ЧАРОС АБДУЛЛАЕВА: БОБОМУРОД АБДУЛЛАЕВ ҲАҚИДА 12 ЙИЛЛИК ВИЖДОН АЗОБИДАН СЎНГ МХХГА ХАБАР БЕРГАНМАН

Б. Абдуллаев иши кўрилаётган суд биноси. Сурат Тимур Карпов, «Фергана»

Бугун, 2018 йилнинг 4 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-банди билан айбдор деб топилган журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Айбланувчиларнинг кўрсатмалари тугагандан кейин адвокатлар суд вазиятини ўз қўлларига олишди. Гувоҳлар ва адвокатлар ўртасида савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар,  томонлардан фикр сўрашлар қизғин тус олди.

Бобомурод Абдуллаевнинг адвокатлари Сергей Майоров ва Муножат Парпиевалар судьялар ва прокурорга суд бошланган заҳотиёқ Бобомурод Абдуллаевнинг қаламига мансуб деб кўрилаётган 142 та мақоладан қайси бири ҳақиқатанан Бобомурод Абдуллаевга тегишли эканини аниқлаш юзасидан айбланувчи билан мулоқот ўрнатиш учун ДХХ рухсат бермаётгани ҳақида билдиришди. Адвокатлар ўз навбатида, суд жараёнига аниқлик киритиш учун судга тақдим этилган мақолаларнинг ҳақиқий муаллифларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Адвокат С. Майоров суд-экспертиза мутахассисларининг Бобомурод Абдуллаев ёзган мақолаларга берган хулосалари нечоғли ҳаққонийлигига шубҳа билан қаради. У ўзининг бундай қарашларини мутахассислар билан бўлган савол-жавобларида етарли тарзда асослади.

Сўнгра суд залига гувоҳ Кенжа Мусанов чақирилди. Унинг кўрсатмалари юзасидан гувоҳ ва адвокатлар ўртасида савол-жавоблар қизғин тус олди. Адвокат Абдураимов гувоҳ К. Мусановга: “Давлат тўнтаришини амалга оширишимизда иштирок этсанг ва бошқа ҳарбийларни ҳам бунга жалб этсанг, сени келажакда катта лавозим кутади”, деган таклифни эшитишингиз билан нега даврани ўша заҳотиёқ тарк этиб, бу ҳақда ҳукуматга хабар бермадингиз? Қани сизнинг ватанпарварлигингизу, ватанга садоқатингиз?”, деган саволига К. Мусанов: “Мен буни ҳазил деб ўйладим”, деб жавоб берди. Аммо ана шу жойда унинг Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насриддиновга қарши бераётган кўрсатмалари келгусида жиноий далил сифатида ўзига қарши ишлаб қолиши эҳтимоли мавжудлигини билиб, қаттиқ қўрқиб қолгани яққол сезилди. Гувоҳ Кенжа Мусанов суд залини хавотир билан тарк этди.

Сўнгра микрофон қаршисига навбатдаги гувоҳ Чарос Абдуллаева чақирилди. Маълум бўлишича, Чарос Абдуллаева Бобомурод Абдуллаев билан мактаб йилларида фан олимпиадалари чоғида танишган. Кейинчалик университетда бирга ўқиган.

2005 йилда Чарос Абдуллаева моддий жиҳатдан қийналиб қолгани учун Бобомурод Абдуллаевдан ёрдам сўрайди. Бобомурод Абдуллаев унга пул эмас, балки мақола матнларини таржима қилишга доир иш таклиф этади. Агар ана шу топшириқни бажарса, у ҳолда унга ҳақ тўлашини айтиб, қўлига ўн саҳифалик мақола матнини топширади.

Суд залида Чарос Абдуллаева “мақола бошдан оёқ мамлакатнинг Биринчи Президентига ва у олиб бораётган сиёсатга қарши руҳда ёзилган эди. Шу боис мен бу мақолани таржима қилишга қийналдим. Аммо пулга муҳтожлигим туфайли мақолани таржима қилишга мажбур бўлдим”, дея кўрсатма беради. Ана шу ишидан сўнг ўн икки йил давомида виждон азобида яшаганини айтади.

Ниҳоят, у 2017 йил 25 сентябрь куни 12 йиллик виждон азобидан сўнг Бобомурод Абдуллаевнинг давлат сиёсатига қарши мақоласи бўйича МХХга хабар беради. Чарос Абдуллаеванинг айтишига қараганда, у фақат бир марта Б. Абдуллаев берган 10 бетлик мақолани таржима қилган ва ундан ушбу таржимаси учун 100 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олган. Шундан кейин у Б.Абдуллаев билан гарчи ўзаро дўстона муносабатларини давом эттирган бўлса-да, ўз хоҳишига кўра бирга қайтиб ишламаган.

Бироқ Чарос Абдулаева суд залини тарк этгач, Бобомурод Абдуллаев унга бу тақлид мақола таржима қилдирмаганини, Чарос Абдуллаева у билан бир йил давомида бирга ишлаганини ҳамда ҳар ойда 100 АҚШ долларидан маош олиб борганини гапириб берди. Шунингдек, Чарос Абдуллаеванинг вазифаси мақолаларни таржима қилиш эмас, балки “Озод овоз” фейсбук саҳифасига келган хатларни таржима қилишдан иборат бўлганини билдирди. Бобомурод Абдуллаев судьяларга қараб: “Тергов жараёнида мени Чарос Абдуллаевага қарши кўрсатма беришга мажбур қилишган эди. Худди шу усулни Чарос Абдуллаевага нисбатан ҳам қўллаган бўлишлари мумкин”, дея уқтирди.

Судьяларга тасодифий ёки синчков кузатувчилар гувоҳ Чарос Абдуллаеванинг махсус хизмат ходимлари машинасида олиб келиниши ва олиб кетилиши сабаби ҳақида савол  беришди. Суд томонидан ушбу саволга “бу ишни Чарос Абдуллаеванинг хавфсизлиги учун ўзимиз ташкил этгандик”, деган жавоб айтилди.

Эртага адвокатлар С. Майоров ва М. Парпиевалар 142 та мақоладан қайси бири Бобомурод Абдуллаев томонидан ёзилганига аниқлик киритиш учун судланувчи журналист билан учрашишади. Суд ҳакамларининг аралашуви туфайли қўлга киритилган ушбу имкониятдан адвокатлар унумли фойдаланишади, деган умиддамиз.

Кейинги суд мажлиси 2018 йил 9 апрель куни соат 14:00 да бўлади.

Муаллифлар: Дилфуза Лангар, Қаҳрамонхон Маҳмуд, Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Элмурат хаитметов истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг директори бўлди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқармасининг раҳбари бўлиб ишлаган Элмурат Хаитметов истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг директори этиб тайинланди. ...

Наманган шаҳар ҳокимлиги мулозими қабристонларга оид ўз сайти хабарини ҳам инкор этди

Шаҳарнинг Ғунча даҳасидаги қабристонни ободонлаштириш ишларига “мактаб, боғча ходимлари ва медиклар” жалб этилгани, улар “ҳар куни эрталаб соат 6 дан 10 гача ишлатилаётгани” ...

Талабанинг ўзбекистон президентига мурожаати: “менинг диний ҳуқуқ ва эркинликларимни тиклаб беринг!”

Диний ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевга; ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400