Я

ЯНГИ ТАФАККУР — оламга ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур кўзи б-н қарайдиган, виждони уйғоқ, қалб кўзи порлаб турувчи, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат б-н курашадиган, фидоий, ўзини буюк мақсадлар сари сафарбар этган, эзгуликни кундалик фаолият мезонига айлантириш, оламни ва одамни мураккаб ва зиддиятли муносабатлар гирдобида кўра олишни англатувчи т. Истиқлолга эришганимиздан кейин кишилар онгида халқимизнинг, юртимизнинг улуғ тарихи ва бетакрор маданияти билан, шу муқаддас заминда яшаётганимиз билан фахрланиш туйғуси ортиб бормоқда. Я.т. фаровон келажакни, муносиб ҳаётни, мустақил давлатчилик ва адолатли жамият барпо этиш каби улуғвор мақсадларга эришиш йўлида халқимизнинг руҳини кўтарадиган миллий мафкура асосида шаклланмоқда. И.А.Каримов таъкидлаганидек, “бизда «аввало иқтисод, кейин сиёсат» деган тушунча бор. Лекин иқтисодни англаш, тўғри бошқариш учун нима керак? Сиёсат керак, ақл-заковат керак, маънавият керак”. Шу боис ислоҳотларнинг дастлабки босқичида миллий қадриятларни тиклаш, одамлар тафаккуридаги қуллик кишанини йўқотиш, уларда ўзларига ишончни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. Албатта, ислоҳотлар — янгича тафаккур, янгича изланишлар меваси. Бироқ ҳар қандай ислоҳот ҳам аввало инсон манфаатига, унинг ҳаёт синовидан ўтган тажрибаларига ва янги жамиятнинг эҳтиёжларига асосланиши лозим.     Тубдан янгиланиш даврида анъаналарга таяниб иш тутиш, улардан янги ўзгаришларга мос ҳолда оқилона фойдаланиш ислоҳотларнинг изчил ва собитқадамлик билан амалга ошишига ҳамда жамият барқарорлигига хизмат қилади. Жамиятни дсмократиялаштиришнинг иккинчи муҳим шарти одамларнинг тафаккури ва ижтимоий савияси билан демократик ўзгаришлар даражаси ва суръатлари бир-бирига  қанчалик  мутаносиб  бўлишига  боғлиқдир. Шу маънода кишиларимизнинг мустақил фикрлашга ўрганиши, ўзига ишончининг орта боришининг аҳамияти беқиёсдир. Чунки тафаккур озод бўлмаса, онг ва шуур тазйиқдан, қулликдан қутулмаса, инсон том маънода озод ва эркин бўла олмайди.  Тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук одамлар ҳал қилади. Техникавий билим, мураккаб технологияни эгаллаш қобилияти маънавий баркамоллик билан, мустақил тафаккур билан уйғун ҳолда ривожланиб бориши керак. Ақлий заковат ва руҳий-маънавий салоҳият — маърифатли инсоннинг икки  қанотидир. Шунинг учун Я.т. деганда: 1) Ўзбекистоннинг  бугуни ва эртаси ҳақида қайғуриш; 2)  шахснинг халқ ва Ватан қадр-қиммати, ор-номуси ва манфаатларини  англаши, уни  ҳимоя  қилиши; 3) юксак ғоялар, кашфиётлар, ниятлар оғушида меҳнат қилиб, истеъдоди, бор имконияти, керак бўлса, жонини юрт истиқболи, элига бахшида этиш назарда тутилади.

ЯНГИЛАНИШ – жамият ижтимоий ҳаёт соҳаларида амал қилиб келган муносабатлар, қарашлар ва ёндашувлар, тамойилларни янгича идрок этилиши, мустақиллик ва унинг талабларига мос равишда такомиллаштириш, қайта ташкил этиш, ўзгаришларни амалга оширишдир. Я. – янгича қараш, мустақиллик тафаккури тамойиллари асосида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий соҳаларини тубдан ислоҳ этилиши билан боғлиқ. Илгари амал қилиб келган ғоявий-мафкуравий тамойилларнинг ўрнида янги фикр, ғоя ва мафкуралар, мақсад ҳамда вазифаларнинг белгилаб олиниши ҳаётнинг стратегик йўналишлари, унинг миллий-маънавий негизлари, умуммиллий тамойиллардаги янгича мезонларни ўзида ифода этади. Я. кенг тушунча бўлиб, у жамият миқёсида амал қилиши ёки унинг бирон-бир соҳасини қамраб олиши, хатто минтақа, дунё миқёсидаги кўламга эга бўлиши мумкин. Мас., жамиятнинг Я.и; иқтисодиётнинг Я.и; онг ва тафаккур Я.и; маънавий ҳаёт, қадриятларнинг Я.и ва ҳ.к.  Я. табиат, жамият ва инсон тафаккури тараққиётининг ажралмас қисмидир. Я.нинг тараққиётдан фарқи шундаки, тараққиёт кўпроқ миқдорий кўрсаткичлар б-н ифодаланса, Я. унинг сифат белгиларини ифодалайди. Мас., тараққиёт қанчалик ижобий ва кенг қамровли бўлса, илм, фан, техника иқтисод ва бошқа соҳаларнинг Я.и шунчалик кенг ва самарали бўлади. Я. табиатда эволюцион қонунлар асосида бевосита ва узлуксиз равишда амалга ошади, жамиятда эса, у илм-фан, маънавий, иқтисодий, сиёсий  ва бошқа қадриятлар таъсирида билвосита содир бўлади. Жамият иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий соҳада қанча эркин бўлса, ижтимоий тараққиёт шунчалик тезкор ва самарали бўлиб, ижтимоий Я.ни мунтазам таъминлаб туради. Агар жамият ўз эркини йўқотиб, мустамлака сиёсат таъсирига тушиб қолган бўлса ёки мустақилликни мустаҳкамлаш б-н боғлиқ ўтиш даврини бошдан кечираётган бўлса, бундай шароитда жамиятнинг Я.и ўтиш даври вазифаларини ҳал қилишни тақозо қилади. Я. ҳам тараққиёт маҳсули, ҳам унинг ривожлантирувчи кучи сифатида хизмат қилади. Маълумки, VIII-XI асрларда М.О.да маърифатпарварлик ғояларининг, ХVII-ХVIII асрларда илм-фан, фалсафа соҳаларида Европада рўй берган ижтимоий Я. Англия, Нидерландия, Францияда юз берган саноат инқилобининг таъсири эди. Бу инқилоб илм-фаннинг жадал ривожланишига замин ҳозирлди. Радиоэлектроника, атом энергиясидан фойдаланиш, кимё, сунъий моддалар ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқлар бугунги кунда ижтимоий тараққиётни тубдан Я.ига олиб келди. Жумладан, бозор муносабатлари иқтисодий тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида жаҳон миқёсида тан олиниши, тоталитар тузумнинг инкор қилиниши, демократия халқаро муносабатлар тамойилларига айланиб бораётгани Я.нинг универсал хусусиятларидан келиб чиқади. Я. – жамият ижтимоий ҳаёти ва инсон тафаккурида юз берадиган ўзгаришлар мажмуаси.  Я. одамга жисмоний озиқ ва қувват берса, маънавиятга руҳий озиқ ва қудрат бағишлайди. Я.да моддий жиҳатдан таъминланиш билан кифояланиш – онгсиз ва руҳсиз махлуқларга хосдир. Я.га интилиш эса руҳ ва онг эгаси бўлмиш одамга хос фазилатдир. Шу маънода Я. – инсон руҳий ва ақлий оламининг мажмуи саналади.  Я. – жамият, миллат ёки алоҳида индивиднинг ички ҳаёти, руҳий кечинмалари, ақлий қобилияти, идрокини мужассамлантирувчи тушунча бўлмай, у бутун бир жамият учун ҳам хосдир. Я. инсон ва жамият маданиятининг негизи, инсон ва жамият ҳаёти маълум йўналишининг бош омилидир. У муайян иқтисодий, ижтимоий ҳаёт тизимининг шаклланиши, ўзгариши ёки инқирозга юз тутишига кучли таъсир кўрсатади. Я. кенгайиб, амалиётга изчил сингдириб борилса, жамият равнақ топади, ва аксинча, Я.лар тўлиқ бўлмаса, жамият бора-бора таназзулга юз тутиши мумкин. Мустақиллик йилларида Я. масалаларига муносабат тубдан ўзгариб, унинг бойиб боришига кучли эътибор берилаётганининг боиси ҳам шунда. Тўлақонли Я.ларсиз буюк давлат қуриб бўлмайди. Я. жамият ва миллат равнақининг бош омили ва пойдеворидир. Шу маънода, Я. ва ижтимоий тараққиётнинг биз танлаган йўли –республика ҳаётининг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий-маъданий ва бошқа барча соҳаларини қамраб олади. Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантириш тўрт асосий негизга асосланади. Бу негизлар:  умуминсоний қадриятларга содиқлик; халқимизни маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш; инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши; ватанпарварликдир.

“ЯНГИЧА ФИКРЛАШ ВА ИШЛАШ ДАВР ТАЛАБИ” —  Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов асарларининг 5-жилди (Т., «Ўзбекистон», 1997 й.). Ушбу жилдда Президент И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгаши сессияларида, республика Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишларида сўзлаган нутқлари ўрин олган бўлиб, уларда республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазият теран таҳлил этилиши билан бир вақтда мамлакат маънавий ҳаёти, халқимиз онги ва тафаккурида рўй бераётган ўзгаришлар тўғрисида батафсил фикр юритилган. Жилддан ўрин олган муҳим асарлардан бири “Юксак маънавиятсиз келажак йўқ” деб аталади. “Маънавият ва маърифат” республика жамоатчилик маркази раҳбарияти ҳамда бошқаруви аъзолари билан 1996 йил  4 сентябрда бўлиб ўтган учрашувда сўзланган нутқ миллий маданиятимиз, истиқлол мафкураси меросимизни тарғиб этишда зиёлилар олдида турган вазифаларга бағишланган.  Унда, хусусан одамлар қалбида юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, миллий мафкурани шакллантириш, ёшларни бой маданий меросимиз, тарихий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш масалалари бош мавзу бўлди. Асарда ўтган беш йил мобайнида биз нафақат сиёсат, иқтисодиёт борасида, балки ҳуқуқий давлат қуриш, жамиятда демократия тамойилларини қарор топтиришда ҳам, таъбир жоиз бўлса, пойдевор барпо қилингани, энди ана шу пойдевор устида фуқаролар эркинлигини таъминловчи демократия биносини тиклаш мумкинлиги, демократиянинг асл моҳияти эса инсон қадр-қиммати, ҳурмати ҳамма нарсадан улуғ, деган ақидадан иборат бўлмоғи лозимлиги таъкидланади. Шўро даврида инсон жамоат, давлат учун хизмат қиларди, курашарди. Ҳолбуки, бу аксинча бўлиши керак. «Инсон» сўзи «она-Ватан» деган каломлар каби муқаддасдир. Бу муқаддасликни, инсон эркининг дахлсизлигини мустаҳкам қонунларимиз ҳимоя қилиши керак. Халқнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва бурчларни теран англатиш борасида матбуот ходимлари кўп иш қилиши лозим. Жамиятда ҳаётга, ўзгаришларга бефарқ қарайдиган лоқайд кимсалар бўлмаслиги керак. Бу тараққиётимизни орқага суриб юборади. Инсон буюк, эзгу орзулар билан яшасин. Уни нафақат мамлакат, балки жаҳонда рўй бераётган ҳодисалар қизиқтирсин. Дунёқараши, онги чегараланиб бир қолипда қолмасин. Миллий ғурур, истиқлол мафкураси ғоялари унга доимо ҳамроҳ бўлсин, деган фикрлар ушбу суҳбатнинг бош ғояси бўлди. Миллий ғурур ҳақида гапирганда, уни улуғлаганда ҳеч ким ўз миллатини бошқалардан устун қўймаслиги керак. Дунёда катта ёки кичик миллат йўқ, балки ҳар бир миллатнинг ўз ғурури бор. Уни камситишга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Шу маънода, ўз кучига, салоҳиятига ишонган халқнинг бағри кенг бўлади. Бундай миллат кучли, айни дамда вазмин, босиқ бўлмоғи керак. У ўзининг иқтисодий ютуқлари, маънавий юксаклиги билан бошқаларда ҳавас уйғотсин. Зеро,  юксак маънавияти бўлмаган халқнинг келажаги ҳам йўқдир. Мазкур китобга киритилган “Халқимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаётдир” номли 1996 йил 18 октябрда Темурийлар тарихи давлат музейининг очилиши маросимида сўзланган бу нутқда Тошкентда халқимизнинг ардоқли фарзанди, шаън-шавкатимиз, турмуш тарзимиз ва халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз, табаррук ва улуғ Амир Темур номини тиклаш, руҳи покини шод этишнинг амалий исботи сифатида очилаётган Темурийлар тарихи давлат музейининг маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида фикр юритилади. Нутқда Соҳибқироннинг «Миллат дардларига дармон бўлиш», «Адолат кучда эмас, куч адолатдадир», «Адолат ва озодлик — дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин» деган доно ўгитлари барча эзгу ишларимиз учун ҳамроҳ, ҳамнафас, Амир Темур шахси эса Ватан ва миллат тимсоли экани таъкидланган. Дарҳақиқат, истиқлолимизнинг ҳар бир тадбирида, мустақил давлатимизнинг ҳар бир қадамида ул буюк зот руҳи бизга ҳамроҳу ҳамнафас бўлиб бормоқда. Умрининг мазмунини “Миллатнинг дардларига дармон бўлишдан иборат” деб билган халқимизнинг ана шундай ардоқли, улуғ фарзанди Амир Темур ҳақидаги теран мулоҳазалар Юртбошимизнинг Самарқанд шаҳрида Амир Темур ҳайкалининг очилиши маросими ҳамда Самарқанд шаҳрини «Амир Темур» ордени билан тақдирлаш тантаналарида сўзланган “Азалий буюклик маскани” номли  нуткида ўз ифодасини топган. Зеро Амир Темур шахсини идрок этиш — тарихни идрок этиш демак, Амир Темурни улуғлаш — тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизга ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир. “Соҳибқирон камолга  етган юрт” номли  (Шаҳрисабз шаҳрида 1996 йил 18 октябрда Амир Темур ҳайкалининг очилиши маросимида сўзланган нутқ) маърузада Амир Темурнинг «Кимки бизнинг шон-шуҳратимизни кўрмоқчи бўлса, биз барпо этган иморатларга назар солсин», «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим», «Дунёнинг ярмини олдим, салтанатимнинг у четидан бу четига бирор болакай бошида бир лаган тилла кўтариб кетса, зарар етмайдиган тартиб-интизом ўрнатдим», деган фикрлари таҳлил этилади, уларнинг маънавий-тарбиявий аҳамияти хусусида сўз боради. Ушбу жилдда “Адолат ва қудрат тимсоли” – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирининг Президент Ислом Каримовдан Амир Темур образининг бадиий талқинлари ҳақидаги таассуротлари тўғрисида саволга жавоби, “Амир Темур — фахримиз, ғуруримиз” — Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференциядаги маърузаси ҳам ўрин олган. Ушбу асарларда Амир Темур даври ва бу буюк шахс маънавий меросининг ҳозирги замондаги аҳамияти хусусида фикр юритилади. Миллий меросдан бебаҳралик инсонни бефарқлик сари етаклайди, ўз қобиғига ўралашиб қолган нафс бандасига айлантиради, ғурурсиз, ориятсиз қилиб қўяди. Ислом Каримов “Ислоҳот – аввало одамлар онгидаги ўзгаришлардир” асарида бизни шу ғафлатдан огоҳ этади. Томиримиз миллий ғурур, ватан ишқи жўш урмаган одамдан яхшилик кутиб бўлмаслигини таъкидлаб, ҳар бир шахс ўз миллий маданиятининг ташувчиси бўлиши лозимлигига даъват этади.

ЯХШИЛИК — асосий маънавий-ахлоқий тушунча бўлиб, эзгуликнинг синоними тарзида қўлланса-да, аслида моҳиятан бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, эзгулик чексизликда, Я. эса муайян чегара доирасида намоён бўлади. Эзгулик ижтимоийлик хусусиятига эга бўлса, Я. асосан шахснинг одобига, хулқига боғлиқ бўлган ижобий ҳодиса; унда мардлик, очиқкўнгиллилик, ҳалоллик сингари ахлоқий меъёрлар тажассум топади. Бироқ унга асос бўлган амалий хатти-ҳаракатлар қаҳрамонлик, жасорат, ватанпарварлик каби  ахлоқий тамойиллар даражасига кўтарила олмайди. Мас., ҳазрат Алишер Навоий бутун умрини ижодий меҳнатга бағишлади, халқимиз, инсоният учун «Хазойин ул-маоний», «Хамса»дек буюк асарлар яратиб, эзгулик тимсолига айланди. Эзгулик маълум маънода абадийлик хусусиятига эга, чунки Навоий асарлари миллионлаб одамларга асрлар мобайнида завқ-шавқ улашиб, уларни комилликка чорлаб келмоқда. Айни пайтда, Навоийнинг ўзи бевосита кўплаб яхшиликлар қилди – муҳтож одамларга қарз берди, берган қарзларидан кечиб юборди ва ҳ.к. Унинг бу яхшиликлари ажойиб ижобий ҳодиса бўлгани ҳолда, ўткинчилик табиатига эга, шунингдек, истисноли ҳолларда намоён бўлувчи қаҳрамонлик ҳам, буюк жасорат ҳам эмас. Демак, эзгулик асосан билвосита амалга ошириладиган, узоқ келажакка мўлжалланган, яъни стратегик аҳамиятга молик ахлоқий хатти-ҳаракатлар мажмуи; яхшилик эса, одатда, бевосита муайян давр учун долзарблик хусусиятига эга ахлоқий фаолиятдир. Шундай қилиб, Я.ни юксак ижтимоий-маънавий ҳодиса – эзгулик б-н айнанлаштириш тўғри эмас. Бу икки жуфтликнинг яна бир фарқи шундаки, шахс ва жамият ҳаётида воқе бўлган эзгулик ҳеч қачон ёмонликка айланмайди Я. да эса бундай эмас: бирор объектга қилинган Я. бошқа бир объект учун ёки Я. қилган субъект учун ёмонликка айланиши мумкин. Ахлоқ ва ахлоқсизлик, маънавият ва маънавиятсизликни фарқлашда Я. муҳим рол ўйнайди. Кенг маънода барча ижобий ахлоқий-маънавий сифатлар Я. билан боғлиқдир. Мас., қаҳрамонлик, мардлик, ватанпарварлик ижобий ахлоқий сифатлар сирасига киради ва Я. билан узвий боғлиқ. Ёки бўлмаса, маънавият тизимидаги «муҳаббат» Я.нинг ибтидоси сифатида талқин қилиниши мумкин. Муҳаббатнинг акси бўлган нафрат ўз объекти учун Я.га асос бўла олмайди.  Я. инсонларнинг моддий ёки маънавий манфаатлари билан боғлиқ тарзда намоён бўлади. Одамлар ўзларининг манфаатларига зид бўлган ҳаракатларни Я. сифатида баҳоламайди. Бу фикрдан Я. ва манфаатлар ўртасида айнанлик мавжуд, улар орасига тенглик белгисини қўйиш мумкин, деган хулоса келиб чиқмайди. Баъзан одамлар ўз манфаатларига зид бўлган ҳодисаларни ҳам Я. сифатида баҳолаши мумкин. Мас., раҳбар томонидан ходимга берилган адолатли жазо адолатпарвар ходим томонидан Я. сифатида баҳоланиши мумкин. Фалсафа, фан тарихида Я. объектига нисбатан турлича талқинлар илгари сурилган. Я. ни ҳар ким қилиши керак, Я. ни ҳар куни қилиш керак, деган ёндашув билан бир қаторда, Я. ни ҳаммага қилиш керак, деган ғоя ҳам илгари сурилган. Я. одамларга ахлоқий баҳо беришда асосий мезонлардан бири сифатида хизмат қилади. Ахлоқий баҳо  уларнинг сўзларига эмас, амалларига қараб берилар экан, уларнинг фаолияти жамиятга, кишиларга нисбатан Я.га йўналтирилганми ёки ёмонликка йўналтирилгани ҳақида хулоса қилишга асос бўлади. Мас., А. Навоийнинг: “Одами эрсанг, демагил одами, // Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”,  деган мисраларида одамийликка Я. нуқтаи назаридан баҳо берилади. Кундалик ҳаётда бу мезондан четга чиқиш ҳоллари ҳам учрайди. Одамларни баҳолашда баъзан уларнинг амалларига эмас, сўзлари, хушомадлари, лаганбардорлигига эътибор берилади.  Я. тушунчаси мутлақ хусусиятга эга эмас. Я. нинг нисбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Айни пайтда Я. тушунчасидаги нисбий жиҳатларни мутлақлаштириш ҳам тўғри эмас. Я. тушунчаси таркибида нисбий жиҳатлар билан бир қаторда, барқарор хусусиятлар ҳам мавжуд.  Я. таркибидаги нисбийлик айнан бир ҳодисага турли шахслар ёки турли даврларда турлича баҳо берилишида кўринади. Я. кўпайиб, ёмонлик камайиб бораётган жамият маънавий юксаклик, фаровонликка тезроқ эришади. Дунёда яхшилик билан ёмонлик ёнма-ён юрганидек, бу тушунчалар фанда жуфт категориялар ҳисобланади. Я. тушунчаси фақат аҳлоқий ҳодисаларга нисабатан эмас, ижтимоий сиёсий ҳодисаларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин. Баъзи адабиётларда Я.ни эзгулик билан айнанлаштириш ёки унга синоним сифатида қараш ҳоллари ҳам учрайди. Алоҳида шахснинг ҳаракатларига  нисбатан кўпинча Я. атамаси, камдан-кам ҳолларда эзгулик тушунчаси қўлланади. Бундай ҳолларда яхшиликнинг юқори даражада эканлиги таъкидланади. Бир киши учун қилинган Я. бошқа шахс томонидан эзгулик сифатида баҳоланиши ҳам мумкин. Аммо эзгулик Я.нинг  шундай даражасики, уни барча Я. сифатида баҳолайди. Манфур шахслар томонидангина эзгулик ёмонлик сифатида баҳоланиши мумкин. Худди шунингдек, бир шахсга нисбатан қилинган ёмонликни бошқалар Я. сифатида баҳолаши мумкин.

Ў