Чет эллик меҳмон ҳайрати: “Сизларда дорихона жуда кўп экан, сабаби нимада?”

Чет эллик меҳмон ҳайрати: “Сизларда дорихона жуда кўп экан, сабаби нимада?”

Ўзга давлатдан меҳмонга келган киши мезбоннинг дилини оғритмаслик учун унинг юрти ҳақида иложи борича яхши гапларни айтади. Аслида, ҳар бир ўлканинг сайёҳлар учун табиати, тарихий обидалари, таомлари, мева-чеваларидаги ўзгачаликнинг ўзи ҳайратга солиши тайин.      

Меҳмонлар билан..

Ўтган ҳафта қўшни давлатдан келган бир гуруҳ расмий меҳмонлар билан бир кун бирга юрдим. Мутасадди кишилар томонидан уюштирилган қабулдан сўнг қардошларимиз ҳамкорликни амалга ошириш учун биздаги мавжуд саноат объектлари ва диққатга сазовор жойларни бориб кўришни ихтиёр этишди. Меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш билан биргаликда уларнинг ҳар бир борган жойдаги реакциясига эътибор қаратаман. Ярим соатлик сафардан сўнг улардан бири менга: “Сизларда кўчалар доим шундай тоза ва саришта турадими ёки меҳмонлар келишига ҳаракат қилишдими?”, деб сўради. Ободонлаштиришга эътибор доим бир хил эканлигини эшитиб: “Агар бизга меҳмонга борсангиз, кўчаларимиздан уятга қоламиз экан..”, деб қўйди. Бундай мақтовдан дил яйрайди, лекин…

Меҳмонларга ажратилган автобусда, асосан, тадбиркорлар бўлгани учун ҳар бир ишлаб чиқариш корхонасига кириб чиқишимиз билан йўлда иқтисодий таҳлиллар давом этарди. Тўғриси, уларни гап-сўзларини эшитиб, биздаги ривожланишдан кўнгил тўлди. Айниқса, пахтадан ишланган текстиль кийим-кечакларимизнинг сифати уларни жуда ҳайратга солгани, у ердаги меҳнат маданиятини ўрганиш кераклигини таъкидлашгани бор гап. Яна меҳмонлар биздаги меваларнинг мазаси бошқача эканлигини ҳам роса мақташди.

Ғалати савол

Улардан бири йўлдаги реклама доскасини ўқиб, менга : “До-ри-хо-на. Бу – аптека тўғрими?”, деди. “Ҳа” деган жавобимни эшитиб: “Пойтахтингизда аэропортдан тушиб шаҳарга кирганимдан бери энг кўп учрагани мана шу ёзув бўлди. Ҳамма кўчада дорихона. Вилоятлардаги шаҳар ва туман марказларида ҳам мана шундай экан. Сизларда касаллик кўпми? Баъзи кўчаларда қаторасига беш-олтитадан мана шундай аптекалар. Сабаби, нима?”, деб сўради.

Рости, мен бу саволга тайёр эмас эканман. Шаҳар айланиб, эътибор бериб қарасам ростдан ҳам дорихона дегани тиқилиб кетибди. Авваллари дори-дармон билан савдо қилувчи дўконлар асли тиббиёт муассасалари атрофида бўлгувчи эди. Ҳозир ҳар бир гавжум кўчада тўрттадан экан. Бозорлар атрофи-ку “дори базаси”га айланган.

Ўзим туман марказида яшайман. Эсимни таниганимдан бери маъмурий марказимизда, пештоқига қадаҳга чирмашган илон сурати туширилган биттагина “Аптека” ёзуви бор бино бўлган. Ўша дорихона ҳам қишда грипп оралаганда бир гуриллаб одамларни қабул қилар, бошқа пайт ҳувиллаб ётар эди. Ҳозир, ўша ҳудудда 16 та аптека санадим. Тўғри, аҳоли сони ҳозир бир неча бор ошганини ҳам ҳисобга олиш керак. Бироқ ҳозир туманнинг деярли ҳар бир қишлоқ гузарида ҳам дорихоналар мавжуд. Барча вилоятларимизда шу аҳвол.

Эпидемиялар

Яхшиям меҳмон: “Юртингизда узоқ йилдан бери турли эпидемиялар тарқаяптими?”, деб савол бергани истиҳола қилди.   

Аслида бизда ростдан ҳам турли эпидемиялар тарқаган. Ишонмайсизми?

Биринчиси, тиббиётчининг ўз касбини бизнесга айлантириш эпидемияси. Ҳали меҳмон бу дорихоналардан ташқари, чет элнинг юзлаб дори ишлаб чиқарувчи компанияларининг тизимли дори сотишидан бехабар? “Сизга фақат мана бу компаниянинг дориси фойда беради!”, дейиш дўхтир учун уят бўлмай қолган. Барча тиббиётчиларга бирдек ташхис қўйиш яхши эмасдир. Чунки, улар орасида виждонлилари ҳам бор. Баъзида: “мана шу компаниялар касалликни ўзлари тарқатмасмикан?”, деб ўйланиб ҳам қоламан.. Лекин, бировга туҳмат қилиш гуноҳ. Астағфируллоҳ.

Иккинчиси, эътибор берган бўлсангиз, ҳар бир кўчада битта дорихона битта ошхона бор. Биз ҳар куни тўйгунча бетартиб овқат ейиш эпидемиясига чалинганмиз. Овқатланиш маданияти бизга умуман бегона. Табиий маҳсулотми, холестрин миқдори қанақа, нимани гўшти қизиғи йўқ, еяверамиз. Пойтахт ва воҳада кафелар, водийда чойхонадан кўпи йўқ. Ошнангизга: “Воҳага борибсан?” десангиз, у ўша жойдаги маданий мерос масканлари ўрнига биринчи ўринда: “Тандири зўр, сомсасини айтмайсанми?”, дея овқатдан тушади. Қисқаси, “Дардимиз овқат” деган эпидемия.

Учинчиси, камҳаракатлик эпидемияси. Азал аждодларимиз саҳар туриб, кетмон чопган, мол-ҳол ва бошқа юмушлар билан ҳаракатда бўлган. Ҳозиргилар ундай эмас! Чунки, аҳолининг асосий қисми траспортда ишга боради, келади. Бошқа юртлардагидек, саҳар туриб югуриш бизга ёт. Югураётганлар, спорт билан шуғулланиб юрганлар бор. Лекин, улар фоизга ҳам чиқмаса керак! Болалар спорт билан шуғулланиши учун анжомлар қиммат. Бир рус дўстимиз ҳазиломуз: “Коптокни нархи битта ароқ нархидан арзон бўлса, футбол ривожланади”, деганди. Унинг таъбири билан айтганда “в каждой шутке есть доля правды.”. Бу масала бўйича алоҳида мақола ёзиш ниятимиз бор. Чунки, мавзу катта.

Барча касалликлар асаб бузилишидан келиб чиқади, дейишади. Бу гапда ҳақиқат борлиги ҳақиқат. Асабий одам жуда кўп. Руҳиятни даволаш учун илм ва маърифат зарур. Дорихона ва ошхона сонига яраша кутубхона ва спорт залларимиз бўлса эди…

Ҳикоят

Қадимда қолган бир ҳикояни эшитганим бор: “Катта музофотда бир донагина зўр табиб яшарди. Унинг якка ўғли бўлиб, у жуда бетарбия экан. Бола эрталабдан кечгача кўчада ўтириб, ўтган отлиқ ва пиёдага тош отар, отасининг ҳурмати зўрлиги ва атрофда бошқа табиб йўқлиги сабаб унга ҳеч ким танбеҳ бера олмасди. Чунки одамнинг бемор бўлиши бор. Боласини уриб қўйса, эртага отаси унга қарамай қўйиши мумкин. Иттифоқо, бир куни бола кўчадан ўтаётган отлиққа озор беради. Шунда ҳалиги йўловчи уни олдига келиб юзига бир тарсаки солибди. Ўғил: “Сен мени отамни билмайсан. Ҳали ишинг тушиб келади-ку?”, дея унга ҳам дағдаға қилади. Шунда йўловчи шундай депти: “Отангни кимлигини яхши биламан. Мени унга умуман ишим тушмайди. Отангга ўша одам: “Ҳафтада бир, ойда бир, йилда бир”, деб кетди дегин”.

Шапалоқ еган арзанда, табиб отаси олдига кириб, нима бўлганини, йўловчининг “ҳафтада бир, ойда бир, йилда бир” деб кетганини ва бу гапда не маъно борлигини сўрабди. Ота ўғлига: “Ўша киши ҳафтада бир кун оч қолиб, рўза тутиб, ички аъзоларини тозалайди. Ойда бир – мўрча, яъни буғли ҳаммомга тушиб, терлаб танасини поклайди. Йилда бир, эрта баҳор илик узилди пайтида кўкка бир тўйиб, барча дармондориларни вужудига йиғиб олади. У тўғри айтибди, болам. Ундай кишини менга ҳеч иши тушмайди!”, деган экан.  

Ҳисса..

Балки, бу ҳикоя бугунги кунга тўла тушмас, лекин ундаги фалсафа талқини айни бизга тегишли. Агар биз ўз организмимизни ўзимиз англамасак – дард чекиб, пулимизни кимёвий дориларга сарфлаб юраверамиз. Дорихоналарнинг кўплиги эса менимча, миллатнинг носоғломлиги, тиббиётнинг бесавия эканлигидан далолат. Чет элда ҳар олти ойда профилактика учун дўхтирга кўриниб туришади. Биз ундай қилмаймиз. Мабодо, бу тажрибани қилмоқчи бўлсак, тиббиёт ходими биздан тузалиши қийин бўлган ўнта дард топиб беришидан қўрқамиз. “Эй, балодан ҳазар” деб юраверамиз. Қаранг, аксиомани ўзи…

Жуда кўп ишлатилавериб, куч-қувватини йўқотиш даражасига келган жумлани келтираман: “Одам соғлом турмуш тарзига риоя қилса, бемор бўлмайди ва узоқ яшайди”. Ўша соғлом турмуш тарзи аввало – тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш ва инсон организмига зарар келтирувчи ичимлик ва чекимликдан воз кечиш, деганидир.

Агар шунга амал қилмасак, кўчаларда турнақатор қурилган ошхона, кафеларда “гуппиллатиб” ёғли овқатни тановул қилиб, қорин солиб, ўша кўчанинг икки бетидаги дорихонадаги дори ва малҳамларга ошно бўлиб юраверамиз. Илм олиб ўзини англамаган, спорт билан шуғулланиш бегона бўлган тана дардга яқин юради.

Бўпти.. Агар, насиҳат қилган инсонни ўзи гапига риоя қилмаса, айтгани ҳапара. Чекиш, ичишдан узоқман. Югуришга кетдим…

Элмурод Эрматов, журналист

Манба: kun.uz сайти

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бобомурод  абдуллаевнинг “мулойим  даъватлари”: сўз яна суд-экспертларига

Сиз нима деб ўйлайсиз?  Журналистни суд қилган жамият қанчалик даражада кучли?!... Мана қарийиб икки ойдирки Ўзбекистонда журналист Бобомурод Абдуллаев иши юзасидан бошланган ...

«фикрлар чорраҳаси» кўрсатуви эфирдан узиб қўйилишига ёшлар иттифоқининг алоқаси борми?

«Маҳалла» телеканалида 4 июль куни соат 20:00 да эфирга узатилган «Фикрлар чорраҳаси» кўрсатувининг ёшлар сиёсати ва Ёшлар Иттифоқига бағишланган сони охирига етмай, тугашига ...

«ҳожатхона инқилоби» амалда ҳам бўлдими? 

Ҳожатхоналар масаласида кўп ва хўб ёзилди. 2018 йил бошида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда мамлакатимиз фуқаролари ва хорижий меҳмонлар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400