“Зулфия” оберинг дадажон… (ҳажвия)

“Зулфия” оберинг дадажон… (ҳажвия)

Келинг, мен сизни “Зулфиячилар маҳалласи” билан таништирсам… Акаси, Зулфияхоним қизларини эшитганмисиз? Ана ўша қизларнинг ҳаммаси мана шу маҳаллада. Бу томондагилари аллақачон Зулфияхоним қизлари бўлиб улгуришган, у томондагилари эса энди худо хоҳласа…

Бу киши Алпинисахон. Оёқ қўли чаққонгина – балодек. Қурмағурнинг ҳусни ҳам кўрган кўзни яра қилади. э, сиз унинг гапиришини эшитмагансиз, бирам чиройли қарғайди… ( дрр…. узр адашиб кетдим ) сўзлайди демоқчидим, акаси. Шу қиз ҳам Зулпия энасини қизи бўлмоқчи, шу десангиз. Маҳалланинг уёғидаги опаларига ҳавас қилади. Бор каромати шуми дейсизми? Эҳҳе бу қизда талант тўлиб ётибди, фақат қанақа талант эканини ҳеч ким билмайди, қизгинанинг ўзи ҳам. Зулфия момосини қизи бўвосин, кейин кўрасиз ҳам биласиз ҳам.

Бу қизимизнинг исмлари Таннозгул. Бўяниш бўйича жаҳон чемпиони. Лекин кийинишига гап йўқ, атлас юбкасини қаранг, ҳай-ҳай, калталигига эътибор берманг, ҳар ҳолда миллийча. Ҳеҳ-ҳеҳ…Таннозгул ҳам ҳали Зулпия энасининг қизи бўлмади. Лекин дадаси айтган: “Сенинг момонг албатта, Зулфия бўлади” деб. Демак, бўлади. Таннозгул шеърлар ҳам ёзиб туради, лекин у шахматни ёқтиради, қачонки у теннис ўйнашдан чарчаса, албатта, шахмат ўйнаб шеър ёзади. Бунақаси битта эканоов дейишга шошилманг, ҳали бунақалари кўп, акаси… Ҳеҳ-ҳеҳ…

Бу қизимиз эса Ойпошшахон бўладилар. Каратеэес… Ёмон гапириб қўйманг тағин. Зулфия энамни қизи бўлмасам, бунга қарши турганларни карате қилиб ташлайман деб онт ичган. Бу қиздан сал четроқ турганимиз маъқул. Шуниси соғлиққа фойда.

Бинафшахон қизимиз эса мана шу абжиргина, шаддодгина, жиблажибон қиз. Кеча тадбирда кўрмадингиз-да, ватан ҳақидаги шеърни шунақа баланд овозда ўқиди, шу жимитдек қизнинг овози шунча баланд эканига ишонгинг келмайди.
Хуллас, бу синглимиз каби тиришқоқ қизлар кўп.

Келинг, энди Зулфияхоним қизлари билан таништирай сизни.
Мана бу қиз Норбибихон бўладилар. Эрта-ю кеч айтиб юрадиган бир шиорлари бор бу синглимизнинг: “Мен Ўзбекистонимни жонимдан ортиқ яхши кўраман”. Ана шунақа, ватанга меҳри бўлакча бу қизнинг. Ўргансак, ибрат олсак арзийди.

Бу қизни танисангиз керак эҳтимол.
Телевизорда чиқиб, жўшқин нутқлари билан ҳаммани лол қиладиган қиз – шу. Ўзиям сўзлари дона-дона, сира тутилмайди. Лекин кўпчилик унинг гаплари ҳамма жойда бир хил, нутқи бир қолипда дейишади. E, акаси, улар-чи шу гапига бекорларнинг бештасини ебди, юракдан чиқадиган сўз битта бўлади-да. Нимаси ёмон буни, ие?!

Мана бу қизимиз, кураш бўйича чемпион, Зулфия энамга ўхшайман дейди. Зулфияхоним ҳам балки, спорт билан шуғулланган чиқар, биз буни билмаймиз аммо. Исмлари ҳам ажойиб – Чаққоной. бу йил ўқишга ҳам кирдилар. Ахир Зулфияхонимнинг изидан боряптилар, олийгоҳда Чаққоной ўқимай, аммамнинг қизи Каштагул ўқисинми? E, фақат спортчимас, бу қиз, истеъдоди бижғиб ётибди … ( дрр…. узр, яна адашиб кетдим ), оқиб ётибди демоқчидим.
E, акаси, шунақа талантли сингилжонлар-да булар. Мана ишонмасангиз, мана бу шоира синглимиз Шоирахоннинг шеър ўқишларини қаранг, шеърларининг самимийлигини айтмайсизми:

“Ватаним дунёда битта, ватаним,
Яшайман шундайин юртда, ватаним.
Зулфия энамнинг қизиман,
Шоиранинг ўзиман.
Мен дадамнинг сўзиман,
Мен онамнинг кўзиман.”

Қойил қоляпсиз-а? Мен сизга яна кўп қизларимизни, Зулфияхоним қизларини таништирмоқчи эди, бугунча етади деб қолдингиз. Ҳай майли, насиб қилса, кейинги сафар.

Меҳмон билан маҳаллани тарк этаётиб, ҳалиги Бинафшахон синглимизнинг телефонда гапираётгани қулоғимизга чалинди:
“Менам Зулфияхоним қизи бўлай, “Зулфия” оберинг, дадажоон…”

Муаллиф Xurshid Abdurashidнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-67

ЛАХЎР. ПАНИПАТ. ДEҲЛИ ЯНГИ ҚИРҒОҚЛАР 1 Қўшин илгарилаган сари ўрмон қалинлашиб борар эди. Чинордай баланд банъян дарахтларининг очиқ илдизлари шохларидан пастга осилиб ...

От кишнаган оқшом (қисса) 65-қисм

65 Самад чавандоз кўпкарининг олган-олганини— охирини олди. Қайтишимизда баримизни уйига айтди. Самад чавандоз уйи олдига келганимизда ўйланиб қолдим. Мендан бўлак ...

Хайрихоҳ қотил

17. ХАЙРИХОҲ ҚОТИЛ Миршаблар томонидан қўрбоши маҳкамасига сў-роққа олиб кетилган қутидор қайтиб йўлакдан кириши билан минг хил ташвишда ўлтурғучи Офтоб ойим билан Кумушка ...