Эврил ТУРОН: Қутулиш (баллада)

Туркчи йўлдошим

Турсун Йилдиримга

                                                             CЎЗ БОШИ

Олтмишинчи йиллар боши. Ғарбий Украина ( танкчилар қисмида)да ҳарбий хизматни ўтадим. Ўша замонда Ефремов ( Россия , Тула ўлкаси) шаҳрида Бутуниттифоқ Комсомол қурилиши ( Кимё комбинати) кетаётган эди. Мен танк командири сифатида ўз экипаж аъзоларим ( Леонид Вайсбух, Анатолий Евсеев, Хуррам Ҳоқон) билан кенгашдим. Уч йил давомида бир – биримизга меҳримиз сингган эди. Ажрашгимиз келмади. Комсомол йўлланмаси билан Ефремовга бордик. Бизни ётоқ билан таъминлашди. Сантехник ўлароқ иш бошладик.

Бунда турли миллат йигит – қизлар пўртона мисол қайнаб – тошарди. Ҳаёт ранг – баранг, завқли, зиддиятли, аммо барибир гўзалдай туюларди. Зерикишга вақт йўқ . Ҳар хил спорт секциялари, ҳар хил тўгараклар… Клубларда танцалар, туман ўйинлар… Мен кечки мактабда ўқиш билан бирга боксга ҳам қатнашардим. Чемпион бўлишга эмас, ўзимни омонсиз муштлашувлардан сақлашга.

Муштлашувлар миллатчилик, бир – бирини камситиш, қизларни рашк қилиш сабабли юз берарди. Айрим ҳолларда пичоқлар ҳам ишга тушарди. Кўпинча рус шовинистлари томонидан, ерини , қизларини қизғанардилар. Бундай ҳолларда оғизлари ахлатхонага айланарди:

“ Келгиндилар!”

“ Чучмеклар!”

“ Чуркалар.”

Бироқ шовинистлар чеченларга оғиз очишолмасди. Улар шафқатсизликда тенгсиз эдилар:

Аждарҳо мисол.

Ўлимдан қўрқмасдилар.

Арслон мисол.

Адолатда беқиёс эдилар:

Кўк турклар мисол.

Байрам кунлари қарағайзор ўрмон ва “ Красивая Меча” дарёси оралиғида ястаниб ётган ям – яшил ялангликда турли спорт мусобақалари ўтказиларди. Жумладан, бокс ҳам. Унга мен ҳам қатнашардим. Баъзан ютардим, баъзан ютқазардим. Иван билан жангда, адашмасам, иккинчи раундда накдаунга учрадим. Шу он қулоғим остида ўзбекча овоз янгради:

–Ғурурни сақла!

Тур!

Ортда Ватан!..

Мен умримда биринчи марта ОНА ТИЛИМ қудратини ҳис қилдим.

Она тилим қудрати!..

Менга унинг олдида тўфон ҳам ожиздек туюлди.

Вужудимда олдинлари туймаганим – аллақандай ғайри-табий куч туйдим. Бунинг таъсирими ё бошқами, билмадим, юрагимда ҳам ишонч пайдо бўлди. Энди мен ҳар қандай ёвни енгишга қодирдай эдим. Қалқдим!

Бонг.

Бокс.

Жанг.

Мислсиз шиддат билан чопулга кирдим.

Сезгим алдамаса, Иван довдиради, кўзида қўрқув, умидсизлик акс этди. Зарбаларга чап бера – бера бориб, бирдан энгашдим ва унга устма – уст апперкот бердим.

Қулади.

Накаут!

Рингдан чиқишим билан мени икки ёш қарши олди. Узоқ кўрмай кўришган йўлдошларимдек қучишди. Бир пасдан сўнг билдим: йигитнинг оти Билгир Арслон, қизники Валентина Катвитская экан. Дўст тутиндик.

Дарё бўйлаб юрарканмиз, Билгир ўзи ва Валентина ҳақида икки оғиз сўз айтди:

-Мен Самарқандга яқин – Турк қишлоғида туғилганман. Валентина Варшавада. Москва университетини битирганмиз. Кимё тармоғи бўйича. Йўлланма билан Ефремовга келганмиз. Турмуш қурганмиз. Қариб – чириб қолган бир кампирнинг уйида яшаяпмиз. Ижарада. Кўнглинг тусаган дамларда бизникига келиб тур. Пришвин кўчаси, 21 уй.

-Раҳмат, ака.

-Тортинма.

Мен деярли ҳар бозор куни Билгирлар хонодонига борардим. Турли мавзуда суҳбат қурардик. Шахмат ўйнардик. Баъзан домино. Билгир кенг билими билан мени тўлқинлантирарди. Валентина полякча қўшиқлари билан. Икковида ҳам миллий ғурур кучли эди. Балки, шу нарса улар аро севги ўтини ёққандир? Мен уларга ҳавас қилардим.

Дўстлигимиз тобора томир отиб борди. Билгир талабалик даврида, адашмасам, иккинчи курсда ўқиётганида “ Қутилиш “ партиясини тузади. Яширинча. Уни ҳатто дўстларидан ҳам сир тутади. Фақат бундан илдиз- илдизигача синалган йўлдошлари айро эди. Ҳатто “ Қутилиш “ни КГБ ҳам билмайди. Табиийки, аъзоларини ҳам. Аммо гумон қилади. Шунга, ҳар эҳтимолга қарши қармоқ ташлаб қўяди…

Мен “Қутилиш”нинг иккигина аъзосини танирдим. Бошқасини йўқ. Улар бир–бирларини билмаган ҳолда ҳаракат… қилардилар. Тан олиб айтаман, “Қутилиш“ Йўриғидан қаттиқ таъсирланганман. У маълум маънода менинг ҳаётимда бурилиш ясаган…

Билгир КГБ ўзини зимдан кузатаётганини сезади. Юрагига ғулғула тушади. Бевақт ўлишни, айниқса мақсадига етмай ўлишни истамайди. Валентинага ёрилади… У Билгирга қуйидагича маслаҳат беради:

–Варшавада холам яшайди. Бой. Сўққабош. Уни нуфузли танишлари бор. Сен улар кўмагида истаганинг – Туркияга ўтасан. Йўлга туш. Сездирмай. Мени ўйлама. Кўзим ёригандан кейин изингдан бораман.

Билгир яширинча поездга чиқади. Купьега номаълум кишилар киришади. Уни ўлдириб, жасадини ташқарига отишади.

Мен бундан узун замонлар ўзимга келмай юрдим. Валентина кўп куйди. Озиб – тўзиб кетди. Шунгами, ой – куни тўлмай туғди. Ўғил. Исмини Билгир қўйди. Гўдагига овунса ҳам, бир қадар тақдирига тан берса ҳам, кўзидаги нафрат сўнмади. Аксинча алангалади. Бир куни йиғлай – йиғлай менга дардини айтди:

-Энди қолган умрим, билим, кучимни ўғлимнинг тарбиясига бағишлайман. Уни отаси изидан боришини истайман. Бировнинг юрти ватан бўлмайди. Полшага кетаман. Сен ҳам Туркистонга қайт. Бу ер хавфли…

Куз кунларининг бирида мен Валентина Катвитскаяни Москвага, Домодедова ҳоволанига кузатиб қўйдим. У ўғилчасини бағрига босиб, Варшавага учди. Соғ – саломат ерлагани ҳақида менга телеграмма юборди.

Ефремовдан совудим. Кўнглимга қўрқув ин қурди. Изимда одам бордай туюлаверди. Ҳатто тушумда ҳам сариқ махлуқлар таъқибидан қутилмадим. Шу сабабли Билгир Арслоннинг ҳокини олиб, айланма йўллар билан юртимга қайтдим. Шошганимдан айрим нарсаларимни унутибман. Валентинанинг Варшава манзили билан телефон рақамини китобларим орасига яшириб қўйгандим. У ҳам хаёлимдан кўтарилибди.Шундан кейин Катвитская хоним билан алоқа боғлолмадим.

Йиллар кечса ҳам Билгир Арслон қисматини унутмадим. Унутолмадим. Нега, ўзим ҳам билмайман, уни назмга солдим. Балки, бу ўзлигидан айрилаётган айрим ёшларга сабоқ бўлар?

Тангри Билгир руҳини шод айласин!

Омин!

1

Бу воқеа тушса эсимга

Қон юрагим қақшар зирқираб.

Узун онлар келмай ўзимга

Кўзимдан ёш оқар тирқираб.

2

Олисларда қолган мовий рус

Кўз олдимда жонланар аста.

Яшил ўтлоқ, кўл ложувард тус

Дарё оқар пастда оҳиста.

Тумонат кас бунда жўшади

Бўз йигитлар, зангор кўз қизлар

Тўлқин – тўлқин бўлиб тошади.

Бари – бари рингга шошади…

Оқ чарлоқлар осмонни безар,

Кўлга шўнғир, мастона сузар.

Тоғ кўчкидек одам гувиллар,

Ўрмон унга жўрдек шовуллар.

—————————————————————————————————————————————

¹дарё – Ефремов (Тула ўлкаси) кентидан оқиб ўтувчи дарё

Ҳеч нарсани сезмайман аммо,

Сариқ рангда айланар дунё.

Турк тилида келар бир садо:

“Оёққа қалқ, эй ватангадо!“

Ёт мамлакат, юртимдан узоқ,

Ким қичқирди ота тилимда?

Гўё онам очгандек қучоқ

Сакраб турдим, рақибим бўз, оқ.

Қаттиқ овоз, нордон овоз бу.

Бироқ қанча аччиқ бўлса ҳам

Ўз тилимда сўзлади-ку у.

Ё Раб! Менга куч, руҳ берди бу!

Судя қўлин силкитди кескин:

– Бокс!

Шошиб жангга кирди рус.

Туркча овоз янгради тағин:

-Сен ўзингни қўрққандек кўрсат,

Чап бер, ҳимояда бўл, чарчат.

Сўнг дўл каби чопўл¹га киргин,

Шиддат билан бурчакка тиқгин.

Туйқис энгаш, кетма-кет аниқ

Иягига ур, енгасан тайин!

3

Она тилим бўлди зўр далда,

Қулаб тушди Иван бир зарбда.

Қийқириқлар ўрмонни тутди:

“Қаранг, ўзбек ўрисни ютди”.

Шу аснода бир йигит, бир қиз

Шодон келиб мени қучишди

Қутлаб, мақтаб, алқаб ўпишди.

Йигит кўркам эди, қиз тенгсиз.

4

Ўрмонда биз санқидик узоқ,

Чечак тердик зангор, қизил, оқ.

Қўнишдик гоҳ хомуш, гоҳ қувноқ

Сўнг “Славян²” очди кенг қучоқ.

Ўткир майдан очилди Билгир:

-Гар курашга бел боғласа ёш

Ота юртдан туймаса ғурур,

Бу туйғусиз наф бермас кураш.

5

Ёз қуёши тикдан оғган пайт

Биз чўмилдик, кўл суви роҳат.

 _________________________________________________________________

¹Чопул – жанг.
²”Славян” – Ресторан

Тарк этмади бизни кайфият.

Дарё бўйлаб юрдик ниҳоят.

Дўстларимга хуш боқиб дедим:

-Бу қирғоқда кўп йиллар бурин

Ов қилишган, хаёл суришган

Лев Толстой, Тургенев, Бунин.

Учовин ҳам турк эди таги

Хонтемир(1) ва Некрасов каби.

Руслашганди Иван(2) туфайли

Ўз илдизин биларди бари.

             6

Салқин елда борардик яйраб,

Оқ кийимда эдик учов ҳам.

Дарё узра оқ қушлар сайраб

Учардилар билмай қайғу, ғам.

Сўз тизгинин тутди Билгирбек:

–Бу ерларда олис замонлар,

От ўйнатиб юрган бобомлар.

Олтин Ўрда!..

Ойдин замонлар!..

Темур ҳоқон ҳайқириб отда,

Бу дарёдан учиб ўтганда

Елец нима?

Бутун Россия

Қуллик қилган чўнг соясига.

“Қутқазувчим!” дея Оврўп

Йўлларига гул сочган ҳатто.

Энди булар эртакдир гўё,

Айланмоқда Темурсиз дунё.

Янглиш бўлди у қонли кечмиш…

Қани энди буюк Боязид?

Қани Олтин Ўрда, Тўхтамиш?

Туркнинг иши туркка бўлди зид.

Хатоларга қотилди мозий,

Энг буюги лекин бу эди.

Не ёзуқ бу!

Уч турк абадий

Бир – бирининг бошини еди.

Эҳ, ҳоқонлар!..

Инсон ҳам ўзин

Ўз элидан қўярми устин?..

УМУМ ТУРК БИРЛИГИ учун

Кечирмоқ не?..

Ўлмоқ ҳам мумкин:

   7

Валя туркча тушунмас, бироқ

Одоб билан тутмоқда қулоқ.


Елец нима?- Темур ҳоқони Елецгача келган деб ўрис тарихи алдаб келарди. Ваҳоланки, Темур ҳоқон бутун Россияни ўзига тобе этган, Москвада олти ой дам олган. Русга озодлик берган. Александр Невский дегани бир чўпчак.

1-Хонтемир –Кантемир.
2-Иван-Иван Грознъй.

Маъсум ҳислар унда уйғонар,

Сариқ сочи елда тўлғонар.

Мовий кўзи айтар сирини,

Қалби билан севар Билгирни.

Билгирда ҳам Валяга албат

Тиниқ ҳис бор, шаффоф бағоят.

Аммо, чиндан азиз дўстларим

Сийрак учрар Билгирдек одам.

У Валяни қанча севса ҳам,

Юртин ортиқ севар, йўқ шубҳам.

Балки, бунда адашарман мен

Хатоларга қорилган умрим.

Бироқ жуда қалтис онда ҳам,

Ўз сўзимни айтаман, жўрам.

8

Худди эски танишлар мисол

Санқидик биз, ўйлардан йироқ.

Ефремов ҳам қорайди алҳол,

Ерни босди илоҳий мудроқ.

Ой нурида йилтирар дарё

Қора илон ўрмалар гўё.

Қўрқув солиб ўрмон гувуллар,

Гўё ёвуз руҳлар увуллар.

Ўтлоқларда олтин қўнғизлар

Гўё ёқар милт – милт гулханлар.

Йўқ, янглишдим, аслида улар

Алвастилар ёхуд шайтонлар.

Гўзал дарё, энди алвидо.

Тунги тўшак чорлайди бизни.

Кўз олдимда ўзгарди дунё

Бугун билдим ўзлигимизни…

9

Тун қўйнига дўстлар сингишди,

Чироқлар ҳам бир –бир сўнишди.

Кент узра ой ёрқинроқ балқди,

Билгир сўзи қалбимни ёқди:

“Йиқилган Ватанни тиклаш чун

Жондан кечиб кураш туну – кун!”

Мен хаёлан онт ичдим унга:

“Умримни боғладим Туронга!..”

10

Бозор. Ўрмон. Илк рус кузида

Билгир билан учрашдим хушҳол.

Бироқ нечун унинг юзида

Ўй, ташвиш бор, билмам, бу не ҳол?

Тик боқувчи тарғил кўзида

Тамғаланган маъно ва сабот.

Ёлғонлардан йироқ сўзида

Барқ уради қудрат, матонат.

Менга боқиб узоқ ва ғамгин,

Сўз бошлади маъюс ва дилхун:

–Ўйлай–ўйлай охири иним,

Сенга бағрим очмоқ истадим.

Қидиради мени бетиним

Булғанч тузум,

Омонат умрим.

Мен эмишман: “Ватан хоини”

“Халқ душмани” эмишман тағин.

Бу туҳматлар ўрис ўйини…

Эл севар кас бўларми сотқин?

Худди шундоқ туҳматлар билан

Фитратларнинг қони тўкилган.

Энди машъум ажал тиғлари

“Қутилиш”га, менга қадалган.

Узун йиллар, узун замонлар

Юртни талар нафси ўпқонлар.

Унга қарши чиққан ўғлонлар

Ер этилди,

Ғолиб бўҳтонлар…

Лек денгизга оқмасми дарё?

Тош қотарми асов тўлқин ё?

Бўғовларни парчалаб ўлсам,

Қолмас эди кўнглимда алам.

Насиб этмас бу қут дўстгинам

Ажал қувлар мени изма – из…

“Қутилиш”га аъзо бўл сен ҳам,

Шунда умринг ўтмагай беиз.

-Сиз айтгандек бўлади, устоз.

-Сендан шуни кутгандим, шаввоз.

Тангри бўлсин доим йўлдошинг,

Ватан ишқи бўлсин қўлдошинг.

Ҳар иш, кураш, оғир дамда ҳам

Эл билан бўл, яша ҳамнафас.

Ботир ўғлон бу йўлда толмас.

Тангрим онам сути-ла қорган

Эл – юртимни севишни менда.

Отсин, чопсин, бу йўлдан қайтмам.

Севгисиз жон – ўлик бир гавда.

Кўнглим сезар, яқин ажалим,

Тобутимни тутмас бир муслим.

Оҳ, инижон, келар хўрлигим,

Ёт ерларда қолса жасадим.

Балки ёвим олиб қасдига

Санчар хочин гўрим устига.

ҚУТИЛИШ¹… кун келганда номард:

“Чўқинган” деб қилаюр туҳмат.

Балки бунга чатир зўр ёлғон:

“ Миллатидан тонганди нодон”.

Ҳақни етказ юртга инижон:

“ Эрк деб ўлди элсевар ўғлон”.

-Тушкинликка тушманг, оғажон

Ҳали узоқ умр кўрасиз.

–Соғ бўл, Тангрим асрасин омон!

Дунёда бир ЭРК диёри бор.

Турклигини сақлаган омон.

Бу – Туркия!

ЎЗЛИКДА осмон.

Яқин кунда йўлга чиқаман

Дилга тугиб ғурур, ифтихор.

Бироқ, иним, кўп хатарли йўл,

Жосусларга тўла ўнгу – сўл.

-Яратганнинг ўзи асрасин:

Тангриқут¹ нинг руҳи ёр бўлсин!

–Тангри бизни қилмасин жудо!

Юрагимни зорлатиб ўғлон,

Тун қаърига қотилди шу он.

11

Сўнгги видо экан бу, эвоҳ!

Бир тун келди Валя чекиб оҳ:

-Сўйиб кетди Билгирни олчоқ!

Энди усиз яшайман қандоқ?

Ойим яқин, бола кўраман,

Етим бўлиб қолади гўдак.

–Чидам берсин сенга Қодир Ҳақ,

Биз ҳам қараб турмаймиз ҳеч чоқ.

12

Эманзорнинг кунгай бетига,

Рус гўрларин хилват четига

Эски туркча ҳур одат билан

Қўйдик уни ибодат билан.

13

Қабристондан кеч қайтдик, дилтанг.

Валя бағрин ёриб, бўлди қон:


¹”Қутилиш” – Олтмишинчи йиллар бошида тузилган “Қутилиш” отли яширин оқим

 Тангриқут-Ўғизхон.

–Билгир мени қанча севса ҳам,

Лек юртим деб қўярди доим.

Баъзан бундан келарди рашким.

Шу ишқ чалди уни беомон

Энди ейман ўзимни ўзим.

14

Билгирбекни соғиниб бир кун

Қабристонга йўл олдим дилхун.

Кўрдим: мозор узра ярим ой

Ёлғиз турар – хочларга ўгай.

Эманзорнинг мунгли шовқини

Гўристонга чўкиб тинмоқда.

Қушлар саси, қуёш ёлқини…

Не бор, бари бунда синмоқда.

Жуда эски бир мозор тоши

Эътиборим тортди ўзига

Битилганди унда дил ёши:

“ Эгам!

Одам боласини яратиб қилдинг хато,

У ер – кўкни ейди, сўнг ўрнингга бўлади Худо.

Сени қул этади, ишлатади нафси йўлида,

Қўғирчоққа айланасан ул ёвузнинг қўлида”.

Иван телба. 1709.

Қўшни қабрдаги тошга ҳам

Ўйилганди шу хилроқ калом:

“Одамни яратди Оллоҳ,

Қонунни яратди суллоҳ.

Тангрига айланди қонун.

У ёлғондан ясади Хон,

Туҳматдан қиличу қалқон”.

Иван телбанинг ўғли

Пётр телба, 1741.

Яна тушди бир тошга кўзим,

Мен ёзувни ўқидим шу зум:

“Бунда йўқдир нафс, иғво, фитна, малолат,

Йўқдир зулум, риё, зўрлик, ҳаром, хиёнат.

Йўқдир миллат, динлар аро уруш, залолат

Бунда тенглик, тинчлик, ҳурлик, мангу адолат.

Оқила Мария, 1917.

15

Қабристонда тунгача қолдим

Билгир хаёлида ғамларга толдим.

Эрк деб ўтди Эрксевар ўғлон,


¹Тангриқут – Ўғизхон, Эрамиздан 210 йил аввал буюук ва тенгсиз салтанат (империя) қурган, Чинни ҳам тоъбе этган ҳоқон

Бундай инсон ўлмас ҳеч замон!

Азиз дўстим, ўгутларинг то

Ўлгунимча қалбимда ўчмас.

Эрк сўзини дилга қилиб жо

Курашаман!

Ботирлар ўлмас!

16

Шундан бери кечди кўп йиллар,

Хотирамдан ўчди кўп сирлар.

Лек Билгирни бир он унутмай

Қутилиш чун курашдим тинмай.

Қаламимдан чиққан учқунлар,

Эрк уйларин йўғурди нурга.

Ёв ичларин қорди тутунга

Қутилиш чун қалқди тутқунлар…

17

Русга келдим, дўстга интизор,

Билгир қабрин этдим зиёрат.

Мозор чўккан,

Хор,

Ҳаммаёқ бут…

Ойда сиёсат…

Билдим: Валя – масъума аёл

Ўғил кўрган – Билгирдан ёдгор.

Юрагини ёқиб бир хаёл…

Полша тортган,

Полша Эркка зор…

18

Билгир қабрин кўчирдим юртга,

“Қолдирмай” деб на бут, на ётга.

Ўз кўйига қўйдим Ҳокини,

Онасига айтдим гапини…

Бу пайғомдан муштипар она

Эгик бошин кўтарди ёна.

Набирасин қучгиси келди,

Полша томон учгиси келди.

19

Собит бўлса юракда туйғу

Замон кечар, ушалар орзу.

Қўрқмай қалқса курашга эл ҳам,

Енгилажак ҳар қандай ёв ҳам!..

Тошкент, 1974

Муаллиф: Эврил ТУРОН

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Амал курсиси ҳар қандай одамни ўзгартиради

Водий халқини ширинсухан, хушмуомала, аскияга уста одамлар, деб биламан. Бошқалар ҳам шундай ўйласа керак. Ҳар ҳолда, довон ошиб келганлар орасидан қўполларини учратмадим ...

Истанбулдан москвага келган ўзбекистонлик саккиз аёл россияга киритилмади

Москванинг Домодедово аэропортига Туркиядан учиб келган ўзбекистонлик саккиз аёл Россияга киритилмади. Икки кундан буён аэропорт Чегара хизмати ҳибсхонасида ушлаб турилган ...

Нега таълим муаммолари мактабгача бошланади?

Фото: ЎзА Қўлимда Тошкент аҳолиси ҳақидаги 2013 йил январига оид аниқ демографик маълумотлар мавжуд. Ўйлайманки, ундан кейин ўтган салкам беш йиллик давр ичида жиддий ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400