Дунёнинг ишлари қизиқ : “Ўлмаган банда кўраверар экан!” дейди машойихлар

Дилмурод Саййид
Сурат 2005 йили олинган

Бугунги амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан бир қанчасига эътибор берсам,уларни бундан 12 йил аввал муаммо сифатида матбуотга олиб чиққаним учун таъқибу тазйиққа учраганимни эсладим… Демак,қайсидир маънода бизнинг Юртимизга демократик жараёнлар қадам ранжида қилаётгани кўринмоқда! Аллоҳ муборак қилсин!

Кейинги 15 йил ичида қутуриш даражасига етган тирания даврини таъбир жоиз бўлса, мен “Каримовча цунами” деган бўлардим! Балки, бу таъриф анчайин мулойимроқ дир, аммо…

…Тарих қатағон борасида бирга бир такрорланди, десам адашмасман: зеро, рус ва бошқа миллат ижодкорларидан ташқари Ўз устоз удабою шуаро ХХ асрнинг  ўша машъум 30-, 50- йилларида бошдан кечирган ноҳақликлару истибдод ҳақида жуда эътиборли манбаларни эълон қилганлар, ўқиганмиз…

Ўзим ва ўзимдек қисматдошларим дуч келган кўргуликларни бундоқ кўз ўнгимдан ўтказсам, худди Шукрулло домланинг “Тирик руҳлар”, устоз Саид Аҳмаднинг “Киприкда қотган тонг” каби асарларини ўқиётгандек туюлади менга…бироқ бу асарлар биз учун ҳаётга айланди! Бу борада ҳали айтар сўзларимиз бор…

Икки- уч кун аввал ҳамкасбларимиз келишганди, анча суҳбатлашдик. Суҳбат якунида  меннинг  истакларим билан қизиқишди. Мен, энг аввало, истибдодли тарих қайтарил- маслигини истайман!

Мени олдингиларига ўхшатиб шунчаки қамаб қўймадилар, балки аввалига мамлакат ичида ижодий ҳамкорлигу фаолиятимга тўсиқ қўйилди, кўп ўтмай “махсус”ларга қарашли “Горизонт.уз”сайтида ўрисча туҳматли матн ёйинладилар, икки кун ўтиб- ўтмай  ўрисча туҳматли матнни мамлакат Расмий нашрларидан “МАҲАЛЛА” ва “ҲУРРИЯТ” газеталарида ўзбекчалаб, шу бўҳтонли таржима МАҒОЛА (мақола эмас!) асосида мен яшаётган маҳал- лада йиғинча ташкилладилар… Бу ҳақда ўша вақтларда интернет саҳифаларида холис ҳамкасбларимиз муносабатлари ёйинланган (масалан:”Ҳур фикр учун таҳдид” ва ҳ.к)

Бу сатрларни ёзаяпману “ИАКизм” қарашларига зид келган қатор мақолаларимдаги айрим таъкидлар хаёлимдан кечмоқда:

Нафақат пойтахт кўчаларида, балки Ўзбекистондаги энг чекка ҳисобланган қишлоқларда ҳам “Ўзбекистон – келажаги буюк!” деган оташин таъкид битилган лавҳаларни ўқиш мумкин. Шубҳа йўқ, инкор ҳам этиб бўлмайди, дарҳақиқат, КЕЛАЖАК – БУЮК! Аммо ўша буюк онлар қачон КЕЛАЖАК? Худо билади… Умуман, қиз-жувони МАРДИКОРга чиққан, гўдаклари она сутига тўймай қолаётган, таълим ва тарбия муассасаларида ТАЛАБА ҳамда ТАРБИЯЛАНУВЧИдан ҳеч бир самарасиз ПУЛ талаб қилинадиган мамлакатда буюкликка томон силжиш бўлиши мумкинми? Худо билади…”

“Адвокат Пресс” рўзномаси, 24-30 ноябр.2005 йил

Мақола чоп этилгандан кейин ўтган ўн йилдан  ортиқроқ  давр буюкликка эмас, бузуқликка юз тутилганини кўрсатди! Шундай бўлиши мумкинлигини эслатганлар, куюнганлар қувғину тазйиқларга олинди…

Яна ўша мақоладан эслайман:

“…Хулоса ўрнида кичик бир таклиф:

“Шу мустақил юрт, шу озод Ватан – ҳаммамизники!” дейди Президентимиз. Модомики, шундай экан, маҳаллий ҳокимликликлар ҳамманинг манфаатига мувофиқ келадиган чора-тадбирларни амалга оширсинлар. Биринчи навбатда коммунал тўловларни камида тенг ярмига арзонлаштириб, ҳозирда қарздорлар қарзининг 50 фоизидан кечиш масаласи кўриб чиқилиши керак. Деҳқонларнинг тўланмай қолган иш ҳақлари қисман натура (ун, гуруч, ёғ) шаклида, қолгани нақд пул билан тўланиши масаласи кечиктирмай ҳал этилиши лозим.

Таъмирга муҳтож болалар шифохоналари, туғруқхоналар учун маблағ ажратиш масаласи ўрганилиб, ҳал қилиниши зарур.

Бўш ётган бинолар (меҳмонхона, турли ширкат ва фирмалар)ни турар жой талабига мувофиқлаштирилиб, аҳолига уй-жой тариқасида арзон нархда беришни йўлга қўйиш керак.

13 ёшгача бўлганларга жамоат транспорти (метро, автобус, трамвай, троллейбус)дан бепул фойдаланиш имтиёзини яратиш лозим.

Шунингдек, 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари ҳамда 70 ёшдан ошганлар пенсиясини ойига ўртача 80 минг сўм қилиб белгилаш зарур.

Ҳозирда янги қурилаётган биноларни турар-жойларга мослаштириш ва аҳолига арзон нархда сотиш масаласи бўйича 2006-2010 йиллар амалий дастури (лойиҳаси)ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

“Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!” деб уқтиради Президент.

Президент таъкидига ўз фаолиятида амал қилишни чин дилдан истаган ҳар бир раҳбар, ҳар бир ваколат эгаси, энг аввало, элга моддий мадад бериш имконини яратиб, одамларнинг маънавий интилишларига хайрихоҳлик кўрсатиш учун жон куйдиради.

Мақолага нуқта қўйиш фурсати етди. Юқоридаги мулоҳазалар кимларгадир малол келиши аниқ. Холис баҳо эса, ҳар кимнинг дунёқарашига ҳавола…”

“Адвокат Пресс” рўзномаси, 24-30 ноябр.2005 йил

Ажиб бир кунларни бошдан кечирдик:

“Юртим!” деб ёнганлар куюб кетдилар,

“Элим!” деб ёнганни сўйиб кетдилар,

“Аллоҳ!” деб иймонга чорлаган зотлар

Қамоқ деворига қон ила хатлаб

“Мазлум!” дея имзо қўйиб кетдилар!

 УЯ 64/49 , 26.01. 2014й

… Бундан буёғига нафақат катта, балки халқчил ижобий ўзгаришлар амалга оширилишига менда ишонч юзага келаётгандек… Буни озодликка чиқиб, Тошкент томон келаётганимда ҳис этгандек бўлдим: йўлимиз равон ва тўсиқларсиз келдик…

Озод бўлиб келгач, айрим расмиятчилик- ҳужжат масалаларида бандман. Мени ажаблантиргани ҳужжатларим билан танишаётган зобит менга қараб туриб:  “ Дўда, ўзи шу иш бўлганми?” деган саволни сўради. Сездимки, қонунни  тушунади.” Қўйилган айбловлар, яъни 165-модда билан 228-модда бирга келганидан ажабланганга ўхшайсиз,”- дедим жавоб ўрнида. Кейин изоҳ бердим: “ Судья ҳам судни тугатиб, ўн кунгача ҳукмини ўқиёлмаганди…”

Зонада матбуотдан сал йироқ бўлган ёки ўша пайтлар анча ёш бўлган одамлар баъзан нима учун қамалганим билан қизиқиб қолардилар. Бундоқ фикр қилиб кўрсам, мен Ўз “ЖИНОЯТИМ”ни  қисман “ЭГРИ ҚОЗИҚҚА ТЎҒРИ ТЎҚМОҚ” сарлавҳаси билан китобат қилиб қўйган эканману эълон қилишга улгурмабман, холос.  Қамаб қўйишибди…

 “Ўлмаган банда кўраверар экан!” 

Дарҳақиқат, шундай: чунки Инсон вужудида энг узоқ яшайдиган узв бу- ИЛИНЖ экан!.. Айнан шу сабаб Одам боласи ҳар қандай ҳолатда ҳам оёқда туришга интилар экан… Зеро, “бошдан ўтган табиб”… Буни Ўзимга нисбатлаб айтмаяпман, балки кўзим билан кўриб, бевосита гувоҳи бўлганим аянч воқеликларнинг жабрдийдалари мисолида эсга оляпман… Ва навбати билан қисқа-қисқа ҳикоятлар шаклида ахборлаш режамда бор!

“Ўлмаган банда кўраверар экан!”

Тишимни босаман тишимга маҳкам,

Кўксимда тўлғонар жизғанак Алам,

Жимгина термулиб Дунё ишига

Бошимни қўяман Сабр оғушига!…

(06.03.2010 й., Сангород, туб.зона)

Муаллиф: Дилмурод САЙЙИД

Сурат 2005 йили олинган
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Аниқ таклифлар бўлмагач… ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат йўллади

Фото: SugdNEWS (more…)

Кундош билан яшаш –азоб

Косон тумани Арабхона қишлоғида яшовчи Аслонова Сарвиноз Исроил қизи қишлоқдоши Жуматоев Собиржон Саидмуродович билан 2010 йил октябрда ойида шаръий никохдан ўтиб, эр-хотин ...

Ўзбек тилини билмаган амалдор ёхуд муаммонинг илдизи қаерда?

1989 йилнинг 21 октябр​ь. Яна оз муддатдан сўнг,  «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилин​ганига нақ 30 йил тўлади. Қонун маданий мерос, ўзлигимизни англаш, миллий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400