Олламурод Исақулов: “Ўзимизга хос, ўзимизга мос” йўлдан воз кечиш керак!

Кейинги пайтларда Facebook ижтимоий тармоғи орқали жамиятимиздаги долзарб муаммоларга, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга доир фикр-мулоҳазалар, таклиф ва муносабатлар кам бўлса-да билдирила бошланди. Бу борада нафақадаги фахрий амалий иқтисодчи Олламурод Исақуловнинг очиқ-ойдин, холис ва рўйи-рост қарашларини алоҳида эътироф этсак арзийди. Шу боисдан ҳам Олламурод аканинг иқтисодий, сиёсий, маънавий ва маданий мавзуларга доир позицияси кўпчиликни қизиқтирмоқда. Қуйида Олламурод Исақулов билан иқтисодий мавзуга доир суҳбатимиз эълон қилинмоқда. 

Олламурод ака, яқинда Ўзбекистон телевидениесининг “Таҳлилнома” ҳафталик кўрсатувида Жаҳон банкининг Ўзбекистон ЯИМга оид хулосаси кўтаринки руҳда талқин қилинганига нисбатан Facebook ижтимоий тармоғи орқали ўзингизнинг танқидий муносабатингизни билдирдингиз. Кўрсатувда тилга олинган рақамлар, яъни 2019 йилда Ўзбекистонда ЯИМ 6,3 фоизга, 2020 йилда эса 6,6 фоизга ўсишига оид прогнозлар Сизнингча, қувонарли кўрсаткич эмаслигини билдирдингиз. Ҳолбуки, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг XIII ялпи мажлис йиғилишида Ўзбекистонда 2018 йилда ЯИМ ўсиш ҳажми 2017 йил билан солиштирилганда 5,9 фоизга ўсиши кўзда тутилаётгани қайд этилганди. Иқтисодчи сифатида бу ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз.

— Ушбу саволни  биринчилардан бўлиб кўндаланг қўйганингиз мени сергаклантириш билан бирга анча хурсанд ҳам қилди.

Сергакланганимга бу каби саволлар Ўзбек матбуотида кейинги 15 йил давомида бутунлай эсдан чикқани, қувонганимга эса ушбу масалага нисбатан муносабат билдириш имкони вужудга келгани сабаб бўлди. Шу ўринда Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) тушунчаси хусусида қисман тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. ЯИМ халқаро иқтисодиётда, дунё мамлакатларининг иқтисодий салоҳиятини белгиловчи асосий кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳар бир мамлакатда ҳар йиллик ишлаб чиқариш кўрсаткичининг йиллик якуний, ҳаётий реал иқтисодий натижаларини жон бошига тақсимлаш орқали ҳисоб-китоб қилинади ҳамда кўрсаткичнинг бундай тури ҳамма ҳисоблашлар учун мажбурий саналади.

Мамлакатимизнинг ЯИМ бўйича кўрсаткичи охирги йилларда 2340 $ ни ташкил қилмоқда.

Ушбу кўрсаткичга биноан биз 187 та давлат ичида 134-ўриндамиз, ён қўшнимиз Қозоғистондан қарийб 6 баробар қашшоқмиз. Афсуски, қашшоқлашиш жараёнлари ҳали ҳам давом этмоқда. Чунки тан олинган йиллик инфляция даражаси жорий йил учун 14 фоиз деб белгиланди. Бундай ҳолатларга эса, Ўзбекистон иқтисодиётига бозор иқтисодиёти қонуниятлари тўлиқ олиб кирилмаганлиги, инкор қилинганлиги асл сабаб, деб ўйлайман, “ўзимизга хос, ўзимизга мос” йўлимизнинг нотўғри иқтисодий натижаси, деб биламан. Назаримда, Ўзбекистон иқтисодиётидаги бундай сиёсий ва иқтисодий камчиликларни зудлик билан тугатиш учун Давлат миқёсида тегишли карорлар қабул қилиниши керак. Шунинг учун ҳам мен “Ўзбекистон”  каналининг “Таҳлилнома” дастурида кўтаринки руҳда, хурсанд ҳолда эълон қилинган рақамларни ачиниш билан ёзишга мажбур бўлдим. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 22 декабрь куни Парламентга қилган тарихий мурожаатномасида ЯИМнинг ҳақиқий ҳолатини афсуслар билан таъкидлаб ўтди. Аммо мана  2 ойдан кўп вақт ўтишига қарамай бу ҳақида бирон бир манба лом-мим демаяпти.

— Ўзбекистоннинг 2018 йил учун тасдиқланган давлат бюджети ҳақидаги маълумотда 2018 йилда даромадлар 62 триллион 229 миллиард сўмни, харажатлар 62 триллион 170 миллиард сўмни, профицит эса 59 миллиард сўмни ташкил этиши башорат қилинган. Бу ҳақида нима дея оласиз?

— Аслида 2018 йил учун қабул қилинган Давлат бюджети қонун ҳисобланади. Бу муҳокама қилиш учун эмас, балки бажариш  учун жорий этилган.

Аммо, кейинги бир йилда мамлакатимиз сиёсий ҳаётида илиқлик кузатилаётгани боис ушбу мавзуга доир икки оғиз ўз фикримни билдирмоқчиман.

Аввало, кейинги 16 йил давомида Республика бюджетига доир параметрлар Ўзбекистонда кенг халқ оммасидан яшириниб келинганини, ушбу соҳада етарлича шаффофлик, ошкоралик, очиқлик бўлмаганини  алоҳида таъкидлаш керак. Афсусланарли томони шундаки, шу кунгача бу жараён охиригача ёритилмаяпти. Ушбу мавзу ҳатто Президентимизнинг ўтган йилги Парламентга мурожаатида ҳам эътибордан четда қолмади. Аниқроғи, давлат раҳбари бюджет масаласига оид камчиликларни рўйи-рост тилга олиб, қаттиқ танқид қилди. Вазият шу даражагача етиб бордики, йиғилишда Президентимиз Молия вазири Ж.А. Қўчқоровга “молия вазирлигини зудлик билан “каламуш”лардан” тозалаш” топшириғини берди. Бунинг натижасида Молия вазирлигида ва вилоят бошқармаларида фаолият юритаётган 528 нафар мутахассис ходимлар бир ҳафта ичида ишдан озод этилди. Менимча бу ерда мутахассислар тўлиқ айбдор эмас. Энг катта хато собиқ молия вазири, тарихчи Р. Азимов, Н. Гуськова, А. Остражогская ва уларга ўхшаган бошқа кишилар томонидан содир этилган. Асосий гап ҳам айнан шулар ўрнатган методологияда деб ўйлайман.

Шахсан мен  8 млрд. $ атрофида дея эълон қилинган давлат бюджети кўрсаткичининг ҳаққонийлигига у қадар кучли ишонгим келмайди. Назаримда бу бюджет эски салбий тус олган методологиялар асосида ишлаб чиқилган ҳамда Парламентда номигагина қабул қилинган Молия вазирлигининг ҳужжати. Бу орқали давлатни тараққий топтиришга эришиш амримаҳол. Бизнинг Парламентимиз ўнлаб йиллардан бери Молия вазирлиги ҳужжатларни қандай тайёрлаб келса, шундайлигича қабул қилишга ўрганган. Бу омил юзасидан шахсан Президентнинг ўзи Парламентга мурожаати давомида эътироз билдирди.

Бугунги кунга келиб давлат ўз халқи учун, ҳар бир инсон учун бир йилга бир минг доллар атрофида маблағ йўналтириш бўйича қонун қабул қилиши керак. Агар шундай қилинмаса, кенг халқ оммаси, аҳолининг барча қатлами тасдиқланган бюджет қувватини, ундан кўриладиган манфаатни мутлақо сезмай қолаверади.

Ҳозирги кунда Молия вазирлигида Бюджетни ҳисоблаш тамойиллари таҳлил қилинмокда ва жаҳон стандартлари бўйича ҳисоблашни жорий этишга доир ижобий натижали ишлар бошланганини кўриб турибмиз. Умид қиламиз, 2019 йил давлат бюджетининг параметрлари бутунлай ҳаққоний бўлади…

— Халқимизнинг “аввал иқтисод — кейин сиёсат”, деган нақлини албатта, яхши биласиз.”Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистоннинг “Мамлакатда ўтказилмоқчи бўлган ҳар бир ислоҳотнинг асоси, ўзаги сиёсий ислоҳотга бориб тақалади. Сиёсий ислоҳотлар аввал бошдан тўлиқ ўтказилиб якунланмас экан, қолган ислоҳотларнинг биронтаси ҳам ҳеч қандай самара бермайди. Уларнинг барчаси ярим йўлда чала ҳолда қолиб кетаверади”, деган фикрига муносабатингиз қандай?

— Бу савол ҳозир бутун Ўзбекистон аҳлини ўйлантираётган асосий саволлардан бири бўлса керак. Бундай  дейишимга ўтган 25 йил давомида Ўзбекистон ўзининг иқтисодий ривожланиш йўлини топа олмаганини сабаб сифатида кўрсатсак бўлади. Ўзбекистон охирги 15 йил давомида ўзини-ўзи алдаб, иқтисодий жиҳатдан ривожланиш ўрнига нисбий қашшоқлашиш йўлини тутиб, бир жойда депсиниб қолди. Ҳозирги кунда бундай турғунликдан чиқиш йўлини топиш Президентимиз учун бош масала бўлиб турибди.

Мен бир амалиётчи-иқтисодчи сифатида бу йўлдан чиқишга оид ўзимнинг қуйидаги таклифларимни ўртага ташламоқчиман. Сабаби мен    ватанимнинг, миллатимнинг бугуни ва келажагига бефарқ инсон эмасман.

Орадан 25 йил ўтиб, биринчи марта юксак минбарда Ўзбекистон иқтисоди ниҳоятда начор аҳволда эканлиги тан олинди. Бу эса, бутун миллатни жунбушга келтирди. Бундай иқтисодий ботқоқликдан чиқиш учун Президент атрофида жипслашиб, қуйидаги ишларни, энг аввало, сиёсий қарорлар қабул қилиб, амалга оширишдан бошлашимиз шарт.

Бундай сиёсий қарор нималардан иборат бўлиши керак?

  1. СССРдан қолган социалистик ишлаб чиқариш муносабатлари асосида Ўзбекистон ишлаб чиқаришига тадбиқ қилинган “Ўзимизга хос, ўзимизга мос” йўлдан воз кечиш керак.
  2. Бозор иқтисодиёти тамойилларини дастлаб иқтисодий ишлаб чиқариш муносабатларига ва кейинчалик барча ижтимоий соҳаларга босқичма-босқич, узоғи билан 2 йилда жорий қилиш лозим.
  3. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини ривожланаётган давлатлар билан бир қаторда тасаввур қилиши керак ва бунинг учун бутун миллий бойлигимизни капиталлаштиришга эришиш даркор.
  4. Ўзбекистонда бошланган эркин бизнес қилиш муҳитини давом эттириб, маҳалладан бошлаб Олий бошқарув тизимигача амалий инвестиция мактабини яратиш зарур.
  5. Ўзбекистонда ҳақиқий фаол тадбиркорлар синфини вужудга келтириш мақсадида уларни ишига қараб табиий танлаш ҳамда амалиётда давлат, банк кўмагини кўрсатиш зарур.
  6. Ижтимоий соҳада, энг аввало, ОАВ соҳасини эркинлаштириш, давлат, суд, ҳуқуқ, куч ишлатар тизимлар фаолиятини шаффофлаштириш ва улар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадга мувофиқ.
  7. Қабул қилинаётган қонунларни, уларнинг лойиҳаларини, аввало, халқ муҳокамасидан ўтказиш тартибини жорий қилиш лозим.

Давлат раҳбари Праламентга мурожаати давомида республика иқтисодини ривожлантиришнинг кўпгина қирраларини кўрсатиб бера олди. Бу борада мен каби бошқа иқтисодчиларнинг ҳам ижобий таклифлари инобатга олинса Ўзбекистон яқин 5-10 йил ичида ўзининг иқтисодий кўрсаткичларини тўғрилаб олади, деган умиддаман.

— Чет элларда муҳожиротда яшаётган юртдошларимизнинг Ўзбекистонга қайтишини қандай баҳолайсиз?

— Муҳожирият мавзуси аслида дунё яралгандан бери бор мавзу. Бунга Ер сайёраси аҳлининг турмуш тарзини бир-бирига яқинлаштириб турадиган ижобий маънодаги асосий табиий жараён, деб қаралади. Ўзбекистон Ҳукумати бу жараённи 25 йил давомида салбий ҳодиса, деб тан олишмади. Ҳатто бизнинг муҳожирларимиз айрим йиллари бир йилда ўз оилаларига 4.7 млрд. $ жўнатишга муваффақ бўлдилар. Бу давлатнинг пахта толасини четга 1 млрд. 460 млн. долларга сотишга қараганда анча катта кўрсаткичдир. Лекин шундай бўлса-да, уларга юқори минбардан турилиб, “дангаса ва ялқовлар” деган таъриф берилди. Бу эса, шусиз қийин аҳволда, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланмаган ҳолда пул топиб ишлаётганларнинг асл ҳолатини янада мураккаблаштирди.

Бироқ, 2017 йилнинг августидан бошлаб Ўзбекистонда сиёсий муҳит жадаллик билан ўзгармоқда. Бизнингча, ўтган йилларда Ҳукумат билан келиша олмай қолган айрим ватандошларимизни ҳар қандай тақдирда ҳам қайтариш керак. Ўзбекистондан ҳар хил сабабларга кўра, асосан, нон топиш илинжида чиқиб кетганларни ҳам ҳеч кечиктирмасдан элга қайтариш чора-тадбирларини кўриш лозим. Ўзбекларимиз ким бўлишидан қатъий назар бизга керак! Инсон ҳеч қачон бурним сассиқ деб, ўз бурнини кесиб ташламайди. Муҳожирларимизни ватанга қайтариш бўйича бир йил олдин президентимиз берган кўрсатма асосида махсус комиссия томонидан катта ишлар олиб борилмоқда ва бунинг натижалари яқин кунларда муҳим қарорлар орқали эълон қилинишига ишонаман.

— Давлат президентининг “Бир-биримизни мақтамайлик, агар мақтасак шундай тураверамиз, танқид қилсак ривожланиш бўлади”, деган фикрига муносабатингиз.

Президентимиз жорий йилнинг 19-20 январь кунларида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрдилар. Ташриф жараёнида вилоят фаоллари билан учрашдилар.

Ушбу учрашувда Ш. Мирзиёев “Ким мақтаса менинг душманим, мақтасак масалада ўзгариш бўлмасдан тураверади, танқид қилсак ривожланиш бўлади” деган сўзларини ҳеч қандай тайёргарликларсиз қалбдан гапирди.

Президентнинг бир ярим йиллик фаолияти давомида залда ўтирган раҳбарларга қараб 7 марта “қарсак чалманглар, 2 йил қарсак чалмаймиз, 5 йил қарсак чалмай турамиз”, деган гапларини мен ўзим кўриб эшитдим. Давлат раҳбари ўринсиз мақтовларга қарши бетиним гапириб келмоқдалар. Аммо раҳбарнинг бу талаблари ТВга ОАВга етиб бормаяпти. Улар ҳар хил усулдаги мақтовлардан ҳали ҳам чиқиб кета олишмаяпти.

Мен журналистларимиз танқид мавзусини бутунлай эсдан чиқариб юборган деган фикрдаман.

Шунинг учун ҳам 25 йил давомида журналистиканинг “Танқид, фельетон, юмор, шаржъ” жанрлари деярли унутилди. Бу эса миллий журналисткасининг тузалмас юқумли касаллигига мубтало бўлганидан далолат беради. Бунга ўтган 20 йилда давлат томонидан танқид мавзуси мақсадли турда йўқ қилингани сабабдир. Танқидий мақолалар ёзган журналистлар ишдан бўшатилди, қамалди, ўз ватанидан ҳайдалди.

Ҳали ҳам айрим юрагида халқ дарди бўлган журналистлар тиконли симлар ортида. Ва ниҳоят, замон ўзгарди. Президент Ўзбекистонда танқидсиз ҳудуд ва ташкилотлар қолмаганини кўрсатиб берди. Прокуратуранинг қандай орган экани,  МХХдаги айрим амалдорларнинг наркобаронлиги, порахўрликнинг бошида турганлиги фош этилди, солиқчиларнинг кирдикорлари очиб ташланди. Бу жараён давом этмоқда. Бундай паллада журналистларимизнинг оғизларига солиб олган мум ёки носни туфлаб ташлаб президентга камарбаста бўла олмаётгани мени безовта қилмоқда. Аммо мен журналистларимиз ҳам мамлакатда ривожланиш бўлиши тарафдори эканини сезмоқдаман. Яқин кунлар ичида фақат журналистлар эмас, шу она заминимизни севадиган, ардоқлайдиган барча юртдошларимизнинг онгу шуури уйғонса, дадиллашса ажаб эмас.

Суҳбатдош: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қӯнғиротлар фақат қозоқ халқига  мансубми?

Ҳар бир халқнинг ӯтмишда уруғ-қабилачилик жараёнини босиб ӯтиб, халқ сифатида шакллангани яхши маълум. Масалан, ҳозирги Америка халқи турли халқларнинг қӯшилишидан қайта ...

Ўзбекистонда 2018 йил 16 ноябрдан табиий газ нархи оширилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда табиий газ тарифлари 2018 йилнинг 16 ноябрдан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган ҳукумат қарори ...

Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб бино ва иншоотларни қуришда янги мажбурий тартиб жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400