Ислом Каримовни Камол Отатуркка қиёслаш нотўғри

30-январь куни Ўзбекистонимизнинг марҳум президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз миқёсида ўзига хос тарзда нишонланди. Қарши шаҳрида Каримовга ҳайкал ўрнатилди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Вилоят марказларида, Қорақалпоғистон Республикасида юбилей муносабати билан тадбирлар бўлиб ўтди. Тадбирларда президентнинг иккинчи рафиқаси Татъяна Каримова ва бошқа расмий шахслар қатнашди.

Каримов юбилейи муносабати билан уюштирилган тадбирларни томоша қиларканман, мустақил Ўзбекистонимизнинг сўнгги йигирма олти йили бор-буди билан кўз ўнгимда гавдаланди. Ўзимча, йигирма олти йил давомида эришган ютуқларимиз, камчиликларимизни сарҳисоб қилдим. Ўтган йиллар давомида ютуқлар билан бирга камчиликлар бисёр бўлганига, ички ва ташқи сиёсатда тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўйилганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Тўғри, тадбирларда камчиликлар, хатолар гапирилмади. Бу, мантиқан тўғри. Бироқ, жаҳон афкор оммасига, тарихчиларга, сиёсатчиларга азалдан ва эндиликда рўйи-рост маълум бўлган фактлар бузиб талқин қилинди. Бу тарихий шахс томонидан амалга оширилган ишлар кўламини таърифлашда қатор сохталикларга йўл қўйилди.

Каримов фонди сайти “Ислом Каримов, шубҳасиз, янги мустақил Ўзбекистон давлатини бунёд эта олган етакчи сифатида мамлакат тарихига кирди. Унга қадар жаҳон харитасида Ўзбекистон аталмиш ўз сарҳадларига эга мустақил давлат йўқ эди. Биз учун Биринчи Президент давлат асосчиси, миллат отаси ҳисобланади. Бу жиҳатдан, унинг номи ҳақли равишда Жорж Вашингтон, Уинстон Черчилль, Шарль де Голль, Мустафо Камол Отатурк каби сиёсий арбоблар билан бир қаторда туради”, дейилади.

Сайтнинг Каримовга қадар “жаҳон харитасида Ўзбекистон аталмиш ўз сарҳадларига эга мустақил давлат йўқ эди”, деган жумлалари ниҳоятда қўпол сиёсий хато саналади. Ўтмишимизга, тарихимизга хиёнат ҳисобланади. Бизнингча, буни тавсифлаш, исботлашга уринишнинг ўзи ортиқча иш. Ислом Каримовни Жорж Вашингтон, Уинстон Черчилль, Шарль де Голль, Мустафо Камол Отатурк каби сиёсий арбоблар билан бир қаторга қўйиш эса, сиёсий, тарихий нуқтаи назардан ҳам, мантиқан ҳам асло тўғри келмайди.

Ўтган 2017 йилнинг март ойида мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев Каримов номини абадийлаштириш масаласини муҳокама қилган пайтда Биринчи президентни Жорж Вашингтон, Шарль де Голль, Мустафо Камол Отатурк каби давлат арбоблари қаторига қўйганди. Биз ўз вақтида бунга муносабат билдириб, “Каримовни Отатуркка қиёслаш нотўғри” деган мавзуда мақола эълон қилган эдик. Марҳум президентнинг юбилейи муносабати билан бу каби таърифлар яна жаранглагани учун ушбу мақоламизни қисман таҳрир қилган ҳолда қайта эълон қилишга чоғландик.

Ислом Каримовнинг номини Жорж Вашингтон, Шарль де Голль ва Мустафо Камол Отатурк каби давлат арбоблари қаторига қўшиш тамомила нотўғри. Биз Биринчи президентимизнинг фаолиятларини, сиёсий ва бошқа позицияларини дунёқараши-ю менталитети бутунлай бошқача бўлган Ж. Вашингтон ва Ш. де Голль билан солиштиришни бир чеккага қўя турайликда, тарихий манбаларга таянган ҳолда диндошимиз, қардошимиз, қариндошимиз бўлмиш Мустафо Камол Отатурк билан Ислом Каримовнинг давлат бошқаруви фаолиятидаги, миллатпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик каби шахсий туйғуларидаги, миллий ўзликни англаш хислатларидаги, миллат ва халқ учун асқотадиган фазилатларидаги кўзга кўринарли фарқларига разм солайлик.

Мустафо Камол Отатурк Туркия мустақиллиги, Туркия давлатининг суверенитети учун қўлига қурол олиб, жон-жаҳди билан курашган, душманлар устидан ғалаба қозонган ҳолда Туркия Республикасига асос солган шахс ҳисобланади ва унинг бу қаҳрамонликлари бутун дунёда алоҳида эътироф этилади.

Ислом Каримов эса дунё афкор оммаси кўз ўнгида СССРдай қудратли давлатнинг парчаланиши аниқ бўлган бир пайтда Ўзбекистоннинг СССР таркибидан чиқишига, мустақил давлатга айланишига жиддий тарзда монелик қилган шахс ҳисобланади.

Отатурк нафақат ўз халқи, ўз элининг, балки барча турк оламининг буюк президентларидан бирига айланиш бахтига мушарраф бўлган давлат арбобидир. У бундай бахтга элпарварлиги, юртпарварлиги, халқпарварлиги, шунингдек, фақат туркларни эмас, барча туркий халқларни севиши, ардоқлаши орқали эришди, десак эҳтимол, хато бўлмас.

Мустафо Камол Отатуркнинг туркийгўйлигини унинг 1933 йилда Туркия Республикаси мустақиллигининг 10 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги тарихий нутқи ҳам исботласа керак. Унда шундай деган эди: “Бугун қўшнимиз, иттифоқдошимиз бўлмиш Советлар Россияси ҳукмронлигидаги давлат таркибида тили бир, дини бир, ишонч-эътиқоди-ю урф-одати, келиб чиқиши бир бўлган қардошларимиз, қондошларимиз бор. Биз уларни асло унутмаслигимиз керак. Ҳар доим ёрдамга шай бўлмоғимиз лозим. Айниқса, маданий-маънавий алоқаларга алоҳида эътибор қаратишимиз даркор”.

Отатурк бу сўзларни шунчаки айтибгина қолмасдан Туркия Республикаси президенти сифатида ижросини амалиётга тадбиқ эта олди. Туркия ҳудудида ўзбеклар, қозоқлар, уйғурлар, туркманлар, озарбайжонлар, қирғизлар, татарлар ва бошқа туркий халқлар фарзандларининг эмин-эркин таҳсил олишини ҳамда турклар ва туркий халқларнинг бир-бири билан ўзаро жипслашишини имкон қадар таъминлашга эришди.

Ислом Каримов эса, ўзининг 25 йиллик президентлиги даврида туркий халқларни жипслаштириш учун ҳеч қандай чора-тадбирларни амалга оширгани йўқ. Аксинча, айрим туркий халқларни парокандага айлантиришга ҳисса қўшди. Бунга чорак аср давомида қўшни туркий давлатлар билан маънавий-маданий алоқаларга барҳам берилгани, қўшни давлатлар билан виза тизими жорий этилгани, ҳал этилмаган чегара мажоролари, чегараларда рўй берган бир неча хунрезликлар ва ҳ.к. воқеа-ҳодисаларни мисол тариқасида келтирсак бўлади.

Ислом Каримовни туркий халқлар тақдири тугул яқин чет элларда, қўшни республикалар — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистонда яшаётган ўзбеклар тақдири ҳам заррача қизиқтирмаган. Шу тариқа, қўшни республикаларда яшаётган ўзбеклар тарихий ватани билан маданий-маънавий ва бошқа алоқаларни ўрнатишдан мосуво этилган.

Мустафо Камол Отатурк “Агар керак бўлса, миллатим учун ўз жонимни фидо қила оламан!”, дея баралла айта олган давлат арбоби. У, шунингдек, “Миллатга зўравонлик қилиш мумкин эмас, миллатга фақат хизмат қилиш керак!”, “Мен учун энг кучли ҳимоя қатлами, энг кучли мадад манбаи — миллатимнинг келбати. Миллатимнинг юзини ерга қаратмаслик менинг асосий бурчимдир!”, деган. Дарҳақиқат, Отатурк реал ҳаётда турк миллати учун сидқидилдан қайғурган ва турк миллатининг равнақи учун астойдил хизмат қилган.

Ислом Каримовнинг эса, ўзбек миллатига меҳри баланд бўлгани шубҳали. Агар у ўзбек миллатига меҳрибон бўлганида, жафокаш, меҳнатсевар халқини олий минбарда туриб “дангасалар” дея оламга ёймаган, уларнинг юзини шувит қилмаган, ҳурмату иззатини топтамаган, отанинг “жинояти” учун болага, боланинг “қилмиши” учун отага ёхуд оила аъзоларига зўравонлигу зулм, ситам етказмаган бўлар эди.

Бутун дунё бўйича “Энг узоқ вақт қамоқхонада сақланган сиёсий маҳбус” (Самандар Қўқонов, 24 йилу 6 ой), “Энг узоқ қамоқхонада сақланган журналист” (Муҳаммад Бекжон, 18 йил,), “Энг узоқ қамоқхонада сақланган ёзувчи” (Мамадали Маҳмудов, 17 йил) “тамға”лари ўзбек миллатига мансуб кишилар билан Ўзбекистонда қайд этилгани ҳам Ислом Каримовнинг ўзбекпарвар эмаслигини далиллашга асос бўла олса керак.

Бундан ташқари, ўзбек миллатига мансуб бўлган ва қарийб 15, 20, 25, 30 йилдан бери Ўзбекистон ватандоши бўла олмаган ватандошсиз шахслар ҳам ер юзи бўйлаб фақат Ўзбекистонда қайд этилгани Ислом Каримовнинг номини Мустафо Камол Отатурк номи билан бир қаторга қўйишга халақит бера олишига ишончимиз комил. Айтингчи, парчаланган СССР давлати ватандошларини сақлаб келган, ватандошликка оид миллий ва халқаро қонун-қоидаларни менсинмаган, оёқ ости қилган, топтаган, хўрлаган, ҳақоратлаган Ўзбекистоннинг Биринчи президенти номини дунё ҳамжамияти қандай қилиб Жорж Вашингтон, Шарль де Голль ва Мустафо Камол Отатурклар номи билан бир қаторда эътироф этсин?!

Тил соҳасида ҳам Ислом Каримов фаолиятини Мустафо Камол Отатурк фаолияти билан тенглаштириб бўлмайди. Отатурк “турк тили — туркларнинг юраги, ақли ва тафаккури”, дея тилга бўлган чексиз ҳурматини очиқча юзага чиқара олди. Отатурк ташаббуси билан 1928 йилда мамлакатда араб ёзуви ўрнига лотин алифбосига асосланган турк алифбоси жорий этилди. Миллий мажлиснинг кўпгина аъзолари янги ҳарфларни беш йил ичида босқичма-босқич жорий этиш таклифини илгари сурди. Аммо Отатуркнинг жиддий талабига кўра алифбо ислоҳоти уч ой ичида амалга оширилди. Миллий мажлис “Турк алифбосини жорий этиш ва 1929 йил 1-январдан бошлаб араб алифбосидан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди.

Ислом Каримов эса лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишга оид 1994 йилда қабул қилинган қонунни 20 йил давомида ҳам тўла-тўкис амалиётга тадбиқ эта олмади. Бунга унинг “ўзбекпарварлиги” сабаб бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Мустафо Камол Отатурк иқтисодиёт соҳасида бошқа давлатлар капиталига таянган ҳолда, Усмон империяси каби шу давлатларга тобе ва қарам бўлиб қолмаслик учун миллий капитал ҳиссасини оширишга, миллий иқтисодиётни кучайтиришга эришди.

Ислом Каримов эса, миллий иқтисодиётни том маънода таназзул ботқоғига ботирди. Мамлакатни энг кучли коррупциялашган жамиятга айлантирди. Аҳолининг электр энергияси, газга бўлган талабларини қаноатлантирмай, улар ҳақига хиёнат қилган ҳолда, ҳаёт учун энг керакли бўлган ушбу манбаларни бошқа давлатларга сотиб, ўзбек халқига жабр ва зулм етказди…

Мустафо Камол Отатурк урушу жангу жадаллардан тинка-мадори қуриган, харобага айланган Усмонлилар давлатини, Туркия жумҳуриятини тез орада оёққа турғазишга, корхоналару завод-фабрикалар қуриб аҳолини иш билан таъминлашга, халқ фаровонлигини оширишга, мамлакат иқтисодиётини оширишга катта ҳисса қўшди ва қисқа фурсат ичида бунга эришди. Ислом Каримов эса, ҳеч қандай урушу жангу жадалларсиз қўлга киритилган мустақил Ўзбекистон иқтисодиётини қисқа фурсат ичида ботқоққа ботирди. Мавжуд йирик-йирик корхона-ю ташкилотларни талон-тарожга тушишига, фаолиятини тўхтатишига олиб келди. Биргина пойтахт Тошкентнинг ўзида ўтган 25 йил давомида бир қатор корхоналар, жумладан, Тошкент Тўқимачилик комбинати, “Тоштекстильмаш” корхонаси, “Қизил тонг” тўқимачилик мажмуаси, Чкалов номидага авиация заводи, Тошкент трактор заводи, “Ўзбекпахтамаш” заводи, “Ўзбекқишлоқмаш” заводи, “Зенит” корхонаси ва бошқа бир неча йирик-йирик ишлаб чиқариш масканлари бутунлай фаолиятини тўхтатди ёки кичик-кичик корхона-ю цехларга айлантирилди. Холбуки, Ўзбекистон каби аграр-индустриал давлат учун ҳар қандай тақдирда ҳам юқоридаги корхоналарни сақлаб қолиш керак эди. Аммо Каримов бунинг уддасидан чиқа олмади.

Аслида, Ислом Каримовнинг халқпарвар, юртпарвар, элпарвар “фазилатлари”га бевосита гувоҳ бўла туриб, унинг номини дунёнинг энг буюк шахслари, давлат арбоблари қаторига қўшиш адолатданми?

Каримовнинг 80 йиллик юбилейи ўтди. Унинг шахсига айтилган баландпарвоз гапларни эшитиб, ёзилган мақолаларни ўқиб, эсиз, сохталикларга бурканган умр, дея олдим фақат. Аллоҳимдан Ислом Каримовни қилган зулмлари, етказган жабру ситамлари учун кечиришини сўраб илтижо қилдим.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хуршида тиллаевани алдашдими ёки ўзи адашдими?

Хуршида Тиллаеванинг ЎзАда чиққан сўзлари: «Мен адашдим. Кимларнингдир гапига қулоқ солиб, видеомурожаат тайёрлаб, ‘Озодлик’ка юборибман. Аслида қилган бу ишим нотўғри экан» ...

Мутаваккил бурхонов. нурли сиймолар (1991)

(ФИТРАТ ВА ЧЎЛПОН ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР) БИРИНЧИ ҲИКОЯ Тақдир менга Абдурауф Фитратдай улуғ исонни таниш бахтини раво кўрганидан мамнунман. Мен Фитратни анча яқиндан билганмаи, ...

Ҳукумат халққа бериш ўрнига  халқни “соғишга” ўтиб олди

Кейинги пайтларда қизиқ-қизиқ қонунлар қабул қилиняпди, ғалати қонун лойиҳалари халқ муҳокамасига қўйиляпди-я?! Айрим қонунлар беихтиёр ёқа ушлатса, айримлари тепа сочимизни ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400