ХАБАРЛАРНИНГ ҲИССИЗ ТАЛҚИНИ

Тўғриси, мени ўзбек телевизори тортмайди. Нега?  Чунки, кўрсатувлар юзаки, хўжа кўрсинга, журналистлар деярли саводсиз даражада. Қобилият, истеъдод деган нарсалардан мосуводай. Ҳаёт тажрибалари ҳам саёз. Шу боис кўрсатувлар бир – бирига ўхшаш, файзсиз, жозибасиз. Гўё қоғоз гуллардай. Уларда юрак йўқ. Белгиланган “Рамка” ичида ҳаракат қилишади…

Тармоқ дейми, соҳа ёки объект дейми, уларни яхши билмайдилар. Ўрганишга эса қалбдан ёндашмайдилар, ҳатто ҳафсала ҳам қилмайдилар. Шунга кўрсатувлар деярли бир хил, бўш, энсани қотирадиган даражада сохта. Маош олиш учун ёзилгани билиниб туради. Аммо ўзлари шилтаси чиққан пардоз-андоз билан ўзларини кўз-кўз қилишни, ясама ҳаракат, жилва, қилиқ, қиёфаларга киришни унутмайдилар.Четдан қараган кишига бу эриш, ҳатто кулгули туюлади.

“Ахборот”, ”Давр”… ёхуд мулоҳаза, мунозара дастурларини ҳам унча кўргим келмайди. Чунки расмий, юзаки, худди пишмаган емоққа ўхшайди. Булар  40-50 йил олдинги кўрсатувлардан деярли фарқ қилмайди. Гўё замон, макон бир жойда қотиб қолгандай.

Мавзулар ҳам ҳаётиймасдай, балки, афсоналардаги кишилар даврасида кечган бир нималарга менгзайди. Элнинг хоҳиш-истаклари, талаб-муаммолари, эътиқод-қарашлари, иш, яшаш тарзлари, орзу- умидлари уларда акс этмайди. Акс этса ҳам жуда жўн акс этади.

Ахборот, хабар сифатида тиқиштирилаётган нарсалар ҳеч кимни ўзига ром этмайди. Эл-улус бўлаётган реал воқиаларни эшитиш, кўришга шунчалар чанқоқки, буни саҳрода сувга ташна одамга менгзаш мумкин. Лекин…

Президентнинг олиб бораётган сиёсати, ислоҳатлари, ўтказаётган тўплантилари,коррупцияга ботган амалдорлар ҳамда генералларнинг кирди-корларини фош этиши эл ва ойдинларга манзур бўлмоқда. Бироқ телевидение ходимларининг буни олиб чиқани кўзга кўринмайди. Бошқа масалалардаги гапларини ҳам қўшмай-чатмай, кўпиртирмай-бўрттирмай эфирга узатаётирларми? Менимча йўқ. Сўраганман, кўпчиликнинг фикри ҳам шунақа. Мақтасалар осмонга чиқарадилар, ёмонласалар ерга киргизадилар. Меъёр, мантиқ, фикр, мулоҳаза, таҳлил ва талқинни… унутиб қўядилар. Шу сабабли кўрсатувларда табийлик етишмайди.

Умуман, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бирор ерга бориб гапирган гапини, ўқиган матнларини, бериб боришга шошилишмайдилар, ҳам. Аниқ ва ёрқин фонда бериб боришнику эплашмайдилар ҳам.

Президент чиқарган қарорларни ўша заҳоти оммага ошкор қилиб, унга мантиқан ёндашиб, мутахасис кишилар ёрдамида таҳлил қилишга эса ақллари етмаётгандай гўё.

Юртимизда ишсизлик, оз маош муаммоси бор. Бу авввалги Президент даврида юзага келган. Миллион-милион ёшлар хорижда. Улар ўйнагани кетмаганлар, йўқчиликдан, хор-зорликдан, пул топиш ва уйдагиларни боқиш учун кетганлар. Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари, радио, телевиденияси бу ҳолни теран таҳлил қилиш ўрнига, илдизини топиш ўрнига уларни айблайдилар.

Ҳар бир нарсага, ҳар бир журналистнинг ўз нуқтаи назари бўлиши керак. Афсуски, бу хусусият уларда йўқ, борлари ҳам ўз сўзларини айтишга қўрқадилар ва замонасозлик қиладилар.

Бу иллат маҳалла қўмиталарига ҳам ўтган. Ёки ўзлари замонасозлик касалига йўлиққанлар. Мисол: тележурналистга ишсизлик ва иш билан таъминлаш тўғрисида материал тайёрлаш топширилади. У маҳалла қўмитасига боради. Маҳалла қўмитаси раиси тавсия қилган фаоллардан икки- учини тўтидек сайраттиради. Яна ҳам аниғи улар оғзиларига чайнаб солган гапларни сақичдек чайнайдилар.

Мисол учун кўча супурувчилар орасига янги одам ишга кирибди. Айтаётган гапини аввалдан ёдлаб олгандек гапиради. Ёнида иш бошқарувчи ҳам гапиради. Шу билан лавҳа ҳам, мавзу ҳам ёпилади. Бу хабардан атрофдаги одамлар нима олиши мумкин?

Лойни қолипга солгандай гап. Мен кўрган ҳамма кўрсатувлар шундай, шунга ўхшаш. Қолип…қолип…қолип… Бундайда журналистик маҳорати қаерда қолади?

Шу ҳақида ўйларкаман, 27 йил олдин кечган бир воқиа эсимга тушди. Мен тўқувчилик фабрикасида тўқувчи бўлиб ишлардим. “Нева-5” машинасида турлича буюмлар: жемфер, светр, кўйлак, болалар тўплам кийимлари, пайпоқ кабиларни тўқир эдик. Бу ишлар ҳаммага, жумладан менга ҳам ёқар эди. Фабрикамизда уч юзга яқин қиз-жувон ишлардик. Бўртирмай айтаман: ҳаммамиз иноқ эдик. Маошимиз ҳам ёмонмасди: 150-200 сўм … Унга ўн қоп ун сотиб олсак етарди. Бир қоп ун ўша пайтда 13 сўм эди-да.

Фабрика биздан узоқда жойлашганди. Мен қатнаб ишлардим. Кунларим мароқли ўтарди. Ҳар ернинг ўз тош-тарозуси бор деганларидек, бу ерда ҳам баъзи-баъзида ноҳақликлар бўлиб турарди. Айниқса, ёш қизларга нисбатан… Мен (бир тўқувчи жувон билан бирга) бу тўғрида икки марта катта бошлиққа айтгандим.

Бир куни очунойнада бизни кўрсатиш учун Самарқанд телевидениясидан мухбирлар келишди. Бу ҳақда бизни икки кун олдин хабардор қилишган, бир дугонамизга гапиришга текст беришган, у “нутқ”ни ўзича ёдлаган бўлиб юрди. Мухбирлар ташриф буюрганда эса ҳаяжонланди, ёдлагани ҳам хотирасидан кўтарилди. Шунга гапиришдан бош тортди.

Эсимда, ўшанда кўп қизлар ўзларини телевезорда кўрсатишларини истаган эдилар. Жумладан, мен ҳам. Лекин бошлиқ камчиликларни айтиб қўйади деган гумонда, бизни рад этган эди. Мана, оқибат…

Мухбирларнинг вақтлари чегараланган эди, шекилли, шошилдилар ва “Ким текстга қарамай, гапира олади?” деб биздан сўрадилар. Мен мактабда мажлисларда сўзга чиқиб, шеърлар ўқиб юрардим. Гапиришга рози бўлдим. Суратга ола бошладилар. Фабрикамиз ҳақида сўзладим. Қизиқарли меҳнатимиз,тағин нималар қилсак, ишларимиз янада унумли, қаердан хом ашё олсак сифатли, қаерники сифатсиз бўлиши ҳақида сўзладим. Сўзим сўнгида: тўқувчими, деҳқонми, хизматчими қатъий назар, ўз соҳасида изланиши, ижод қилиши керак, шунда мўл-кўллика ва сифатга эришамиз дедим. Эшик оғзида қўрқиб турган бошлиқнинг юзи ёришди, мухбирлар ҳам мамнун бўлишди. Буни айтишдан мақсадим, кўрсатув жонли ва кўнгилга ёқар чиқиши учун журналист бошлиқ тавсия қилган кишилардан кечиши, чинни гапирадиган одамларни излаб топиши керак. Қуруқ мақтову ҳиссиз гапларни кимга кераги бор?

Бундайда ўзбек журналистикаси ривожланмайди. Бундайда ўзбек журналистикаси бир хилликдан нарига ўтмайди.

Қаламлари тўмтоқ, таъмагир, ялтоқ, қовоқбош редакторлардан воз кечилмаса, радио ҳам, телевидие ҳам, деворий газеталарга айланган “Куннома” (рўзнома)лар ҳам қотган жойларида қотиб тураверади. Халққа маънавий озуқа бермайдиган, халқни алдайдиган радио, телевидиние, газеталарнинг кимга кераги бор?! Қуруқ олди-қочди, вақ- вақларга чек қўйиш вақти етди!

Юқорида таъкидлаганимдек, журналист ишсиз одамни иш билан таъминланганини, дейлик кўча супурувчи бўлиб ишга ўтганини суратга олади. Лавҳа зерикарли чиқади. Нимага? Моҳиятга кириб бормайди. Моҳиятни очмайди. Ҳар ишнинг ўз жозибаси бор. Жумладан, фаррошликни ҳам. Журналист айни шу ерда изланиши, ижод қилиши, моҳиятни очиши керак. Кечинмаларни акс эттира оладиган даражада уни ўрганиши керак. Шошмай, юракдан. Бунга қўшимча равишда кўча супирувчиларнинг оилавий турмуш тарзлари, дард, изтироблари, қувонч, ғам, ташвишларини   ўрганса, сўнг суратга олса, суратга олганда ҳам бўямай қандай бўлса шундай суратга олса, кўрсатув қизиқарли ва ишонарли бўлади.

Радио, телевидение, газетада оддий эл ҳаёти, яшаш ва турмуш тарзлари илдиз, томири билан ёритилиши ўрнига жуда жўн, жуда юзаки ёритилади. Шунинг учун уларни эл эшитмайди, кўрмайди, ўқимайди. Диктатор Каримовнинг ишончига кириб олган дилсиз Хайриддин Султонов сабаб оммавий ахборот воситалари шу ҳолга тушган. Ёзганлари ҳожатхонага ташлашга ҳам арзимайдиган, ҳаром пул ҳисобига бойигандан–бойиб кетган бу кимсанинг ишонган тоғи қуласа-да, томирига болта урулган теракдай ҳамон гердайиб турибди. Шунга матбуот ҳам, радио, телевидение ҳам даққи юнусдан қолган нарсаларни босаяпти, эшиттираяпти, кўрсатаяпти.

Бундан халққа, давлатга не фойда? Аксинча: турган-битган зарар. Эссиз давлат пули!

“Дунё ўзбеклари”нинг кўланкасига ҳам арзимайди ўзбек матбуоти, радио, телевидинияси.

Ваҳоланки, Исмат Хушев бу сайтини ўз маблағи ҳисобига бир ўзи чиқаради.”Озодлик”,ББС радиоларнинг эшиттиришлари ҳам анча машҳур. Лекин уларда бир қанча ходимлар ишлайдилар. Ўзбекистон телевидиниясида эса, билмадим, неча минг ходим маош олади?

Ватандан узоқда, Канадада чиқадиган “Дунё ўзбеклари” сайти, жонли тилда айтсам қўл-қўлга тегмай ўқиладиган нашрга айланган. Дунёда ўзбекларнинг ундан машҳурроқ нашри йўқ.

“Дунё ўзбеклари” ва “Мулкдор” электрон нашрлари яқинда менинг  “Ҳаромерлар” номли мақоламни чоп этди. Бир эмас, икки-уч марта. Воқеа Иштихонда кечгани учун, ҳар куни менга Иштихон туманинг катта-кичиклари телефон қилишаяпти. Катталари иддао гапларини, кичиклари севинч сўзларини айтаяптилар. Матбуот, радио, телевидение эл ичига шундай кириб бориши лозим. Хайриддин Султонов ўрнига, қўғирчоқ редакторлар ўрнига Исмат Хушевни, Исмат Хушевларни тортиш керак.

Аравани қуруққа олиб қочиш, халқнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш, давлат буюджетини ўмариш замонлари ўтди. Аммо чўкаётган одам чўпга маҳкам ёпишиб олгандай, Хайриддин Султонов эски тузумга маҳкам ёпишиб олиб, зимдан иш кўраяпти…

ББС, ”Озодлик” радио эшиттирувларига қаранг, қандай жозибали. ”Мулкдор” интернет сайтига қаранг, қандай ўқимишли бўлиб бормоқда. Улар одамларнинг маънавий мулкини бойитишга хизмат қилаяптилар.

Уларга Ўзбекистонда фаолият олиб боришларига изн ва шароит яратиб берилса, бундан халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам ютади. Замон шуни талаб қилаяпти. Кузатаяпмиз-ки, ҳали ҳам уларга қўйилган тўсиқлар олиб ташланмаяпти.

Туркияда “Ахборот”, хабар дастурларини кўриб одам роҳат қилади. Чунки журналистлар мамлакатдаги бор ҳақиқатни ҳеч кимдан яширмай, оғмай, қўрқмай ёритиб борадилар. Яна денг, илдиз-илдизи билан. Бу мени ҳайратга солади, ҳавасимни келтиради.

Кимдир оғир аҳволда қолса, оммани жуда чиройли тарзда жалб қила оладилар. Шу хабарлардан халқ фикрлай бошлайдилар. Муносабатлар билдиришади.

Мамлакатдаги ҳамма сиёсий, ижтимоий масалалар омма билан баҳам кўрилади. Бизда-чи?  Бизда Хайриддин Султонов ва унга ўхшаш замонасоз, билимсиз, илмсиз кимсалар бор экан, Туркия даражасига етиш қийин.

 Президент Шавкат Мирзиёев ишга келгандан кейин Ўзбекистонда мислсиз ўзгаришлар бўлаяпти. Лекин бу янгиликларни туб томири билан эл-улусга етказадиган Исмат Хушев, Абдулҳамид Исмоил, Паҳловон Содиқ, Шароф Убайдуллаевлар қани? Нуқул такрорий шиор ленталарию Президентнинг мажлисларда жон куйдириб айтган гаплари хом-хатала йўсинда баён этилади. Мавзуларга оид мутахасисларнинг теран таҳлилий чиқишлари,оддий одамларнинг муносабатлари ёритилмайди. Битта-яримта ёритилса ҳам бўш, ҳиссиз, қалбаки.

Яқинда бир кўрсатув кўрдим. Нисбатан дуруст кўрсатув деса бўлади.Чунки, мавзу долзарб. Бу ўзбекларни кўпдан қийнаб келган муаммо-миграция муаммоси.

Шу ерга баъзи лавҳаларни киритишган,бу ҳам яхши. Лавҳаларнинг, суҳбатдошларнинг умумий йўналишидан шуни билса бўлади: қандай бўлса ҳам ўзбек йигит –қизларини четга чиқармаслик масаласи кўтарилган. Лекин, лекини бор. Бу эса менинг ғашимни келтирди. Нимага? Одамлар ҳали иш ва етарли маош билан таъминланмаган. Ейишга нони, кийишга кийими йўқ.Тамоқларигача қарзга ботишган. Бунинг устига ҳамма нарса қиммат, докторга ёки бирон ташкилотга ишингиз тушиб қолгудек бўлса, ҳаммаси пул билан битади. Пора билан битади.Кўрсатувда шу нарса, асосий нарса эътибордан четда қолган.

Кўрсатув баҳсида билдирилган яхши фикрларни, келтирилган аниқ фактларни инкор этмоқчи эмасман. Мен ҳақиқатга реал кўз билан қарашга одатланганман. Журналист қизнинг исми Зилолабону эди, адашмасам. Бу билан шу қизни танқид ўқимга учратмоқчи эмасман. Балки, у мамлакатимиздаги ишсизликнинг ҳақиқий аҳволи бўйича мутахасис эмаслигидан шундай катта муаммони сустлик билан ёритгандир? Мени ўқийдиганлар бу ҳақда менинг хатоимни топиб, бир қанча баҳсли ва реал ҳаётга мос бўлган кўрсатувларни келтиришлари мумкиндир, балки. Мен бундан хафа бўлмайман. Аксинча севинаман. Менинг туб мақсадим: кучли кўрсатувлар бўлишини истаганимдадир.

 Яна шу баҳсли кўрсатувга қайтсак. Баҳс юритадиганларнинг ичида: ”хорижда пишириб қўйганми, у ерда ёғли овқат еганингдан кўра, ўз уйингда ёвғон еб ўтирганинг яхши” дегувчилар ҳам бор. Бундай гаплар билан бировни айблаш осон. Бундай фикр билдираётганларнинг иқтисодий аҳволлари яхши бўлса керак, деб ўйлайман. Йўқса, улар бундай гап айтишдан ўзларини тиярдилар. Оч одамни оч одам тушунади. Бола-чақаси “нон” деб зор йиғлаётган инсонни тушуниш керак. Журналист шу нуқтага эътиборини қаратасагина унинг кўрсатуви, эшиттируви, ёзгани ҳаётий чиқади.

Мен бу ерда уч холис фикр ҳақида ўз нуқтаи-назаримни билдираман. Ёшгина, одмигина кийинган қиз чиройли қилиб, ишсизликни қандай бартараф этиш йўлини ўртага ташлади. Буни журналист тез илғаб олиши ва ўз муносабати орқали бошқаларни шунга жалб этиши керак эди. Лекин…

Қиз нимани таклиф этди? У мамлакатимиздаги кўпгина хонадонларнинг шахсий томорқалари бўш ётганлиги,  улардан фойдаланилса ўзларига ҳам, эл- улусга ҳам нафли бўлиши ҳақида ўринли сўзлади. Кўтарилган бу масала айрим касларга кичикдай туюлса ҳам, аслида катта масала. Қиз буни ўз томорқаларидан яхшигина даромад олишаётганини аниқ мисоллар билан баён этди. Сўнг шундай -деди: ”Юртимиз бўйича ҳамма ўз томарқаларига экин экса, бундан на фақат ўзлари, балки давлат ҳам наф кўради”

Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми қишлоқларда яшайди. Қизча тўғри айтди: қанчадан – қанча томарқалар қишин –ёзин бўш ётади.

Одамларнинг ўз ерларидан фойдаланмаслигини қоралаш керак. Шу масалани журналист атрофлича ўрганиб, катта кўрсатув қилса бўлади. Суратлар билан.

Мен қизга қўшимча қиламан. Ўз оиламиз, ўз томарқамиз мисолида. Биз томарқамиздан уч марта ҳосил олардик. Бунинг бошида болам-чақам, деб меҳнат қиладиган отам турарди. Отам бизни айнан ердан чиққан даромад ҳисобига боқарди. Деҳқончиликнинг турли- туман тадбирларини қўллаб кўрардилар. Ўзи эса орада бировларнинг иморатларини қуриб ҳам берарди. Отам шунчалик қаттиқ ишлаб қўярдики, қишлоқдошларимиз отам ҳақида: ”Меҳнатдан одам ўлса, ана Убайдулла тоға ўлар эди”, дейишарди. Отам ерга экин экибгина қўйди, бўлди, эмас, унинг ҳосили учун турли-туман усулларни қўллар эди.

Муаллиф: Гулзамон Акбар .

(давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Болаларни неча ёшдан бошлаб китоб ўқишга жалб қилиш керак?

Олимлар томонидан ўтказилган янги тадқиқот натижаларига кўра, ота-она ўз фарзандининг олти ойлик вақтидан бошлаб унда билим кўникмалари ва яхши хотирани шакллантириши мумкин. ...

Жанубий осетиянинг россия таркибига қўшилиши бўйича референдум ўтказилади

Бу ҳақда ўзини суверен деб эълон қилган республиканинг амалдаги президенти Анатолий Бибилов маълум қилди. У президентлик сайловларининг иккинчи босқичида рақиби Алан Гаглоев ...

Наргиза раҳимова динни ҳақорат қилмади. шошилиб хулоса қилиш керак эмас.

Бу жанжалдан мендан яхшироқ хабардор бўлсанглар керак. Жанжалли мавзуларда ягона ҳақ тараф бўлмайди, шунга ўзимни бу мавзулардан четда тутадиган бўлганман. Аммо Наргиза опани ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400