Девлар ҳам сўроққа тутиладими?

Девлар ҳам сўроққа тутиладими?

Эртак яхши нарса, унинг ичида қаҳрамон бўлишни бугунги кун одамлари унчалик ўйламай қўйишди. Бунинг сабабларини бир қанча омиллардан қидирамиз. Ҳаёт бамисоли улкан дарё, у ўз ирмоқларини, манбаларини турли жойлардан олади. Ана шундай ирмоқлардан бири, сув- покизалик унсири бўлиб  оқмасдан,  ЁЛҒОН ИРМОҒИ бўлиб оқади. Бу ирмоқ инсоннинг асрий орзу қилиш, фикрлаш, курашиб кўриш каби эзгу ҳиссиётларини-да йўққа чиқаради. Ҳаётдаги ёлғонларнинг ўта кўпайиб кетиши оқибатида, эртак ичида қаҳрамон бўлишни одамлар истамай кетишди,  умуман, эшитгилари ҳам йўқ.

Лекин, эртакдаги қаҳрамонлар ҳоҳ ижобий бўлсин, ҳоҳ салбий образлар бўлсин, ўз ҳаётларини яшаб келаётган экан.

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг бир неча кундан бери давомли бўлиб келаётган суд жараёнларини, кузатувчиларни, иштирокчиларни, гувоҳларни, атрофдаги хизматдаги йигитларни, адвокатлар, айбланувчилар, қораловчи, оқловчи, судья,”гуноҳкор”ларнинг оналари – яқинларини бир –бир кузатиб ўтирар эканман, такрор- такрор онгимга ҚАҲРАМОНлар ҳам, ДЕВлар ҳам ўлмаган экан деган хулосага келдим. Бир шивир эса қўлоғимга гапириб туради: “Судда икки руҳ кезиб юрибди. Бири совуққон қувватни тарқатади. Иккинчиси кўзлари ўткир, аммо заиф жуссали бўлиб кўринаётган Эзгулик  руҳи”.

 Шу шивирдан сўнг ён томонга аланглайман.  Совуққон руҳ рақибини истаган тарафдан келиб, янчиб ташлашдек ҳамлакор тишларини ғижирлатаётганини кўраман. Бу тишлар болалигимда эртак китоблар суратида кўрган Девларнинг сўлоқмон тишларини эслатади.

Ҳа..,  Девлар ҳаётда тирик экан…

Бизнинг орамизда, одам шаклда кезиб юрганлигини анчадан бери биламиз-у, гапиролмай, қўрқувдан “дағ –дағ” титраб юрган пайтимизни ким эсламайди?!..

 Бутун бир халқни қўрқув ва жаҳолат билан ушлаб турган СИЁСАТни унитишни истайди одамлар… Камида, ҳар бир хонадонга қилинган зуғумидан зада бўлмаган оила бор эканми?!

Хуллас, номи “УЛУҒ”,  кўзга кўринишни ёқтирмайдиган, ўзининг   “ким”лигини эса, кўрсатиб қўйишни жуда истайдиган, аслида БУЮК бир ХАЛҚнинг МИЛЛИЙ ҒОЯларини асраши керак бўлган, собиқ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ТАШКИЛОТИ ЎЗБЕКИСТОН учун хавфли ташкилотга айланиб келганлигини,  мамлакатимизнинг бугунги президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам билдирилди, қаттиқ танқидларига  учради.

Буни  онгли, ички сезгиси кучли ,иродали  инсонлар аввалданоқ билиб, “Дев”ларнинг ҳар қандай тазйиқларидан қаттий назар, давлатимизнинг таназзулига сабабчи бўлаётган ушбу масалани оммага ошкор қилиб келишга шошилдилар, ёздилар, бонг урдилар.

Бу ташкилот давлатни  бошқарадиган президентга ҳам бўйсинмайдиган даражада, салбий қуввати кучайиб кетди. Одамларни турли-туман туҳматларга дучор қилдилар, тадбиркорларнинг мол-мулкини, бойлигини таладилар,  давлат номидан туриб зўравонлик қилдилар, қамоқларда оғир қийноқлар билан махкумларни тахқирладилар, хасталантирдилар,  яширин  тарзда минглаб одамларни ўлдиртириб юбордилар.

Уларнинг кирдикорларини бугун яшириб бўлмай қолди. Чунки, президент томонидан бу “КАЛАМУШ”ларнинг УЛКАН ИЛДИЗлари…га болта урилди.

Кеча ижтимоий тармоқларда таниқли драмматург Санжарали Имомов  томонидан бир ибора қўлланилди: “Илонни боши кесилса-да, думи кўп одамни йиқитишга қодир” .

Хуллас, кечаги Бобомурод Абдуллаевнинг суди натижаларига қайтсак.

Ҳамма гувоҳлар, таржимон қиз Чарос Абдуллаева, ҳарбий йигит, суд эспертиза ходималари, яна кечаги судда қатнашган суд экспертлар Тўлаганова, Баҳодиров каби, яна  қолган учта айбланувчилар Ҳаётхон Насриддинов (у  кечаги судда айниқса,аянчли шарманда кимсасига айланди…), Равшан Салаев, Шавкатжон Оллоёровларнинг суддаги барча кўрсатмалари ёлғон асосида эканлиги, кимлардандир қўрқиб гапираётганликларини, оддий мактаб ўқувчиси ҳам  бу эртакни ёлғонлар бошқараётганлигини сезиб олган бўлар эди.

Суд қатнашчилари афсуски, оддий мактаб ўқувчилари эмас. Ҳамма гап қаерга қараб кетишини билиб турибдилар. Қаҳрамонимизни ҳимоясига отланган адвокат Сергей Майоров, малакали мутахассис ва ўз ишини виждонан амалга оширишга қодир инсон эканлигидан кўпчиликнинг меҳрига тушди.

Ҳар бир ёлғон кўрсатмаларни суддагиларга ёлғонлигини исботлаб, кўрсата олди. Гувоҳлар ўз ёлғонлари олдида бир неча марта ожиз қолдилар. Қораловчи эса адвокатни бир неча марта “учириб” қўйишга уринди… Панжара ортидаги Бобомуроднинг ўзи ҳам ёлғончиларни кўрсатмаларига одамлар эътиборни тортиб, фактли далиллар билан ошкор қилиб ташлади.

Судда “ Жатва “ лойиҳаси тўғрисида, кескин жанг кетди десак ҳам бўлади. Жатвани ҳар ким ҳар –хил тушинаяпти. Биров куздаги ҳосилни йиғиб олиш сифатида, биров қора кучларнинг йиғилмасига ўхшаш тушунчалар билан ифодалаяптилар. “ Жатва”лойиҳаси судда кўп тилга олинди. Суд эксперт-терговчилар шундай гувоҳлик бераяпти-ки,  ўзлари тақдим қилган, имзолари билан белгиланган Бобомурод Абдуллаевга тегишли дейилаётган мақолаларнинг моҳиятини тушинтириб бериш қобилиятига эмас экан. Ҳаттоки, WORD  билан ишлаш, дискда, флешкада қай тартибда ишлаш методларини, у ерда терговдаги одамнинг қандай маълумотлари сақланиб қолганликларини ёлчитиб одамларга тушинтириб беролмади. Бунинг устига “Жатва” лойиҳасидаги саналар билан боғлиқ фактлар, Бобомуроднинг тергов қилиниши жараёнида қалбакилаштирилган деган шубҳамизни кучайтиради.

Экспертларга бошқа ташкилот томонидан босим қилинганини, ўзи билмасдан Тўлаганова “гуллаб” қўйди.  Қайсидир жойга борганлиги, Валодия исмли ходим тўғрисида гапирди.

Мана бугунги судда   кўпларнинг умрига, ҳаётига таҳдиду,  кўргиликлар солган шу Девларнинг каттаси ҳам гувоҳ сифатида иштирок этади. Бу одамнинг кимлигини кўпчилик билади: Нодир Тўрақулов!

Алексей Веселов ва бир қанча оператив гуруҳ ходимлари гувоҳ сифатида келишади.

Демак,  “ Дев”лар ҳам сўроқ қилиниши мумкин экан !

Ўзлари қийноқларга дучор қилган маҳкумлар орасида, қамоқда юриши мумкин экан…

Кўрамиз, бугунги кураш қай тартибда кечар экан…

Бобомурод Абдуллаевни қамоққа олиб, қийноқлар билан уни суд қилиниши икки кучларнинг:
собиқ миллий хавфсизлик ва куч ишлатар тизмлари ҳамда, ислом каримов сиёсатига мухолиф кучлар ўртасидаги сиёсий жангни давом этаётганлигидан далолатдир.

Шундай экан уларнинг ҳаракатларини, ишларини тарози палласига қўйиш вақти келди.

Мухолиф кучларни яна бугун қўрқув сиёсатига айлантириш кимларга керак бўлаяпти деган фикр, бугунги кун саволига айланди.

Хўш кимларга, деган саволлар ичида бугунги гувоҳликка чақирилганлар орасида ҳам бор эмасми?!…

Муаллиф : Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Йпх ходимида айб йўқ! ҳамма айб «телефон»да…

Декабрнинг илк ҳафтаси, кун жудаям совуқ эди. Самарқанднинг катта кўчаларидан биридаги бекатда хаёл билан автобус кутиб турган эдим. Шу пайт ЙПХ ходимининг ҳуштагидан ...

Қирғиз депутатлари: президент ва спортчилар хорижда қирғиз қалпоқ кийиб юрсин

Қирғизистон парламенти депутатлари “оқ қалпоқ” бош кийимини мамлакатнинг бошқа миллий рамзлари – давлат байроғи, герб ва гимнга тенглаштиришни таклиф қилишди. Қонун лойиҳаси ...

Ёшлар иттифоқи: “россияда паспортини йўқотган мигрантлар ортга қайтарилади”

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги делегация Санкт-Петербургда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳаёти билан яқиндан танишган. ...