МАОРИФ  ТИЗИМИМИЗГА  ИСЛОҲОТЛАР  ҚАЧОН  ЕТИБ  КЕЛАДИ?!

МАОРИФ  ТИЗИМИМИЗГА  ИСЛОҲОТЛАР  ҚАЧОН  ЕТИБ  КЕЛАДИ?!

Ўқувчилик йилларимиз ҳар кузги ўқув мавсуми “пахта” деган машаққатли меҳнат “оғушида” ўтар эди. Бир кунда бир маҳал бериладиган ёвғон овқат, нонушта ва тушликка эса қуруқ чой ила нон билан кифояланган ҳолда мажбурий “норма”ни бажариш учун ойлаб белимиз букчайиб меҳнат қилар эдик.

Уйимиз, мактабимиз, синфхоналаримизни шу қадар соғиниб кетар эдикки, қачон бизни пахтадан қайтаришларини кутиб кун санар эдик. Аммо бизнинг ушбу илҳақ бўлиб кутишларимиз кеч куз тугаб, қишнинг изғиринли кунлари бошланай деб қолгуничаям давом этар эди.

Ниҳоят жонажон мактаб бошланганда эса (!) ўз касбига нисбатан меҳр сингиб кетган, ўқувчиларининг дарсликлардаги керакли билимларни тўлиқ ўзлаштиришларини ўзларининг энг муҳим вазифаси деб биладиган Устозларимиз(!)  кучайтирилган назорат остида биз ўқувчиларига билим бериш ишларига астойдил киришиб кетар эдилар.

Бир дарснинг ўзида бир неча мавзулар баравар тушунтирилар эди. Уйга вазифалар кўпроқ берилар эди. Мақсад ўқув йили охиригача дарслик китобимиздаги барча мавзуларни тўлиқ ўтиб бўлишимиз шарт эди. Астойдил, шошилиб меҳнат қилмасак бўлмасди. Чунки юқори синф ўқувчиларини  баҳор пайтида жалб этиладиган “ягана чопиқ” ишлари ҳам кутиб турар эди-да.

Шуларга қарамасдан, биронта дарсдан, ўтилмай қолиб кетган биронта мавзу бўлмасди.  Ҳаммасига улгурар эдик.

Чунки, ўқувчилар,  халқ ва жамият орасида ўқитувчиларга нисбатан ҳурмат ва муносабат шу қадар юксак эдики, уларнинг ойлик маошларига ҳам тўхталадиган бўлсак,  бу касб эгаларига ҳатто сотувчилар  ҳам ҳавас қилишар эди.

Саксонинчи йиллар ўрталарига келиб, жамиятда “қайта қуриш, ошкоралик, демократия” даври бошланди. Ўша кезларда ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ишлари ҳам кескин танқид остига олинди.

Аммо жараён бутунлай тўхтатиб қўйилмади. Ўта ошириб юборилган жиҳатлари тартибга солинди. Масалан, пахта далаларида ғўза поядан бўлак ҳеч нарса қолмаган даврларгачаям  ўқувчиларни “барак”да ушлаб туришлар. (Гўё пахта йиғим-терим ишлари давом этаяпти. Ҳар куни бу ҳақда ҳисобот топширилади ва ҳатто  “ведомость” юритилади.)

Талабалик йилларимизда  ўқишга кирган йилимиз 89-йил фақат бир йилгина пахта мавсумига жалб этилдик. Бир ойгина! Қандай ўтиб кетганини сезмай ҳам  қолдик. Чунки шароитимиз зўр эди!.. Керагича озиқ-овқатлар, гоҳида сар хил таомлар, навбати билан ўз вақтида ҳаммомга боришлар, кечки пайт ўйин –кулгу, кўнгил очар дастурлар, қисқаси, чинакамига меҳнат – роҳат лагери!..

Шароит ва вақт  масаласи ана шундай ташкил этилса, очиғи бундан нолимаслик, аксинча, мамлакат учун муҳим жараёнларда фаол иштирок этишимиз керак. Бироқ аҳолининг талаба ёшлар дея аталмиш жамоасигина албатта. Чунки, бу қатлам тўлиқ кучга кирган, айни меҳнатга яроқли, бунинг устига бўйдоқ. Оила ва ёш болалар зарар кўрмайди. Жамоавий куч, ҳар қандай ишни қойиллатиб бажаришади.

(“Ғаройиб бола” фильми эсингиздами?! Картошка теримига жалб этилган талабаларнинг қандай меҳнат қилишгани!..)

Мустақиллик йилларига келиб эса  талабалар ҳар йилги мажбурий пахта мавсумидан бутунлай озод этилдилар. Бундан фақат Ирригация Институти ва Аграр Университет талабаларигина мустасно бўлишган. Сабаби, уларнинг мутахассислиги қишлоқ хўжалигига ихтисослашганлиги туфайли. Дала ишлари уларга гўё амалиёт қабилида.

Аммо мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ушбу озодликлар узоққа чўзилмади. Ҳар йили пахта мавсумида аҳолининг иш билан таъминланган қатлами, ўқитувчилар ва шифокорлар, мактаб ва коллеж талабалари шароитсиз мажбурий меҳнат шартлари билан қатъий эксплуатация қилина бошланди. Аҳолининг ҳар йилги куз мавсумидан юраги зада бўлиб қолди. Ё пахтага чиқасан, ё бўлмасам ишсиз қоласан, ёки аниқ ўқишдан ҳайдаласан. Уйда қаровсиз, йиғлаб қолган ёш боланг, ўзини-ўзи овутсин, ҳозир бу муҳим эмас. Буйруққа бўйсунмасанг, қаттиқ жазоланасан.

Аҳамият бераяпсизми, собиқ иттифоқ давридаям ўқувчилар пахтага чиқишар эдию,  аммо ўқитувчилар эмас. Қолган пайтларда эса, ушбу қатлам умуман безовта қилинмас эди.

Бироқ бугунчи?! Бугунги куннинг ўқитувчисига, унинг ўз ишидан ташқари мажбурий фаолиятларига, ўқитувчи халқи дучор этилаётган жисмоний меҳнат эксплуатацияларига, жуда афсусланиб кетасан киши. Энг тарбияли, сабрли қатлам, ғиринг демай чидашади.

Энг ачинарлиси, ташвишланарлиси эса ўқитувчининг энг муҳим вазифаси билим бериш, ўқувчиларнинг вазифаси эса  билим олиш бўладиган бўлса, ана шу жараён издан чиққан.

 Бу муаммо эса мамлакат, миллат ва келажак авлоднинг фожеасидан бошқа нарса эмас. Билим бериш ва билим олишга интилиш тўхтаб қолган жойда эса тараққиёт ҳам тўхтаб қолади!..

Текин ишчи кучи сифатида ўқитувчиларни мактабдан айириб, жисмоний жамоаат ишларига мажбурий сафарбар этилаётгани, жамият таназзулини келтириб чиқарадиган бу каби иллатларга қачон барҳам берилиши ҳақида бонг уриб ёзилган танқидий мақолаларга қарамасдан,  Каттақўрғон шаҳрида навбатдаги мажбурий меҳнат фаолияти вақтида фожеага учраган ўқитувчи Диана Еникееванинг аянчли тақдири кўпчилигимизни бефарқ қолдирмади. Қайғуга солди. Муносабат ва муҳокамаларнинг кети узилмай қолди. Бироқ аҳвол ҳали-ҳануз ўзгармаган, ўқитувчиларга нисбатан  мажбурий меҳнат сафарбарликлари ҳамон давом этаётган эмиш.

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташриф буюриши муносабати билан экан”,  деган сабаб эса кишини батдар афсусга солади. Ҳокимларнинг, туман ҳокимияти амалдорларининг  Гогольнинг “Ревизор”асаридаги воқеликларни эслатувчи бу каби кўзбўямачиликлари ҳар қандай одамда кескин норозилик кайфиятларини уйғотади.

Ўқитувчи кучидан (билим кучидан эмас, жисмоний кучидан) текинга фойдаланиш нега бу қадар авж олиб кетгани ҳақида чуқур ўйга толасан.

Ким билади, бу каби ноқонуний ҳарактларнинг орқасида яширин моддий манфаатлар ҳам ётмаганмикан?!

Ахир ҳар йили ободонлаштириш ва яна бошқа шу каби ишлар учун озмунча маблағ ажратиладими. Мамлакат манфаатини эмас,  фақат ўз манфаатини ўйлаб иш юритадиган айрим амалдорлар эса давлат маблағини ўзлаштиришнинг турли-туман йўлларини ўйлаб топишади…

Ўтган йили пахта мавсумида  шифокорлар пахта йиғим-терим ишларига мутлақо жалб этилмасин деган Президент қарорига нисбатан ўзларича  “чора” излаб топишган худбин ва ўзбилармон амалдорларнинг хурмача қилиқлари  эсларингиздадир?!

Бугунги кунда ўқитувчи халқини ҳам мажбурий, жисмоний меҳнат батальонидан бутунлай озод этиш, ҳал қилиниши кечиктириб бўлмас, ўта муҳим ва долзарб муаммолардан бири  бўлиб қоляпти.

Ўзбек халқи дунёга бетакрор, буюк алломаларни етиштириб берган миллат! Чунки, “Устоз Отадек улуғ” деган нақл миллатимиз, халқимиз менталитетига азал-азалдан чуқур сингиб кетган, аслида.

Ана шу бебаҳо,  улуғвор қадриятимиз бугун хавф остида қолган. Қандай бўлмасин биз уни асраб қолишимиз керак!!!

Ўзбек Элим, уйғон:Токи, фарзандларинг ўқитувчи халқининг нечоғли Улуғ Зот эканлигини англаб тарбият топсинлар!

Ўзбек Давлатим Кенгаш: Токи халқинг ўз устозларига бевақт таъзиялар эмас, мадҳиялар айтсинлар!

Зеро,  чинакам Устозларсиз инсон боласи ҳеч вақт чинакам Комилликка эришолмаганидек, Тараққиётимиз боши, асоси ва  гарови ҳам асосан Маорифдан, Маорифдан ва яна Маорифдандир!!!

Муаллиф:  Дилфуза ЛАНГАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожик қўшиқчиси роҳинжа болалари ҳақида куйлади

"Онасининг кўкрагида сут ўрнига қон эканлигини билмас". (more…)

Тожикистон аҳолисининг 17 фоизи кунига бир ақш долларидан камроқ пулга яшайди

Тожикистонда тахминан 1,5 млн киши кунига 1 АҚШ долларидан камроқ пулга яшайди. Бу ҳақда БМТнинг Тожикистондаги Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг август ойида ...

Концерт томошаси бедарвоза эмас

Андижонда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Абдуллаева ҳамда хонанда Ойхон Эшонхоновалар иштирокидаги концерт солиқчилар назоратига олинди. Натижада 30 миллион сўм ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400