“Сурияга бордим” деган “ҳазил” учун 7 йил

Абдулвоси Абдураҳимов (ўнгда)

Жалолободлик Абдулвоси Абдураҳимов “ҳазил” ортидан умрининг маълум қисмини темир панжара ортида ўтказишга мажбур.

Мақола bbc.com сайтидан олинди

Жалолобод вилоят судида 26 февралга белгиланган суд мажлиси асосий гувоҳлардан бири олиб келинмаганлиги сабаб бошқа кунга қолдирилган.

Бу ҳақда Би-би-сига маълум қилган Абдулвоси Абдураҳимовнинг онаси Мадина Абдураҳимованинг сўзларига кўра, ўғли “Сурияга одам ёллаганликда” айбланиб, жорий йилнинг 10 январида Сузоқ туман суди томонидан 7 йилга маҳкум этилган.

У 2017 йилнинг сентябрида Жалолобод шаҳрига кираверишдаги айланма йўлда ўз автомашинасида ҳаракатланаётган пайтида хавфсизлик хизмат ходимлари тарафидан қўлга олинган.

Туркияга сафар, ундан нари…

Абдулвоси Абдураҳимов пул топиш мақсадида 2012 йилнинг 20 февралида Туркиянинг Истанбул боради. У ерда қариндошининг ёрдамида тикувчилик устахонасида иш бошлаган Абдулвоси, кўп ўтмай хасталаниб, касалхонага ётади. Амалиёт қилинганидан сўнг, то Қирғизистонга қайтиб келгунича, яъни 2013 йилнинг 15 сентябригача тиббий кўрикдан ўтиб туради.

Сузоқ туман суди қарорида айтилишича, айбланувчи Абдулвоси Абдураҳимов Истанбулда ишлаш жараёнида Сурия давлатига одам ёллаш билан шуғулланган Умар, Абдураҳмон ва Муҳаммад исмли шахслар билан алоқада бўлган. Улар Суриядаги жангларда “мусулмон биродарлар вафот этаётганлиги, уларга ёрдам бериш кераклиги ва бунинг эвазига кунига 500 доллардан ишлаш мумкинлиги” ҳақида гапирганлар.

Шунингдек, “Абдулвоси юқоридаги шахсларнинг даъватларидан илҳомланиб, “Исломий Давлат” мафкурасини қўллаб-қувватлаш ва моддий даромад орттириш мақсадида, 2012 йилнинг сўнгида Туркиянинг Сурия билан чегарасидаги назорат қилинмайдиган ҳудуддан қўшни давлатга ўтади. У ерда махсус тайёргарликдан сўнг, “Исломий давлат” террор гуруҳига алоқадор “Тавҳид ва Жиҳод Жамоати” сафига қўшилади. Бунинг эвазига эса, яшаш жой, озиқ-овқат, ҳамда қурол-аслаҳалар билан таъминланади ва 2013 йилнинг январида Туркияга қайтиб келади”, – дейилади суд қарорида.

Тергов ва суд жараёнларида айбланувчининг дўстлари Абдуқаюмов Давронжон, ҳамда Зухриддин ўғли Билолиддин асосий гувоҳ сифатида иштирок этиб, Абдулвоси билан ёшликдан бирга улғайиб, спорт билан шуғулланганликларини айтган. Улар ўз дўсти Сурияга бориб келганини айтиб, мақтанганини ҳам билдирган.

Бўлиб ўтган суд жараёнида, Абдулвоси Абдураҳимов ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, дўстларига Сурияга бориб келганини ҳазиллашиб, ёлғондан айтганини билдирган. Шунингдек, у тергов жараёнида қийноқларга солингани, босимлар остида қоғозларга имзо чекишга мажбур бўлганини ҳам маълум қилган.

Судланувчига қарши гувоҳлик беришга мажбурланган Ниёзбек Айдаров Абдулвоси билан 2013 йилнинг январь ойида Истанбулда танишган. У ҳам жорий йилнинг 26 январида “Сурияга одам ёллаш” айблови билан 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Яхши пул топиш илинжида Туркияга ишлагани бориб, бундай туҳматларга қолди, дея койинган Абдулвосининг онаси Мадина Абдураҳимованинг айтишича, тергов ва судда ўғлини Истанбул касалхонасида даволанганлиги ҳақида махсус қоғоз тақдим этганлар.

“Давлат айбловчилари ўғлимни Сурияга борди, деб иддао қилаётган вақтда, у Истанбул касалхонасида даволанаётган бўлган. Буни тасдиқловчи қоғозни уларга бердик, бироқ инобатга олишмади”,- дейди суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, ўғли Туркиядан қайтиб келганидан кейин бир неча маротаба Россияга ҳам бориб, ишлаб келган. Қачон, қаерга бориб келгани тўғрисидаги парвоз маълумотлари ҳам жиноий ишга илова қилинган. Аммо бу ҳам фойда бермаган.

“Ҳозир мен Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Женгизу Камил Фират жанобларига мактуб йўллаб, мурожаат қилдим. Туркия ҳукумати ўғлимни 2012 йилнинг 20 февралидан то 2013 йилнинг 15 сентябригача қаерларда бўлганлиги, яъни уларнинг чегараларини қачон ва қаерда кесиб ўтганлиги тўғрисида маълумот беришларини сўрадим. Агар ўғлим Сурияга борган бўлса, улар билишади-ку. Вилоят судида шу маълумот ўғлимни оқланишига сабаб бўлади, деб ўйлайман”,- дея умид қилади муштипар она.

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг 2017 йилнинг ноябрь ойидаги маълумотига кўра, Ироқ ва Сурияда давом этаётган жангларда иштирок этиш мақсадида 600 дан ортиқ қирғизистонликлар кетган. Улардан 70 нафари ҳалок бўлган ва 44 инсон ватанга қайтиб келган. Республика бўйича 185 одам экстремизм ва терроризмда айбланиб, қамоқда жазо муддатини ўтаётган бўлса, 152 фуқаро жиноий ижроия назоратига олинган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туҳмат тоши қурбони

Очилов Камол Рўзиевич 1964 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Шар-шар қишлоғида туғилган. У ЖИБ Қашқадарё вилоят судининг 30.06.04 й. кунги ноқонуний Ҳукми билан ...

Навқирон ёшдаги нимжон тил

Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Навқирон ёшга кирган бўлсаям, ўта нимжон. Куч-қувватга тўлолмаяпти. Халқаро тадбирларку нарёқда турсин, ...

Ўзбекистон банкларида одамлар сумкаларда пул билан навбатда турибди

Ўзбекистондаги банкларда одамлар сумкалар билан навбатда тургани айтилмоқда. Хабарингиз бор кеча, 20 августдан банклар аҳолига доллар сота бошлади. Шундан сўнг бугун ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400