Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистоннинг кўринмас кучи

Республиканинг бир неча вилоятларида бошқа туманларга қараганда илгорроқ туманлар бор. Ғиждувон тумани ҳам шунақа туманлардан биттаси. Бу туманнинг аҳолиси тадбиркорлиги билан машҳур. Айнан, аҳолининг ишбилармонлиги, шунингдек туманда таълим сифатининг яхшилиги ушбу туманда ҳаётнинг бошқа туманларга нисбатан яхшилигинг асосий сабабидир. Ман шу Ғиждувон туманининг Чаримгар номли қишлоғида туғилиб ўсганман. Қишлоқ шаҳар марказидан 8 километр узоқда жойлашган.

Мақола Firuz Allaevнинг “Фейсбук” саҳифасидан олинди

Ғиждувон Республиканинг илғор туманларидан бири бўлишига қарамасдан, бу ерда ҳам аҳолининг сезиларли қисми бугунги кунда Россия ёки қўшни Қозоғистон ҳудудига бориб ишлашга мажбур. Ҳатто, Ғиждувон туманида ҳам ишсизлик жиддий муаммо ҳисобланади.

Яхши эслайман, ёшлигимда қишлоқ аҳолисининг бир қисми Совет иттифоқидан қолган тўқимачилик, консерва, поябзал заводларида ишлар, бир қисми нефтни қайта ишлаш заводида ишлар, бошқа қисми ҳунармандчилик билан шуғулланар, яна бир қисми тадбиркорлик қиларди.

Кейин, 2000-йилларнинг бошларида совет заводлари бирин-кетин банкрот бўлди, аҳоли даромади камайгандан сўнг чаримгарлик, зардўзлик каби ҳунармандчиликнинг даромади ҳам камайиб бошлади. Йил сайин электр токида узилишлар кўпайиб борди, газ муаммоси жиддийлашди. Иш бўлса кундан-кун камайиб бораверди.

Одамлар ўз иқтисодий муаммосини ечиш учун турли хил йўлларни қидириб бошлашди, аксар оилалар мол, қоракўл териси, рангли металлар савдоси билан шуғулланишди. Бир қисим оилалар шўрданак пишириб, Навоий ва Бухоро каби йирик шаҳарларга этиб сотадиган бўлишди. Аста-секинлик билан кўплаб оилалар шу шаҳарларга кўчиб кета бошлади.

Ҳозирда қишлоқда Навоий шаҳрига кўчиб бориб тадбиркорлик қилаётган ўнлаб оилалар бор. Ҳатто манга мактабда дарс берган илк устозларим, ўқитувчилар ҳам мактабдаги ишдан бўшаб бугун тадбиркорликка ўтиб кетишди ёки Россияга ишлагани кетишди.

Энг сезиларли жараён бу аҳолининг Россия ва Қозоғистонга ишлагани кетадиган қисмидир. Яхши эслайман, Россия кетадиганлар дастлаб 2000-йилларни бошларида пайдо бўлишганди. Кимнидир Россия кетибди дейишганда кўпчилик ҳайрон бўлиб, тушиниша олишмаганди.

Кейинчалик, Россия кетадиганлар сони кўпайиб борди, айниқса 2005-йилдан бошлаб бу жараён жуда тезлашди. Ўзимни қариндошларим орасидан ҳам поччам, ундан кейин ҳатто тоғам ҳам Россияга бориб ишлаб келишди. Мактабдаги синфдошларим, болаликдаги дўстларим ҳам бирма-бир Россияга кетаверишди, кўплари ҳозир ҳам Россияда.

Бутун республикадан ишсиз фуқароларимизнинг тирикчилик дардида оммавий Россияга кетиши, уларнинг йирик шаҳарлар ҳаётига ўрганмаганлиги, ўз ҳуқуқини яхши билмаслиги, шунингдек турли хил фирибгарликлар деб Россияга ишлагани кетган фуқаролар билан боғлиқ муаммолар кўпайиб борди.

Дастлаб уларни Россиядагилар ва ўзимизникилар ҳам «гастарбайтерлар» деб номлашди. Оила ва тирикчилик ғамида кетган ўзбек ишлайверди. Кейинчалик, уларни пулини бермайдиган, уларни сотиб юборадиган ёки энг хавфли ишларда ишлайдиган қилишди, депорт деган бало бошлади, ўзбек эса оиласи ва тирикчилигини ўйлаб ишлайверди.

Кимдир давлат телевидениясида бу бечораларни «дангасалар» деб номлади, гастарбайтер деган номга кўнишганди, бунисига ҳам кўнишди. Ва ниҳоят уларни «ҳаромига», уларни кетидан бутун бошли туманни аҳолисини «ҳароми»га чиқаришди. Бечора мигрант бўлса ҳали ҳам оилам деб ишлаб юрибди.

Лекин, аҳолининг турмуш тарзи, мамлакат иқтисодиёти кўп томондан шу «дангасалар»га боғланиб қолганлигига ҳеч ким эътибор қаратмади ёки қаратишни истамади. Россияда иқтисодий инқироз бошланишидан олдин турли хил манбааларда фақат Россиянинг ўзидаги ўзбеклар сонини етти миллионгача деб аташди. Россиядаги миграция хизмати икки ярим миллионлик расмий рақамни берганди.

Бизнинг «гастарбайтер»лар бир йилда баъзи рақамларга ишонадиган бўлсак Ўзбекистонга 6 миллиарддан 20 миллиард долларгача пул жўнатишган. Ушбу пул мамлакатнинг кундалик турмуши учун зарур бўлган валюта эҳтиёжини таъминлаб турган.

Шунингдек, айнан муҳожирлар жўнатган пул мамлакат ичидаги тадбиркорликни ривожланишининг асоси бўлган, фаровон хаетни таъминлаган. Уста ҳам, савдогар ҳам, ҳунарманд ҳам шу муҳожирлар олиб келган пулга хизмат қилиб ўз бизнесини ривожлантирган.

Кейин, биз йил давомида жон куйдирадиган пахтадан йиллик даромад бир миллиард доллар атрофида эканлигини билдик. Мамлакатга пахтадан ўн баробарлаб юқори даромад олиб келаётган муҳожирни ҳамма хоҳлаган нарсасида айблади. 2013-йилнинг охирида Россияда бошланган иқтисодий инқироз муҳожирларнинг даромадини кескин пасайтириб юборди, бу ўз навбатида биздаги пул тушумини ҳам пасайишига олиб келди. Кўплаб муҳожирлар ортга қайтишди.

Бизда бўлса 3000 сўм атрофида стабил турган АҚШ долларининг курси кескин оша бошлади. Шундагина муҳожирнинг қадрини тушунган тушунди, тушунмаган уларни тўғри келган нарсада айблаб юраверди.

Сўнгги бир йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг ҳукумат ва ОАВ ниҳоят муҳожирлар муаммоси ҳақида очиқ гапира бошлади. Мамлакат Президентининг ўзи муҳожирларни ортга қайтариш муҳим масала эканлигини, уларнинг Россияда юрганлигига бош айбдор давлат эканлигини қайта-қайта такрорлади.

Энди, муҳожирлар билан боғлиқ фожеалар ҳақида ҳам кенг гапирила бошланди. Актобеда 52 ўзбекнинг ҳалокатга учраши бу муҳим бурилиш бўлди. Энди, бутун миллат, Фарғона вилояти ҳокимидан ташқари ўз ватандоши ҳақида куйина бошлади.

Ҳали кун келади, ушбу ўзига хос эмиграция ҳақида, муҳожирлар ҳаёти ҳақида китоблар ёзилишига, тарихшунос ва жамиятшунослар буни чуқур ўрганишига ман шубҳа қилмайман.

Фақат, ман бир жараёнга эътибор қаратмоқчиман. Ташқи миграция сабабли биздан интеллегенция, ақлли кадрлар ҳам чиқиб кетишди. Қанчадан-қанча талантлардан айрилдик. Ўқитувчи, инженер, шифокор, дастурчи, санъаткорлар мамлакатни тарк этишди. Ҳозирги кунга келиб мамлакатда кадрлар муаммоси кўндаланг қўйилмоқда. Эндигина, кадрларнинг чиқиб кетиши қанчалик йирик муаммо эканлигини тушуниб бошладик. Ҳали, олдинда буни жабрини анча тортамиз.

Хоҳлаган мамлакатни асосини кадрлар ташкил қилади, кучли кадрларгина мамлакатни ривожлантира олади. Мамлакатнинг имконияти ҳам кадрларини салоҳиятига боғлиқ. Шу учун ҳам деярли ер ости бойлиги бўлмаган Япония ва Цингапур дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафида юришибди. Чунки айнан шу мамлакатларда кучли кадрлар ва уларнинг ўз салоҳиятини амалга ошириши учун эркинлик, имконият бор.

Ҳозир Европа, АҚШ, Араб давлатларида неча юз минг ёки неча миллион кучли профессионал кадрларимиз ишлаб юрганлигини, бошқа мамлакатнинг ривожига ҳисса қўшаётганлигини айтиш қийин. Лекин, мамлакатни оёққа турғизиш учун, иқтисодиётни қайта жонлантириш учун биз бу кадрларга муҳтожмиз. Мамлакат Президентини ўзи ҳам АҚШдаги сафари давомида бунга алоҳида урғу берди.

Қуйидаги қўшиқни ҳам Россия бориб, ишлаб, ўша ерда ўз салоҳиятини амалга оширган, ижодини йўлга қўйган Ғиждувонлик машҳур хонанда Валижон Сафоев куйлаган. Бунақа талантлардан қанчасидан айрилганимизни, улар умрининг қанча йилини сафарда, бошқа бир мамлакатга хизмат қилиб ўтказганлигини ўйлашни ўзи қўрқинчли…

Аудиолар