Амир Темур ва Тўхтамиш

Унутилган замонлар сари

XXI аср ўз тарихини ёза бошлади. Ўтган асрларда Амир Темур ҳақида Русия олимлари томонидан ёзилган кўпгина тарихий маълумотларнинг «ишончли»лик даражаси синчков ўқувчи назарида анча пасайиб кетди. ХХ асрда шўролар таркибига бирлашган қардош республикалардаги бир неча авлод «Игорь жангномаси», Александр Невский, «Мамайни мағлуб этиб, Олтин Ўрдани ҳалокат ёқасига келтирган» Дмитрий Донской, Иван Грозний, Суворов… каби кўплаб буюк рус қаҳрамонлари ҳаёти тўғрисида ёзилган китоблар, дарсликларни ўқиб таълим олган, давлат имтиҳонлари топширган.

Уларни билган илмли, маърифатли ҳисобланарди. Энди айрим янги рус тарихчилари Дмитрий Донской ва Тўхтамишхон битта шахс бўлган, деб мақолалар ёзмоқда. Куликова майдони Тула вилояти тарафларда эмас, Москва шаҳрида эди, дейишмоқда. Хуллас, тарих билан боғлиқ бир талай «илмий пухта ишланган» ахборотларнинг асоси энди бўш, гоҳо пуч бўлиб чиқяпти.

Бизнинг ҳикоямизда ҳам Олтин Ўрда, Тўхтамишхон, Терек, Москва иштирок этади. Ўша замонлар (XIV аср) Турон ҳукмдори Соҳибқирон Амир Темур Дашти Қипчоқ мамлакатига қўшин тортиб Тўхтамишхонни мағлуб этган, қудратли Олтин Ўрда давлатини тарих саҳнасидан чиқариб юборган, ҳали оламга маш­ҳур бўлиб улгурмаган Москва шаҳрини ғаройиб тарзда тасарруфига киритган эди. Бу тарихий воқеаларнинг катта қисми кўп замонлар унутилгани… ё иложи борича узоқ вақт беркитилгани кундан-кун очиқроқ кўриниб қолаётир.

Ўзбекистонда 1991 – 1997 йиллари Соҳибқирон Темур тарихига доир бир нечта бирламчи манба китоб ҳолида нашр этилди. Тадқиқотчи ва ўқувчи имкониятлари ўзгарди. Мақоламизда худди шу нашр­лар кўмагида Амир Темур ва Тўхтамишхон муносабатлари билан боғлиқ воқеаларга назар ташлашга уриндик. Бундай вазиятда, ёзилганларни мустақил тафтиш қилиш учун ҳар қандай ўқувчининг тўлиқ имкони бўлади. Шу оддий усул билан унутилган замонлар ва машҳур «Терек жанги» майдонига биргаликда қисқагина сафарга отланамиз.

Кўмакка муҳтож ўғлон

Соҳибқирон Чиғатой улусининг шарқий тарафларида Жети амирларидан бири Қамариддин дуғлат билан жанг қилаётган эди. Туркий балиқ (лу) йилига мувофиқ ҳижрий 777 санада Жаҳонгир Мирзо вафот этади. Оғир мусибатда изтиробга ботганига қарамай, талончи Қамариддинни бартараф этиш учун курашиб юрган маҳаллари Соҳибқиронга «ёвузлик қилиш тадорикида уни таъқиб қилаётган бир жамоанинг таҳдидидан қўрққан Тўхтамиш ўғлон» келаётганини хабар қилишади. 1395 йили Терек дарёси бўйида тўқнашуви лозим бўлган йирик қўшинлар жанги воқеасининг тарихий йўли шу тариқа 1376 йилнинг ўрталаридан бошланади.

Тўхтамишхон тарихда инсоният ўтмишидаги қудратли давлатлардан бири Олтин Ўрданинг «парчаланиб кетишига сабабчи бўлган ҳукмдор», деган ном қолдирди. Бу улкан салтанат тахтига уни Соҳибқирон Темур олиб чиққанди.

XIV аср Шарқ манбаларидан бу воқеага оид керагича қизиқарли маълумотлар топиш мумкин. Икки машҳур тарихий шахс учрашуви юқорида айтганимиздек, қизиқарли тарзда бошланади. Шарафиддин Али Яздий ёзади: «Ҳазрат Соҳибқирон Қўчқор мавзесида эди. Тўхтамиш ўғлон Ўрусхондан қўрқиб, паноҳ тилаб келаётганини эшитди. Ҳазрат Соҳибқирон ҳаялламай, ўзбек бекларидан Туманбекни3 уни иззат-ҳурмат билан келтириш учун юборди. Ўзи саодат билан Йабағу йўлидан қайтиб, Ўзгандга тушди ва сўнгра Самарқанд сари юришда давом этди».

Тўхтамишнинг биринчи марта салтанат тахтига ўтириши

Соҳибқирон буткул нажотсиз, ёғийлардан қаерга яширинишни билмай саргардонликда қолган чингизий ўғлонни юксак эҳтиром ила кутиб олади. Уни ўта қалтис вазиятда ўлим чангалидан омон сақлаб қолади. Хонлик ва ҳокимият бошқаруви учун лозим бўлган барча зарурат билан таъминлаб, унга Саброн ҳамда Сиғноқ вилоятини берди. Бу Тўхтамишнинг илк бор ҳукмдорлик маснадига ўтириши эди. Аммо унга амакиваччаларидан Ўрусхоннинг ўғли Қутлуғ Буға ҳужум қилади. Жанг чоғи Қутлуғ Буғанинг кўзига ўқ тегиб ҳалок бўлади. Бу воқеадан қаттиқ ғазабланган Қутлуғ Буға қўшини Тўхтамишга аёвсиз ҳужум қилади. Тўхтамиш рақиблари билан мардонавор олишади. Бироқ кучлар тенгсиз эди. У енгилади. Жонини аранг сақлаб қолган ярадор ўғлонни яна Соҳибқирон ҳузурига келтиришади.

Тўхтамишнинг иккинчи марта тахтга чиқиши

Соҳибқирон унга яна меҳрибонлик кўрсатиб, даргоҳидан паноҳ беради. Ўрусхон ўлдирилган ўғли Қутлуғ Буғанинг хунини талаб этиб, Тўхтамишни тутиб келтириш учун Соҳибқиронга элчи жўнатади. Яна Тўхтамиш жонига ўлим қўл чўзади. Соҳибқирон бу гал ҳам уни сақлаб қолади ва Ўрусхон билан урушишга мажбур бўлади. Бу ҳодисалар 1376 йил охири ва 1377 йил бошларида совуқ айни авжига чиққан пайтларда содир бўлади. Ўрусхон очиқ жанг­га киришмай ортга қайтиб кетади ва кўп ўтмай вафот этади. Ўрнига тўнғич ўғли Тўхта Қийа хон бўлади. Тез орада у ҳам оламдан ўтади. Соҳибқирон Дашти Қипчоқ давлатига Тўхтамишни хон кўтариб, изига қайтади. Бироқ Ўрусхоннинг яна бир ўғли Темур Малик тахтга даъвогар бўлиб майдонга киради ва ўртада жанг бўлади. Бу курашда ҳам Тўхтамишнинг омади чопмайди. У яна Соҳибқирон ҳузурига қочиб келади.

Тўхтамиш учинчи марта тахт эгаси бўлиши

1379 йил бошларида6 Соҳибқирон тажрибали саркардалар ва жангларда тобланган кўп сонли жангчилар билан Тўхтамишни Темур Малик устига юборади. Қаттиқ урушдан сўнг, Соҳибқирон қўшини зафар қучади. Тўхтамиш учинчи марта тахт эгаси бўлади. Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздий ёзишича, Тўхтамиш Сиғноқда қишни ўтказиб, баҳор келиши билан катта қўшин тўплаб Саройга боради. Икки муаллиф ҳам Тўхтамиш Саройга бориб, «Мамақ эли»ни мусаххар қилгани ҳақида ёзади. Бу маълумотдан қизиқ ҳолат кўзга ташланмоқда. «Мамақ» машҳур Куликова жангининг бош қаҳрамони Қрим вилояти ҳокими Мамай эмасми? Шундай бўлса, Мамай жангда енгилиб, бир гуруҳ тарафдорлари жангчилари билан Рус вилоятлари тарафларга қочиб яширингани ҳақидаги ахборотлар тўғрига ўхшаб қолди.

Тахминларимиз аста-секин ҳақиқатга айлана бошлади. Икки «Зафарнома»да ҳам Соҳибқироннинг Қундузча мавзесидаги биринчи йирик жанги тафсилотларида: «Улар шу сўзни айтиб турганларида Мамақнинг ўғлини ярадор ҳолатда тутиб, Амир Соҳибқирон ҳузурига олиб келдилар», деган гап бор. Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»сини нашрга тайёрлаган олимлар Ашраф Аҳмедов ва Ҳайдарбек Бобобеков бу исмга эътибор қаратиб: «Мамоқ – рус солномаларида Мамай деб юритилган. Олтин Ўрда бекларидан», дея изоҳ беради.

Бу кичик маълумотлар Куликова жанги тарихига оид ҳозирги устувор илмий қарашларнинг «илмий мукаммал» тадқиқ этилганини шубҳа остига қўяётир.

Бир мучал масофасидаги дўстлик

Тўхтамиш қисқа фурсатда Олтин Ўрданинг яхлитлигини тиклайди. Давлат таркибидаги барча вилоятлар ва князликлар анъанавий тартиб бўйича унга бўйсунади. Саркашлик қилганлари қаттиқ жазоланади. Товушқан10 йили ҳижрий 789 санада (1387) Тўхтамишхон куч-қудрати тўлиб-тошиб, тарих саҳифасида Темурга душман қиёфасида пайдо бўлади. Бу пайтда азалдан тўхтовсиз айланиб турган фалак чархпалагида уларнинг дўстлик аҳдига эндигина бир мучал (12) йил дои­раси ҳосил бўлаётганди.

Кейинги доирада дўстлик очиқчасига ва ашаддий душманликка айланди. Бу душманлик ўша йили машҳур Дарбанд мавзеси яқинида бошланади. Дастлабки жангда Тўхтамиш қўшини мағлуб бўлади. У аламзадаликдан кейинги йили (1388) Туркис­тон, Саврон, Самарқанд, Бухоро, Насаф атрофларида талончиликлар уюштиради. Шу қилмиши билан Олтин Ўрда ва ўз бошига қутулиб бўлмас бало орттириб олади. Соҳибқирон воқеалардан воқиф бўлиб, режаларини ўзгартиради, Форс ва Ироқ тарафдан зудлик билан дор ус-салтана Самарқандга қайтиб келади ва душманни Чиғатой улуси ҳудудидан узил-кесил ҳайдаб юборади. Соҳибқирон 1389-1390 йилларни Самарқандда ўтказади.

Олтин Ўрдани титратган зарба

Олтин Ўрда давлати бундай зарбага ҳали бирорта марта дуч келмаганди. Мамақнинг Куликовадаги жанги унинг одатий ўз ички низоларидан бири эди. Бу жанг эса уни бутунлай тиз чўктиришга қаратилганди. Мазкур ҳодиса туркий қўй йилига мувофиқ, ҳижрий 793 йили ражаб ойининг ўн бешинчи куни (1391 йил, 18 июнь) бўлиб ўтди ва тарихдан «Қундузча жанги» номи билан ўрин топди. Жанг тафсилоти бир қанча манбалар, илмий тадқиқотлар ва мақолаларда келтирилган. Тўхтамиш танг аҳволда қолиб, жонини бир амаллаб асраб қолади. Соҳибқирон Дашти Қипчоқдан тенгсиз ғалаба ва ўлчовсиз ўлжалар билан изига қайтди.

Қақшатқич иккинчи зарба

Энди Терек соҳилига йўл оламиз. Соҳибқироннинг Терек ва Москва оралиғидаги ҳарбий ҳаракатлари ҳақида юзлаб тадқиқотчилар, муаллифлар ёзган бўлишига қарамай, мавзу ҳозиргача ишонарли тарзда илмий тадқиқ этилганмас. Кўпчилик мутахассислар ва ўқувчилар бугунгача А. Ю. Якубовский, Б. Д. Греков ҳамкорликда ёзган «Олтин Ўрда ва унинг қулаши» асари таъсиридадир. Ушбу жанг тафсилотига Ибн Арабшоҳ (1389 – 1450) ҳам тўхталади. Тўхтамишхоннинг бу жангдаги мағлубиятига Оқтов13 қабиласи бошлиғи хиёнатини сабаб қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Гўё у икки қўшин жанги бошланиши арафасида майдонни ташлаб кетганмиш.

Бироқ бошқа муаллифлар бунинг бутунлай аксини ёзади. Оқтов (Ўқтай) Терек жангидан кейин Дон ва Днепр дарёлари оралиғида Соҳибқирон қўшинига қаршилик кўрсатишда давом этади. Терек жанги бир неча кун аёвсиз ва шиддатли кечади. Тўхтамишхон бу сўқишда Соҳибқирон жанг усулини ўзига қарши қўллашга уринади.

Қўшинлар туркий тўнғиз йили, ҳижрий 797 санада жумад ул-охирнинг 22 куни (1395 йил, 14 апрель) бир-бирининг қаршисида саф тортади. Тунда биринчи бўлиб Тўхтамишхон ҳужум қилади. Бироқ ҳаракатларидан натижа чиқмайди. 15 апрель куни тарихнинг даҳшатли жангларидан бири бошланиб кетади. Тахминан ярим миллион жангчидан иборат икки қўшин бир неча кун майдонни тарк этмайди. Жангнинг суронли лавҳаларидан баъзилари тарихий манбаларда сақланиб қолган…

Занжирланган баҳодир

Уларнинг ҳар бирига тўхтала олмаймиз. Ҳар бир лавҳада бир тенгсиз баҳодир, ёвқур мард, ор, номус, шараф, шаън… бор. Икки тараф баҳодирлари ҳам чексиз эҳтиромга сазовор эдилар. Жанг лавҳаларидан манбаларда сақланиб қолганларидан фақат биттасини келтирамиз.

…Жанг қилганларида ҳар гал Тўхтамишхон мағлубиятга учрарди. Охирги жангда бир оз чўзилиш юз бериб, жанг майдонида бир неча кунгача уруш бўлиб турди. Айтишларича бундай бўлган: Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони музаффарнинг унағар лашкари ҳар куни Тўхтамишхоннинг чунағар16 лашкари устига келар, Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони музаффарнинг чап қўл лашкари Тўхтамишхоннинг ўнг қўл лашкаридан кўп бўлиб кўринарди.

Шу тартибда бир неча марта жанг юз бергач, Тўхтамишхон ўз давлат аркони билан маслаҳат қилиб, лашкар сафларини ўзгартириш ва алмаштириш режасини тузди. Чап қўл лашкарнинг барчаси душман ҳайбатидан мажруҳу шикаста бўлгани туфайли ўнг қўлдаги Баҳрин улусининг сардори Йағлибий баҳодурни Ўғузхон давридан буён ўнг қўл соҳиблари бўлиб келган тоифаси билан бирга эртага жанг майдонига чап қўл томондан боришга амр қилди.

Оламни ёритувчи қуёш Малик ва Ваҳҳоб амри билан кўк дарчасидан чиқиб, бош кўтарганда хон ҳукмига мувофиқ, Йағлибий баҳодур баҳрин ўзининг барча элу улуси билан бирга чап қўлга ўтиб, жангга шай турди. Тўхтамишхоннинг чап қўл лашкари ҳар кунги жангларда Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони музаффарнинг ўнг қўл лашкари ваҳимасидан юракларини олдириб қўйганди. Биринчи ҳамладаёқ қочишга юз тутдилар.

Дейишларича, ўша куни Йағлибий баҳодур болалари ва қариндош-уруғлари билан хайрлашиб чиқади. Қўлида найза тутиб, от билан байроқ остида туриб, отининг оёғига занжир боғлаб қўйишни буюради. Муаррих ёзади: «Йағлибийким, баҳриндин эрди, Тўхтамишхоннинг баҳодурларидан эрди, черики билан илгари юруб деди:

Ўзин махтабон дедиким: Эй сипоҳ!

Ки мен Йағлибиймен, бил, кийнагоҳ.

Паланг йиртарам куч била тоғ аро,

Чопармен агар бўлса шер боғ аро.

Бас, ун кўтариб, фарёд қилиб Усмон баҳодурни тилаб дедиким: «Қайдадур Усмонким, бу кун эранларнинг куч-қувватини кўргай!»

Усмон баҳодур унинг унин эшитиб, ғайрати жўшиб, лаҳза таваққуф қилмай Йағлибий баҳодур баҳрин устига юриш қилиб, ғаройиб жанг юз берди. Ҳарбу зарб қизиди, икки томондан жуда кўп киши ўлди. Йағлибий баҳодур баҳрин отининг оёғига занжир урилгани туфайли қочишдан маҳрум бўлиб, ҳар икки паҳлавон бир-бирининг ёқасидан олди. Икки баҳодир от устидан ерга қулади. Бахт­дан бўлиб, амир Усмон Йағлибий баҳодур баҳриннинг устига йиқилди ва фурсатни ғанимат билиб, унинг бошини танидин жудо қилди. Шу онда лашкар дарёсидин шовқин мавжи кўтарилиб, ҳар икки томон лашкари бу сардорнинг боши устида талаш бошладилар. Йағлибий баҳодурнинг барча улуси ва тарафдорлари унинг бошини қайтариб олиш учун ҳаракат қилдилар. Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони музаффарнинг аскарлари бермасликка интилдилар.

Ривоят қилишларича, ўша куни жасадлардан тепаликлар ҳосил бўлган, бироқ Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагони музаффар кишиларидан кам ўлган экан. Тўхтамишхон одамларидан қатл этилганларнинг сонини Парвардигордан бошқа ҳеч ким билмас эди. Айтишларича, Йағлибий баҳодур баҳриннинг жасадини охири Баҳрин улусидан елкаларига қора жавшан осган, от ҳамда оқ қўтослар минган етти юз нафар ёш йигит олиб чиқиб кетдилар. Бу сўзнинг ихтилофли шакли ва хилини қиёс юзидан одамлар ҳисоб қилиб етолмайдилар, яна бошқа хилларининг саноғини Тангри таологина билади.

Қиссадаги ривоят

1991 йиллари дўкондан Москвада нашр этилган китоб сотиб олувдим. Унда мазмуни халқ китоблари туркумига ўхшаш «Темир Аксак» номли қисса бор эди. У пайтлар Амир Темур тарихига оид китоб­лар йўқ ҳисоби эди. Рус халқи томонидан яратилган ушбу қиссани зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Биз чанқоқ эдик. Унда Соҳибқирон ҳақида (хотирамда қолгани) шундай ривоят қилинарди:

Шарқдан Тўхтамишхондан ҳам даҳшатлироқ, шафқатсиз ва куч-қудратда тенгсиз Оқсоқ Темир исмли жаҳонгир пайдо бўлди. Унинг қудрати билан беллашадиган бирор ҳукмдор топилмасди. У барчани мағлуб этиб, Москвага қараб кела бошлади. Москва князи Василий Дмитриевич чорасиз қайғуга ботди. Унга Владимирдан «Святая Богоматери» иконасини олиб келишни маслаҳат беришди. У маслаҳатга амал қилди. Тезда муқаддас иконани келтиришди ва шаҳар марказидаги майдонга ўрнатишди. Князь етти ёшдан етмиш ёшгача, ибодат қилишга қурби етадиган барчанинг майдонга тўпланишига буйруқ берди.

Бу пайтда Оқсоқ Темир қўшини Москва яқинидаги ўрмонга етиб келди. У ҳарбий илғор қисмларини ҳар тарафдан шаҳарга жўнатди. Улар эҳтиёткорлик билан қалъа дарвозаларидан шаҳарга кирди. Оқсоқ Темир қароргоҳида бир неча кун ахборот кутди. Биринчи гуруҳ: «Дарвозаларни ҳеч қандай қуролли қўшин қўриқлаётгани йўқ, аҳоли шаҳар майдонида қандайдир сурат қаршисида сажда қилиб ётибди», деган хабар билан қайтди. Қўшин бошлиқлари бундан ҳам ажабланди, ҳам хурсанд бўлди. Оқсоқ Темир илғорнинг қолган гуруҳларини кутди. Қолганлар ҳам худди шундай хабар билан келишди. Кўпчилик жуда қулай фурсат эканини айтиб, ҳукмдорни тинимсиз жангга ундарди. Оқсоқ Темир узоқ ўйга толди. Ниҳоят, у қатъий қарорга келди ва: «Бирор кимса бизни қурол билан кутиб олмади, биз Тангрига ибодат қилиб, ундан паноҳ тилаётган бандаларини ўлдириш учун бу ерга келмаганмиз», деди. Черикнинг ортга қайтиши учун фармон берилди.

Москва аҳли князь бошчилигида «Святая Владимирской Богоматери» иконаси қошида тиз чўкиб, ундан паноҳ тиларди. Орадан бир неча кун ўтди. Аммо шаҳар остонасига етиб келган қудратли душман қўшинидан ҳануз дарак йўқ эди. Ахийри, князь айғоқчиларини душман тарафга юборди. Улар Оқсоқ Темир қароргоҳига етиб келганда отларнинг тезаклари ҳали совуб улгурмаган, улардан буғ кўтарилиб турарди. Қўшин жанг қилмасдан қайтиб кетганди. Князь бундан хабар топиб, чексиз севинди. Святая Владимирской Богоматери шарафига тинимсиз хайру эҳсонлар қилди.

Қиссанинг сўнгида Святая Владимирской Богоматери Москвани Оқсоқ Темир қўшинлари босқинидан омон сақлаб қолган кун миллий байрамга айлангани ва рус халқи бу айёмни катта тантаналар билан нишонлаши сўзланади.

Москва Соҳибқирон Темур ва Тўхтамиш қиссасининг шимолдаги чекка воқеаси эди. Мазкур ҳикоя учун рус халқи тасанноларга муносибдир. Рус халқи ярим минг йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бу воқеа­ни унутмаган, ҳануз уни ёд этиб, байрам уюштиради. Тарихда бундай ғаройиб тарихий ҳодисалар кўп эмас, балки топилмасдир ҳам. Қўшиннинг жанговар илғор кичик қисми Моск­ва шаҳрига тўлиқ кириб, уни ишғол қилади, бироқ бирор кимсани ўлдирмайди… Шаҳарга заррача зиён етмайди.

Эгизак матнлар

Ҳикоя қилинган қиссани мақолага киритиш учун халқаро алоқалар тармоғига (Internet) кирдик. Ундан «Повесть о Темир Аксаке», «Владимирской Богоматери» ва ўша байрам нишонланадиган кунни қидирдик. Ўн минглаб маълумот чиқди. Бу воқеа 1395 йил 26 августда содир бўлган экан. Қиссанинг нусхалари ва у тўғридаги бир нечта мақола кўздан кечирилди, орасида ўша китобдаги нусха матни учрамади. Бу нусхаларда ёзилганларига кўра, икона Москвага келтирилган заҳоти Темурни қўрқув қамраб олади. У билан жанг қилишга отланган князь Василий Дмитриевич бошчилигидаги рус қўшинига дуч келишдан чўчиб, тезда ортга қайтиб кетади.

Тарих аслида бу каби ривоятлар асосида битилмайди. Мутахассис буни жуда яхши тушунади. Аммо Темурнинг Москвага бормасдан Елец шаҳридан қайтишига оид тадқиқотлар ва хулосалар мазкур ривоятлардан ташкил топган экан.

Internetда мавжуд бўлган «Темир Аксак» қиссаларидаги Соҳибқироннинг келиб чиқиши ва ёшлигига доир матн мазмуни Ибн Арабшоҳнинг «Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур» асаридаги «маълумотлар» билан ҳайратланарли даражада ўхшайди.19 Ибн Арабшоҳ ёзади: «Темур ва унинг отаси ҳайқироқ чўпонлардан бўлиб, на ақлию на дини бўлмаган авом кишилар тоифасидан эканлар. Яна айтадиларки, у мулозим одамлардан, паст табақа танбаллардан бўлган. Уларнинг паноҳгоҳи Мовароуннаҳр бўлиб, ўша атрофлар қишлов жойлари эди.

Яна айтишларича, Темурнинг отаси бениҳоя фақир этикдўз, ўзи пухта ва кескин бир ўспирин бўлган. Етишмовчилик туфайли нохуш ишлар билан кун кечириб, шу ўртаниш сабабидан ғазабланар ва ич-ичидан куйинар экан. Кечаларнинг бирида у бир қўйни ўғирлади ва уни орқасига ўгириб олди. Шунда чўпон камон ўқи билан уни елкасидан уриб яралади ва яна бир ўқ билан сонидан жароҳатлаб, ҳолдан тойғизди. Натижада фақирлигига ма­йиблик, аламига разиллик қўшилиб, қабоҳати ошиб фасодга интилиб, бандалару ўлкаларга қарши адовати кучайди».

Бу матнлар шўролар даври ва ундан олдинги Русия истибдоди замонида ҳам Темур шахси, таржимаи ҳолини «аниқлаш» аниқроғи, уни бадном қилиш учун хизмат қилган.

Шомий, Яздий… ва Якубовский, Греков

Яна бирламчи тарихий манбаларга келамиз. Низомиддин Шомий Терек жангидан кейинги воқеалар ривожини қу­йидагича тасвирлайди: «Амир Соҳибқирон Мўшку номли ўрус шаҳри томон юришни ирода этди. У вилоятнинг барча ерларига чопқин ясаб ғорат қилди, лашкар аҳли ўлчаксиз ғанимат олдилар.

Амирзода Муҳаммад султон Қобучи қоравул номи билан машҳур бўлган вилоятни ғорат қилди. Душман тоифасидан Кўрбуқа, Барлон, Буркун ва Калачи деган жамоалар биёбонда ҳайрон ва саргардон юрардилар».

Бу воқеаларга Шарафиддин Али Яздий кенгроқ тўхталади: «Соҳибқирон Москав сариким, Руснинг шаҳарларидан эрди, таважжуҳ қилди. Анда етканда нусратшиор черики ул вилоятни чоптилар ва андағи ҳокимларни тобеъ қилди. Ва черикнинг иликларига сонсиз мол тушти. Олтуну кумиш ва қумошу кабш ва ҳатану қоқам ва каттону қора самур ва қиличлар, йахши отлар тушти».

Шўролар даврининг А. Ю. Якубовский, Б. Д. Греков каби яна бир қанча машҳур олимлари манбалардаги бу ахборотларни инкор қилади. Темур юришининг давомини ўқувчига қу­йидаги талқинда тушунтиришга уринишади: «Никон йилномасида айтилишича, Темур жуда катта қўшин билан Рязань ерига бостириб кирган ва Елец шаҳрини босиб олиб, «Елец князини қўлга туширган, одамларни асир қилиб олган, бошқаларни эса ўлгудек калтаклатган»23. Бу воқеадан хабардор бўлган князь Василий Дмитриевич кўпдан-кўп полклар тўплаб, Коломна шаҳрига қараб йўлга чиққан ва Ока дарёси орқали ўтадиган кечикни эгаллаган. Темур руслар билан тўқнашишга журъат қилмаган ва Рязань ерини талагандан кейин, жанубга қараб кетган. Темур Куликова майдонида Мамай билан бўлган жангни эшитиб, юраги бетламаган ва шу сабабдан руслар билан жанг қилишга ботинолмаган бўлса керак».

Тадқиқотчилар манбаларни инкор этаётир. Ҳатто, Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийни жуғрофияни яхши билмасликда айблашади. Ке­йинги тадқиқотларда бунинг аксини кўряпмиз. Муаллифларга қараганда, тадқиқотчилар кўпроқ хатоларга йўл қўйишгани ёки баъзи ҳолларда Шарқ муаллифлари ёзганлари нотўғри бўлиб чиқишини исташгани маълум бўлмоқда.

А. Якубовский «Олтин Ўрда ва унинг қулаши» асарига ёзган сўзбошисида Россия Фанлар академияси 1826 йили Русиянинг мўғуллар томонидан истило қилиниши оқибатларига оид илмий асар ёзилишини сўраб, олимларга мурожаат қилгани ҳақида ҳикоя қилади. Аммо даст­лабки бир неча уриниш муваффақиятли чиқмаган экан.25 Кейин ҳам тадқиқот учун ажратилган мукофот маблағи ҳеч бир муаллифга берилмаган. Ҳайратланарли ҳолат. А. Якубовс­кийнинг кейинги гаплари бу туйғуни кучайтиришда давом этади.

Терек бўйидаги Соҳибқирон ва Тўхтамиш қўшинлари саваши ҳали тўхтагани йўқ. У 1826 йилдан ахборотлар жангига айланади. Ҳозир Internet саҳифаларида бу мавзуга тегишли 65 мингдан ортиқ маълумот қайсар жангчилар сингари саф тортиб турибди. Бироқ ҳақиқий воқелик фойдасига эмас.

***

Ишимизда Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасидаги муносабатлар кўламини қисқа назар қамраб ололмаслигига амин бўлдик. Унга кўплаб бошқа воқеалар, турли талқинлар уланиб кетгани масалани анча оғирлаштириб юборган. Бу ҳолат мавзуга доир шу пайтгача йиғилган ахборотлар бугунги илмий талаблар асосида қайтадан жиддий ишланиши зарурлигини кўрсатмоқда. Чунки Амир Темур тарихи жаҳон ва айниқса, ўзбек халқи ўтмишининг энг қизиқарли ва муҳим қисмларидан биридир.

Муаллиф: Абдусаттор ЖУМАНАЗАР,

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази ходими.

Манба: ufq.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Харажатларингизни назорат қила оласизми? мана энг оддий ва безарар усули

Бюджетни режалаштириш — молиявий муваффақият гарови, бироқ бу зерикарли ва узоқ вақт талаб қиладиган иш, боз устига, бу бизга пулларимиз тугаб бораётганини ёдга солиб туради. ...

Дунёда тонировка учун энг қиммат нарх қаерда

Марказий Осиёдаги уч давлатдан бошқа собиқ иттифоқ давлатларида тонировка учун давлатга ҳеч қандай пул тўланмайди. Антон Курилкин. Ўзбекистонда 1 августдан автомобилларнинг ...

Ўзингизни ўлдирсангиз ҳам, сўз эркинлигини чекласангиз ҳам фикр эркинлиги бўға олмайсиз!

Комил Алламжонов яқинда барча блогерлар унинг ва давлат химоясида эканлигини айтди. Шунингдек, кўпчилик давлат ташкилотлари оммавий ахборот воситаларини касб байрами билан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400