ЭВРИЛ ТУРОН: ҚИЛМИШИГА ЯРАША ЖАЗО

“Рустам Иноятов Ўзбекистон МХХ идорасини чорак аср давомида узлуксиз равишда бошқариб келганини, бу давр орасида мамлакатдаги адолатсизлик ва ноҳақлик, диёнатсизлик ва жабр-зулум, коррупция ва порахўрлик, сиёсий қотилликлар қамровини ҳисобга олсак, бу маъсулият ва жавобгарлик юз карра, минг карра ошиши мумкин”  (Исмат Хушев)

Исмат Хушев журналистнинг кучи ҳар қандай кучдан каммаслигини, ҳатто кўп ҳолда устунлигини амалда кўрсатди.

Бу пайтда ўзларини журналист, ёзувчи, шоир, олим билган  аксарият каслар ўз қобиқларига ўралган ҳолда юракларини чангаллаб юрган эдилар.

Замондан қўрқиб.

Тузумдан қўрқиб.

Қанчадан –қанчалари маддоҳлик, суллоҳлик, ялтоқлик билан ҳаром ердилар.

Одамер тузум ва унинг раҳномаларини кўкка кўтариб…

Исмат Хушев ўз жонидан ўз миллат, Ватанини авло кўриб, давлат ичида давлат қуриб олган, ”Дунё ўзбеклари” ибораси билан айтганда: ”Ўтда ёнмас, сувда чўкмас” МХХ раиси Рустам Иноятовга қарши курашди. Қилич биланмас, қалам билан курашди. Ўзбекистонни ғорат қилгани, бузуқ, булғанч, қонли ишлари, тоғ-тоғ мол –дунё ўмарганлари ҳақида 78 та мақолани унинг юрагига заҳарли ўқ қилиб отди. Оқибат: бу тенгсиз курашда Исмат Хушев ғолиб чиқди.

Шароф Убайдуллаев буни қаҳрамонлик деди.

Мавлон Умрзоқов буни жасорат деди.

Мен бу фикрларга қўшилдим. Сабаб: Исмат Хушев ўлим билан олишди.

Рустам Иноятов ўз қонхўр, порахўр генераллари билан (бутун куч ишлатар тизмлари, жумладан: республика прокуратураси ва ИИВи унинг қўлида эди) бирга калтабин Каримовни қўғирчоқ қилиб ўйнаб, Ўзбекистонни қул, мардикор ва фоҳишабозлик бозорига айлантирди.

Ўзбекистон бойлигини ўзлаштириш, элни бор- будидан айириш ва ишсиз, маошсиз қолдириш учун, мухолифат ва онгли кишиларни йўқ этиш учун, халқни оч, юпун, қўрқув ва аросатда сақлаш учун мамлакатни уруш ҳолатига келтирди: Портлатди, ёқди, қамади, бадарға этди, ўлдирди, қуллик гирдобига улоқтирди. Булар миллионлар эди.

Биргина Андижонинг ўзида чақалоқ, гўдак, бола, ёш, кекса… сон-саноқсиз бегуноҳ жонлар қирғин қилинди.Очликдан, хорликдан, зулмдан, ишсизликдан қанча-қанча йигит–қизлар мардикорликда нобуд бўлди, ўз жонларига қасд қилди, йўлларда, қамоқхоналарда ўлиб кетди. Буни ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ҳеч қачон, ҳеч нарса билан!!!

Ўзбекистон:

Қонга,

Ёлғонга ботрилди.

Ўзбекистон:

Туҳмат,

Коруппция ботқоғига ботрилди.

Бу даҳшатли фожиалар бошида:

Каримов,

Иноятов,

Мустафоев,

Алматов,

Қодиров,

Ғуломов,

Шарифхўжаев каби генераллар турадилар.

Бу рўйхатни минглаб жаллодларнинг номлари билан узайтириш мумкин.

Ўзбекни қон қақшатган қўллари қон бу каслардаги чексиз – чегарасиз бойликка:

Минглаб завод, фабрикалар,

Электр станциялар,

Каналлар,

Сув омборлари,

Шаҳарлар… қуриш мумкин.

Милион-милион танобдан иборат бўш ётган ерларни ўзлаштириш мумкин.

Одамерларга,

Харомерларга,

Элталарга шафқат қилиш-аждарҳога шафқат қилишдан минг марта ёмон.

Мен Шавкат Мирзиёевни илк президент бўлган кунидан бошлаб қўллаб келаяпман. Ўз мақолаларим билан. Хориждаги элпарвар йўлдошларимнинг ҳам унга қарши фикрларини яхши томонга ўзгартириб келаяпман. Ўз мактуб, сўзларим билан. Президентнинг мақтовга лойиқ ишларини шарафлайман. Бироқ Тошкент, умуман, юртни портлатишда, Андижон қирғинида, қамоқхоналарни ўлим лагерига айлантиришда бош-қош бўлган, Каримов салла ол деса, калла олган генерал Зокир Алматовни ИИВга қайта ишга келганини хайрли деб билмайман. Генерал Шуҳрат Ғуломовдан–да хавфли… Ундан-да ўмармаси зиёд… Алматовни кутилмаганда ИИВда пайдо бўлиши хосиятсиз ҳодиса. Мен билган одамларнинг ҳаммаси уни қоралаяпти. Мен Алматов вазир пайтида ИИВ зиндонида 5 ой (қонун бўйича 15 кундан ортиқ ер остидаги изаляторда ўтириш мумкин эмас) ўтирганман. Менга, менга ўхшаш сиёсий, диний маҳкумларга қарши даҳшатли қийноқларни қўллаган. Қанча ёшлар бу қонли ертўлада ўлдирилган. Алматовнинг дажжоллари бизни, яъни ўн минглаб ёзуқсизларни ашаддий туҳмат билан қамоққа олишган. Уй-жойларимизга, ишхоналаримизга, машиналаримизга, чўнтакларимизга

Варақа,

бомба,

героин,

гранат,

Тўппончалар тиқишиб…

Вақти келади, мен Алматов ҳақида муфассал ёзаман.

Ҳозир МХХ раиси Расул Иноятов тўғрисида сўзимни давом эттираман. Аниқроғи, Исмат Хушевнинг “Дев”нинг салтанати тугади, лекин савол-жавоблар тугамади… ”мақоласига ўз фикримни қисқа йўсинда билдираман. У буни совуқ эҳтирос, илҳом билан, кучли фактлар асосида ортиқча бўёқсиз, пухта, лўнда, ишончли битган. Эл-улусдан келган хатларни тўғри таҳлил этган. Авлиё, валилар башорат қилишга қодир дейишади. Бу нисбий тушунча. Менинг назаримда Исмат Хушев саволларга валилар даражасида фикр билдирган. Хатлардан узиндилар:

“Мирзиёев Иноятовни қамаш ўрнига уни ўзига давлат маслаҳатчиси қилиб олганини шахсан сиз қандай тушундингиз ва қабул қилдингиз, Исмат ака?”

                                                                         Отабек Тошев, Норвегия, Осла.

“МХХ раисининг айби йўқ экан-да, демак, яна давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган бўлса?”

                                                                  Фарҳод Шамсиддинов, АҚШ, Вашингтон.

“Иноятов қилган барча жиноятлари учун, ўғлим Улуғбек Эшовнинг дом-дараксиз йўқолгани учун жавоб берадими, йўқми, Исматбек?”

                                                                           Башорат Эшова, Швецария, Цюрих.

Исмат Хушев саволларга инкор этиб бўлмас далиллар билан жавоб қайтаради. МХХнинг собиқ раиси генерал полковник Ғулом Алиев ҳаётини мисол келтиради. Яъни унинг раисликдан четлатилгани, президент девонига маслаҳатчи бўлгани, аммо ишга чиқмагани, уй қамоғига олингани, кўр, хор бўлиб ўлгани ҳақида баён этади. Иноятовни ҳам ҳам шу қисмат кутади деган мазмунда ўзича башорат этади. Йўқ, уни ундан-да даҳшатли келажак кутаётганини ушбу сатрларга жо этади:

“…Шунинг учун ҳам беҳудуд қўрқув, азоб ва изтироблар уни (Иноятовни.Э.Т.) бирин-кетин ўз домига тортмоқда. Нега тортмасин? МХХнинг ишдан бўшатилган ва ҳибс этилган мулозимлари секин-аста сайрай бошлади. Ўзбекистоннинг чорак асрлик инқироз ва таназзули даҳшатларини шахсан унинг номи билан боғлашяпти. “Жаслиқ”дан чақирилиб, яна қайта сўроқ қилинаётган собиқ биринчи ўринбосари генерал ва қаҳрамон Шуҳрат Ғуломов ҳам, ака-ука Шарифхўжаевлар ҳам, куни кеча қамалган бошқа номдор генераллар ҳам ниҳоят унинг жиноятлари ҳақида гапира бошлади…”

“…Ҳали ўзбек мухолифатини ёлғон ва тўқима айблар, туҳмат ва бўҳтонлар билан ноқонуний тарзда хориж ва ҳибсга равона этгани, уларнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва рўзғорини бузиб, ёт эллар сари бадарға қилганлари ҳам очилади. Дунёнинг турли бурчакларида шахсан ўзи бош бўлиб амалга оширган ажиб сир-асрорли сиёсий ва иқтисодий қотиллик ва киллерлик тафсилотлари ҳам юзага чиқади, ошкор бўлади…

Мен талай ойдан бери ўзимча ном қўйганим- “Борса келмас орол”да, қозоқ еридан бир қадам берида, отсиз бир овлоқда Шовруқ Рўзимурод ҳақида эссе ёзаяпман. Ўрта юзйилликларидагидай ҳаётни бошимдан кечираяпман. Очун воқеаларидан узулган ҳолда. Кеча Тошкентга тушувдим. Ишбиларман Мамаёқуб Ҳамроевни озодликка чиққанлиги муносабати билан “Рокат” ресторанида ( Иқтисод фанлари доктори, профессор Мавлон Умрзоқов, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев) ўтирдик. Шунда гапдан–гап чиқиб, Шароф ака маъноли бир овозда деди:

  • Рустам Иноятов ҳали бир кун ҳам девонга ишга чиқмади.

Миямдан шу сўз “шувиллаб” кечди: “Исмат Хушев ҳақ. Тангри уни қилмишига яраша жазолайди. Қолган умри хор-зорликда ўтади”…

Муаллиф: Эврил ТУРОН

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сапарбай жубаев: ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини ўзи танлаши керак

Асли ўзбекистонлик, 2006 йилга қадар Ўзбекистондаги давлат ташкилотларида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган, айни пайтда ...

Чеченистонда эркаклар украинадаги урушга мажбуран юборилмоқда

Россиянинг Чеченистон субъектидаги эркаклар Украинадаги урушга мажбуран юборилмоқда. Бу ҳақда The Insider нашри у ерга жўнатилган чеченларнинг оилалари, маҳаллий ...

8 ойда ўзбекистонда 7439 та ёнғин содир бўлиб,  76 киши ҳалок бўлди

ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси республика ҳудудида 2019 йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида содир бўлган ёнғинлар статистикасини тақдим этди. Ёнғин хавфсизлиги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400