МХХ энди ДХХ: фақат номи ўзгардими?

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) сифатида қайта ташкил этилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармонини имзолади. Аммо, таҳлилчиларга кўра, қарорда янги хизматнинг аввалгисидан фарқ қилишига кўп ишора берилмаган.

Мақола Би-би-си сайтидан олинди

Би-би-си Лондонда фаолият юритувчи сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовдан ДХХ МХХдан қандай фарқ қилади, деб сўради.

Илҳомов: Агар номидан бошласак, аслида деярли ҳеч қандай янгилик йўқ. “Миллий” сўзи “Давлат” сўзига ўзгартирилди. Дунё тажрибасида бу икки сўз айни маънони беради – “миллий” сўзи ишлатилганда, маҳаллий муаммолардан, масалан, вилоятлар ё туманлардаги масалалардан айри нарса, айнан давлатга оид масалалар тушунилади. Шундай экан, жаҳон тажрибасида “миллий” дегани “давлат” дегани. Ҳуқуқий томонига келсак, бу ўзгаришни бутун идорани ислоҳ қилиш чораси, хусусан барча ходимларни ишдан бўшатиш, ва янги одамларни ишга олиш чораси деб кўриш мумкин.

Ходимлар таркиби бутунлай ўзгаради, деб ўйлайсизми?

Илҳомов: Ҳеч бўлмаса, шуни қилишга имконият туғиляпти. Мен бу қарор мазмунини шунда кўряпман, бўлмаса, ўзгариш ҳақидаги бу бошоғриқлар кимга керак? Қарорда нафақат номни ўзгартириш, балки идорани ўзгартириш ҳақида айтилган. Демак, афтидан ходимларни бўшатиш ва янги таркибни йиғиш ҳақида гап кетяпти. Лекин, ўйлайманки, амалда, идора ўша қароргоҳда қолади ва эски ходимлар қайтадан ишга олинади. Фақат раҳбарият янги тайинланди. Қарорда келтирилган мақсадларга қарасак, у ерда конституцион тизим ҳимояси, ташқи ва ички таҳдидларга қарши кураш ҳақида айтилган. Савол туғилади: бу ҳимоя ва таҳдидлар қандай талқин қилинади? Масалан, конституцион тизимни танқид қилсангиз, айтайлик, президентликдан парламент тизимига ўтишга чақирсангиз, ёки қандайдир нуқсонларни ёритсангиз, буни ҳам конституцион тизимга таҳдид дея талқин қилиш мумкин ва бунинг асосида кимнидир яна репрессия қилиш мумкин. Ўзбекистонда охирги 25 йилдан ортиқ давр ичида конституцион тизимга таҳдид учун 159-модда қўллаб келинди. Тушунаман, агар кимдадир куч билан ҳукуматни ағдариш нияти бўлган бўлса, бу бошқа масала. Лекин, конституцион тизимни ўзгартиришга чақириқлар – мавҳум масала. Ички таҳдидлар масаласи ҳам қандай талқин қилинади? Агар ички режимни танқид қилсангиз, бу ҳам ички таҳдид дея талқин қилинадими? Ҳаммаси талқинга боғлиқ бўлади. Лекин, амалда кўп нарса ўзгармайдиган кўринади. Жиноий кодекснинг 159 ва 244 моддалари, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан, бемаъниликдир. 244-моддада жамоатчилик тартибига таҳдид назарда тутилади, демак ҳар қандай танқидни шундай таҳдид деб талқин қилиш мумкин. Агар мана шу моддалар йўқ қилинмаса, янги Давлат хавфсизлик хизмати уларни қўллашда давом этади.

Яъни эски МХХнинг сиёсий полиция ролида амал қилиши давом этиши мумкин?

Илҳомов: Ҳа, бу давлат ичидаги давлат эди. Ҳозирча мен бунинг ўзгаришига ҳеч қандай ишора кўрмаяпман. Қайсидир мутассаддиларнинг ишдан олинишига қарамай, идоранинг скелети сақланиб қоляпти. Улар қўллайдиган моддалар, яъни ҳуқуқий база ҳам сақланиб қоляпти. Шундай экан, янги ДХХ тез орада қайта куч йиғиб, эски шаклига қайтиши мумкин. Агар реал ислоҳотлар қилинмаса.

Шу пайтгача МХХ ваколатлари тўғрисида омма қўлида ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди, лекин энди ҳеч бўлмаса президент қарори бор. Шундай бўлса-да, аввалги МХХ тажрибаси билан солиштирсак, бу қарордаги ваколатлар ҳеч қандай фарқ қилмайди. Сиз қандайдир янгилик кўрдингизми?

Илҳомов: Йўқ, қарордаги ваколатлар – эски ваколатлар. Ички таҳдид, конституцион тизимнинг ҳимояси ва ҳоказо. Аниқ изоҳ берилмаган, қандай таҳдидлар ҳақида гап кетяпти? Таҳдид бу ҳукуматни мажбурий ағдариш ҳаракатими ёки оддий танқидми?

Сизнингча, Президент Шавкат Мирзиёев ҳақиқатдан ҳам МХХни ўзгартиришни ҳоҳлайдими, ёки фақат ўзи истаган шахсларнинг бу идорани бошқаришиними?

Илҳомов: Иккита версия бор. Биринчисига кўра, бу кланлар ўртасидаги кураш. Яъни унга кўра, Мирзиёев Рустам Иноятов ва унинг кадрларини мамлакатдаги сиёсий муҳитга таъсир ўтказишда ўзининг рақиби деб кўрган, бу идора гўёки унинг яккаҳокимлигига раҳна солган. Ислом Каримов ҳам кимнидир потенциал рақиб деб кўрса, дарҳол четлатарди ва ўзига вафодорларни сақлаб қоларди. Иккинчи версияга кўра, Мирзиёев ҳақиқатдан тубдан ислоҳотлар қилиш ва мамлакатни замонавийлаштиришни истайди, аммо кимдир унга тўғаноқ бўляпти. Бу “кимдир”, гўёки, Иноятов бўлган. Уни четлатиш билангина Мирзиёев энди ҳақиқий ислоҳотларни бошлаши мумкин, бу версияга кўра. Буларнинг иккисининг тасдиғини энди кўрамиз. Ҳозирги қарор ё у ё бу версияни қўллаб-қувватламаяпти. Яхшиямки, энди қандайдир ҳужжат бор, лекин у ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш бўлишини кафолатламайди.

Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири коррупцияга қарши кураш ҳақида. Лекин, бу МХХ мамлакатдаги энг коррупцияга ботган идора бўлгани ҳаммага кундек аён. Президент Мирзиёевнинг ўзи уларнинг ходимларини ўғри деб атади, улар рэкет ва рейдерликда айбланяптилар. Қандай қилиб бу ташкилотга, янги ном олса ҳам, коррупцияга қарши кураш ваколатини ишониб топшириш мумкин?

Илҳомов: Гап шундаки, бу қарорда “давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид соладиган коррупция” деб айтилган. Яъни, бутун коррупция ҳақида гап кетмаяпти. Чунки авваллари МХХ коррупцияга қарши кураш ваъжи билан истаган идорасига кириб бориб, амалда уни назорат қиларди. Улар бу баҳона билан кимнидир ертўлага тиқиб, қийноқларга солиб, товон пулини шилиб олиб, кейин озод қилишарди. Бу қип-қизил рэкет. Энди эса “давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид соладиган коррупция” деганда айнан нима назарда тутилаётганини айтиш қийин. Масалан, миллий сирларнинг сотилиши бўлиши мумкин. Ёки Ўзбекистон чегаралари орқали қуроллар олиб кирилишига кўз юмиш билан мамлакат хавфсизлигига таҳдид қилиш назарда тутилар. Масалан 2013 йил Кенияда коррупция туфайли, аниқроғи террорчиларга паспортлар сотилиши туфайли савдо марказида йирик террор ҳужуми уюштирилган, чунки ҳужумчилар бу сохта паспортлар билан мамлакатга кириб олишга муваффақ бўлишган. Агар мана шундай ҳолатлар кўзда тутилган бўлса, унда коррупция ва миллий хавфсизлик ўртасидаги боғлиқликни кўрса бўлади. Яна айтаман, бу ваколатлар ўз чегараси доирасида сақланиб қолиши керак ва ДХХнинг яна барча идоралар ишига аралашишига олиб келмаслиги керак.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Самарқандда бир оиланинг 5 нафар аъзоси ўлдирилиб, уларнинг жасади машина ичига ташлаб кетилди

Самарқанд вилояти Иштихон тумани Чимқўрғон маҳалласида яшовчи оиланинг 5 нафар аъзоси — эр-хотин, икки ўғил ва бир қизни ваҳшийларча ўлдириб, Қўшработ тумани Боқи қишлоғида ...

Туркманистон ҳукумати аёлларнинг сочларини қисқартиришни ва бўяшни тақиқлади

Туркманистон ҳукумати аёлларнинг ташқи кўриниши устидан назоратни кучайтирди. Бу чора аёлларга сунъий тирноқ, киприк қўйиш ва ботокс қўйишни тақиқловчи қонун қабул ...

Украинадаги уруш: россия қўшинлари чиқиб кетган ҳудудлардаги ҳозирги вазият

Бугун Украинада уруш бошланганига 39 кун бўлди. Украина расмийларига кўра, Киев вилоятидан барча рус қўшинлари олиб чиқиб кетилган. Россия қўшинлари ташлаб кетган Киев ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400