Эврил Турон: АСОВ ОТ ҚИСМАТИ (БАЛЛАДА)

Эврил Турон: АСОВ ОТ ҚИСМАТИ (БАЛЛАДА)

Журъат йўқ ерда, йўқ эрк, йўқ иттиҳод[1]

Йўқ озодлик, йўқ тенглик , йўқ жалодат[2]

                                                        (Муқанна)

1

Туёқлари оқ, манглайи қашқа от

Тепанғич, тишланғич эди бағоят.

Уч ёшдан ошса ҳам мағрур арғумоқ

Тутарди одамдан ўзини узоқ.

Ҳайбатли тоғлардан тушмасди ҳеч чоқ.

Уюри бошида мағрур юрарди

Айиқ, бўри хафи туғилган зоҳат

Уюри – ла чопулга[3] шай турарди.

Тойларни йиртқичга ҳеч олдирмасди,

Сел, довул хафига ҳам қолдирмасди.

2

Тожи шу айғирни мингиси келди,

Элга ўзин кўз – кўз қилгиси келди,

Ҳар ерда керилиб юргиси келди,

Уни тезлик билан тутгиси келди.

3

Қора отин миниб тоққа йўл олди,

Ойлар қувди арғумоқни, чўх толди.

Талай марта асов, қайсар арғумоқ

Уни судраб учди гўё қўғирчоқ .

 

Қовурғаси синди, боши ёрилди.

Усти – бош, бадани қонга қорилди.

Сиртмоғи неча бор узилиб кетди,

Оти тошдан учди, адам[4] га етди.

4

Тожи куйиб – пишди, алами ошди.

Қутирган ит каби ғазаби тошди.

Шуҳратпараст эди, ҳам ўта худбин

Шум ниятда одам ёллади бир кун.

5

Уч суворий тоққа ўрлади илдам,

Арғумоқ барининг бошин қилди хам.

Оёқ, қўл, беллари ҳам мажақ бўлди,

Икки оти эса тил тортмай ўлди.

6

Тожи алам билан ўйлади, ёнди

Ва ниҳоят топди ғирром “усул“ни.

Юртда етти абжир[5] бор эди, тенгсиз.

Ҳасрат билан уларга чўх эланди…

Қилди жиз-биз…

Аямади кўк пулни…

7

Неча кун, неча бир учқур арғумоқ

Уларни ҳам қилди обдон ўйинчоқ…

Охири тоқати тоқ Тожи шайтон:

“Қояга сиқайлик, – деди,-  беомон! “

8

Сиқишди…

От буни ҳам билмади ҳад.

Абжирларни ёриб, янчиб ўтолди

Ва Ғиркўкдай булутларга йўл солди.

Лек отлиқлар уни қувди изма – из,

Замон кечаверди шамолдек ғиз- ғиз

Энг юксак қояга тақаб боришди.

От бошига етти сиртмоқ солишди.

Айғир Кўкдан кўмак олмоқчи бўлди.

Буроқ[6] дек фалакка учмоқчи бўлди.

Бироқ кўк ҳам отга бермади ёрдам.

Жун сиртмоқлар уни бўғди мустаҳкам.

Шу ҳолда уч отни судраб йиқитди,

Уч абжирни тепиб ,тишлаб итқитди.

Кўз олдида еру осмон айланди,

Сиртмоқларга оёғи ҳам бойланди…

9

Айғирни минмоққа ўргатмоқ учун

Улоқда чиниққан кучли полвонлар

Тер тўкдилар куну тун.

Йўқ унум.

Шунда ҳам абжирлар билмай қўним

Курашдилар,

Енгилмади от лекин.

Охири тўрт оёғига ҳам кишан уришди,

Оғзи, бурнига ҳам бўғов солишди.

Шундоқ тақдирда ҳам асов арғумоқ

Барини итқитди мисли хас, пўчоқ.

10

Унинг дарди ортди ҳаддан зиёда,

Илк бор ўзин ожиз сезди дунёда.

“Оҳ”лаб борди пири – эшон ёнига

Эшон ора кирди Тожи жонига.

Ўзини кўп доно биларди эшон,

Макрда унга тенг келмасди шайтон.

Пишиқ ўйлаб қувватлади Тожини:

– Очлик, зорлик ер этади ҳар жонни.

Ва букади ғурур, номус, эрк, шанъни.

Айғирни зулматга тиқ, оч қўй, қантар.

Шунда унинг туғёнли дами қайтар.

Хуржунни тупроққа тўлдир, орт унга.

Ҳеч аямай уни шудгорда чоптир.

Бош кўзига қамчи ур, терга ботир.

Шундан кейин айғир қул бўлар сенга…

11

Қилди шундоқ…

Мағрур, асов арғумоқ

Ҳолдан тойди,

Бўлди бўлари…

Бироқ

Кўнглида бир армон, бир ҳасрат қолди.

Ўз кечмишин ўйлаб, ғамларга толди:

“Эрк ошёни – кўм-кўк тоғлар қайдасиз?

Ҳур замонлар – қувноқ чоғлар қайдасиз?

Тулпорларим омонмисиз, бормисиз?

Қулунларим эсонмисиз, соғмисиз?

Сизлар менинг армонимсиз, уюрим.

Сизлар менинг умидимсиз, ғурурим…”

12

Ногоҳ, от бошида қамчилар синди,

Манглайидан сизди қон, кўзи тинди,

Ўйлари узулди, хор-зорлик туйди.

Бироқ, энди, ҳолсиз, эрксиз, шўрлик от

Ўзда туйиб ғурур, журъат, жасорат

Ичи кир кимсани тишлаб отмади,

Эрк олами –  тоғларига қайтмади.

Бўғовланган эди…

Кучи етмади.

Лекин қайтиш ниятидан кечмади,

Ҳур онлари кўзларидан ўчмади…

Муаллиф: Эврил ТУРОН

                                                      Тошкент, 1974


[1]Иттиход  – уюшмоқ, бирлашмоқ

[2]Жалодат – Журъат, ботирлик

[3] Чопул – жанг

[4] Адам – йўқлик

[5] Абжир – чавандозлар маъносида.

[6] Буроқ –  Муҳаммад Элчини Мерожга олиб чиққан от.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қаршилаш

9. ҚАРШИЛАШ Бу кунги кутилмаган тун Ҳасанали отани гангиткан, унинг кекса кўзлари уйқу билан тамом чаплашиб олған эдилар. Ул бу хабарни эртага эрталаб қайси йўсун билан бекка ...

Рақиб изидан

14. РАҚИБ ИЗИДАН Ўн олти-ўн етти кунлик ой оқ булут ичидан қўтосланиб кўринар эди. Ҳамма хуфтан намозига кириб кеткан, кўчалар сув қуйғандек тинч эди. Кўчанинг бу тинч ...

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди?

  (  Сўз  боши  ўрнида  )   “Кимки қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак...” (Қуръон ояти). (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400