“ТОЧКОВКА” ИЖРОЧИЛАРИ ҚАЧОН ЖАВОБ БЕРАДИЛАР?

“ТОЧКОВКА” ИЖРОЧИЛАРИ ҚАЧОН ЖАВОБ БЕРАДИЛАР?
  • ДИҚҚАТ:  Унутилаётган муаммо!

Кейинги бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнида нафақат адолатсиз ўқилган ҳукмлару ноҳақ қамалган Инсонлар ҳақида олий минбарлардан тортиб ўзаро оддий суҳбатларда ҳам очиқ-ошкор айтилмоқда, интернет саҳифаларда мақолалар эълон қилинмоқда.

Айнан ноҳақлигу қийноқ ва ғайриинсоний муносабатлар билан боғлиқ яна бир жиҳат бор бўлиб, айни дамда бу борада эътирофлар сезиларли сусайгандек назаримизда.

Бу – жазо ўтаётган маҳкумларга нисбатан юритилган “қора рўйхат” ва шу асосида қонунга зид равишда – ФАҚАТ ВА ЯНА ФАҚАТ МАҲКУМНИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ ЖОЙЛАРИ — ЗОНАДА МАЖБУРИЙ ТУТИБ ТУРИШЛИК, бир сўз билан айтганда –ТОЧКОВКА!

Ушбу муаммони ҳали зонадаги пайтимиз-2017 йил ёз фаслида олдинига мен, сал ўтмай Аъзам Турғунов МУРОЖААТлаб, ёйинлагандик. Бунинг давоми бўлиб, муаммони “точковка”даги маҳкумларнинг яқинлари мамлакат ИИВ ЖИЭББдан тортиб, Президент Девонига қадар кўтаргандилар. Кўп ўтмай 49-ЖИЭКда аввалига фақат ЖК 273-моддаси билан айбланиб ҳукм этилган ва “точковка” сабаб йиллар давомида назоратда бўлган, қонунда белгиланган Инсонпар-варлик актлари қўлланилишидан сунъий тарзда маҳрум қилиниб келинган элликка яқин маҳкум  “қора рўйхат”дан чиқарилиб, жазонинг енгиллаштирилган турига ўтказила бошланди.

Кейин бу жараён тезлашиб кетиб, Инсонпарварлик далолатномаси барча “точковка”дагиларга, шу жумла-дан, ЖК 159-,221-,244- моддалари билан ҳукм қилинган маҳкумларга нисбатан ҳам тадбиқ этилди.

Натижада йиллар давомида ҳуқуқлари ошкора камситилиб, узлуксиз қийноқ ва ғайриинсоний муносабатларда жазо ўтаётган юзлаб маҳкумлар “қора рўйхат”дан чиқарилиб, жазонинг енгиллаштирилган турига ўтказилдилар, муддатидан илгари жазодан шартли озод этилдилар.

Ким учундир шу билан гўё адолат тиклангандек, қонун устуворлиги таъминлангандек кўринар. Бироқ ЭНГ АСОСИЙ МАСАЛА – қонунга зид равишда СУНЪИЙ ТАРЗДА маҳкум(лар)ни табақалантириб, қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ушлаб турилишини ТАЪМИНЛАГАН ижрочи шахсларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмай қолмоқда!

Кимдир айтар: “Ижрочилар фақат буйруқни бажарганлар, ўша вақтда шунга мажбур бўлганлар, бу ноҳақликлар ортида турган ЭНГ КАТТАлари тегишли жазони олдилар-ку!” – деб.

1984 йилги Қийноқлар, ғайриинсоний муносабатлар ва шафқатсиз муомалага қарши Вена Конвенцияси 2-моддасида буйруқни кўр-кўрона бажарганлик қийноқни оқлашга сабаб бўла олмаслиги таъкидланган. Мазкур Конвенция эса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан Ратификация қилинган.

Шу баробарида ҳеч кимнинг қийноққа солиниши мумкин эмаслигига оид таъкид Ўзбекистон Конституциясида ҳам белгилаб қўйилган. Қийноқ  моҳиятан кўра – ЖИНОЯТ ҳисобланади. Ўзбекистон жиноят кодексида эса, жиноятга жазо муқаррарлиги аниқ қилиб кўрсатилган!

Бошқасини қўйиб турайлик, беморлиги боис УЯ-64/18-муассаса(сангород)га келтирилган маҳкумни даволаш ўрнига этап қабул қилиш жойиданоқ баҳона топиб, бир неча суткага изоляторга қамаш, калтаклаш, сунъий тарзда маъмурий жазо қўллаб яна ортига қайтариб юбориш қайси ҳуқуқий ва инсоний тамойилга мувофиқ келади? ҲЕЧ ҚАЙСИ!

Сил касаллигига чалинган маҳкумлар учун мўлжалланган собиқ 36-колонияда “точковка”даги маҳкумга вақти-вақти билан йилда камида икки марта сунъий тарзда маъмурий жазо қўлла-нилиши, қасддан уни амнистия, муддатидан илгари шартли озод этилиш актларидан маҳрум этилиши ҳолатлари сабабчилари нима учун жазоланмасликлари керак!

Биргина мисол: 2013 йил янглишмасам 19 феврал куни менга 15 сутка ШИзо жазоси қўлланилди. САБАБ сифатида “эрталабки зарядка вақтида жойида туриб сакраш машқини яхши бажарма-ган”лигим кўрсатилган. Изоляторнинг бир кишилик камерасида сақландим. Соғлигим ёмонлаш-гани боис 24 феврал куни изолятордан тўғри тиббиёт бўлимига олиб келиндим ва “постелний режим” тарзида даволаш тайинланди. Ўн кун ўтиб, УЯ-64/18-муассаса(сангород)га жўнатилдим. Бу ерга келган кунимданоқ олти сутка давомида ҳеч қандай даволашсиз изоляторда сақлаб туришди. Бундай ғайриқонуний муносабат биринчи марта эмасди…

Айнан сунъий қўйилган интизомий жазолар маҳкумни нафақат Инсонпарварлик актларидан маҳрум этарди, балки кейинчалик унга нисбатан муддат қўшиб берилишига (ЖК 221-модда!) ва “раскрутка” бўлишига асос ҳам бўлган. Масалан, Исроил Холдоров, Аъзам Фармонов каби юзлаб инсонлар қисмати бунга яққол далилдир!

Бундай ғайриинсоний ва ғайриқонуний ҳаракатлар асосан муассасалардаги Тартибот, Тезкор ишлар бўлимлари ходимлари тарафидан амалга оширилган. Агар номма-ном келтирсак, рўйхат жуда узун, қисман келтирадиган бўлсак, рўйхатга кирмай қолганларининг кўнгли ўксиши мумкин.

Шунинг учун бу масалани прокуратура идораларидаги масъулларга, ИИВ тизими шахсий таркиб бўйича жавобгар раҳбарлар эътиборига ҳавола этиш билан бир қаторда Инсон ҳуқуқлари борасидаги Халқаро ташкилот иш режаси ҳамда халқаро миқёсдаги анжуман кун тартибига киритилишини истар эдик. Шунингдек, HRW, HRCA, Халқаро амнистия қўмитаси, мамлакатда фаолият юритаётган Инсон ҳақлари жамиятлари бу борада  амалий муносабатлар билдириш-ларини мақсадга мувофиқ ҳисоблаймиз

ШАХС ҲАР ҚАНДАЙ ШАРОИТДА ҲАМ ҲУҚУҚИЙ СУБЪЕКТ сифатида тан олиниши зарурлиги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”да белгилаб қўйилган бўлиб, мазкур Халқаро ҳужжат ҳам Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган. Бироқ амалда эса, қарийб чорак аср давомида фақат хилоф равишда иш тутилган. Биргина Жаслиқ қамоқхонасининг барпо этилиши ва у ердаги маҳкумларга нисбатан муносабатнинг ўзиёқ  мазкур Декларация тамойиллари  мамлакат собиқ Раҳбари ва унинг ижро командаси учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаганлигини исботлайди.

Қамоқ жойларидаги шароитлар, маҳкумлар таъминоти, қонунда белгиланган тиббий хизмат масалалари деярли талаб даражасида бўлган эмас.

Мисол тариқасида кейинги тўрт йилдан ортиқ вақт мобайнида (2013 йил октябр-2018 йил феврал-гача!) 49-ЖИЭКда ичимлик суви доимо муаммо бўлганлигини кўрдим.  Маҳкумлар ошхонасидаги идиш-товоқлар санитар нормаларга мутлақо жавоб бермаган, аксарият фойдаланиш муддати ўтган. Кийим таъминоти ҳам талаб даражасидан анча паст. Яшаш ва ётоқ биноларида маҳкумлар белгиланган квадратга эга эмаслар. Канализация қувурлари яроқсизлигидан доимо тиқилиб, муассаса (айниқса, маҳкумлар ошхонаси) ҳудуди бадбўй!

Муассасада маҳкумни камситиш оддий ҳолат. Масалан: маҳкумлар овқатланишга борадиган вақт раҳбарлардан бири “Чойхона” дейилувчи ўрталиқда туради. Саҳнлардан саф-саф бўлиб чиқаётган маҳкумлар аввал ЎША РАҲБАР тарафга юриб, бир овоздан салом беришлари шундан кейингина овқатланишга боришлари мажбурий қилиб қўйилган. Агар бу мажбурият бажарилмаса ёки салом маъқул келмаса, ўша туркум жазоланади. Бундай камситиш 2018 йил январида ҳам амалда эди!

Муассасага келадиган комиссиялар учун фақат штаб атрофидаги саҳнлар ҳожатхоналари, ётоқ бинолари тартиблаб қўйилган, холос! Неча марта Комиссия (ЖИЭББ вакили, Прокурор ва ҳ.к.) келган бўлса, деярли ҳар гал йўналиш бир хил-тиббиёт бўлими, ошхона томон… Бироқ шундоққина кўриниб турган саҳнларга кириб, маҳкумлар яшаш шароити билан қизиқиш деярли бўлмаган.

Иш ҳақлари масаласида ҳам ғайриқонуний муносабатлар мавжуд. Яъни, қонунда “маҳкумнинг маоши энг кам иш ҳақидан паст бўлмаслиги” белгилаб қўйилган. Бироқ ғишт заводига ишга чиқадиган ва “разнорабочий” тоифасидаги маҳкумлар кунлик маоши 2300 сўмни ташкил қилган. Шунингдек, қонунга кўра “байрам ва дам олиш кунлари ишга чиққан маҳкумга икки ҳисса маош тўланиши” белгиланган бўлса-да, айнан календарда қизил билан белгиланган кунлар учун ишга чиққан маҳкумга маош тўланмаган. Ваҳоланки, шундай кунлари ўртача 800 нафар (уч смена) маҳкум ишга олиб чиқиларди.

Ғайриқонуний ва сунъий тарзда маъмурий жазолар илиш, ЖК 221-моддаси билан жазо муддати қўшиб беришлик масаласига қайтсак. “Қора рўйхат” барча ЖИЭК ва қамоқ жойларида бўлганлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат!

Сил касаллигига чалинган маҳкумлар сақланадиган собиқ 36-колонияда алоҳида “қора рўйхат”дан ташқари диний йўналиш билан айбланган маҳкумларнинг барчасига сунъий маъмурий жазо мунтазам равишда қўлланилиб келинган. Сабаби, жазо муддати охирлаган вақтда ЖК 221-моддаси билан муддат қўшиб беришлик учун маъмурий жазо асос бўлади. Шунингдек, жазони тўлиқ ўтаб чиқиб кетаётган маҳкум учун эса, олти ойдан бир йилгача НАЗОРАТ тайинлашда маъмурий жазолар суд қарорига асос сифатида тиркалади.(Масалан: 49-ЖИЭКда Икром Мирзаалиев-га нисбатан шундай йўл тутилган!) Бу- ХХ аср 30-, 50-йилларидаги истибдод даври принциплари-нинг И.Каримов диктатурасига мослаштирилган шаклидир!

Сунъий тарзда Маъмурий жазо қўллаш  йилнинг маълум вақтида ёппасига амалга оширилиб ке-линган. (Бу ҳақда 2017 йил ёзида биз томонимиздан чиқарилган мурожаатда ҳам аниқ далиллар келтирилганди!)

49-ЖИЭКдаги “қора рўйхат” мендан ташқари яна Аъзам Турғунов, Икром Мирзаалиев, Анвар Рамазонов, Қутбиддин Норалиев, Фахриддин Тиллаев, Қудрат Ҳамидов, Зафар Қулов каби 200 нафарга яқин маҳкумни ўз ичига олганди. Ҳар биримизга ҳар йили камида икки марта сунъий равишда маъмурий жазо қўлланилиб келинган. Шу сабабли биз қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш лагерларида мажбурий тутиб турилиб, бизга нисбатан қонунда белгиланган ЎзР ЖИК 113-, ЖК 74-моддаларида кўрсатилган енгилликлар қўлланилмаган.

Охирги марта 2017 йил ёз ойлари ичи бизга нисбатан яна маъмурий жазо қўллаш бошланди. Аксариятимиз тушунтириш хатлари ёзишдан бош тортдик. Шунга қарамай, айрим маҳкумлардан бизга нисбатан тушунтириш хатлари ёздирилиб, ходимлар сохта далолатномалар тузиб, сунъий тарзда маъмурий жазолар қўлланди. Бу жараён юқорида таъкидланганидек, асосан муассаса Тартибот, Тезкор ишлар бўлимлари ходимлари тарафидан амалга оширилган. Бизга нисбатан ёздирилган тушунтириш хатлари ҳам туркум “завхоз”и, “маданият тарғиботчиси”, “дневаль-ний”, “тбоош” деган “унвон”ли маҳкумлардан асосан босим орқали олинган. Энг эътиборлиси, бундай тушунтириш хатлари бир маҳкум томонидан бизга нисбатан бир неча марта ҳам ёзилган бўлиб, ҳар гал сунъий маъмурий жазо қўлланилишида ходим томонидан тузиладиган “Билдирги”-га асос қилиб иловаланган. Шунингдек, бу сохта ҳужжатлар “ТЖК қарори” деган сохта баёнлар билан тўлдириб борилган.

Бундан кўринадики, маҳкумга сунъий маъмурий жазо қўллашлик учун муассаса маъмурияти “Ваколатни суиистеъмол қилиш”, “Ҳужжат сохтакорлиги”, “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш” қилмишларини содир этганлар. Мазкур қилмишнинг бевосита давоми сифатида эса, одил судловга қарши жиноят саналувчи “Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш” ҳаракати билан маҳкумга ЖК 221-моддаси орқали айб қўйилишига эришганлар. Айнан шундай ноҳақлик боисидан ўнлаб маҳкумлар озодликка чиқа олмасдан, “ГУИН зоналари”да ўлиб кетдилар. Ўликни эса, айрим тошбағир ходимлар тили билан айтганда, ёпиб юбориш учун иккитагина “стандарт лист” ва чиройликкина баённома кифоя қилган.

Бу борада Ўзбекистон ЖИЭББ тасарруфидаги қамоқ ва зоналардан  истаганча далил-исбот топиш мумкин. Жабрланувчилар саноғини эса, “қора рўйхат”лар айтиб беришига шубҳа йўқ! Буёғини юқорида таъкидлаганимиздек, прокуратура идораларидаги масъулларга, ИИВ тизими шахсий таркиб бўйича жавобгар раҳбарлар эътиборига ҳавола этиш билан бир қаторда Инсон ҳуқуқлари борасидаги Халқаро ташкилот иш режаси ҳамда халқаро миқёсдаги анжуман кун тартибига киритилишига умид қилиб қоламиз.

Қолаверса, биз ҳам ўз имконият даражамиздан келиб чиқиб, айнан шу мавзуни ёритишга қара-тилган “Ташаббус гуруҳи”ни ташкил этиб, фаолият бошладик. Мақсадимиз кимгадир қасдлик ёки ёмонлик қилиш эмас, балки келгусида шундай ноҳақликлар юз бермаслиги учун ҲАҚИҚАТни ошкоралаб, айбдорларнинг қонун олдида жавоб беришликларига эришиш! Шу боисдан ҳам бизни ЭНГ АСОСИЙ МАСАЛА – қонунга зид равишда СУНЪИЙ ТАРЗДА маҳкум(лар)ни табақалантириб, қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ушлаб турилишини ТАЪМИНЛАГАН ижрочи шахсларга нисбатан қандай чоралар кўрилиши қизиқтиради!

Дилмурод САЙЙИД,   Тошкент ш., 12.04. 2018 йил.

Муаллифдан: ушбуни айнан шундай ноҳақликларни бошдан кечирган қисматдошларимиз ҳам ўқишларига шубҳа йўқ. Ва, умид қиламизки, холис муносабат билдириб, ўзларига нисбатан қилинган ноҳақликларни ошкоралайдилар!

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Вазирлик расмийси “ҳижобли қиз”га босим бўлганини рад этди, аммо…

Гулистонда ҳижобли қизнинг ҳақорат қилингани иддаолари тасдиғини топмади Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси Салоҳиддин Санақулов Озодлик билан суҳбатда ...

Рўмол ўраган аёл ҳуқуқбузарми?

Бир жумла борки, у барча муҳокамага нуқта қўяди, забон ҳам ҳақли сўзларни айтишдан тўхтайди. Бу жумланинг қудрати жамиятимизда шу қадар улуғки, ўз мулкинг ё жонинг ҳимояси ...

Ота-оналар фарзандларига мактаб формаси сотиб олишга мажбурланмоқда

Андижоннинг Пахтаобод туманида мактаблар ўқувчиларга янги мактаб формаларини сотиб олишниталаб қилмоқда. Мактаб раҳбарлари ота-оналарни чақиртириб, формани фақат мактабдан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400