Юлдузли тунлар-20

3

Тандирдан узилган нонларни қопга солиб чиқиб очларга улашаётган навкарлардан бири — Тоҳир эди. Аввал у ҳам: «Менга найза санчиб, онамнинг ўлимига сабаб бўлган ёғийларга хизмат қилгани келганми мен?!» деб аччиқланди-ю, лекин увада кийинган, бўйинлари қилтириқдай бўлиб қолган оч ўсмирларга, чолларга, аёлларга кўзи тушганидан кейин ҳовури босилди. Ичкаридан ола қопда иссиқ нон кўтариб чиқар экан: «Балки бу аёлларнинг орасида Робия ҳам бордир?— деб ўйланди. — Ёки Робияни кўрган-билганлар учраб қолар?»


Тоҳирнинг бошида тулки телпак, эгнида почапўстин, сўнгги ойларда мудом отлиқ юриб, қадам олиши хийла ўзгарган. Узангига ўрганиб кетган оёқлари ерда аввалгидай равон одимлай олмайди. Аммо қўллари чавандозча бир чаққонлик билан қопга тез тушиб-чиқади.
Кўзлари лўқ очлар Тоҳирнинг ўзини эмас, нон улашаётган қўлларини кўришади, холос.
Уларнинг кўпи имиллаб, кичик-кичик қадам ташлаб жуда секин ҳаракат қилишади. Йўлларида кичкина ариқ ёки дўнглик учраб қолса, ўтолмай тўхтаб қолишади. Бақувватроқлари суяб, кўмаклашиб ўтказиб қўйишади.
Тоҳир одамларнинг ҳар бирини синчиклаб кўздан кечиради. Наҳотки уларнинг орасида Робияни кўрган-билган бирорта одам бўлмаса?
Ана, бир аёл тўн ёпиниб, ярим ўгирилиб турибди. Тоҳир унинг ёнидаги кампирга қараб:
— Холалар, ораларингда андижонлик ёки қувалик аёллар борми? — деб сўради.
Кампир тожикча талаффуз билан:
— Ундоқлар йўқ, айланай, — деди.
Тоҳир юзлаб марта айтган сўзларини такрорлаб:
— Синглимни излаб юрибман, — деди. — Султон Аҳмад мирзонинг аскарлари Қувадан олиб қочиб кетганига тўрт йил бўлди.
— Бечора! — деб қўйди кампирнинг ёнидаги аёл.
Нарироқда нонга кўз тикиб турган бир киши сабр-сизланиб йўталди. Тоҳир нон улашишда давом этар экан, ўттиз беш ёшлардаги, сийрак малла мўйловли новча бир кишининг қаршисида тўхтади.
— Сиз илгари навкар бўлганмисиз?
Юзи шишинқираган бу одам хавотирли товуш билан:
— Ҳа, — деди.
— Қачон?
— Кўп жил бўлди.
— Андижонга борганмисиз?
— Жўқ… берироғидан қайтканмиз.
Бу одамнинг талаффузи ўшанда Робияни қопга солиб олиб кетган «жўқ»чи йигитларни эслатди-ю, Тоҳирнинг вужуди қалтираб кетди. Эҳтимол, бу ўша босқинчиларнинг биридир?
Тоҳир орқасига ўгирилиб, новвойхона томонда турган шеригини чақирди. Қопнинг тагида қолган нонларни унга берди-ю, малла мўйловли кишини билагидан олиб бир четга бошлади. У одам қўрқувдан бўшашиб, каловланиб, тўхтаб қолди:
— Укажон, мен бир бечора одамман! Мени қўйиб жубаринг! Нонға келиб эдим… Нонға!…
Тоҳир калаванинг учини шу одам топиб бериши мумкинлигини сезиб, мулойимроқ гапиришга тиришди.
— Нон оласиз. Сизга кўпроқ нон берамен. Менга ростини айтинг. Султон Аҳмад мирзога навкар бўлганмисиз?
— Бўғанмен.
— Андижондан беридаги Қуванинг кўпригидан ўтганмисиз?
— Қайси кўприк? Синиб кетиб, бизни хароб қилған кўприкма?
— Худди ўзи! — деди Тоҳир ғазаб аралаш қувонч билан. Мана, ўша босқинчи! Тоҳир унга ҳозир ханжар урса бир аламдан чиқар эди. Аммо Робия нима бўлади? Буни ўлдирса, Робияни кимдан сўроқлаб топади?
Тоҳир малла мўйловли йигитни ёқасидан олиб қаҳр билан силкитди:
— Робия қани? Айт тезроқ!
Очликдан дармони кетиб, зўрға юрган йигит Тоҳирнинг силталашидан тўкилиб, парчаланиб кетадиганга ўхшарди. У нафаси ичига тушиб:
— Қа-қайси Рокия? — деди.
— Рокия эмас, Робия? У қизни Қувадан олиб қочиб қаёққа олиб бордиларинг? Ҳозир қаерда?
Ростини айтмасанг, каллангни оламен! Айт!
— Ука! Укажон! Мен Робия деган қизни кўрганим жўқ. Ўлдирсанг, майли, ўлдир, лекин мендан бекорга гумонсирама, ўшанда мен қиз обқочадиган аҳволда эмас эдим. Туғушган укам кўприкдан жиғилиб, сувға оғиб ўлди. Қамишларнинг орасидан уч кун қидириб ўлигини тополмадим. Балчиқ жутиб кетган экан.
Тоҳир ўша кўприкни ўзи бузганини эслади, малла мўйловли йигитнинг кўзлари ёшланганини кўрди-ю, унинг ёқасини қўйиб юборди.
Робияни қопга солаётган «жўқ»чи йигитлардан бири иккинчисини «Жуман» деб атагани Тоҳирнинг ёдида қолган эди. У қаршисида кўзлари мўлтираб турган одамга тикилиб:
— Отинг нима? — деди.
— Отим Мамат.
— Маматми ё Жуманми?
— Ука, ишонмасангиз, мана шу маҳалланинг одамларини чақириб сўранг. Отим Маматлигини ҳамма билади. Ўзим кўнчи косибман.
Тоҳир ўзича ўйланди: «Агар укаси Қувада балчиққа ботиб ўлган бўлса, бу ҳам менинг гирибонимдан олишга ҳаққи бор!» Шу ўй таъсирида Тоҳир жаҳлидан тушди. Маматга яна «сиз»лаб гапира бошлади:
— Жуманни билармидингиз?
Мамат пешонасини ушлаб, ниманидир эслашга тиришди:
— Тўхтанг, тўхтанг, Жуман маймоқ деганимиз бўлар эди. Шериклари билан ўша ёқдан иккита қиз обқочиб келган, деб эшитиб эдим.
— Самарқандга олиб келганми?
— Қизларними? Бунисини билмадим. Ўратепанинг нарёғида Оқсув деган сой бор. Оқсувга жетганимизда подшомиз ўлиб қолди. Ўшанда бир алғов-далғов бошланди, мана ҳалигача босилмайди. Навкарлик ҳам жонимга тегди, бўшаб кетдим.
— Жуман маймоқ ҳозир қаерда?
— Билмадим-ов. Уч-тўрт жилдан бери кўрган эмасмен. Баттарин жигит эди, ўлиб кетдима ё бошқа подшонинг хизматига ўтиб кетдима. Подшо ҳам кўп-ку. Тошкентда Маҳмудхон дегани, Туркистонда Шайбонийхон дегани, Ҳисорда яна бирови.
— Бу подшоларнинг уруш-жанжаллари бошларидан қолсин! — деди Тоҳир куюниб. — Сиз бир косиб бўлсангиз. Мен бир деҳқон эдим. Келиб-келиб биздай заҳматкашларни бир-биримизга душман қилиб қўйган замонанинг уйи куйсин!
Мамат Тоҳирнинг ханжар изи қолган юзига энди ботиниброқ қаради:
— У қиз кимингиз бўлар эди, ука? Синглингизмиди?
— Кўзимнинг оқу қораси эди!
Мамат гап нимадалигини фаҳмлаб, Тоҳирга хиёл ҳайратланиб тикилди. Сўнг унинг армон тўла кўзларини кўриб, бу йигитга ўзини алланечук яқин сезди ва унга тасалли бергиси келди:
— Худо хоҳласа, товилади! Менинг таниш-билишларим кўп, ука. Сўроқлайман. Хотинимга айтаман. Аёллардан суриштиради.
Маматнинг астойдил ёрдам бермоқчи эканини сезган Тоҳир уни енгидан олди-ю:
— Бу ёққа юринг, — деди. Маматни новвойхонанинг йўлагига олиб кирдида, ичкаридан тўртта нон олиб чиқди.
— Олинг! Сиз бу ерга нонга келган эдингиз.
Мамат нонларни титроқ қўллари билан олиб, қўйнига тиқди. Иссиқ буғдой ноннинг ҳиди ва тафтидан оғир-оғир нафас олиб, устма-уст ютинди. У ҳар қанча оч бўлса ҳам Тоҳирнинг олдида дарҳол нон кавшашдан ўзини тутди. Фақат ноннинг ҳидидан маст бўлгандай эзма-ланиб гапира бошлади:
— Нондай азиз бўлинг, ука. Биз кўрган кунларни ҳеч кўрманг. Қўлдан берганга қуш тўймас.
Жотиб жесанг бу нон икки кунга ҳам жетмайди. Лекин мен шунинг кучи билан қишлоғимга жетиб оламан. Ана у товнинг орқасида оға-иниларим бор. Биз ўзбекнинг қўянқулоқ уруғиданмиз. Қишлоғимга жетиб борсам, бир-икки қоп ғалла товиб келаман. Лекин бўш қоп тик турмас экан, ука. Битта чўбир отим бор эди, кузда сўйиб жеб қўйдик. Пиёда кетай десам, оч одам товда жиғилиб совуқда қотиб ўламан, деб қўрқдим. Мана эн-ди қўрқмасам бўлади…
— Мен сизни қаердан топамен? — деди Тоҳир унга аввалги ваъдасини эслатиб.
— Кўнчилик гузарида уйим бор. Мамат полвон десангиз, ҳамма билади. Бир вақтлар полвон эдик, ука. Мана энди гавдамизни зўрға кўтариб журибмиз.
— Эсингизда бўлсин, қизнинг оти Робия.
Мамат полвон бу номни бир-икки такрорлаб хотирасига жойлагач:
— Агар хабари чиқса, сизни қаердан товаман? — деди.
— Қосимбекнинг навкаримен. Отим Тоҳир.
— Хўп, Тоҳирбек, мен сизни қидириб товамен. Бизнинг одамлар сизга жаманлиқ қилган бўлса, сиз менга жахшилиқ қилдингиз. Бу жахшилиғизни албатта қайтараман. Хайр!
Тоҳир унинг орқасидан қараб қолди. «Қувада укасининг балчиққа ботиб ўлганига мен сабабчи бўлганимни билса нима қиларкин?» деб ўйланди.
Мамат эса нарироққа бориб шоша-пиша қўйнига қўл тиқди-ю, иссиқ нондан бир бурда узиб олиб, тез оғзига солди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Абашидзе григол григорьевич

АБАШИДЗЕ Григол Григорьевич -грузин ёзувчиси. Грузия ФА академияси (1979). Дастлабки шеърлари 1938 йилда матбуотда эълон қилинган. Илк поэмаси «Қора шаҳарда баҳор» 1938 йил, ...

Юлдузли тунлар-57

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ...

Чингиз айтматов:қиёмат 50-қисм

Олмаларни  дорилаш,  уларга  баҳорги  ишлов  беришга  бир  кун  вақти  кетди.  У  қишлоқдан чаққон бир йигитни топди. У ҳақ эвазига ҳаммасини тез қилиб берадиган бўлди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400