Ё

ЁВУЗЛИК – маъ-ят тамойиллари ва талабларининг бузилишидан ҳосил бўладиган салбий ҳодиса, адолат ва инсонпарварликни бузувчи тамойиллар ва ахлоқий талабларга қарши жиноятни, фаолият ва хус-ятни англатувчи т.. Ё. ўзининг оқибатига кўра ижт-й ёмонлик, мотивига кўра ахлоқий ёмонликни ифодалайдиган хатти-ҳаракатдир. Ё. эзгуликнинг зидди, ахлоқий бузилиш шаклларидан биридир. Ё.нинг конкрет мазмуни хилма-хил бўлиши мумкин: қотиллик, ўғрилик, алдамчилик, иккиюзламачилик, сотқинлик, мунофиқлик ва б. Уни одатда иккига ажратадилар – махсус тайёрланган, яъни ўйлаб қилинган ёки ўйланмаган. Ё. эзгуликни инкор этибгина қолмай, балки улар ўртасида ҳаёт-мамот кураши кетади ва бу кураш абадий кураш сифатида намоён бўлади. Ё. т.сининг яна бир ўзига хос томони шундаки, унинг ёрдамида инсоннинг тубанлиги, ғайриахлоқий фаолияти аниқ кўринади. Чунончи, Чингизхон, Гитлер ёки Сталинни ёвуз инсон деган ном б-н аталиши бежиз эмас. Этика фанида ҳозирга қадар Ё. т.си мезоний т.лар қаторига киритилмаган, у фақат ёмонликка маънодош т. тарзида тақдим этиб келинган. Ё. т.сининг кўпгина элементлари ёмонликдан, ёмонликнинг баъзи элементлари Ё.дан жой олишини, “сингиб кетиши”ни инкор этиш қийин. Аммо Ё. ва ёмонлик айнан бир нарса, бир хил т.лар эмас. Улар ўртасида қатъий фарқ мавжуд: Ё. ижт-й хус-ятга эга, ёмонлик эса ундай эмас. Ёмонлик, асосан, шахснинг одобига, хулқига боғлиқ бўлган салбий ҳодиса. Мас., ёлғончилик ёмонликдир, жаҳолат эса – Ё., чунки ёлғончилик ўткинчи хус-ятга эга. Демак, ёмонликни Ё. б-н айнийлаштириш хатодир. Ё. т.сини англаш кишиларни эзгуликни қадрлашга даъват этади, ижобий хус-ятларни тарбиялашни заруратга айлантиради.

ЁЛҒИЗЛИК — кечинма, шахсий-индивидуал ҳиссиёт, ўзини ўзи идроклаш, инсоннинг узлатдалигини, ажралиб қолганлигини, четлашганлигини (ўзини-ўзи четлатганлигини) ифодаловчи ҳолат. Бундай вақтда шахс ижтимоий қадриятлар, ижтимоий алоқа ва муносабатлардан бутунлай четлашади, унинг ички дунёсида парчаланиш юз беради. Ё. тушунчаси кўп маъноли бўлиб, ижтимоий-фалсафий, ижтимоий-руҳий, социологик ифодаларга эга. Психология нуқтаи назаридан Ё. турли руҳий ҳолатлар (депрессия, иложсиз қолишлик, издан чиққан хулқ-атвор, тўлақонли эмаслик) туфайли юз беради. Фалсафий маънода Ё. ижтимоий тавсифдаги сабаб билан ифодаланади: бегоналашиш, ижтимоий адолатсизлик, ижтимоий тараққиётнинг зиддиятлилигида намоён бўлади. Ёлғиз киши «вазият қурбони», ижтимоий ажралганлик натижаси, ижтимоий ривожланиш таназзули сифатида таърифланиши мумкин. Ё. муаммосининг социологик талқини ҳам ҳар хил. Ёлғиз киши бирор ижтимоий гуруҳ (оила, бошланғич жамоа, у ёки бу референ гуруҳ)да алоқанинг сусайгани, ижтимоий сафарбарликнинг пасайгани, ижтимоий қадриятлар ўзгаргани ва ҳ.к. натижаси сифатида талқин этилиши мумкин. Умуман социологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, Ё. муаммосида индивид ва ижтимоий гуруҳлар алоқасининг тавсифи ўз аксини топади, унда у ёки бу даражада унинг шахсий ва ижтимоий истеъдоди, қобилияти, функцияси ва имконияти амалга ошади ёки ошмайди.

ЁМОН ХУЛҚ – жам-тнинг рив-шига тўсқинлик қилувчи, кишиларнинг ахлоқий идеалларига, улар эъзозлайдиган қадриятларга зид келадиган, бахтга эришишга, одамлар орасидаги мун-тларда ахлоқий тар-ётнинг қарор топишига ва инсонийликнинг камолига зид келадиган хатти-ҳаракатларни ўзида мужассамлаштирган т.лар йиғиндисидир. Одатда, Ё.х. кишига одат бўлиб қолган, такрорланиб турадиган салбий хатти-ҳаракатлар, яъни салбий одат, қилиқларда намоён бўлади. Ё.х.ли одам деганда эса ўзининг феъл-атвори, қилган ишлари б-н атрофдагиларга зарар етказувчи ахлоқан нопок, ярамас кишиларни тушунамиз. А.Авлоний «Туркий гулистон ёхуд аҳлоқ» асарида яхши ва ёмон хулқларни тавсифлаб берган. Асарда ғазаб, шаҳват, жаҳолат, сафоҳат (ахлоқсиз ишларга вақт ва маблағ сарфламоқ), ҳамоқат (қайсарлик, ўжарлик), атолат (дангасалик, лоқайдлик, ялқовлик), ҳасосат (таъмагирлик, мол-мулкка ружу қўйиш), раҳоват (боқимандалик, ғайратсизлик), аноният (худбинлик, мутакаббирлик, манманлик), адоват, намимат (чақимчилик, фисқу фасод), ғийбат, ҳақорат, жибонат (қўрқоқлик, юраксизлик), ҳасад, нифоқ (иккиюзламачилик), кизб (каззоблик, ёлғончилик), тама, зулм кабилар ёмон хулқлар сифатида қайд этилади ва таърифланади. 

ЁМОНЛИК – яхшиликнинг зидди бўлиб шахс, жам-т тар-ётига тўсқинлик қиладиган бу иллат ёлғончилик, пасткашлик, мунофиқлик, беҳаёлик, раҳмсизлик, номардлик, хиёнат кабилар орқали намоён бўлади. Ё. инсондаги ихтиёр эркинлигидан фойдаланишнинг оқибати саналади. Адабиётларда Ё. инсондаги шайтоний ва ҳайвоний хислатларнинг ифодаси тарзида талқин этилади. Ё. орқали инсон фаолияти баҳоланади. Ё. манфаат ва уни қондириш, ўз мақсадига етишиш йўлидаги ножўя хатти-ҳаракат ифодаси саналади. Ё. зарарли иллат бўлиб, жам-т тар-ёти учун тўсқинлик қилади. Инсон ўзи ҳамда оиласи учун раво кўрмайдиган Ё.ни бошқаларга ҳам раво кўрмаслиги лозим. Ё. бор жойда хиёнат, ғазаб, кибр, ҳасад, қасд, мунофиқлик каби иллатлар ёнма-ён юради. Ўзгаларга Ё. истовчи киши тубан, кибр-ҳавога берилган, ўзида фақат қасд олиш туйғуси б-н юрадиган мунофиқ кишилардир. Ё. яхшилик б-н қарама-қарши бўлган ва у б-н ёнма-ёнма юрадиган инсондаги зарарли хислатдир.  Бу хислат ахлоқи, феъл-атвори бузуқ, энг тубан шахсга хос бўлиб, у бошқаларнинг иқболини ўйламайди, лекин ўз манфаати йўлида ҳеч қандай жиноят ва тубанликдан тоймайди. Бадхулқ, ўзгаларга Ё. истовчи киши биргина кўнгилсизлик натижасида барча яхшиликларни унутади. Яхшиликка Ё. қайтарадиган кишини чаёнга ўхшатишади. Ё. истовчи киши жамоани бузади, одамлар ўртасига нифоқ ташлайди, таълим-тарбияни издан чиқаради. Ё.нинг ҳар қандай кўриниши мавжудлиги келажак авлодни юксак маъ-ят руҳида тарбиялашга тўсиқ бўлади. Ҳасад ва иғво бор жойда Ё. бўлади, ўзгаларга Ё.ни раво кўрувчи инсоннинг ўзи ҳам обрў-эътибор топмайди.

ЁШЛАР – жамиятдаги ижтимоий-демографик гуруҳ. Ижтимоий етукликнинг қарор топиши, катталар оламига кириш ва унга мослашиш каби ўзига хос хусусиятлар б-н тавсифланади. Ёш чегараси беқарор ва сезилиши қийин, лекин соҳа мутахассислари кўпинча уни 15-30 йил б-н ўлчайдилар. Замонавий Ё. баъзи умумий хусусиятлари б-н тавсифланади: улар, одатда анча билимли; янги касбларни эгаллаган; янгича турмуш тарзига интилувчан; ижтимоий жиҳатдан ҳаракатчан; қадриятларни қайта баҳолаш, қадриятларга йўналганлик жараёнини, эҳтиёжлар ва сиёсий идеаллар, ахлоқий меъёрларга фаол ўтади. Мазкур ижтимоий гуруҳга шу тоифа ичидаги мулоқотга мўлжал қилиш хосдир, бу Ё ўзига хос қадриятларга кўра мулоқот, меҳнат, истеъмол, хордиқ чиқариш каби ўзига хос тизими б-н фарқланадилар, бу улар маданиятини ривожлантиришга олиб келади. Жинси, ёши, маълумот даражаси, касбий бандлик соҳаси, маданий-сиёсий манфаатлари ва б.га боғлиқ ҳолда Ё. турлари фарқланади. Ижтимоий ишлар Ё.нинг асосий муаммолари бўлиб: таълим турини танлаш ва уни эгаллаш, меҳнат жараёнига кириш, оилани шакллантириш, касбий жиҳатдан ўсиш ва хизмат бўйича илгарилаш ҳисобланади. Кейинги йилларда физиологик ва ижтимоий етуклиги номувофиқлиги сабабли улар муаммоси анча кескинлашди. Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни касб танлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, иш билан таъминлаш бўйича бир қатор муаммоларни юзага чиқарди. Ё.лар ҳам ижтимоий гуруҳ сифатида ўз ҳуқуқлари ҳимоясига муҳтождирлар.


Ж