З

ЗАКОТ (араб. поклик, покланиш; садақа) — 1) мол-мулк ва даромаддан бериладиган садақа, хайр-эҳсон; 2) Исломнинг бешта асосий талабларидан бири. Шариатга мувофиқ, муайян бойликка эга бўлган катта ёшдаги мусулмон З. беради. З. берувчи кишининг маблағи ўзи ва қарамоғидагиларининг зарурий эҳтиёжларидан ортиқча бўлиши лозим. Бу маблағга кишининг жамғармаси, дўконда сотиладиган нарсалари, сотаман деб олиб қўйган нарсалари, бировга берган қарзи киради. У йилда бир марта берилиши шарт бўлган хайр-эҳсон (садақа) қаторига киради ва айни вақтда ибодат ҳисобланади. З. миқдори маблағларнинг 1/40 улуши (2,5%)га тенг, уни З. беролмайдиган мусулмонлар олишга ҳақли. З. аввал қариндошлар орасидаги муҳтожларга, бундай қариндошлар бўлмаса, камбағал, қарздор, мусофирларга берилади. Деҳқонлар ва чорвадорлардан олинадиган З. миқдори бир оз бошқачароқ белгиланган. З.нинг асл ҳикмати фақир ва муҳтожларнинг ҳожатини чиқармоқдир.

ЗАМОНАВИЙЛИК – вақтни, даврни, унинг мазмун-моҳиятини чуқур ҳис этиб яшаш. Ушбу т. бир-бири б-н узвий боғлиқ икки даражада: бир томондан, бугунги авлоднинг ўзи бошидан кечираётган аниқ тарихий вақт кесими б-н ҳамнафас, ҳамфикр эканлигини билдирса, иккинчи томондан, ҳозирги авлоднинг ўзини ўтмиш, бугунги кун ва қолаверса, келажак б-н уйғунлаштира олиш, бугунги тарихий ҳодисаларни аниқ тасаввур қила олиш қобилияти б-н ўлчанади. Замоннинг барча шаклларини чуқур ҳис этиш, яъни тарихни яхши билиш ва ҳис этиш, бугунги кун хус-ятларини теран англаш ва фаол бўлиш, келажакни яхши тасаввур этиш ва аниқ мақсадга эга бўлиш – буларнинг барчаси шахс маъ-ятининг муҳим кўрсаткичларидир. Демак, айнан шундай салоҳиятга эга бўлган кишиларгина ўз келажагига чуқур ишонч б-н қарай олиши ва фаолият юритиши мумкин.

ЗАРАР (араб. ёмон таъсир ёки зиён, шикаст, заҳмат) – бир шахсга ёки давлатга, жам-тга, жамоага ва б.га иккинчи шахс томонидан етказиладиган зиёндир. З. икки хил тарзда етказилиши мумкин: моддий ва маън-й. Моддий З. – мол-мулкка етказилган зиён бўлса, маън-й З. эса – шахсга, унинг ҳаёти ва соғлиғига, обрўсига путур етказишдир. Шахс ва унга етказилган маън-й З. унинг жам-тдаги мавқеига, жамоатчилик ўртасидаги обруйига, ҳаракатчанлигига салбий таъсир этишдир. Кек сақлайдиган, фақат ўч олиш нияти б-н яшайдиган дили қора, ҳамиша қалбида бошқаларга З. етказишни ўйлайдиган кишилар охир-оқибат олган ўчларининг қурбони бўлишади. Бошқаларга З. етказадиган кишилар қалби пок, оқкўнгил инсоннинг қўйнига кириб олиб, сўнгра уларга З. етказишга ҳаракат қилишади. Эл назарига тушган бообрў одамга ҳасад қилиб, унга З. етказишга интиладиган киши нодонни эслатади. Бунда улар ўзларига иғвогарликни қурол қилиб олишади. Иғвогарлар ҳамма ерда ва ҳар қандай вазиятда ўзгаларга зиён етказишга ҳаракат қилишади. Яхшиликни ёмонликдан ажрата олмайдиган кишиларнинг фойдасидан кўра З.и кўпроқдир. Билимли, тарбияли киши бошқаларга З. етказмайди. Чунки улар яхшилик ва ёмонликни фарқлай билишади.  Ҳар қандай З.ли ишни кўра била туриб, унинг олдини олиш ўрнига, уни қўллаб-қувватлаб турадиганлар жам-т учун энг З.лидир. Оқил киши нодон киши б-н суҳбатда вақтини бекорга ўтказмайди. Чунки нодон кишининг сўзи ҳам З.ли эканлигини сезади.  

ЗАРАРЛИ ОДАТЛАР  — шахс ёки бутун бир миллат, жам-тга тегишли маън-й, мад-й, моддий ўзаро мун-тлар, дунёқараш ва ҳ.к. н.назаридан ғайриинсоний ёки ғайриодатий деб билинадиган тафаккур тарзи, хус-ят ва хатти-ҳаракатни ифодаловчи т.. З.о. инсоннинг маъ-ят талабларини яхши англамагани, маън-й тамойилларга риоя қилмагани, нотўғри тарбиялангани оқибатида келиб чиқади. Инсон билим олар экан, ўрганган билимларининг бир қисми бутун ҳаёти давомида унинг доимий амалий кўникмаларига айлана боради. Шунга кўра З.о. инсон ҳаётининг хоҳлаган вақтида шаклланишини кузатиш мумкин. Бироқ инсон умри болалик ва ўсмирлик, ёшлик, ўрта ёшлик ва кексаликдан иборат тўрт қисмга бўлиниб (Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Навоий), унинг биринчи икки қисмида кўникмаларнинг ҳосил бўлиши кўпроқ рефлексив-жисмоний ва камроқ ақлий-психологик характерга эга бўлади. Учинчи ва тўртинчи қисмида эса кўпроқ ақлий-психологик ва камроқ рефлексив-жисмоний моҳият касб этади. Шунга қарамай, инсон онгининг фаоллашуви З.о.нинг йўқолиши ёки аксинча мукаммаллашувини келтириб чиқаради. Шу жиҳатга кўра, инсон умрининг дастлабки икки қисмида унинг тарбиясига катта аҳамият қаратилади. Муайян шахсга тегишли З.о. айнан тегишлилиги н.назаридан индивидуал ёки ижт-й бўлиши мумкин. Бунда шахснинг З.о.и унинг ижт-й ҳаётда тутган ўрни б-н боғлиқ бўлади. Мас., шахснинг ижт-й ҳаётдаги ўрни паст даражада бўлса, лоқайдлик, дангасалик, ўғирлик каби З.о. индивидуал хус-ятга эга бўлади, аксинча, баланд даражада бўлса, З.о.нинг ижт-й характер касб этишига олиб келиши мумкин. Ана шу жиҳатларига кўра, З.о. миллий, ижт-й, минтақавий ёки умуминсоний З.о. кўринишига эга бўлади. З.о.нинг шаклланишига турли омиллар сабаб бўлади, бироқ унинг ижт-й даражада илдиз отишида инсоннинг иқт-й, сиёсий, ҳуқуқий, мад-й, маън-й-руҳий мавқеи муҳим ўрин тутади. Ш-дек, З.о. жинс, ирқ, табиат, анъаналарга мун-тларда ҳам намоён бўлиши мумкин. Мас., “Авесто”да сув, тупроқ, ҳавони ифлослантириш, ҳайвонларни қириш, ўсимликларни йўқ қилиш зарарлиги қайд этилган. З.о. баъзан жам-т тар-ётига, инсоний мун-тларга салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлар, кўникмалар мажмуи тарзида ҳам намоён бўлади.  Мас., маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, ҳурматсизлик, лоқайдлик, бепарволик, гиёҳвандлик, мансабпарастлик, манманлик, чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, қонунларга риоя этмаслик кабилар айнан З.о.лар ҳисобланади. Ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар азоб-уқубатларни бошдан кечиргани, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин. Одамзод ва жам-т ҳаётида оғир асоратлар қолдирадиган ҳасад туйғуси, авваламбор, бошқаларни кўролмаслик, инсоннинг ютуғидан қувониш ўрнига қандайдир куйиниш, ичиқоралик каби З.о.лар инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида характерланади.  Бундай З.о.ларга қарши курашиш учун ҳар бир фуқаро тафаккурида юксак маън-й фазилатларни шакиллантириши лозим. Бугунги мураккаб ва шиддат б-н ривожланиб бораётган даврда З.о.ларни атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг аҳолига таъсирини ўрганиш миллий манфаатларимиз ва қадриятларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган томонларини очиб бериш, фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Фақат ана шундай асосда ёшларни ўз фикрига эга, турли маън-й хуружларга қарши собит тура олишга қодир, мустаҳкам иродали ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга эришиш мумкин.

ЗАРАРЛИ ТАЪСИРЛАР – жам-т, миллат, давлат тар-ётини, инсонлар фаолияти, онги ва тафаккурини издан чиқаришга қаратилган уринишлар, хатти-ҳаракатлар мажмуини ифодалайдиган т.. З.т.нинг замонавий услублари: маън-й таҳдид, ахборот майдонларини эгаллаб олиш, мафкуравий хуруж, мафкуравий дезориентация, мафкуравий қўпорувчилик, бузғунчилик ҳаракатларини қўллаш орқали келажакка ишончсизлик уйғотишга, давлат сиёсатини обрўсизлантиришга, одамларнинг ўзини Ватан, миллат ҳимоясидан четга тортишга эришиш ва ш.к..  З.т. ўтказишни мақсад қилиб олган ёвуз кучлар бирор хусусий мисолни умумлаштириш, ёлғонни ҳақиқатга ўхшатиб тасвирлаш, кичик хатолардан катта муаммолар мавжудлигини кўрсатиш, ёлғонни такрорлайвериш, шахсий манфаатларни биринчи ўринга қўйиш, ҳокимиятни халққа ёмон кўрсатиш, миллат душманларига раҳмдиллик, ҳамфикрлик туйғуларини уйғотиш, ростни ёлғонга айлантиришга ҳаракат қилади. Муайян давлат, жам-т ёки ҳудуд н.назаридан, аввало, икки хил, яъни ички ва ташқи З.т.ни ажратиш мумкин. Уларнинг объектив ва субъектив, тарихий(анъанавий) ва замонавий, ижт-й, иқт-й, сиёсий, маън-й, мафкуравий шакллари ҳам бор. Ҳоз. даврда минтақавий, глобал, техноген З.т. мавжудлиги, уларнинг оқибати тўғрисида хилма-хил фикр ва қарашлар баён қилинмоқда. З.т.нинг маън-й соҳадаги оқибати ва уларнинг олдини олиш, уларга нисбатан иммунитет ҳосил қилиш масалаларига Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида алоҳида аҳамият қаратилган. Зеро, ҳар қандай жам-т бундай маккор кучларнинг таъсирини енгиши учун ўзида огоҳлик, мафкуравий хавфсизлик, ватанпарварлик, умуммиллий бирлик каби ижт-й сифатларга эга бўлиши лозимлиги тарихий заруратдир.

ЗАРАРЛИ ҒОЯЛАР – ҳар қандай халқ, жам-т, давлатнинг туб манфаатларига зид бўлган, тар-ётдан қайтариб, ўз измига солиш мақсадида четдан тазйиқ йўли б-н киритиладиган бегона ғоялар йиғиндиси. З.ғ. жам-т таназзулига сабаб бўлади, ғайриинсоний мақсадларга хизмат қилади. З.ғ. моҳиятан ёвуз кучлар фаолияти ҳамда ҳукмронлигини ифодалайди. Бундай ғояларга ирқчилик, фашизм, терроризм, мустамлакачилик мисол бўлади. Бундай ғоялар инсоният тарихида ўта салбий рол ўйнаган, лекин ҳозирги кунда ҳам мавжуд. З.ғ. инсон табиатига зид бўлиб, уни салбий томонга ўзгартиради, унда носоғлом турмуш тарзини шакллантиради, унинг дунёқарашида қарамлик, тобелик, мутелик муҳитини шакллантиради. Миллий тафаккур тарзини ўз негизларидан бегоналаштиради, ёт урф-о., анъаналарни тарғиб қилади, уларнинг кириб келишига муҳит яратади, мамлакатни, халқни ўз миллий қадриятларидан, охир-оқибат ўз тар-т йўлидан четлаштиради, жам-тда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликка раҳна солиб, парокандаликка олиб келади. Шу маънода, З.ғ.га нисбатан маън-й иммунитетни шакллантириш ва мустаҳкамлаш – маъ-яти бой, эркин фикрловчи, фаол ёш авлод тарбиясининг муҳим йўналишидир. Бугунги кунда инсон маъ-ятига, халқимизнинг турмуш тарзига, руҳиятига нисбатан қилинаётган ғоявий хуружларнинг усуллари тобора фаоллашиб бораётганлигини айтиб ўтиш жоиз. З.ғ.ни турли кинофильмлар, ТВ кўрсатувлари ва радио эшиттиришлари шаклида, газета-журналлар, интернет тармоғи ва бошқа йўналишларда узлуксиз равишда тиқиштириб, миллий қадриятларни барбод этишга, одамларни сохта ғояларнинг таъсири остига олишга мунтазам ҳаракат қилинаётганлиги сабабли маън-й тарбия ва ғоявий ишларини тизимли равишда, мунтазам олиб бориш зарур.

Зардуштийлик (оташпарастлик, парсизм, зороастризм) –  мил.ав. VIII-VII а. қуйи Амударё ҳудудлари ва Марғиёнада вужудга келган яккахудоликни тарғиб этадиган дин. З. Зардушт томонидан ислоҳ қилиниб, такомиллаштирилди. З. таълимоти милоддан олдинги VII а.да Арйашайона давлатининг инқирозга юз тутган даврида вужудга келди. Бу даврда турли худоларга сажда қилувчи қабилалар ўртасидаги зиддиятлар парчаланиб кетаётган жамият (давлат)нинг ички қарама-қаршилигини янада кучайтиришга олиб келган. Мамлакат инқирозининг олдини олиш учун қабилалар ўртасидаги зиддиятларга барҳам бериб, умумий манфаатлар муштараклигини тарғиб қилувчи муайян мақсадга қаратилган изчил ғоялар яратиш зарурати пайдо бўлган. Бундай таълимот, биринчидан, жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини сақлаб қолиш учун хизмат қилиши,  иккинчидан, уруғ ва қабилавий динлардан устун турувчи ҳамда барча уруғ ва қабилалар манфаатларига мос тушадиган эътиқод шаклини яратиши, учинчидан, ҳар қандай қонли урушлар ва хунрезликларга қарши халқларни осойишталикка чақириши, тўртинчидан, давлат чегараларидан ташқари кўчманчи чорвадор қабилалар ҳужумига қарши мамлакат ичкарисидаги кучларни жипслаштирувчи ғоялар тизимини шакллантириши зарур эди. Бундай ғоялар тизими эса, ўз даврининг сиёсий ташкилоти ҳисобланган Арйашайона давлатининг мафкурасидан бошқа нарса бўлиши лозим эди. Қабилалар ўртасида муштарак манфаатларни шакллантириш учун қабилаларнинг умумий эътиқодини вужудга келтириш зарур эди. Арйа (орий) қабилалари орасидаги зиддиятларнинг туб сабабчиси кўпхудолик эканлигини тушуниб етган Зардушт одамлар бутун оламнинг қудратли ҳукмдори, жаҳоний ақл (соҳиби) Ахура Маздагагина итоат этиши лозим, деган қарорга келган. Зардушт одамларни Ахура Маздага сажда қилишга чақириб инсоният маънавияти тарихида янги босқични бошлаб берди. Биринчидан, у кўпхудолик (политеизм)га қарама-қарши якка худолик (монотеизм)га, яъни, диний эътиқоднинг юқори босқичига қадам қўйган эди. Иккинчидан, илгари одамлар худоларга уларнинг қаҳри, даҳшатли вайрон қилувчи қудратлари олдида ожиз бўлиб, қўрқув даҳшати остида сиғинишган бўлса, эндиликда эса З. одамларга қалби кишиларга меҳр-шафқат б-н тўлган, яхшилик томон ундовчи, уларнинг ўлимидан кейин мангу фаровон ҳаёт б-н таъминлай оладиган тангри Ахура Маздага ибодат қилишга чақирди. З. диний эътиқодда дуализм (икки худолик)ни эмас, яккахудолик (монотеизм)ни тарғиб қилган. З. таълимотига кўра дунё – ёруғлик ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик, ҳаёт ва ўлим, ёлғончилик ва ростгўйлик, ваҳшийлик ва эзгулик, жоҳиллик ва шафқатлилик, ахмоқлик ва ақллилик, пастлик ва баландлик, олов ва сув, иссиқлик ва совуқлик каби қарши кучлар ўртасида кечадиган аёвсиз кураш майдони сифатида тасаввур қилинади. Оламдаги барча яхшилик, эзгулик, ёруғлик кучларини Ахура Мазда яратади ва бошқаради. Ёмонлик, тубанлик, ёлғончилик ва ҳ.к. кучларнинг ижодкори ва унинг бошқарувчиси қилиб эса Анхра Майнйу тушунилади. Ахура Мазда ўзининг олтита ёрдамчиси б-н барча ёруғ оламни бошқаради. Бу “Мангу яшашга молик муқаддас руҳлар” Ахура Мазда раҳнамолигида мавжудликнинг турли соҳаларини ўзида мужассам этадилар. Ҳаёт деб аталувчи барча нарсалар: инсонлар, чорва, олов, ер, осмон, сув ва наботот (ўсимликлар) дунёсига ҳомийлик қиладилар. Муқаддас руҳлар (Авесто битикларида “Амеша Спента деб айтилади) жами олтита бўлиб, улар Муқаддас руҳ Спента Манйу ёрдамида вужудга келтирилади. 1) Воху Ману – эзгу фикр; 2) Аша Вахишта – энг олий ҳақиқат; 3) Спента – муқаддас эътиқод, диёнатга содиқлик (иймон);  4) Хишатра – Варйа – ҳукмронлик хоҳиши; 5) Ҳарватат – яхлитлик;  6) Амеретат – мангулик; Ахура Мазда б-н жами еттита; // Еттита ҳамфикрлар // Еттита ҳамризолар // Еттита ҳамкор ҳукмдор // Фикр ва сўз эгалари // Ҳаммасининг ташвиши бир  // Ҳаммаси ҳам бир уруғдан // Ахура Мазда исмли // Яратгувчи сарбондан (Авеста. 19-яшт. Гимн Хварно. Душанбе, 1990, 129-бет. Тоҳир Карим таржимаси). З. таълимотида Анхра Манйу – барча ёмонлик, зулмат кучларнинг тимсоли сифатида у ҳам Жин, Шайтон, Иблис, Алвасти, Жодугар, дев, аждаҳо, Илон ва ҳ.к.ларни яратадилар ва улар ёрдамида одамлар қалбига қўрқув, даҳшат уруғларини сочиб, ўзларига тобе қилишга уринадилар. Бушйаста – одамларда ялқовлик, дангасаликни кучайтирувчи, одамлар эрта б-н турмоқчи бўлганида ўзининг узун қўллари б-н бошини ёстиққа босиб яна уйқуга элтувчи иблис қиёфасидаги дев. Гандарва – дарёлар, кўллар, денгиз сувларини бошқарувчи, сув тўфонлари, тошқинлари, кема ҳалокатларини, Амударёда дагишларни келтириб чиқарувчи қудратли гавдали, қўрқинчли кўринишдаги қип-қизил кўзи б-н одамлар қалбига даҳшат солувчи иблис қиёфали дев. Мозон девлари узоқ шимол томонда, мангу қаҳратон совуқ ҳукмрон бўлган олис Урал тоғлари орқасида макон тутган, одамлар ҳаётига аралашиб турадиган, уларнинг тақдирларига таъсир кўрсатувчи девлар ва ҳ.к. Одамлар бу икки қудрат ўртасидаги чегарада ҳаёт кечирадилар. Ахура Мазда ўз ёрдамчилари, маъбуд ва маъбудалари, ҳур фаришталари б-н етти қават осмонни ўзларига маскан тутадилар. Анхра Манийу эса ўз салафлари б-н етти қат ер тагини ўзларига маскан тутадилар. Бу икки ҳукмдор салтанатларининг чегаралари ер юзасидан, одамлар қалбидан ўтказилади. Одамларга бу икки қудратдан бирини танлаш имконияти яратилади. Агар киши, кўпроқ шу бугунги кун ташвиши б-н қорин ғамидан нарисини ўйлай олмайдиган, шахсий ғаразли манфаат йўлида ёлғончиликдан ҳазар қилмаса, ўлганидан кейин нариги дунёга ишонмаса, бундайлар албатта Аҳриман таъсирига учраган одамлар ҳисобланган. Аксинча, бу дунё одамларга синов учун берилган, ҳақиқий ҳаёт ўлгандан кейин, чинвот(қил кўприк)дан кейин бошланишига ишонса, нариги дунёнинг абадий фароғат умр кечирадиган жаннатга интилса, бу дунёда Ахура Мазданинг йўлидан бориш, унга амал қилиши, фақат эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалларга риоя қилиб яшаши орқалигина эришилади. Ахура Мазда одамларга тўғри йўлни кўрсатиш учун одамлар орасидан энг сарасини Зардуштни ўзига элчи қилиб танлайди. Зардуштга эзгу фикр ва эзгу сўз тайёр ҳолда дунёвий қудратли ақл – Ахура Маздадан юборилади. Бу юборилган эзгу фикр ва эзгу сўзга сидқидилдан ёндашиб, уларга амал қилиш одамларга вазифа қилиб юклатилади. Анхра Манйу эса Мазда йўлидан одамларни қайтариш учун инсонларнинг ичидан бирини танлаб, энг буюк қобилият ато этади. Бу танлаган одами Друғванд (Авестода Друж) бўлиб, у ёлғончиликда, бебурдликда, муболаға, ваҳимали гапларни қиёмига етказиб одамлар қалбига даҳшат уруғини сочишда устаси фаранг бўлиб, З. таълимотига қарши ташвиқот ишларини олиб боради. Зардушт ўз таълимотида (Авестонинг готлар қисмида) чорвачиликка асосланган турмуш тарзига қараганда ўтроқ деҳқончилик турмуш тарзини қарама-қарши қўйиб, кўчманчи чорвачиликка асосланган ҳаёт тарзига барча ёвузликларнинг манбаси деб қарайди. Ўз жамиятининг фуқароларини чўл халқлари яшаш тарзида кўпроқ Аҳриман иродаси қонунлаштирилганлигидан огоҳ бўлишга чақиради. З.да оловга сиғиниш алоҳида аҳамият касб этади. Олов улар учун муқаддас ҳисобланиб, барча ёруғлик, тозалик, эзгуликнинг манбаси сифатида қаралган. Ахура Мазданинг қалби қуёши нуридан чиқарилган (олинган) оловнигина улар муқаддас ҳисоблаганлар. Оловнинг манбаларини иккита биринчиси Қуёш, иккинчиси эса Ер ости (жаҳаннам) деб тушунганлар. Қуёш нуридан олинган оловга яратувчилик, гуноҳлардан тозаловчи, меҳр ёлқини манбаси сифатида қаралиб, ер қаъридан чиққан оловга эса вулқон, қора булутдан чиққан момақалдироқ, йилдирим (яшин) кўринишида одамлар, ҳайвонлар ва наботот оламига қирғин келтирувчи сифатида қараганлар. Шунинг учун ҳам йилнинг ўзини ҳам Ормузд даври (яъни Наврўздан то Меҳржон байрамигача) ва Ахримон даврига меҳржон байрамидан (21 сентябрдан) Наврўз айёми (21 март) гача вақтларга бўлиб тасаввур қилганлар. З. таълимотида кишилик жамияти жами 12 минг йил умр кўришини, бу даврлар: Ахура Мазда (олтин) даври қаюмарс (Говмард, Гоптшоҳ)дан бошланади. Йима Вивахванд ҳукмронлигининг охирги йилларигача давом этган. Ормуз даврида ижтимоий адолат тўла тикланган замонлар бўлиб, бу даврда одамлар туғилади, лекин ўлим бўлмайди деб ҳисобланади. Мазкур давр Йима Вивахванд (Жамшид) кибр-ҳавога берилиб, ўзини Тангри ўрнига қўйиб, одамлар унга сажда қилишни буюрганидан кейин ва Сигир гўштини ейишни буюрганидан кейин Ахримон таъсирига мубтало бўлгунча давом этади. Ахура Мазда Жамшидни абадий умр кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Архимон даври тўла адолатсизликлар авж олган давр бўлиб, у ҳам Аҳура Мазда даврига тенг уч минг йил давом этади. З. замонидан бошлаб Ахура Мазда ва Аҳриман ўртасида ҳаёт-мамот кураши даври бошланиб у ҳам уч минг йил давом этади. З. ўлимидан сўнг уч минг йил ўтганидан кейин фаровонлик (Ахура Мазда) даври бошланиб, бу давр яна уч минг йил давом этиши башорат қилинади ва ҳ.к. З.да ер, сув, ҳаво, олов мавжудликнинг тўртта асоси сифатида улуғланади. З. даги бу таълимот юнон содда материалистлари (Фалес, Анаксимен, Анаксимандр, Гераклит) нинг фал-ий таълимотларига чуқур таъсир қилганлигини кўрамиз. Шунингдек, Ахура Мазда (дунёвий ақл) руҳ образида Суқрот ва Платон фал.сига таъсирини, Аристотель фал.сидаги борлиқнинг тўртта асоси (ер, сув, ҳаво, олов) тўғрисидаги таълимотнинг шаклланишида ҳам З. ғояларининг катта таъсирини сезишимиз мумкин. З. нинг ғоявий меросхўрлари сифатида монийлик, митраизм, маздакийлик таълимотлари ҳисобланади. Аршакийлар ва Сосонийлар подшоликлари даврида З. яна давлат дини даражасига кўтарилди. Араблар Эрон ва Ўрта Осиёни босиб олганларидан сўнг энг фидойи зардуштийлар иккинчи марта (биринчиси Искандар Зулқарнайндан қочиб) Ҳиндистонда паноҳ топдилар. Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳри атрофида ва Гужарат штатида ҳозир ҳам 250-300 минг кишидан иборат парслар номи остида Зардуштийлар қавми истиқомат қиладилар. Эроннинг жанубий тоғлар орасидаги дараларда ҳам кўп  минг кишилик Зардуштийлар қавми бор. З. таълимоти ўзидан кейинги янада ривожланган миллий-минтақавий, жаҳон динлари бўлган яҳудийлик, буддавийлик, христианлик ва ислом эътиқодининг шаклланишида катта аҳамият касб этди. Хусусан, ҳалол, ҳаром, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах, ҳур, фаришта, иблис, шайтон, дев, етти қават осмон, етти қат ер, етти иқлим, дунёвий ақл, дунёвий руҳ, қиёмат, охир замон, қил кўприк, (чинвот), охирги ҳукм ва бошқа бир қатор тушунча ва образлар дастлаб З.нинг муқаддас китоби Авестода ишлаб чиқилган эди.

ЗЕҲН (араб. идрок, фаҳм, хотира) – шахснинг нарсалар, ҳодисалар ва жараёнларни тушуниш қобилиятидир. З. шахслараро мун-тларда ўзгаларнинг ҳолати ва мун-тини тез ва тўғри пайқаб олиш хус-яти ҳам бўлиб, бошқа шахс томонидан амалга ошириладиган хатти-ҳаракат шаклини олдиндан кўра олиш малакасини англатади. З. алоҳида шахснинг имкониятлари ва қобилиятларининг яхлит тизимидир. Бундай тизим сифатида З. инсоннинг кузатувчанлигини, ўзгаларнинг фикр ва ҳиссиётларини мос тарзда акс эттиришни ва шу ҳолатга мувофиқ жавоб бера олиш малакасини назарда тутади. З. тафаккур фаоллигида, нутқ равонлигида, турли одамлар ҳақида тўпланган бой тажрибада намоён бўлади. Шу маънода тез тушуна оладиган, ақлли, доно кишилар З.и ўткир инсонлар ҳисобланади.

ЗИЁЛИ – маън-й баркамол инсон,  илмли, ўқимишли, маърифатли шахс маъноларини англатувчи т.. Баъзида кундалик ҳаётда З.га нисбатан “интеллигент” ибораси қўлланилади. Бунда кўпроқ ўша шахснинг билим доираси, тафаккури, қолаверса, мад-й даражаси назарда тутилади. Зеро, «интеллигент» атамаси «интеллект», яъни ақл б-н боғлиқ ва демакки, аслида ўзб.ларнинг «оқил», «ақл эгаси»  деган сўзлари б-н муқобилдир. Аммо чинакам З. фақат ақл ва билим эмас, қалб ва маъ-ят эгаси ҳам бўлмоғи зарур. Умуман олганда, З. деганда, инсонга, айниқса, ёшларга ҳар томонлама ижобий таъсир кўрсатувчи шахслар тушунилиб, улар турли соҳаларга мансуб бўлишлари мумкин. Кўпинча, ҳаётда таълим-тарбия, илм-фан, соғлиқни сақлаш, давлат хизмати тизимларида фаолият кўрсатаётган фуқаролар ҳам З. сифатида тушунилади. Ш-дек, З. шахсга нисбатан тарихда ўзига хос талаблар мавжуд бўлган. У оқил, доно ва маърифатли  бўлсагина, бутун  вужуди, хатти-ҳаракати, ижодий фаолияти б-н атроф-муҳитга зиё, эзгу нур тарата олсагина  З. деб аталган. Халқимиз тарихида З., маърифатли кишилар кўп бўлганини яхши биламиз. Улар ўртасида ўқитувчи ва мураббийлар, З. устозларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Юртбошимиз алоҳида таъкидлагани каби: “Биз юртимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда биринчи галда ана шу машаққатли касб эгаларига суянамиз ва таянамиз, эртага ўрнимизга келадиган ёшларнинг маънавий дунёсини шакллантиришда уларнинг хизмати нақадар беқиёс эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз. Бу ёруғ оламда ҳар бир одам ўзининг меҳрибон ота-онасига, устоз ва муаллимларга нисбатан ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Инсон ўз умри давомида қандай ютуқ ва натижаларга эришмасин, қаерда, қандай лавозимда ишламасин, мактаб даргоҳида олган таълим-тарбияси унинг етук шахс ва малакали мутахассис бўлиб шаклланишида улкан аҳамиятга эга экани шубҳасиз”. З. инсонлар, ўқитувчи ва мураббийлар, маърифат ва маън-й-ахлоқий масалалар бўйича масъул ходимлар, илм-фан мутахассисларининг ўз вақтида бераётган амалий ёрдамлари, тўғри ва ўринли маслаҳатлари туфайли оила ва маҳалла муҳитида, бутун диёримизда тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат туйғулари кучайиб бораётганини эл-юртимиз юксак қадрлайди. Айниқса, ёш йигит ва қизларимизнинг мустақил ҳаётга кириб бориши, ёш оилаларнинг жамиятдан ўзига муносиб ўрин топишида бу фидойи ва меҳрибон, жонкуяр одамларнинг қанчалик муҳим роль ўйнаётганини ҳурмат билан эътироф этишимиз лозим (“Юксак маънавият – енгилмас куч”,  130-132 б.).

ЗИЁЛИ МАСЪУЛИЯТИ – инсоннинг юксак маън-й талабларга мос хус-яти, ўзи мансуб халққа хос қадриятлар, фазилатлар, билимларни мужассамлаштирган маърифатли одамнинг ўз соҳаси, оиласи, жамоаси, халқи, Ватани, миллати олдидаги бурчларни англаши, ўз ҳаёти ва фаолиятини шу бурчларни адо этишга оғишмай сафарбар этишини англатувчи т.. Зиёлининг ушбу масъулияти унда эзгу мақсадларга сафарбарлик ҳиссини пайдо қилади. Бефарқлик, таъмагирлик, манфаатпарастлик – З.м.ни сусайтирувчи, охир-оқибатда «зиёли» деган юксак номга муносибликдан мосуво қилувчи иллатлардир. Барча замонларда З.м.ни сезиш жам-тни рив-ши, илм-фан тар-ётига катта таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёш авлод қалби ваонгида юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги ғояларига садоқат уйғотишда З.м.ни ошириш б-н боғлиқ масала ниҳоятда  муҳим аҳамият касб этмоқда. “Ҳар бир инсон ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай фикрларни униб-ўсиб келаётган ёшларнинг онгига сингдириш, уларни ҳаёт синовларига бардошли этиб тайёрлаш бизнинг ота-она, устоз-мураббий, раҳбар-раҳнамо сифатидаги, шу муқаддас юрт фуқароси сифатидаги муқаддас бурчимиздир. Бу борадаги энг долзарб вазифамиз — юқорида зикр этилган барча жараёнларнинг илмий-назарий асосларини, уларнинг янги қирраларини мукаммал очиб бериш, ўқувчиларимиз, талабаларимизга, кенг жамоатчиликка содда, лўнда қилиб тушунтириб бориш ва уларни бугунги замон талабларига жавоб берадиган жамият қурилишининг фаол бунёдкорларига айлантиришдан иборат. Бунинг учун авваламбор тараққиётимизнинг ҳар бир йўналиши — жамиятимиздаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий муносабатларнинг ривожи ҳақида махсус адабиётлар яратиш тизимини янада такомиллаштириш зарур. Албатта, бу масала бўйича ижтимоий фанлар соҳасида маълум ишлар қилинмоқда, аммо холисона айтадиган бўлсак, бу борада чоп этилган кўпчилик дарсликлар, ўқув қўлланмалари, оммабоп адабиётларнинг ҳам, аксарият соҳа мутахассисларининг ҳам савияси талаб даражасида эмаслигини қайд этишга мажбурмиз. Бундай нохуш ҳолатларга барҳам бериш вақти келди. Ҳеч шубҳасиз, юртимизда эркин, адолатли ва фаровон ҳаёт қуриш жараёнида ижтимоий-сиёсий муносабатлар, одамларнинг онги ва тафаккури ҳам ўзига хос, шу билан бирга, мутлақо янгича маъно касб этиб бормоқда. Хусусан, шахс ва давлат, инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар янгича мазмун ва шакл топиб, янги хусусиятлар, янги тамойиллар асосида такомиллашиб бораётганини сезиш, англаш қийин эмас. Бинобарин, буларнинг барчаси янгича қадриятлар ва демократик принциплар моҳиятига, ўз турмуш ва тафаккур тарзимизга мос, биз барпо этишга интилаётган эркин фуқаролик жамияти талабларига жавоб берадиган муносабатлар сифатида ижтимоий фанларнинг асосий тадқиқот мавзуларига айланиши даркор. Бу борадаги энг муҳим вазифа шундан иборатки, ҳар қайси фуқаро, ҳар қайси инсон жамият тараққиёти ва уни янгилашга, маънавий ҳаётимизни турли таҳдид ва хуружлардан ҳимоя қилиш масаласига бўлган ўз бурчи ва масъулиятини айнан ана шу асосда аниқлаб олиши зарур. Бу масала ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрадиган бўлсак, шу тамойилларга таянган жамиятнинг ўзига хос ижтимоий шакл-шамойили, унинг қиёфаси, ривожланиш йўллари, устувор хусусиятлари тўғрисидаги аниқ тасаввур, турли фикр, баҳс-мунозаралар орқалигина аён бўлишини эътироф этишимиз ва буни ўзимизга мезон қилиб олишимиз зарур. Бундай кенг кўламли ва ўта муҳим масалаларни ҳал қилишда давлатимиз ва жамиятимиз ижтимоий фанлар соҳасида фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, турли ижтимоий марказлар, авваламбор, Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази томонидан ҳар томонлама асосланган чуқур таклиф ва тавсияларни кутишга тўла ҳақлидир. Айниқса, бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини, кимга ва нимага қарши қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Фақат ана шундай асосда ёшларни ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга эришиш мумкин. Бу борада маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини таъминлайдиган замонавий информацион ва компьютер технологияларини кенг жорий этиш, жамиятимизнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган самарали усул-услубларни ишлаб чиқиш, давлат ва жамоат ташкилотлари учун тегишли тавсия ва қўлланмаларни тайёрлаш бугунги кунда муҳим вазифамизга айланиб бораётганини чуқур тушуниб олишимиз зарур” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”, 124-127 б.).

ЗИНО (араб. бузуқлик, фаҳш, бевафолик) — эркак ва аёлнинг ношаръий жинсий алоқада бўлиши. 3. катта гуноҳ ҳисобланади. Шаръий никоҳда бўлмаган эркак ва аёлнинг жинсий алоқада бўлиши жам-т ахлоқини, одамлар маъ-ятини бузадиган ҳодиса сифатида ахлоқ меъёрларининг дарз кетишига олиб келади. З. халқимиз маънавиятига ёт иллат бўлиб, маънавий меросимиз, анъана ва урф-одатларимизда қаттиқ қораланади

 

ЗОҲИР  (араб. сиртқи кўриниш, равшан, бир нарсанинг юзи, ташқи сатҳи, ғолиб) – Шарқ фалсафасидаги асосий тушунчалардан бири. З. сўзининг ўзаги мазҳар ҳисобланади. З. зуҳур сўзининг кўплиги З. ботин маъносининг қарама-қаршиси бўлиб, уни сезгилар орқали англаш мумкин. Насафийнинг ёзишича, шубҳасиз З. ботинга таъсир ўтказгани каби, ботиннинг ҳам З.га таъсири бор. Агар доно шайхнинг тарбияси остида З. тўғирланса, ботин ҳам тўғирланади. З. ва ботин ва ғайбнинг унвони (сарҳади) ҳисобланади. З., грамматикада замир (олмош) бўлмаган исмдир. Мас., “Отабек келди. У шу ерда”, жумлаларида “Отабек” З. исм, “у” эса замир ҳисобланади. З. усул илмида шундай бир сўзки, унинг биринчи марта ишлатилган маъноси (асл маъноси) бошқа бирон сўз ёрдамисиз фақат лафзнинг ўзидан маълум бўлади. Мас., қуёш сўзини эшитишимиз б-н, осмонда порлаб турган ниҳоят буюк шарни тушунамиз. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, З. шундай бир сўзки, у биринчи марта ишлатилган аслий маъноси ёки урфий маъноси фақат лафзнинг ўзидан аниқ, англанади, уни ишлатишдан сўзловчининг қасди, нияти нима эканлиги назарда тутилмайди. Негаки, сўзловчи бирон мақсад ёки ниятни ифодаламоқчи бўлса, албатта калом (жумла, гап)ни ишлатади. Бу фикр мутаххир олимлар (охирги давр олимлари)нинг назарига асосланган. Негаки, улар З. учун унинг маъносини сўзловчи томонидан бирон-бир мақсадни ифодалаш учун ишлатилган бўлмаслигини шарт деб билганлар. Лекин, мутақаддимлар (аввалги давр олимлари) нуқтаи назаридан, З.да эътибор бериладиган томон, фақат ундан назарда тутилган мақсаднинг аниқ бўлишидир. Уларча З.да сўзловчи томонидан, назарда тутилган мақсад учун ишлатилмаслик шарт эмас. Абу Зайд Дабусининг фикрича, ботин тафаккур орқали тушуниладиган нарса бўлса, З. ҳеч қандай тааққул ва тафаккурсиз англаб олинадиган нарсани ифодалайди. Айрим олимлар З. ва нассни калом жумласидан деб ҳисоблайдилар. Насс очиқ-ойдин каломдан иборат бўлиб, таъвилни қабул қилмайди. Яъни бир маънодан ташқари ундан бошқа бир маънони чиқариб олиш мумкин эмас. Лекин Кашфул Баздавийдан маълум бўлишича, З. ва насс муфрад (бирлик) бўладими ёки мураккаб, яъни таркиб топган (уларнинг муфрад ёки мураккаблигига қарамасдан), лафз турларидан ҳисобланади. Унингча, З. аслий маъносига ёки урфий маънога далолат қилган ҳолларда бошқа бир маънога далолат қилиш эҳтимолини ҳам ўзида сақлайди.Фиқҳий нуқтаи назардан ҳанафий мазҳабида З. ва насснинг ҳукми шундан иборатки, улардан қатъий ва яқиний суратда келиб чиққан нарсаларга амал қилиш вожиб бўлади. Улардан маъжозий маъно эҳтимолини назарда тутиш эътиборга эга эмас, негаки, бундай эҳтимол далилга асосланган бўлмайди. Лекин З. ва насс бир-бирига қарши турганда нассдан устун қўйилади. Абулқосим Самарқандийнинг фикрича, З. назарда тутилган мақсадни очиқ-ойдин ифодалайдиган сўздир, лекин эҳтимолдан холи эмас, мас., амр сўзи (яъни буйруқни ифодаловчи сўз), ижоб (вожиблик)ни билдирса ҳам, ундан назарда тутилган мақсад таҳдид бўлиши ҳам мукин. З. бу Аллоҳнинг исмларидан бири ва “З.ул вужуд” илоҳий исмларнинг тажаллийси (порлаши)дан иборатдир. З.ур-ривоя: Имоми Аъзам Ҳанифанинг йирик шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ал-Усул” (Асосий китоблар) номи б-н шуҳрат қозонган 6 та муҳим фиқҳий асарлари (“ал-Мабсут”, “аз-Зиёдот”, “ал-Жоми  ул-кабир”, “ал-Жомиъ ус-сағир”, “ас-Сияр ул-кабир”, “ас-Сияр ул-сағир”)дан иборат бўлиб,  улар ҳанафий мазҳабининг асосларини изоҳлаб беради. Уларнинг асосий қисми Абу Ҳанифадан ривоят қилинган. Ушбу китобларнинг “З. ур-ривоя” деб аталганининг сабаби шундан иборатки, улар имом Шайбонийдан ишончли кишилар орқали ривоят қилинган. Мазкур китобларни Ўрта Осиёлик олим ал-Ҳоким аш-Шаҳид (ваф. 334 ҳиж.) “ал-Кофий” китобида тўплаган, ундан кейин Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий (ваф 490 ҳиж. й) ўзининг “ал-Мабсут” (Муфассал) китобида шарҳлаган.

ЗУККО  (араб. ақли, зеҳни ўткир; ақлли, идрокли, донишманд) – донолик, ақллиликни ифодалайдиган инсоний фазилат соҳибини англатувчи т.. Аниқ фикрли, теран тафаккурли, зийрак, “етти ўлчаб, бир кесадиган”, чуқур ўйлаб иш кўрадиган кишини З. одам дейишади. З.лик инсонга хос маън-й фазилатлардан бири бўлиб, ибратга лойиқдир. Чунки З. кишилар ҳар бир ишнинг остида яширин маъноларни, унинг оқибатларини чуқур ҳис этадилар. З.ликнинг озиғи – илму-маърифат. Аммо ўз билимларини ҳаётда тўғри қўллай билган фаросат эгасигина З. инсон даражасига кўтарила олади. “Донога илм – илм, нодонга эсиз илм”, – дейди халқимиз. Ш.у. ҳам Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида инсон эга бўлиши лозим бўлган фазилатлар ичида З.ликка алоҳида эътибор қаратган. Ватан ва миллат келажаги ҳақида қайғурган А.Авлоний ҳам келажак З. кишилар қўлида эканлигини қайта-қайта таъкидлаган: “Ҳушёр ва зийрак кишилар куч ва қувватлари бор вақтида келадурган замонларни тушуниб, пул ва молларини ўринсиз ерларга, тўй ва маъракаларга ҳаддан ортуқча исроф қилмаслар, ўзларининг роҳати, бола-чақаларининг саодати учун керак бўладурган ер ва боғларини сотмаслар, замонага мувофиқ киши қилмак тўғрисида оқчаларини асло қизғонмаслар”. З. киши ҳар бир гапини ўрни, вақти, жойини топиб гапиради, сўзларини беҳуда сарфламайди, ёмон сўз б-н ўзгаларнинг дилини оғритмайди: “Ҳар кишининг фикр, идрокин сўзи билдирғуси, // Пистаи бемағз, агар лаб очса, расво бўлғуси” (А. Авлоний). Халқ доимо З. одамларни қадрлаган, уларни ибрат қилиб кўрсатган, З.ликни доноликнинг бош белгиси деб билган. Бунга ўзб. халқининг кўплаб мақоллари, ҳикматлари мисол бўла олади: “Доно ҳикмат келтирар, нодон – кулфат”, “Йигитнинг зеҳнли бўлгани – адашмай йўлидан юргани” ва ҳ.к.. Халқ фаровонлиги ва жам-т барқарорлиги фуқаро ва раҳбарларнинг ақлу-фаросати, З.лигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Зеро, зеҳнли, З. одам кенг фикрлайди, ҳар бир ишнинг охирини ўйлаб ҳаракат қилади ва ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида, ақл б-н адо этади.

ЗУЛМ  (араб. эзиш, қийнаш) — золимларнинг мазлумларга зўравонлик б-н қилган ёки қиладиган жабри, шафқатсиз эзиш, истибдодни ёки ўзгаларнинг жони, моли, обрўси, насли, маъ-яти ва б.га зиён етказишни ифодаловчи т.. Одамларга бир бора ўтказилган З. узоқ вақтгача ижт-й мун-тларни издан чиқариши, мам-тни инқирозга олиб келиши мумкин. Италян шоири Франческо Петрарканинг сўзлари б-н айтганда: “Одатда ёвузлик эзгуликдан, даҳшатли тўфон чароғон кундан кўра кўпроқ ёдда қолади”. Шундай экан, атрофдаги одамларга З. ўтказиш ўзи ўтирган шохни кесиш, ўз яшаш маконини барбод қилишдир. Улуғ мутафаккирлар инсон туғилиб ўсган замини, табиат, Ватан, жам-т, қариндош-уруғ, дўст-ёрларга, қўни-қўшнига, умуман, ҳар бир одамга эзгулик қилиш, фойда етказиш ҳақида, инсоннинг эзгу ишлар учун дунёга келганлиги борасида сабоқ бериб келишган. Хитой донишманди Мэн-Цзи инсон табиати ҳақида фикр юритар экан, шундай дейди: “Сув уммонга қараб оққанидек, инсон ҳам табиатан эзгуликка интилади”. Ш.у. З. инсон табиатининг бузилиши оқибати бўлиб, унинг маън-й бузуқлигининг оқибатидир. З. инсонни иймондан ажратади, йиртқич бир ҳайвонга айлантиради. Ш.у. инсонни комилликка ундовчи барча динларда ҳам З. қаттиқ қораланади. Жумладан, саҳиҳ ҳадислардан бирида шундай дейилади: “Абу Зарр ал-Ғаффорий Расулуллоҳдан ривоят қилдилар. Расулуллоҳ: “Аллоҳ Таоло: “Эй, бандаларим! Мен З. қилмоқни ўзимга ҳаром қилганман ва шу З. қилмоқни сизларга ҳам ҳаром қилганман. Бинобарин, сизлар бир-бирларингизга З. қилмангизлар”. Бу борада халқимиз “Кимки бўлар дилозор, Ундан элу юрт безор”, — дейди ва “Бир кўнгил иморати — Минг Макка зиёрати”, — дея сабоқ беради. «“Инжил»да ҳам З. дўзахий иллат сифатида қораланган ва нафақат амалда, балки оғиздаги ҳақоратли сўзни ҳам З. сифатида талқин этилган: “Қадимгиларга: “Одам ўлдирма; ким одам ўлдирса, жавобгарликка тортилади”, — деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин мен сизларга айтаман: кимки биродарига беҳуда ғазабланса, жавобгарликка тортилади. Кимки биродарига аҳмоқ деса, олий маҳкамада жавоб беради. Кимки биродарига телба деса, жаҳаннам оловида жавоб беради”. Айрим эътиқодларда инсонгагина эмас, ҳар қандай жонзотга, ҳатто қурт-қумурсқаларга ҳам озор етказиш З. ҳисобланган. Хус-н, даосизм, ламаизм эътиқодларидаги кишилар бехосдан йўлдаги бирон қумурсқани босиб кетмаслик учун қадам босаётган ерини супуриб юрадилар. Тарихдан маълумки, адолат ва эзгуликка суянган ҳукмдорлар ўз салтанатларини мустаҳкамлаган ва аксинча, З.ни қурол қилиб олганлар эса юртни  инқирозга олиб келганлар. Бундайлар тарихда ёвуз ном қолдирганлар. Хус-н, қирғинбарот  II жаҳон урушини бошлаган Гитлер, қатағонлар сиёсатини юргизган Сталин италиялик файласуф Никколо Макиавеллининг айрим фикрларини ўз фойдаларига талқин қилиб, жумладан, унинг “ҳокимиятни сақлаб қолишни истовчи одам золимликка таяниши керак”, деган фикрини қурол қилиб олиб, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Мутафаккирлар З.нинг, золимликнинг киши табиати, маън-й даражаси б-н боғлиқ айрим сабабларига эътиборни қаратишади. Хус-н, Ғарб файласуфи Фрэнсис Бэкон шундай дейди: “Фақат нафрат ва қўрқувгина зўравонлик қилишга мажбур этади… Зўравонликка йўғрилган чоралар замирида ёвузлик ётади”. Рожер Бэкон З.нинг асосини жоҳилликда кўради ва шундай дейди: “Токи жоҳиллик мавжуд экан, инсон ёвузликка қарши бирон чора топа олмайди”. З. унга қўл урган одамни ўзлигидан маҳрум этади. Зеро, “Ёвузлик — ўз-ўзига душманлик, тўхтовсиз равишда ўзликдан қочишга ундовчи безовталик ибтидоси”дир (Якоб Бёме). Бу борада Алишер Навоий шундай дейди: “Улки, зарар шевасин тавр этар, Элга демаким, ўзига жавр этар”. Маърифатчи Абдулла Авлоний З.ни ёмон хулқлар қаторида тилга олиб, шундай сабоқ беради:  “Адолат оби ҳаёту, ситам эрур зулумот, // Бу зулмат ичра киранларга йўқ ҳаёт ва нажот. // Хазон замони келса, гулистон йўқ ўлғондек, // На ерда ҳукм сурар зулм, маҳв бўлур баракот”.

Зўрлик  – юксак маънавият тамойилларига зид, жамиятни итоатда сақлаб туриш ёки куч б-н ўзгартириш фаолиятини амалга ошириш ҳараракатини изоҳлайдиган сиёсий таълимотлардан бири; давлатнинг вужудга келиши ва амал қилиши тўғрисидаги баъзи қарашлар, фикр ва мулоҳазаларга асосланган назария. Давлатнинг келиб чиқиши ва асл табиати ҳақидаги илмий-назарий фикр-мулоҳазалар қадимдан турлича ва хилма-хил тарзда талқин этиб келинган. Баъзи бир илоҳиётчилар давлатни илоҳий куч-қудрат рамзи сифатида ўрнатилган худо муассасаси, идораси, деб таърифлаб, бундай куч бандаларининг идрок-иродаларини маълум чегаралардан чиқиб кетмаслиги учун хизмат қилади, деб уқтирадилар. ХIX а.га келиб, давлатнинг келиб чиқиши тўғрисидаги турли назарияларни яратиш авж олди. Чунки бу даврда ижтимоий муносабатларнинг муайян зиддиятли ҳолатини бартараф этиш ёки уни ўзгартириш учун кураш мақсадида  зўрлик ишлатиш нисбатан кучайиб кетган эди. З.н.га кўра, ижтимоий тенгсизлик, бировларнинг бошқаларга зўрлик қилиши натижасида пайдо бўлган. Чунончи, Дюринг турли синфларнинг пайдо бўлиши жамиятнинг бир қисмининг иккинчи қисмига зўрлик қилиши б-н боғлиқ, деган фикрни олға сурган бўлса, австралиялик социолог Л. Гумпилович эса, давлатни ғолибларнинг мағлублар устидан ўрнатилган ҳукмронлик ташкилоти, деб ҳисоблайди. Каутский ва унинг тарафдорлари  эса кучлироқ қабила бошқа қабилаларни асоратга солишини давлатнинг пайдо бўлиши учун ҳал қилувчи сабаб деб биладилар. Тарихда З.н.ни мустамлакачи ва милитаристик давлатлар раҳбарлари ўзларининг босқинчилик ва зўравонлик, сиёсатларини амалга ошириш мақсадида татбиқ этганлар. Бугун эса, диний-экстремистик ва террорчи кучлар ўз қабиҳ мақсадларини оқлаб кўрсатиш учун З.н.дан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар.

И1