиқни қабул қилиш, рад этиш, англаш, тушуниш куртагини пайдо этиш йўсинига кўрсатган таъсири ортиб бормоқда. Инсоннинг болалик давридаги илк тасаввури, атрофга нисбатан муносабати, кузатувчанлиги ҳам У.о.лар тарзида шаклланади. Кейинчалик У.о.лар, анъана-удумлар, маросимлар яхлит ҳолда халқ маданиятининг яхлит тимослига айланади. Шунга кўра, улар ҳар бир халқнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-сиёсий, маънавий онг даражасидан дарак беради.  У.м. турмуш тарзи, мавжуд шарт-шароит негизида шаклланиб, аксарияти бир қанча ижтимоий тузумлар алмашганига қарамай, ҳануз яшаб келмоқда, айримлари янгича мазмун касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “…халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва тотувликни қадрлаш, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб кетган ҳашар одати истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъана тусини олгани барчамизни мамнун этади. Ҳар йили Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ўтказиладиган умумхалқ ҳашарлари бунинг тасдиғидир. Ана шу ҳашарлар пайтида маҳалла ва гузарлар, йўллар ва майдонлар, боғу роғларни тартибга келтириш, дов-дарахтлар ўтқазиш, кам таъминланган, муҳтож оилалар, ёлғиз ва қаровчисиз кексаларга амалий ёрдам кўрсатиш, ҳеч шубҳасиз, жамият тафаккурининг янгиланишига кучли таъсир қилмоқда” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”,  96-97 б.).  Буларнинг барчаси ҳар бир инсон, миллат,жамият ва давлат ҳаётида У.м. нақадар беқиёс аҳамият касб этишидан далолат беради.

УТИЛИТАРИЗМ (лот. utilitas — фойда, наф) — Ғарб маънавиятига оид назария. Бу наз-я ҳар қандай фаолият ва хатти-ҳаракатнинг фойдалигини маънавият ва ахлоқ – одоб мезони деб билади. У. XIX а.да Англияда пайдо бўлган ва либерал буржуа қатлами манфаатини ифодалаган. Бентам асос солган У.нинг асосий принципи шахсий манфаатларни қондириш воситаси б-н “энг кўп сонли кишиларга энг кўп бахт таъминлаб беришдан” иборат. Шу б-н бирга У.га кўра хатти-ҳаракатнинг маънавийлиги ва ахлоқийлиги, унинг натижасида ҳосил қилинган ҳузур-ҳаловат ва азоб-уқубатларнинг ўзаро мувозанатини математик тарзда ҳисоблаб чиқиш мумкин. У. ибораси илк бор инглиз файласуфи Дж. С. Милль томонидан илмий муомалага киритилган. Унинг асосий ахлоқий-фалсафий асари “Утилитаризм” деб аталган. Айнан Милль туфайли У. таълимоти фойда тамойилига асосланган ахлоқий назариянинг алоҳида йўналиши сифатида этика тарихига киритилган. Дж. С. Милль У.га ҳузур-ҳаловатни сифат жиҳатидан баҳолаш принципи, маънавий-руҳий лаззатларни жисмоний лаззатлардан афзал кўриш талабини киритган. У. баъзи ҳолларда давлат  ва ҳуқуқ функцияларини тушунишга ҳам асос қилиб қўйилади. “Фойда принципи”нинг билиш назариясига татбиқ этилиши прагматизмнинг пайдо бўлишига туртки беради. Дастлабки ёки мумтоз У. назариясининг асосчиси Дж. Бентам француз материалистлари сингари бевосита антропологияга таянган ахлоқий қарашларни илгари суради. Унинг назарида, ҳузур-ҳаловат ва азоб-уқубат — инсон ҳаётининг мазмун-моҳиятини белгилаб берадиган асосий табиий тамойиллардир. Шу маънода, ахлоқ ҳам, ҳуқуқ ҳам, давлат ҳам ана шу табиий асос негизида шакллантирилмоғи зарур. Дж.Бентам умумлаштирилган ҳолда ушбу асосни фойдалилик тамойили, чексиз бахт ва фаровонлик манбаи дея атайди. Бу тамойил файласуф учун шунчаки ахлоқнинг маъно-мазмунини тушунтириб берувчи восита эмас, балки хатти-ҳаракатни баҳолашнинг мезонларини белгилаб берувчи ҳал қилувчи ахлоқий-меъёрий асос ҳисобланади. Дж.С.Милль устозининг таълимотини ривожлантириб, Арасту ва Эпикур қарашларига таянган ҳолда ахлоқнинг мазмун-моҳиятини инсоннинг олий мақсад-муддаолари билан боғлаб талқин этади. У умумманфаатни ахлоқнинг олий тамойили дея эълон қилиб, инсон ҳеч бўлмаса, ўзининг хусусий манфаатларини қондиришга, биринчи галда, касбий ва ижтимоий мақсадларини рўёбга чиқаришга интилиши кераклигини таъкидлайди. Дж.С. Милль У. назариясининг танқидчилари билан баҳс-мунозарага киришиб, фойдалилик тамойилига аниқлик киритишга ҳаракат қилади. Унинг назарида, бу тамойил аввало “бахт” тушунчаси орқали ифодаланади. Бахт деганда, у шахсий бахтни эмас, умумий бахтни назарда тутади: хусусан, шахс  бахтли бўлишга интилмасдан, ўзга кишиларнинг бахтли бўлишига ҳаракат қилмоғи даркор. У. назарияси Г.Спенсер, Э.Дюркгейм қарашларига таъсир этган адолат концепциясининг шаклланишига хизмат қилган. “Фойдалилик” тамойили У. асосчилари томонидан турлича талқин этилгани боис ҳоз. замон  назарий тадқиқотларида бу тушунчага янада аниқлик киритишга уринишлар, гедонистик қарашлар, чунончи, “ҳузур-ҳаловат” тушунчасини сиқиб чиқариш, “танлаш имконияти”ни кенгайтириш, У. ўрнига “ахлоқий мулоҳазаларни таҳлил қилиш” (эмотивизм, этикада мантиқий позитивизм). назариясига қарши қўйиш тенденцияси кўзга ташланмоқда.  

УТОПИЗМ ( юн. utopos — хаёлий, мавжуд бўлмаган жой) — луғавий маънода жам-тнинг келажакдаги мукаммал (идеал) шакли ҳақидаги таълимот. Ўйлаб топилган, хаёлан тасаввур этилган жам-т ёки орзудаги тузум сифатида қадимдан кўп мутафаккирларга хос бўлган. Ўрта а.ларда эса бу оқим мавжуд тузумни илоҳийлаштириш, унинг идеал ва абадийлигини уқтиришга хизмат қилган. Ана шундай интилишлардан бири  Англия қироллигининг лорд-канцлери, гуманист олим Томас Морнинг (1478-1535) “Утопия” асарида ўз ифодасини топади.  Бу асарнинг биринчи қисмида Англияда XVI а.да деҳқонларнинг ерсиз қолиб хонавайрон бўлиш сабаблари таҳлил қилинади. Унинг фикрича, хусусий мулкнинг мавжудлиги адолат ва ижт-й фаровонликка тўсқинлик қиладиган асосий сабабдир. Хусусий мулк йўқ қилинган жам-тдагина ижт-й адолат қарор топади. Т.Мор янги жам-т моделини “Утопия” деб атайди. Бу орол давлат бўлиб, унда мулк жам-тники бўлади. Давлатни бошқариш органлари асосан ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва етиштирилган маҳсулотларни тақсимлаш б-н шуғулланади. Бундай жам-тнинг шиори “Ҳар ким қобилиятига яраша, ҳар кимга эҳтиёжига кўра” деган қарашда ифодаланган. Т.Морнинг бу асари Европада идеал жам-т тўғрисидаги  таълимотларнинг вужудга келишига катта таъсир кўрсатади. Италиялик олим Томазо Компанелланинг (1568-1639) “Қуёш шаҳри” рисоласида ҳам идеал жам-т ғояси илгари сурилган. Муаллифнинг фикрича, бу жам-тда ҳам хусусий мулк бўлмайди, жам-тни руҳоний бошқаради. У учта ёрдамчиси — Куч-қудрат, Донолик ва Муҳаббатга таянади.  Биринчиси ҳарбий ишлар, иккинчиси фан, санъат, таълим-тарбия, учинчиси озиқ-овқат, кийим-кечак ва насл масалалари учун жавобгар. Энг олий ҳукмдор — Қуёш, яъни файласуф (метафизик) ёрдамчиларининг ишини бошқариб, назорат қилиб туради. Компанелланинг хусусий мулкка нафрати оилага ҳам тааллуқли бўлиб, унинг Қуёш шаҳрида оила бўлмайди. Аёллар ва эркаклар ўртасидаги мун-тлар қисқа муддатли ва алмашиниб туради, асосий мақсад соғлом насл олишга қаратилади. Фуқаролар бир-бирини эмас, фақат жамоани севиши керак. Қуёш шаҳри фуқароларининг диний эътиқоди ҳам христианликдан ўзгача кўринишда. Бироқ, Компанелланинг бу асарида ижт-й адолат инсонларни ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилиш эвазига ўрнатилади. Т.Мор ва Т.Компанелла қарашлари социалистик ва коммунистик таълимотларнинг ғоявий асосларидан биридир. Бу таълимотларнинг энг асосий камчилиги шундан иборатки, фаровон жам-тнинг андозаси бир ёки бир гуруҳ кишилар томонидан тайёрланиб, юқоридан пастга туширилади, яъни халқ хоҳлайдими-йўқми, уни қабул қилиши шарт қилиб қўйилади. Бундай жам-тда ўрнатилиши кўзда тутилган тартиблар халқнинг турмуш тарзига, урф-о. ва қадриятлар тизимига мос келиши ё келмаслиги мутлақо эътиборга олинмайди.  Т.Компанелланинг “Қуёш шаҳри”да худди шундай. У ҳар қандай жам-тнинг асосини ташкил қилувчи оилани инкор этади, оилавий мун-тларни ишлаб чиқариш мун-тлари б-н алмаштиради, фарзанд тарбиясини ижт-й хизматчилар зиммасига юклайди. У. таълимотининг яна бир заиф жиҳати — утопик орол-давлатларнинг бошқа реал давлатлардан ажралиб қолгани, улар б-н савдо-сотиқ, мад-й алоқаларнинг йўқлиги ёки ниҳоятда чекланганида. Чунки бу орол — давлатларда натурал ишлаб чиқариш ҳукмрон бўлиб, аҳоли эҳтиёжлари чекланган. Бундай ҳолат инсон табиатига зид ҳисобланади. Чунки, ҳар бир инсон азалдан билмаган нарсасини билишга, ўз ҳаётини бошқалар ҳаёти б-н солиштириш орқали яхши яшашга интилиб келган. Лекин қайд этилган камчиликларга қарамасдан, фаровон жам-т тўғрисидаги ғоялар Европада кейинги даврларда ҳам эътиборда бўлганини кузатиш мумкин. Бунга, айниқса, марксизм таълимоти ёрқин мисол бўлади. К.Маркснинг коммунистик жам-т тўғрисидаги таълимоти ҳам утопик мазмунда эди. Бу таълимот асосида Россияда Октябрь тўнтариши амалга оширилган, собиқ Иттифоқ тузилиб, у тарих саҳнасида фаол роль ўйнаган бўлишига қарамасдан, бу давлатнинг инқирозга учраши коммунизм ғояси ҳам хаёлий эканини асослаш учун етарли. Бугунги кунга келиб янги давр фал.си бағрида шаклланган утопик ғояларнинг янгича тус олаётганини ҳам кўриш мумкин. Мас., АҚШнинг давлат тузилиши демократиянинг олий намунаси, ундаги турмуш тарзи идеал жам-т андозаси сифатида бутун дунёга тақдим этилмоқда. АҚШнинг Ироқда олиб бораётган сиёсати эса “идеал жам-т” ғоясини реалликка айлантиришнинг ўзига хос усули дея тарғиб этилмоқда. Ироқ халқи ва жаҳон ҳамжам-тининг бу сиёсатга мун-ти “демократияни экспорт” қилиш орқали “фаровон жам-т” қуриш ғоясининг қанчалик утопик характерга эга эканини яққол кўрсатмоқда. Т.Мор ва Т.Компанелла орзу қилган идеал жам-тда фан-техника ривожи, меҳнат қуролларининг такомиллашиб бориши ҳақида ҳеч қандай фикр билдирилмайди. Ф.Бэконнинг “Янги атлантида”сида эса бу ғоя жам-т моддий фаровонлигининг асоси сифатида талқин қилинади.  Ф.Бэкон инсонга табиат устидан ҳукмронлик қилиш имконини берадиган, янги билиш услуби ёрдамида ердаги жаннатга айланиши мумкин бўлган янги жам-т — “Янги Атлантида” ҳақида ёзади. Унинг айтишича, бу жам-тда фан инсонларнинг бахтли бўлиши учун шарт-шароит яратувчи омил бўлиб хизмат қилади. Лекин Ф.Бэконнинг “Янги Атлантида”си ҳам моҳият-эътиборига кўра,  утопик (хаёлий)  жам-тнинг янги бир андозаси эди. Ф.Бэкон назарда тутган идеал жам-т Бенсалем орол-давлати бўлиб, унда турли ижт-й табақалар сақланиб қолган. Давлатни қирол бошқаради. Аҳоли христианлардан иборат. Бенсалемда бутун ҳокимият донишмандлар, яъни ўзига хос “парламент” қўлида. Дин баъзи сиёсий масалаларни ҳал қилишда таъсир кўрсатса ҳам,  илм-фан ривожига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди. Бенсалемда мафкура динга эмас, илм-фанга асосланади. Олимларнинг илмий изланишлари натижасида ер ости лабораториялари, музейлар барпо этилган, ҳавони тозалаб турадиган, денгиз сувини чучуклаштириб берадиган мосламалар, учадиган аппаратлар, сувости кемалари бор. Сунъий озиқ-овқатлар, абадий ҳаёт сирлари кабиларни ўрганиш Бенсалемни илм-фани юксалган, қудратли ҳарбий кучга эга бўлган давлат даражасига кўтарган. Ундаги “Соломон уйи” ўзига хос ФА бўлиб, давлат ичидаги давлат ҳисобланади. Олимлар наз-й кашфиётларни амалда татбиқ қилиш б-н ҳам шуғулланади. Оддий фуқаролар оролдан чиқиб кета олмайди. Фақат олимларгина бошқа давлатлардаги илмий ютуқларни ўрганиш учун оролдан чиқиши мумкин. Ф.Бэкон назарда тутган Бенсалем хаёлий технократик давлат бўлган. Унда оддий фуқароларнинг эрки чекланган. Улар, гўё катта бир механизмнинг қисмлари каби, ўзига топширилган вазифани бажарган, холос. Фан ва техникага инсоннинг табиат устидан ҳукмронлигини таъминловчи восита сифатида қараш Янги даврдан кейин ҳам давом этди. XX а.га келиб, фан ва техниканинг рив-ши нафақат инсоннинг табиат устидан, балки инсоннинг инсон устидан ҳукмронлик қилиши учун ҳам йўл очиб берди. Оммавий қирғин қуролларининг яратилиши, инсон руҳиятини назорат қилишга интилиш каби ҳолатлар фан-техника ютуқларидан бузғунчилик мақсадларида фойдаланиш мумкинлигини кўрсатди. “Билим — кучдир” деган Янги давр шиори билимнинг жам-т равнақи учунгина эмас, унинг инқирози учун ҳам хизмат қиладиган қудратли воситага айлантирилиши мумкин эканини яққол исботлади. Бэконнинг идеал жам-т ҳақидаги таълимоти шарқ мутафаккирларининг идеал жам-т тўғрисидаги қарашларидан фарқ қилади. Бу, аввало, шунда кўринадики, Ф.Бэкон, Т.Компанелла ва Т.Мор сингари файласуфлар орзу қилган идеал жам-т Европадан олисдаги хаёлий жойда барпо қилинади. Шарқ мутафаккирлари, ғарб утопистларидан фарқли ўлароқ, ўзлари яшаб турган жам-тни идеал жам-т даражасига кўтарилишини орзу қилган. Янги жам-т ҳақидаги ғояларни франц. фал.сида ҳам учратамиз. Бунга Мореллининг “Табиат кодекси” рисоласи мисол бўлади. Рисолада, аввал кўриб ўтганимиздек, қандайдир бир хаёлий оролда қуриладиган жам-т ҳақида эмас, мавжуд жам-тдаги сиёсат ва ахлоқни танқид қилиш орқали “жам-тдаги бахтсизлик ва нуқсонларни йўқотувчи асосий қонунлар” ҳақида фикр юритилади. Морелли, шахсий мулкнинг мавжудлигини эътироф этган ҳолда, хусусий мулкни йўқотиш  ғоясини илгари суради. Мулк умумий, жамоа мулки бўлади. Морелли назарда тутган жам-тда савдо-сотиқ ва айирбошлаш бўлмайди. Ҳар ким ўзи учун зарур бўлган нарсаларни, меъёрга амал қилган ҳолда, жамоат омборхоналаридан олади. Жам-тда оила сақланиб қолади. Қонуннинг устуворлиги Сенат томонидан назорат қилинади. Мореллининг таъкидлашича, ҳар қандай ижт-й буйруқ “Ақл талаб қилади, қонун буюради” деган тамойилга асосланади. Мореллининг хаёлий жам-тида бошқарувнинг демократик шакли амал қилади. Юқорида кўриб ўтилган Янги давр Европасига хос идеал жам-т моделлари қатор умумий камчиликларга эга бўлган. Аввало, уларнинг реал ҳаётдан ажралиб қолгани, хаёлий эканини кўрсатиш мумкин. Иккинчидан, жам-тдаги зиддиятларни бирданига йўқ қилишга интилиш ҳам хом хаёл эди. Бунда қонун ва тарбиянинг ролини бўрттириш ва б. омиллар таъсирини кўра олмаслик ҳолати мавжуд. Ва ниҳоят, жам-тдаги салбий ҳодисалар учун  хусусий мулкчилик айбдор, деган асоссиз қараш илгари сурилади. Янги даврда мавжуд ижт-й ҳаётни илмий таҳлил қилишга интилган италиялик олим Н.Макиавеллининг жам-т тўғрисидаги қарашлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ бўлган. Никколо Макиавеллининг (1469-1527) жам-т, уни бошқариш ҳақидаги сиёсий наз-ясида кучли давлат, мутлақ ҳоким ғояси етакчи бўлган. У “Ҳукмдор” ва “Тит Левийнинг биринчи декадаси ҳақидаги фикрлар” асарларида сиёсатдаги муваффақият ва мағлубиятлар сабабларини таҳлил қилади. У Италияни кучли, ҳарбий қудратга эга бўлган ягона марказлашган давлат бўлишини орзу қилади. Шу сабабдан “Ҳукмдор” асарида “Ҳокимиятни эгаллаш ва уни маҳкам тутиб туришни энг асосий мақсад”, деб кўрсатади. У “мақсад ҳар қандай усулни оқлайди” деган тамойилга асосланади. Бунда ахлоқ ва дин мақсадга етиш учун восита, деб ҳисобланади.  Макиавеллининг таъкидлашича, одамларнинг мол-дунё ва ҳукмронликка интилиши чегара билмайди, чунки улар худбин, фақат ўз манфаатини ўйловчи эгоистлардир. У “Ҳукмдор” асарида бундай деб ёзади: “Одамлар шундайки, улар отасининг ўлимини кечириб юборади, лекин мол-мулкининг тортиб олинишига, хотин-қизларига тажовуз қилишларига йўл қўймайди ва бундай зулмни ҳеч қачон кечира олмайди”. Ҳукмдор фуқароларнинг ғазабини қўзғатмаслиги ва нафратига сабаб бўладиган ишларни қилмаслиги керак. У шафқатсиз бўлиши ва раъиятни қўрқувда тутиб туриши лозим. Олимнинг фикрича, “меҳрнинг илдизи оқибатдан, қўрқувнинг илдизи жазодан сув ичади”. Ҳукмдорнинг вазифаси — фуқароларни қўрқувда ушлаб туриш. Макиавеллининг фикрича, яхши давлатда барқарорлик бўлади, ёмон давлат эса ўзаро низолардан бўшамайди, нотинч бўлади. У давлатга баҳо беришда фуқароларнинг тинч ёки нотинч  яшашини мезон қилиб олади. Айтиш мумкинки, бу — олимнинг ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан хулоса. Сиёсий тартиб ҳукмдор томонидан қонунларни яратиш ва уларни куч б-н жорий қилиш орқали ўрнатилади. Шу сабабдан ҳукмдор қонун ва ахлоқдан устун туради. Макиавелли ахлоқни ижт-й (раъият) ахлоқ ва (ҳукмдор) шахсий ахлоқ деб иккига бўлади. Унингча, ахлоқ сиёсий мақсадларга эришиш учун восита бўлиб хизмат қилади, яъни у сиёсатга бўйсундирилади.  У иқт-й шарт-шароитлар  ҳам сиёсатга таъсир кўрсатишини эътиборга олмайди. Унинг фикрича, дин мақсадга эришиш йўлида ёрдамчи восита ҳисобланади. Макиавелли ҳокимиятлар алмашинишини  фақат шахснинг ўзига боғлаб қўймайди, бунда тақдир муайян роль ўйнашига ҳам тўхталиб ўтади.  У ҳамма нарсани тақдирга боғлашга қарши чиқади. Барча ишни тақдир ҳукмига ташлаб қўйиш, ҳаракатсизлик муқаррар ҳалокатга олиб келади, деб таъкидлайди. Макиавеллининг бу зиддиятли ғоялари ўз даврида кўпгина давлатларнинг сиёсий негизини ташкил қилди. Бироқ, ҳар бир ҳукмдор ва давлат арбоби бу ғояларнинг ўз манфаатига хизмат қиладиган жиҳатларидан фойдаланиб келган.  XVII асрдан бошлаб Европада миллий мустақил давлатлар ўртасидаги мун-тларни тартибга солиш масаласи кўтарилади. Маълумки, бу давлатларнинг қонунлари уларнинг қироллари томонидан ўрнатилган бўлиб, фақат шу давлатлар учун мажбурий эди. Гуго Гроцийнинг “табиий ҳуқуқ” ғояси бу мун-тларнинг юридик ечимини аниқлаб берди. Гуго Гроций (1583-1645) диний масалаларни сиёсий ва ҳуқуқий масалалардан ажратиб, табиий ҳуқуқ концепцияси асосида халқаро ҳуқуқ асосларини яратди. Унга кўра, халқаро мун-тлар доирасида давлат ҳудудининг катта ё кичиклиги эмас, балки давлатнинг барқарорлиги ва тузилган шартномаларга амал қилишга  қодирлиги муҳим аҳамиятга эга. У таклиф қилган халқаро ҳуқуқ нормалари ҳоз. вақтда ҳам қўлланади. Бироқ, бу нормалар кўпроқ европача анъаналар, қадрият ва манфаатларни ифодалайди. Унда шарқона қадрият ва хус-ятлар эътибордан четда қолган. Шу жиҳатдан улар европацентризм руҳида бўлган.

УЯТ — инсон умумэътироф этилган урф-одатларга зид хатти-ҳаракат қилганида ҳис қиладиган ахлоқий ҳодиса. У инсоний муносабатларда бирор кимса ёки кўпчилик олдида ўз қилмишидан ўнғайсизланиши, унинг ахлоққа, умуман, маънавиятга зид эканидан афсус чекишни англатади. У. гарчанд одатда ҳаёнинг маънодоши тарзида қўлланилса-да, лекин аслида бу икки маънавий тушунча бир-биридан фарқ қилади: ҳаё фақат бировларнинг ёки ташқи воқе-ҳодисалар олдида ўнғайсизлик ҳолатини англаб, У. қилиб қўйган хатти-ҳаракатидан кишининг нафақат бошқалар, балки ўз олдида ҳам ноқулай сезиши б-н ажралиб туради. Шу сабабли У.ни маълум маънода виждон б-н, виждон азоби б-н боғлиқ маънавий-ахлоқий ҳодиса деб айтиш мумкин. Фарқ шундаки, У. ҳисси маълум бир вақт мобайнида воқе бўлиб, кейинчалик сустлашади ва аста-секин йўқолиб боради, виждон азоби эса инсонни то умрининг охиригача тарк этмайди. М., ўзингиз билмасдан қўпол муомала қилган одам б-н бир неча бор қайта учрашганингиздан кейин сизни изтиробга солган У. ҳисси аста-секин йўқолади. Лекин ўткинчи ҳисларга берилиб, дўстга, яқин кишимизга, Ватанга, севгилингизга хиёнат қилсангиз, виждон азоби сизни бутун умр қийнайди. Шу маънода У. виждон азобининг бир унсури сифатида намоён бўлади. У. фақат инсонга хос ҳодиса: «Мен уяляпманми, демак, мавжудман, нафақат жисман, балки ахлоқан ҳам мавжудман, – мен ўз ҳайвонийлигимдан уялаяпманми, демак, мен ҳали ҳам одам сифатида мавжудман» (В. Соловьёв) “Уялиш қобилияти инсоннинг барча хусусиятлари ичида энг характерли ва энг инсоний хусусиятдир” (Ч.Дарвин). “У. фақат  инсонга хос туйғудир. Ҳайвон У. пайдо қилолмагани учун инсонга яқинлаша олмайди, лекин инсон У.ини йўқотиб, ҳайвонга яқинлашиб қолиши мумкин” (А.Қаҳҳор). Бир донишманд У.ни “виждоннинг сиртқи кўриниши” деб таърифлаган эди. У. энг шавқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Ҳар қандай қонунга ҳам чап бериш мумкин, лекин У.га чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, У. эса одамнинг қалбида бўлади.  Бинобарин, уяладиган одамга ҳалол яшаш хосдир. Дунёдаги ҳар қайси халқ ёки миллатга хос туйғу-тушунчалар йиллар, асрлар давомида шаклланади, гоҳ сайқал топади, гоҳида ўзгариши мумкин. Мас., инсоф ва диёнат, У. ва андиша каби ҳиссиётларнинг маъно-мазмуни бундан эллик-юз йил олдинги ҳолатидан анча фарқ қилади. Айниқса, халқимиз учун муқаддас саналган У., ҳаё, ибо деган илоҳий туйғулар ўрнини “уялма, уялсанг – ҳамма нарсадан қуруқ қоласан”, деган бирёқлама, лекин бугунги шавқатсиз ҳаёт фалсафасига хийла мос келадиган бир кайфият эгаллаб бораётгани сир эмас.   Авваллари “У.” тушунчаси унга ҳамоҳанг бўлган “ҳаё”, “ибо”, “иффат” қадриятлари сингари халқимизнинг миллий-маънавий қиёфасини ҳозиргидан кўра анча теран кўрсатар эди. Айниқса, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида У.нинг бундай ўзбекона хислатлари моҳирлик билан тасвирланган. Кумуш заҳарланиб, ўлим талвасасида ётган чоғда ҳам, қайнотаси Юсуфбек Ҳожи бошига келиб, мунгли чақирганда, шу аҳволидан уялиб, келинлик ҳаёси билан беихтиёр ўзини тузатмоққа тутинади. Ёки ярим тунда эшик қоққан Отабекнинг фитна боис қайнотаси томонидан “У.сиз” дея ҳақоратланиб, ҳайдалиши унинг дунёсини қанчалик қоронғи қилиб юборган эди. “У. ўлимдан қаттиқ”, “Эр кишининг уялгани ўлгани” каби ўзбек мақоллари ҳам қадимдан бу туйғунинг халқимиз маънавиятида нечоғли юксак ахлоқий қадрият эканини  кўрсатади.  Ушбу қадриятни авайлаб-асраш, уни ёшлар хулқида шакллантириш оиланинг, жамиятнинг маънавий баркамоллигини таъминлайди.

Ф