Жўрабек Муродов: Биз дўстлик элчиларимиз!

Жўрабек Муродов ўтган асрнинг олтимишинчи йилларидан бери дунёнинг кўплаб мамлакатларида ижодий сафарларда бўлиб, миллат ва элатлар орасидаги ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, ўзбек ва тожик халқлари дўстона муносабатларининг тарғиб ва ташвиқ этишда СССР халқ артисти Жўрабек Муродовнинг хизматлари беқиёс.

Устоз санъаткор билан суҳбатимизда у киши ўзбек-тожик халқлари дўстлигини куйлаб ҳам, сўзлаб ҳам тугатиб бўлмаслигини таъкидлайди…

Собиқ Иттифоқ даврида яқин алоқада бўлиб, мустақилликнинг аввалги йилларида Тожикистонда юз берган фуқаролар уруши сабабли узоқлашган қўшнилар қайта яқинлашишмоқда…

– Энг муҳими тинчлик бўлса, ҳаммаси ўз жойига тушади. Афсуски, мамлакатимизда тўқсонинчи йилдан кейинги воқеалар содир бўлди. Натижада, мамлакатимиз ҳеч бўлмаганда эллик йил ортда қолди. Лекин шукрки, тинчлик ўрнатилди. Қайта тараққиёт бошланди.

Собиқ Иттифоқ давлатларидан бири Украинада юз берган нотинчлик, инқилоб воқеаларини қаранг, ҳаммаси саҳнада қўйилган спектаклдек, олдиндан режалаштирилган ценарий асосида экан! Аммо оддий халқ кўп азоб чекди. Бегуноҳ одамлар қурбон бўлди… Буларнинг бари Тожикистоннинг, бизнинг бошимиздан ўтган-да!

Одам ҳар кимга эргашиб кетавермаслиги учун, яхшини ёмондан, тўғрини эгридан ажрата олиши учун саводли, маърифатли бўлиши керак. Саводли одам ҳеч қачон жоҳил ёки жаллод бўлмайди.

Мавлоно Жалолиддин Румий асарларида кўп бўлмағур ишлар, жангу тотишувлар саводсизликдан, жоҳилликдан келиб чиқади, дея такрор ва такрор таъкидлайдилар.

Бизнинг авлод аждодларимиз жаллод бўлмаган. Улар ўз илми, ижоди билан жаҳонга танилган, дунёни лол қолдирган.

Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда санъаткорнинг ўрни қандай?

– Бу йўлда санъаткорларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Санъаткор ҳам халқнинг элчиси-да! Санъаткор халқлар орасида дўстлик элчиси бўлиб хизмат қилади.

Илгари кўплаб гастролларга борардик. Ёшлик, айни ижоднинг камолот пайтлари, гастроллар кўп. Масалан, бу йил Молдавияга, келаси йил Латвияга, ундан кейин Украинага ва ҳоказо. Ҳар бир гастролдан олдин ўша давлат, халқ тилида битта-иккита қўшиқ тайёрлардик. Ҳиндистонга борадиган бўлсак битта ҳиндча, Японияга борадиган бўлсак битта япон тилида қўшиқ тайёрлаб борардик. Сафарга чиқишдан олдин ҳеч бўлмаганда ўша халқ тилида тўрт оғиз гапни ҳам ўрганиб қўярдим. Саҳнага чиққанда тўрт оғиз гапни шу халқ тилида айтсангиз, аллақачон, даврани руҳи ўзгаради. Одамлар хурсанд бўлади. Кайфияти кўтарилади. Бу аввало шу халққа ҳурмат, эҳтиром. Энда ҳамма халқ ҳам, у катта халқми, кичик халқми, ҳаммаси ҳам буюк. Ҳамма халқни ҳам Аллоҳ яратган.

Тўғри айтасиз, устоз, ҳамма халқ ҳам буюк. Шунинг учун ҳам дунёда ҳар бир халқ, миллат ўзлигига, ўзига хослигига интилади, урғу беради. Аммо ўзбек ва тожик халқини икки тилда сўзлашувчи бир халқ дейишганида бу гапдан ҳар икки миллат вакиллари ҳам бирдай қувонишади…

–Ҳа, бу икки халқдек бир-бирига яқин миллат йўқ. Ўзи бирлик тушунчасининг маъноси жуда чуқур. Қуронда ҳам Аллоҳ инсонларни қайси тилда гаплашмасин, қайси элдан бўлмасин мени бандам дейди.

Ҳар бир халқ бир-бирини ҳурмат қилса, дўст бўлса, душманлик қилмаса! Ўтмишда ўтган жамики буюклар, мутафаккирларимиз ҳам одамларни доимо бирликка, ваҳдатга чорлаб келган. Румий айтади: “Мо шохи дарахтем, пур аз меваи тавҳид” (Бирлик меваларига тўла дарахт шохимиз).

Ёки Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоийни олинг. Бу икки буюк шоир нафақат дўстлик куйини маромига етказиб куйлади, улар амалда ҳам дўстлик қандай бўлишини кўрсатиб қўйишган. Уларни руҳу арвоҳини ҳам хафа қилмаслигимиз лозим. Биз дўст бўлишимиз керак. Биз буларнинг баридан ибрат олишимиз керак. Булар бизга тўғри йўлни кўрсатиб қўйган. Биз бу йўлдан чалғимаслигимиз лозим.

Устоз сиз Шоир Ўлмас Жамолнинг “Икки тилли бир халқ васфига” деб номланган шеърини қўшиқ қилиб куйлагансиз. Шу қўшиқнинг яратилиш тарихини ўқувчилар билан ўртоқлаша оласизми?

–Бу шеър ҳам ўзи менинг илтимосим билан ёзилган. Илгари Ўзбекистон гастролига кўп борардим. Ўзбекистонда Тожикистондан ҳам мухлисларим кўп. Навбатдаги гастролдан олдин Ўлмас ака (Ўлмас Жамол–О.М.) олдига кириб, фикримни айтдим. У киши шеър қилиб ёздилар. Қаранг, “Икки тилли бир халқ васфига”,–деб қўйибдилар. Оҳанг басталаб айтдим. Бу шеър, бу қўшиқ икки халқни шиорига айланиб кетди.

Эшитинг:

Ўзбекистон ўғлидурман, тожигим гуфто писар,

Рост гўям, ҳар кадоме севгилимдир жон қадар,

Она деб айтсам бировин, ул бири менга падар,

Ҳамчу ду чашми сиёҳам икки халқ ҳам мўътабар…

 Буни қаранг, жуда топиб айтилган-да:

“Аз қадим ўзбегу тожик–эт билан тирноқ эрур”.

Ёки тингланг:

Икки тилда сўзлагувчи бир элим ёбад камол,

Хизматашро аз дилу жон мекунад Ўлмас Жамол,

Жўрабек ҳам бахтиёрдир лаҳза шод этса агар.

Ўзбек тожик халқлари дўстлиги илдизи ҳам жуда чуқурда. Асли, ўзбек, қирғиз, қазоқ, туркман туркий тилли. Тожик, афғон, эрон эса форсийда сўзлашади. Аммо ўзбегу қирғиз, қазоқ ё туркманга ёки бўлмаса, тожигу эрон ё афғонга иккита ричагни бериб кўринг чалолмайди. Тожигу ўзбекка икки ричагни беринг “Гулзорим”ни баб-баравар чалиб беради. Бу яқинликни қаранг. Ҳеч бир бошқа халқлар орасида бундай яқинлик йўқ. Ўзи ўзбек ва тожик халқлари дўстлигини куйлаб ҳам, айтиб ҳам тугатиб бўлмайди.

–Ўзбек-тожик санъаткорларининг орасида бир-бировларининг қўшиқларини куйлаш ҳоллари кўп кузатилади. Шу масалага фикрингиз қандай?

–Биз санъаткорларнинг бағримиз ҳамманикидан кенг(кулиб).

Эшитган бўлсангиз, “Шабоям” номли қўшиғим бор. Шунга алоқадор бир ҳодиса бўлганди, ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бирда мухлислардан бирови ёнимга келиб, “Жўрабек ака, шу Шерали Жўраевнинг “Шабоям” қўшиғини бир айтиб беринг”,–деб илтимос қилиб қолди…

Шундай ҳодиса Камолиддин ака(Камолиддин Раҳимов–О.М.) билан ҳам бўлган экан. Биласиз, Камолиддин аканинг “Ишонмайдур” қўшиғини яхши кўриб мен ҳам айтганман. Бир куни Камолиддин акадан Жўрабек Муродовнинг “Ишонмайдур” қўшиғини айтиб беришларини илтимос қилишибди…

 Айтишадики, қўшиқ эгасини топса уники бўлади-да. Қаранг, бу маданиятимиз, санъатимиз ҳаммаси бир. Ҳаммаси бирликка, дўстликка чорлайди.

Ҳофиз ҳар доим халқни ичида юради. Санъаткорни халққа таъсири ҳам кучли. Қўшиқчининг эътиқоди ва унинг ижодидаги асосий ғоянинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

–Санъаткор қўшиғининг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида эътибор бериши керак. Тўғри таъкидладингиз, қўшиқчининг халққа таъсири катта. Чунки санъаткорнинг сўзи куй орқали тўғри одамнинг юрагига кириб боради-да. Шунинг учун ҳам ҳофизнинг эътиқоди, ижодида илгари сурган ғоя, унинг мақсади, боринки ҳаммаси яхшиликка, эзгуликка бўлмоғи лозим.

Навоий билан Жомийнинг дўстлигини қаранг. Жомийу Навоийнинг дўстлигидек бирор бир халқни дўстлигини эшитганим йўқ. Бу дўстликни қадрлашимиз керак. Бошқа халқлар билан ҳам шундай дўстлик ришталарини тиклашимиз, мустаҳкамлашимиз керак. Масалан, сизнинг қаламингиз шу дўстлик учун тебрансин, менинг ашулам шу дўстлик учун янграйди.

Ҳофизнинг ҳаёт ва фаолияти

Жўрабек Муродов 1942 йил 24 декабрида Шимолий Тожикистон – Суғд вилоятининг Зарафшон воҳасида жойлашган Айний ноҳияси Куруд қишлоғида таваллуд топган.

1962 йили ЛДПИ(ҳозирги ХДУ)ни тамомлаб институтнинг педагогика ва бошланғич синфлар методикаси кафедрасида ассистент вазифасида иш бошлаган ёш Жўрабек 1963 йилдан Тожик Давлат филармониясида яккахон хонанда сифатида профессионал санъатга қадам қўяди.

Жўрабек Муродов эллик беш йилдирки, санъат саҳнасида мисли ёрқин юлдуз бўлиб порлаб келади. Бу йиллар давомида санъаткор 1000 дан ортиқ қўшиқлар ижро этди. Уларнинг 300 дан ортиғи хонанданинг ўзи ёзган ва куй басталаган қўшиқлардир.

Уни санъат ихлосмандлари тожик ва ўзбек мумтоз санъати дарғалари Ҳожи Абдулазиз, Содирхон Ҳафиз, Домулло Ҳалим, Шоҳназар Соҳибов, Шариф Жўраев, Боймуҳаммад Ниёзов, Зафар Нозим, Маъмуржон Узоқов, Фаҳриддин Умаров, Шерали Жўраев, Жўрахон Султонов, Комилжон Отаниёзов, Ориф Алимахсумовлар қаторида кўришади.

Мусиқа ва ижрочилик сирларини болалигидаёқ ота-онасидан ўрганган ва кейинчалик уни мумтоз мусиқа ва форс-тожик мумтоз адабиёти ҳақидаги билимлар билан бойитган ҳофиз эллик беш йиллик сермашаққат ижоди давомида тожик шашмақомини юқори пояларга олиб чиқди, тожик санъатини дунёга танитди.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ижодий сафарларда бўлиб, нафақат тожик санъатининг дунёга ёйилишига, балки турли халқлар, миллат ва элатлар орасидаги маданий ҳамкорлик, дўстлик ришталарини мустаҳкамланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келди. Турли йилларда Афғонистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Канада, Болгария, Бельгия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Сирия, Ироқ, Австрия, Ливан, Италия, Кипр, Египет, Япония, Таиланд, АҚШ, Исроил, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзининг репертуаридаги тожик тилидан ташқари ўзбек, қирғиз, рус, озар, арман, қазоқ, туркман, грузин, украин, латиш тилларидаги қўшиқлари билан янгидан-янги мухлислар орттириб, тожик санъатининг дунёга ёйилишига, халқлар, миллат ва элатлар орасидаги маданий ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамланишига ўзининг юксак ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ҳофизнинг хизматлари Собиқ Иттифоқ даврида ҳам мустақиллик йилларида ҳам муносиб тақдирланиб келган. 1967 йили Тожикистон ССРда хизмат кўрсатган артист, 1974 йили Тожикистон ССР халқ артисти, 1979 йили эса, 37 ёшли хонанда СССР халқ артисти юксак унвонига сазовор бўлган.

Жўрабек Муродов ҳозирда Шимолий Тожикистоннинг маъмурий маркази Хўжанд шаҳрида “Нури Хужанд” шашмақомчилар ансамблида элликка яқин санъаткорларга раҳбарлик қилиб, шогирдлари қуршовида меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

Суҳбатдош Озод МЕЛИБОЕВ, Хўжанд шаҳри.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шерзод қудратхўжаев: мўъжизалар остидаги… оғир меҳнат

Яқинда Хитой ва Корея сафаридан қайтдим. Кўп таассуротлар билан қайтдим: завқландим, кузатдим, ўргандим. Бу халқлар, уларнинг яшаши, давлатларнинг гуркираб ривожланишини ...

Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда — юнисеф

Ўзбекистонда беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг 57 фоизи неонатал давр -ҳаётининг илк 27 кунида содир бўлмоқда. Уч асосий сабаб — барвақт туғруқ, асфиксия ва инфекциялар. ...

“андижон пойгари” кабутарлари хавф остида

“Андижон пойгари” кабутарлари ўзларининг гўзаллиги ва учқурлиги билан турдошлари орасида алоҳида ажралиб туради. Уларнинг ўзига хос, нозик ва бетакрор кўриниши бугунги кунда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400