Сапарбай Жубаев: Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини ўзи танлаши керак

Асли ўзбекистонлик, 2006 йилга қадар Ўзбекистондаги давлат ташкилотларида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган, айни пайтда Астанадаги Қозоқ технология ва бизнес университетида фаолият юритаётган иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент Сапарбай оға Жубаевни нафақат Қозоғистону Ўзбекистондаги, балки узоқ-яқин хорижий давлатлардаги иқтисодчилар, молиячилар жуда яхши танишади. Сапарбай оға шу кунга қадар дунёнинг бир неча ривожланган давлатларида илмий, ижодий сафарларда бўлган, Европадаги бир қатор нуфузли олийгоҳларда ёш авлод вакилларига иқтисодиёт фанидан сабоқ берган, маърузалар ўқиган. Қуйида Сапарбай Жубаев билан Ўзбекистон иқтисодиёти хусусида бўлиб ўтган суҳбатимизни эълон қилмоқдамиз.

— Сапарбай оға, бугунги кунда бир қатор иқтисодчи-экспертлар Ўзбекистон иқтисодиётида янги давр бошланди дейишмоқда. Соҳа мутахассиси сифатида бу фикрга нисбатан қандай муносабатдасиз?

— Ростдан ҳам янги Президент сайлангандан кейин Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Бундай ислоҳотлар сирасига иқтисодий ислоҳотларни ҳам киритиш мумкин. Масалан, 2017 йил октябрь ойидан бошлаб миллий валютамиз сўмнинг бир вақтда икки бароварга девальвация қилиниши, яъни сотиб олиш қобилиятининг 1 АҚШ долларига 4160 сўмдан 8100 сўмгача камайтирилиши алоҳида эътиборга молик иш бўлди.

Бу қарорни пул-кредит сиёсатида, яъни банк фаолиятини эркинлаштириш йўлидаги муҳим ҳаракат, деб қабул қилсак бўлади. Умид қиламиз, яқин келажакда валюта айирбошлашга доир масалалар барча фуқаролар — юридик ва жисмоний шахслар учун тўла-тўкис эркин бўлади. Бу омил мамлакатда тадбиркорликнинг эркин тарзда ривожланишига кенг йўл очиб беради. Бундан ташқари, валюта сиёсатини эркинлаштириш мамлакатга инвестиция жалб қилишнинг муҳим йўли саналади.

Яна бир эзгу ишлар сирасига қўшни қардош республикалар билан савдо ва тижорат ишларида қатор эркинликларга йўл берилаётганини, ўзаро инвестициялар жалб қилиш ишларини ривожлантириш масалалари ечим топаётганини ҳам киритишимиз мумкин.

Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқариш тажрибасини Қозоғистоннинг Қўстоной шаҳрида амалга ошириш чора-тадбирларини, яъни “Равон” русумли автомобиль йиғишни йўлга қўйиш режаларини ҳамда Тожикистонда ўзбек автомобилларини сотиш маркази очилишини айтсак бўлади.

Кичик ва ўрта бизнес вакилларига имтиёзли кредит бериш масалалари ҳам муҳим қадамлардан биридир. Бироқ бошланган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижалари бирданига эмас, яқин 2-3 йиллардан кейин маълум бўлади.

— Кўпгина иқтисодчилар келажакда Ўзбекистон ЕврОсиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши керак, деган фикр билдирмоқдалар. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон мазкур иттифоқ таркибига қўшилса, у ҳолда мамлакатимиз иқтисодиётида стабиллик кузатиларкан. Сизнингча, бу нечоғли тўғри?

— Албатта, бирданига кўп ўзгаришлар бўлади, деб кутиш нотўғри, чунки Ўзбекистоннинг иқтисодий модели ва ҳозирги вазияти ЕврОсиё иқтисодий иттифоқи давлатларидаги вазиятдан тубдан фарқ қилади. Масалан, иқтисодий иттифоқдош давлатларда эркин банк тизими ва эркин конвертация мавжуд. Иттифоқдош давлатлар орасида эркин савдо тизими, яъни бож тўловларисиз муҳит вужудга келган. Бу каби талабларга Ўзбекистон томон маълум вақт жиддий тайёргарлик кўриши керак. Ундан кейин аъзо бўлиш масаласи ҳақида гап юритсак бўлади. Ҳозир сал эртароқ. Менимча, Ўзбекистон томоннинг, энг аввало, Жаҳон савдо уюшмасига аъзо бўлиш масалаларини ҳал қилиши мақсадга мувофиқ. Бу борада экспорт ва импорт операцияларидан тушадиган бож солиғи Ўзбекистон бюджетининг муҳим даромад манбаи эканини унутмаслик керак.

— Яқинда таниқли иқтисодчи-амалиётчи Олламурод Исақулов билан иқтисодий мавзуда суҳбат уюштирган эдим. Суҳбат жараёнида домла Ўзбекистон қўшни Қозоғистондан олти баравар қашшоқ, деган фикрини илгари сурдилар. Биламизки, Сиз Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиётидан яхши хабардорсиз. Мутахассис сифатида бунга нима дейсиз?

— Мен бошқачароқ айтган бўлардим, яъни Қозоғистон очиқ инвестицион сиёсат натижасида Ўзбекистондан 5-6 баравар кўпроқ иқтисодий ривожланишга эришди. Бу Ялпи ички маҳсулотни жон бошига ҳисоблаганда яққол намоён бўлади. Ҳозирги кунда ЯИМ Қозоғистонда 9 минг АҚШ доллари бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1,5 минг АҚШ доллари атрофида.

Боз устига, бу кўрсаткич девальвация натижасида яна қисман камайди. Лекин яқинда расмий Ўзбекистон Россия, Хитой ва Жанубий Корея давлатлари билан катта миқдорда инвестицион битимларга имзо чекди. Бу эса, яқин кунларда ушбу кўрсаткичнинг яна қайта ўсишига умид уйғотади.

Агар Ўзбекистон аҳолисини электр энергияси ва газ билан йил бўйи узлуксиз таъминлаш масалалари ижобий тарзда ҳал этилса, у ҳолда мамлакатда тадбиркорликнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар вужудга келади. Бунинг натижасида ЯИМ кўрсаткичи ўсиши мумкин.

— Сапарбай оға, Сизнингча, ўзбекистонликларнинг Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга бориб ишлашларига қачон барҳам берилиши мумкин?

— Мен бу масалага бошқачароқ ёндошардим. Менимча, бу масалага узил-кесил барҳам беришдан кўра, эркин ишчи кучи бозорини шакллантириш йўлини қарор топтириш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ. Масалан, Олмонияда 5 миллионга яқин Туркия фуқаролари ишламоқда. Бунга эркин ишчи кучи бозорининг мавжудлиги, деб қарашимиз керак. Бизда ишчи кучи бисёр, асосан, ёш авлод кўп, Россияда эса ишчи кучи етишмайди. Бундай масалаларни ҳар икки давлат раҳбарлари ўзаро битимга келган ҳолда, цивилизацион йўл билан ҳал қилиши лозим. Бу тенденцияни тўхтатгандан кўра, аксинча ундан ҳар икки давлат самарали фойдалангани афзал.

Қозоғистоннинг асосан шимолий ҳудудларида ишчи кучи етишмайди. Менимча, икки давлат келишган ҳолда ана шу ҳудудларга ўзбекистонлик ёшларни ишга жалб қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш тўғри бўларди.

— “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати раҳбари Баҳодир Хон Туркистон ўзининг деярли барча чиқишларида давлатчилик сиёсатида биринчи навбатда сиёсий ислоҳот амалга оширилиши кераклигини, сиёсий ислоҳотларсиз қолган барча ислоҳотлар бефойда эканини кўп бора гапирадилар. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз? Сиёсий ислоҳот иқтисодий ислоҳотдан ҳам афзалми?

— Эсингизда бўлса И.А.Каримов давридаги 5 тамойилнинг бирида “Олдин иқтисод, кейин сиёсат” деган гап бор эди. Менимча, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар имкон қадар биргаликда олиб борилиши керак. Лекин, ушбу фикрга тўғри келмайдиган мисоллар ҳам кўп. Масалан, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликларида сиёсий ислоҳот тўғрисида мутлақо гап бўлмаган ҳолда иқтисодий ривожланиш яхши йўлга қўйилган. Шунинг учун ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини ўзи танлаши керак. Бу борада, албатта, дунё давлатларидаги ижобий тажрибалар эътибордан соқит қилинмаслиги даркор.

Қозоғистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларда Президентимиз Н.А. Назарбоев ташаббуси билан ижобий натижаларга эришилди. Ҳозирги кунда Қозоғистонда жамғарилган олтин валюта моддий маблағлари 100 млрд. АҚШ долларидан ошиб кетган.

— Қозоғистон иқтисодиётида жорий этилган ва синовдан муваффақиятли ўтган қайси тажрибаларни Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш учун тавсия қилиш мумкин?

— Мен Қозоғистондаги иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим тўртта асосий йўналишлари тажрибасини айтишим мумкин.

Биринчиси, Қозоғистонда очиқ инвестицион муҳит яратиш масаласи яхши ҳал қилинган. Айни ипайтда Марказий Осиё давлатлари учун жалб қилинган бутун чет эл инвестицияларининг 80 % и Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолган 4 давлатга эса, атиги 20% инвестиция келтирилган.

Иккинчиси, эркин пул-кредит сиёсатини амалга ошириш масаласи. Бу масаладаги энг муҳим нарса эркин банк тизимини яратишдир. Жаҳон банки Қозоғистон банк тизимини Европа давлатлари банк тизими даражасига тенг, деб эътироф қилган. Чунки Қозоғистондаги кўп банклар халқаро Рейтинг агентликларининг ВВВ+ рейтингига эга. Эркин конвертация ҳам эркин пул-кредит сиёсати натижаси ҳисобланади.

Учинчиси, Қозоғистонда эркин савдо ва ҳудудий иқтисодий бирлашмаларга аъзолик масаласи яхши натижа бераяпти. ЕврОсиё иқтисодий иттифоқига, Жаҳон савдо уюшмасига аъзо бўлиш орқали Қозоғистон катта самарадорликларни қўлга киритди.

Тўртинчиси, лекин, энг муҳим омиллардан бири, ишлаб чиқариш воситаларини хусусийлаштириш масаласи ижобий ечим топган. Масалан, Қозоғистондаги энг катта металлургия комбинати Буюк британиялик ҳинд миллиардери Лакшми Миттал томонидан сотиб олинган. Бу орқали нафақат бюджетга катта миқдорда маблағ туширишга, шу билан бирга, мазкур металлургия комбинатини замон талабига жавоб бера оладиган илғор технология ва замонавий бошқарув менежменти билан таъминлашга ҳам эришилган. Бу эса, энг асосий ижобий натижа саналади. Шунга ўхшаш мисолларни яна кўп келтириш мумкин.

Электровоз ишлаб чиқариш заводи, “Тальго” тезюрар поездини ишлаб чиқариш заводи, Атом электр станциялари учун тайёр уран ёқилғисини ишлаб чиқариш комбинати, вертолетлар ишлаб чиқариш бирлашмаси ва ҳакозо ишлар ҳам мисол бўла олади. Эътироф этиш керакки, буларнинг ҳаммаси хусусий ишлаб чиқариш корхоналари саналади. Биз чет эл инвестицияси фақат хусусий корхоналарга яхши технология ва самарали менежмент билан келишини асло унутмаслигимиз керак.

Сапарбай оға, самимий суҳбатингиз учун ташаккур. Фурсатдан фойдаланиб, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати ҳамда “Mulkdor” сайти жамоаси Сизни бугунги таваллуд айёмингиз билан чин қалбидан табриклайди. Сизга мустаҳкам соғлик, метин ирода, оилавий бахт, фаровон турмуш, иқтисодий, молиявий соҳаларда олиб бораётган илмий ва ижодий ишларингизда улкан ютуқларни қўлга киритишингизни тилайди.  

Суҳбатдош: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хушхабар! сиёсий тутқун исроилжон холдоров озодликка чиқди

Муҳолиф сиёсатчи маҳбус Исроилжон Холдоров Тошкент вилоятида жойлашган 64/68-сонли колониядан озод этилди. (more…)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси тоҳир малик 73 ёшида оламдан ўтди

Тоҳир Малик «Ленин учқуни», «Гулистон», «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» таҳририятларида фаолият юритган. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби бўлиб хизмат қилган. Ёзувчининг биринчи ...

Ақшнинг қуддус ҳақидаги қароридан кейин исроилдаги тартибсизликлар: 30 дан ортиқ яраланганлар бор

Қуддусда АҚШнинг бу шаҳарни Исроилнинг пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарорига нисбатан фаластинликлар қаршилик сифатида ўтказаётган намойишларда тартибсизликлар бошланди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400