КЕЧАГИНА ФОШ ЭТИЛГАН УЮШГАН ЖИНОЯТЧИЛИК “ТОР-МОР” ЭТИЛДИ!

Бугун буюк туркий халқларнинг Қомуси Ўзбекистон навбатдаги ўз кечмишида шов-шувли, бироқ  бетакрор Улуғ Воқеаларни(!) бошидан кечирмоқда!!!…

Ҳаммаси Ўзбекистон Президентининг 2017 йил сентябрь ойида Америкада бўлиб ўтган Халқаро Анжуманда хориждаги муҳожирларнинг Ватанга қайтишларига рухсат этишидан бошланди!..

Ўта қизғин баҳс-мунозараларга сабабчи бўлган Нуруллоҳ Рауфхон воқеаси билан баравар бошланган журналист Бобомурод АБДУЛЛАЕВ (Адабиий тахаллуси: Усмон Ҳақназар) воқеаси(!) ҳам ҳануз ўз долзарб ечимини топганича йўқ!..

Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёевнинг амалдаги  сиёсати  шу пайтгача хавфли ҳисобланиб  келинган мухолифатчиларга нисбатан Суд-ҳуқуқ тизимида ўз ифодасини намойиш эта бошлади!..

Ватандошларни ва ҳатто халқаро  кузатувчиларни қизиқтираётган энг муҳим савол: Усмон Ҳақназар (Бобомурод Абдуллаев) Салой Мадаминов (Муҳаммад  Солиҳ) айтгани, таърифлаганидек, Миллат қаҳрамоними ёхуд Ватан  хоиними?!

Кўпчиликнинг спорт соҳаси бўйича севимли журналисти Бобомурод Абдуллаев (адабиий тахаллуси: Усмон Ҳақназар) 2017 йилнинг 27 сентябрида ӯз уйи атрофидан ӯғирлаб олиб кетилгандан ва МХХ ертӯласида қийноқларга солингандан сўнг кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда бирин-кетин ҳар хил қарашга эга мақолалар эълон қилина бошланди. Энг шов-шувли мақолалар сирасига ҳеч иккиланмасдан “Бирдамлик” ХДҲ лидери Баҳодир Хон Туркистоннинг “Бобомурод Абдуллаевни Салай Мадаминов сотди” ёки Муҳаммад Солиҳнинг “Бобомурод Абдуллаев Миллат қаҳрамоними ёхуд Ватан  хоини? деб номланган мақолаларини киритиш мумкин. Ӯз вақтида ҳар иккала мухолифат ташкилоти етакчиларининг ушбу интерьвюлари турли  баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди:

“Солиҳ ўзидан қўрқиб кетиб, Абдуллаевни сотди“, “Баҳодир Хон Туркистон ҳақ гапни баралла айтди”, “Солиҳнинг бу чиқиши Абдуллаевнинг ишини батдар оғирлаштиради”, “Баҳодир Хон Туркистон Салай Мадаминовнинг кирдикорларини фош қилди”,

“Солиҳ бундай қилмаслиги керак эди” ва ҳакозолар билан бирга:

“Солиҳ Бобомурод  Абдуллаевни халқига танитди”,

“Бобомурод Абдуллаев  аслида миллат  қаҳрамони”,

“Энди унинг озодлигини халқ якдил бўлиб талаб қилади ва ҳимоя қилади” каби бир-бирига зид тушунчалар авж олиб кетган эди.

Шу воқеалар баробарида эса Усмон Ҳақназарнинг шериклари, яъни тўғрироғи, Бобомурод Абдуллаевни давлат аҳамиятига молик ва ички сирларга оид маълумотлар билан мутассил таъминлаб келган ҳамкорлари блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркор Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар ҳам  қўлга олингани ва давлатга қарши уюшган ушбу жиноятчилар устидан жиноят иши очилиб,  тергов олиб борилаётгани маълум қилинган эди.

Олти ой давом этган тергов-суриштирув ишларидан сўнг ниҳоят, жорий йилнинг 7 март кунидан бошлаб, мазкур жиноят иши бўйича суд жараёнлари бошланди.

Суд жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг очиқ суд залида олиб борилмоқда.

Шу пайтгача бўлиб ўтган суд жараёнлари давомида  прокурор томонидан ўқиб эшиттирилган, Ўзбекистон Конституциясининг 159-моддаси 4-банди бўйича айбдор деб топилаётган айбланувчилар ўзларига қўйилган айблов хулосаларини рад этишган эди.

Шундан сўнг суд  раиси Зафар Нурматов очиқ суд залида айбланувчиларга адвокатлари ҳимояси остида сўзлаш, батафсил кўрсатмалар беришларига рухсат этди.

Бобомурод Абдуллаевнинг кўрсатмалари:

Бобомурод Абдуллаев ҳақиқатан ҳам ўз асл исм фамилиясини яшириб, Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан мақолалар ёзиб келганини тан олди. Бироқ ушбу тахаллус остидаги барча мақолалар унга тегишли эмаслигини, қайсилари ўзига тегишли эканлигини исботлаб бера олишини ҳам таъкидлади.

У бу мақолаларини бирон кимсанинг қистови билан ёки яхшигина ҳақ тўлашлари эвазига буюртма асосида ёзмаганини, ўзининг журналистлик позициясидан келиб чиқиб ёзиб келганини билдирди.

Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов, Бобомурод Абдуллаев уни Муҳаммад Солиҳ дея атайди) унинг мақолаларини  Интернет тармоқларда жойлаштириш ва эълон қилишда ёрдам қилган. Аммо доим Бобомуродга “бу мақолаларингдан ҳеч наф йўқ, улар сен танқид қилаётган тизимни барибир ўзгартиролмайди”, деган фикрларини ҳам билдириб келган.

Бироқ Бобомурод Абдуллаев ўз виждони буюраётган ишдан  ва журналистлик позициясидан келиб чиқиб, ўзини ёзишдан тўхтата олмаслигини айтган.

Маълумотларни эса ўзи билан маслакдош шерикларидан эмас, усталик билан йиққан. Унга ўзлари сезмаган ҳолда маълумот берувчилар эса ҳатто Бобомуроднинг мақсадидан мутлақо бехабар бўлишган.

Шунингдек, Бобомурод Абдуллаев журналист сифатидаги ўзининг сиёсий қарашларини ҳам очиқ гапирди:

Мен Ислом Каримовнинг “Аввал иқтисод, кейин сиёсат”, деган  сиёсатига қўшилмасдим, дейди у.  Мени ёзишга мажбур қилган нарса ҳам шу эди. Фикрларимни эркин баён қилишим эса жиноят эмас, шунчаки демократия.

Қандай ва қайси йўл билан бўлмасин, мақола учун  маълумот олиш ва йиғиш ҳам аслида журналистик фаолиятга киради. Ривожланган ғарб мамлакатлари журналистикаси нуқтаи назаридан қаралганда менинг ишим жиноят эмас, дейди у.

Бобомурод Абдуллаевнинг ушбу кўрсатмаларига қарамасдан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Бобомурод Абдуллаев ўз жиноий шерикларини фош этмаслик мақсадида  уларнинг айбсиз бўлиб чиқишлари учун улар билан ҳамкорликда фаолият олиб борганини яшираётган бўлиши мумкин, ушбу жиноят уюшган жиноятчиликми, ёки якка тартибдаги норозиликми, деган саволни назардан қочиришмаётган эди.

Бироқ куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги суд маҳкамасида судланувчи Равшан Салаевнинг Бобомурод Абдуллаевга қарши  кўрсатмалари ушбу жиноят ишида судланувчи Бобомурод Абдуллаевнинг вазиятини кескин оғирлаштириб юбориши билан бирга мазкур жиноят ишига нисбатан уюшган жиноятчилик деган қарашни бутунлай барбод этди.

Равшан Салаевнинг кўрсатмаларига қараганда ушбу жиноят иши аслида Бобомурод Абдуллаев  ва Муҳаммад Солиҳ томонидан содир этилганини ўзи ва ўзи каби қолганлар эса  Муҳаммад Солиҳ ва Бобомурод Абдуллаев томонидан тазйиқ ва таҳдидга учраган жабрдийдалар эканини йиғлаб ҳикоя қилди.

Равшан Салаевнинг гапларига қараганда, у узоқ йиллар ўзи ва оиласи учун Солиҳ томонидан очиқдан-очиқ қилинган таҳдидлар натижасида қўрқиб яшаган.

Шунинг учун ҳам Бобомурод Абдуллаевни ўз вақтида фош этолмаган.

Шунингдек, Равшан Салаев ўзининг Ўзбекистон иқтисодиётига жуда катта тараққиёт олиб кирган бизнесмен эканини, бунинг учун Ислом Каримов сиёсатидан ниҳоятда розилигини қайта-қайта таъкидлади.

Таҳдид ва қўрқув исканжасида бўлганлиги туфайли давлат душманининг хатти-ҳаракатларидан ҳукуматни вақтида огоҳ этолмагани учун  прокурор, судьялар, қонун ҳимоячиларидан тиз чўкиб кечирим сўради.

(Негадир шу пайт хаёлимга Ҳамза Ҳакимзоданинг “Бой ила хизматчи” асаридаги хизматкор  Ғофирнинг  Сибирга сургун ҳукми ўқиб эшиттирилаётганда “Тиз чўкиб яшагандан кўра тик туриб ўлган яхшироқ”, деган  ҳайқириқ, нолалари эсимга тушиб кетди.

Йиллар ўтиб эса бадавлат тадбиркоримиз суд маҳкамасида тиз чўкиб кечирим сўрашга мажбур бўлди.)

Шахсан мен Равшан Салаевнинг кўрсатмаларини диққат билан, айрим жойларини ҳатто ўта хайрихоҳлик билан тингладим. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан Равшан Салаевнинг айрим  жиддий кўрсатмалари асоссиз эканлиги суд залининг ўзидаёқ фош этиб ташланди.

Шунингдек, ҳақли эътироз ҳам пайдо бўлади:

Равшан Салаев Муҳаммад Солиҳнинг таҳдидларидан Ўзбекистон ҳукумати, шахсан Ислом Каримов унинг ўзини ва оиласини ҳимоя қила олишига шубҳаланганми?! Ахир у Президент хонадонининг (ўзининг айтишига қараганда) ишончли ва яқин кишиларидан бўлган.

Кўпчилик Муҳаммад Солиҳ тарафдорлари Равшан Салаевнинг кўрсатмалари чоғида суд залидан чиқиб кетишди. Бу уларнинг Равшан Салаев кўрсатмаларидан норози эканидан далолат эди.

Суд маҳкамаси иш вақтининг сўнгида Шавкат Оллоёров кўрсатмалари тингланди. У ҳам  Бобомурод Абдуллаев билан тасодифан танишганидан мутлақо пушаймон эканини, Бобомурод Абдуллаевнинг асл мақсадларидан жуда кеч хабар топганини, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларини огоҳлантиришга чоғланиб, аммо қўрқув туфайли иккиланиб юрган кезларида қамоққа олинганини сўзлаб берди.

Кейинги суд жараёнида блогер Ҳаёт Насриддинов ва бевосита гувоҳлар кўрсатмалари тингланади.

Очиқ суд жараёни кетаётган бўлишига қарамасдан Ўзбекистон матбуоти ва Оммавий ахборот воситаларидан биронтаям журналист қатнашмади.

Нима, улар ўз ватанлари,  ҳамкасблари, қолаверса, инсонлар тақдирига шунчалик бефарқми?!

Нима бўлгандаям, қанақа жиноят, хато ёки тазйиқ ва адолатсизликларга учраган ва йўл қўйган кимсалар бўлишмасин, панжара ортидагилар – улар Инсонлар!..

Ҳар бирининг ҳам ота-онаси, оиласи, бола-чақаси, қариндош-уруғлари ўзлари учун азиз инсонларининг озод бўлишларини Худодан ёлвориб сўраб, кўз тикиб ўтиришибди.

Албатта,  агар жиноят содир этилган бўлса, жазосиз қолмаслиги керак. Қолаверса, қонун устуворлиги ҳам шуни талаб этади!

Бироқ, жамият тараққиёти учун тўсқинлик қилаётган иллат ва камчиликларни бартараф этиш учун уларни юзага олиб чиқиш, уларга нисбатан бефарқ ва лоқайд бўлмаслик, жамиятнинг виждони бўлишга қодир инсонларгагина хос.

Ҳақиқат ҳамиша аччиқ бўлиб келган. Аммо унинг ширин мевалари ҳам бор. Панжара ортидагилар ўзлари билиб ё билмай жиноят содир этган бўлишлари мумкин. Бироқ уларнинг ҳар биридаям жиноят содир этишга бўлган интилиш ва кучдан кўра ўз севган соҳалари бўйича буюк ишларни амалга оширишга бўлган куч, иштиёқ  ва интилиш бутун вужудлари, гап-сўзлари ва юз кўзларидан ёғилиб турибди.

Бобомурод Абдуллаев бугунги долзарб ислоҳотлар даврида ўз қаламини жуда соғинган. Она-ватани равнақи, мамлакат тараққиёти йўлида кўп буюк ишларни амалга оширишга қодир истеъдод ва иқтидор бор унда.

Равшан Салаев Ўзбекистонда тўқимачилик соҳаси бўйича улкан тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириши мумкин бўлган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилса, жамият учун фойдали ишларни кўпроқ бажарадиган истеъдод ва иқтидорлардан.

Шавкат Оллоёровда ҳам бир оз кўнгли бўш бўлишига қарамасдан, инсонлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, қўлдан келганча уларга дўстона  ёрдам қўлини чўзиш ва шунингдек, ўзига хос иш бошқарувчилик қобилиятига эга иқтидор ва истеъдод ёғилиб турибди.

Менимча, блогер Ҳаётхон Насриддиновда ҳам  изласак,  жамият учун  фойда келтириши мумкин бўлган ижобий жиҳатлар кўплаб топилса керак.

Ҳурматли судьялар, прокурор жаноблари ва ҳуқуқ ҳимоячилари!

Нима бўлгандаям,  панжара ортида ўтирганлар Инсонлар эканлигини унутмайлик! Уларнинг тақдири қайсидир маънода ўзгалар ва жамият  тақдири эканини ҳам.

Ахир “Одил Суд” атамаси,  бежизга шундай таъриф этилмаганку.

Аслида ҳуқуқшунослик соҳаси ҳам Буюк Санъат!

Чунки унда инсон тақдири мавжуд ва  у инсонни ўрганади, жамиятни ўрганади. Адолатли қонунлар яратар экан, уларни  жамият поклиги ва Инсон бахт-саодати йўлида хизмат  қилдиради!

Панжара ортидаги кучлар! Эҳтимол улар жиноий кучлар эмасдир.

Яхшиси уларнинг ҳар бирини ҳам озодликка, жамиятга, ўз соҳаларига қайтарайлик!..

Буюк ва улуғ Ватанимизнинг виждони бӯла олиш ҳаммамизга насиб этсин!

Муаллиф:  Дилфуза ЛАНГАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фарғонада боғчага ишга кириш 300 долларми?

Фарғона шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари лавозимида ишлаган А.Эминов Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ...

Бир пайтда «овир» ва хорижга чиқиш паспорти билан ҳаракатланиш мумкинми?

Хорижга чиқиш паспорти ва стикер биргаликда амалда тенг қўлланилмайди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Санжар Қосимов Kun.uz'га ...

Мамлакатимизда қачон адолат демократия ўрнатилади?

Мамлакатимиз чиндан демократик давлат деб эътироф этилсаю, бу биргина хабар маълумотда келтирилган қарор билан фуқароларни Конституциянинг 33-моддасида белгилаб қўйилган ...