Дилмурод Саййид: Баҳор соғинчи (шеърлар)

АССАЛОМУ  АЛАЙКУМ!

Аллоҳнинг марҳамати ва куюнчак Инсонларнинг дуоси билан яқинларим бағрига қайтдим!

Беш кун давомида мен билан хабарлашиб, дийдорлашиб, қувончимизга шерик бўлаётган Инсонларга ҳар лаҳза ташаккурлар  айтиб, дуодаман.

Ҳозирда белгиланган расмиятчилик: ҳужжат ишлари билан банд бўлиб турибман ва тез орада буларни якунига етказиш учун ҳаракатдаман.

Сал аввалроқ ёзганим ва айтганимдек, мавзулар анчагина, навбати билан ёйинлаймиз: бу борада Аъзам ака Турғунов билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш ниятидамиз!

Барчангизга, энг аввало соғлик, ижоду турмушингизда хайрли барокат тилаб қоламан.           

Дилмурод САЙЙИД , Тошкент, 09.02.2018.

 БАҲОР  СОҒИНЧИ
Совуқ кунлар эзиб ташлади

Фалак юзи қат- қат , тўп булут

Изғиринлар кўзни ёшлади,

Ёноғимда қировли сукут!

Юрагимда совуқдан озор,

Кел, бағримга қайтақол , Баҳор!

Каллакланган Умид дарахти,

Навдалари ўралган  музга .

Куртакларнинг синиққан шахти,

Жабр бўлди Уйғоқ Илдизга!

Соғинч маним Руҳимга мадор,

Кўришайлик, келақол, Баҳор!

Чақмоқ чақсин, ёмғир шаррослаб

Сўнг Камалак- юз очсин Қуёш!

Совуқ кетсин биздан аразлаб,

Роҳатлансин толиққан Бардош,

Юрагимни тўлдирсин Ифор,

Кел, Умримга қайтақол, БАҲОР!!!

20.02. 2016, Қарши ш.

 ШУКРОНА

Умримнинг эллик беш йили шамолдай-

Ўтди гоҳ тўзонли, гоҳида майин.

Кутиб қолди қилар ишим бир талай,

Шу кунга ҳам етдим, шукр, ўлмайин!

Кимлардир қабримни кавлаб қўйганди,

Қарийб тўққиз йилда унутди кимлар.

Суд  ҳукми ўқилгач қўй ҳам сўйганди-

Тантана қилганди қаттол ғанимлар.

 Аммо…

Яратганнинг Раҳмонлиги рост;

Мунофиқлар кутган кун келгани йўқ!

Холис дўст-Қаламим дона-дона  ёз:

“ДИЛМУРОД САЙЙИД ТИРИК! ЎЛГАНИ ЙЎҚ!”

04.Х!.2017, Қарши ш.

 АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЎҒЛИ ЧЎЛПОН НИДОСИ
“…осмонда йиғлар турналар!”  Халқ қўшиғидан.

Камон қошлардан сирилди ўсмалар,

Қон янглиғ силқиб кўздаги сурмалар,

Қумри- кесик тил, Сорлар- чарх урмалар,

Чаманлар- файзи йўқ, гўшалар- сокин!

Элни тўйдиришдан турма тўлдириш

Одамни таҳқирлаш каби осон иш-

Қамамоқ туҳматлаб- тирик ўлдириш

Бир чеким нос чекиб тупурмоқдек жўн!

Маддоҳлар, Сотқинлар суварак сифат,

Номуснинг нархи- бир жез медал фақат,

Ҳатто шу ҳам талош, шунга ҳам навбат,

Ҳамият эгнида эски йиртиқ тўн!

Зилол суви ила Зам- зам чашмасин

Жаллодлар юварлар қонли панжасин,

Қанча интилмасин, қанча ишласин-

Фақирнинг косаси оқармас бу кун!

Дабдабали шиор таъкидлар бисёр,

Амалда тазйиғу таҳдидлар бисёр,

Ҳақталаб Мазлумлар, Шаҳидлар бисёр,

Шоирлари- СЎҚИР, Дарғалар- жунун!..

 02.Х.2014 й.  Қарши ш.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-китоб сўзи

Асрдан бироз илгарироқ эди. Махдум дарбоза ёнида муборакбодчи мударрислардан бирини икки  букланиб  таъзим  қилған  ҳолда  узатар  эди.  Ҳазрати  мударрис  хайрлашқан  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 43-қисм

43 Биродарлар, Москвадан одам келибди. Шляпаси бор эмиш! Шляпали одам раён катталарини йиғибди. Кал каттани ўртага олибди. Ана шунда масала ойдин бўлибди. Ойдин бўлишича, ...

Душанба кун кeчаси

15. ДУШАНБА КУН КEЧАСИ Бу кунги кеч Отабек билан Ҳомиднинг ҳаёт ва мамот масалаларини ўзининг қора қучоғиға олған қоронғи бир тун эди ва булардан қайси бирларининг сўнг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400