Шарқона қарз бериш ёҳуд Хитой кредити соясида қолган Марказий Осиё

Қозоғистондаги қурилиш объектидаги хитойликлар. Nur.kz сайти фотоси

Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой бераётган қарзларга ботиб бораётганини «неоколониализм» ибораси билан ҳам атайдилар. Хитой бошқа давлатларга узоқ муддатли (20 йил ва ундан юқори ) кредитларни энг кам 2 фоизли ставкада беради. Чет эл лойиҳаларига қарз беришнинг оддий усули — хитойлик ишчи кучи, технология бериш ва бизнес орқали амалга оширилади. Кредитлар асосан инфратузилмаларни ривожлантириш лойиҳалари учун берилади: автомобиль ва темир йўлларини қуриш ёки модернизация қилиш, энергия ишлаб чиқариш объектларининг қурилиши шулар жумласидандир. Хитой учун Марказий Осиё биринчи навбатда – ресурс ва транзит ҳудуди, демакдир.

Март ойида Американинг Center for Global Development таҳлилий маркази ҳисоботида Хитой кредитига қарам бўлиб қолган саккизта мамлакат кўрсатилади. Унга кўра, Марказий Осиёда энг қарзга ботган мамлакатлар Қирғизистон ва Тожикистон ҳисобланади. Уларнинг Хитойга қарзи мамлакат умумий ташқи қарзининг 50 фоизига яқиндир. Лаос, Жибути, Мальдив, Черногория, Монголия ва Покистон мамлакатлари қарздорлар қаторидан ўрин олган. «Фарғона» Марказий Осиё мамлакатларининг нақадар Хитой бераётган қарзларга ботгани ва бу ҳолат қарздор республикаларга қанчалик хавф солишини ўрганиб кўрди.

Қозоғистон

Бу республика Марказий Осиё давлатлари ичида Хитой кредити ва тўғридан- тўғри сармоялар киритилиши бўйича биринчи ўринда туради. Республика Марказий банкнинг 2018 йил 1 январь маълумотига кўра, Остонанинг Хитойга нисбатан қарзи — $12,6 млрд ташкил этади. Қозоғистоннинг ташқи қарзлари – $167,5 млрд дан иборат. Шу билан бирга Остонанинг катта қарз берувчиларидан бири Нидерландия ҳисобланади (деярли $50 млрд), кейин Буюк Британия ($27,7 млрд) ва АҚШ ($13,2 млрд), Хитой эса қарз берувчилар ичида тўртинчи ўринни эгаллайди.

Хитой кредити автомобиль йўллари, завод ва энергетик объектлар қурилишига сарфланади. Қозоғистонда хитойлик сармоядорлар пули сарфланиши керак бўлган «51 та янги завод» лойиҳаси мавжуд. Уларнинг ичида Костанай «СариаркаАвтоПром» автозаводи бор ва унда Хитойнинг JAC (Хитойнинг China National Vehicles Import And Export Corporation компанияси Костанай автомобил заводининг эгаси бўлган «Группа компаний «Аллюр» акционерлик жамиятининг 51% акциясини сотиб олган) компаниясининг улуши катта. Кокшетаудаги «Тайинша Май» ёғни қайта ишлаш корхонаси, Атыраус нефтни қайта ишлаш заводи (АНПЗ), Актаунинг «Каспий Битум» заводи, Шимкент нефтни қайта ишлаш заводлари хитойликлар берган қарз эвазига қурилган.

Хитой ҳеч қачон қарзни тезроқ узишни талаб қилмайди, аксинча Пекин бошқа мамлакатларнинг молиявий қарам бўлишидан манфаатдордир. Вақтлар ўтиб кўпайиб қолган қарзлар реконструкция қилинади ва уларни узиш учун мамлакатдаги хом ашъё ресурслари, корхоналарнинг назорат пакетлари ва унумдор ерларнинг жалб этилиши талаб қилинади.

Қозоғистон мисолида бу масала жуда оғриқли мавзу эканини англаш мумкин. Эслатиб ўтамиз, 2016 йили Қозоғистон 1,7 млн га ерни сотувга қўйишни режалаштирган эди. Мамлакатда норозилик намойишлари бошланди. Уларни чет элликларнинг ерларни арендага олиши қизиқтирмади. Одамлар “хитойликларга ер бердингми, кейин уларни ҳайдаб ҳам чиқаролмайсан” деб норозилик билдирдилар. Бундай кайфиятга тўқсонинчи йиллар ўртасида Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида собиқ хитой – совет чегарасидан ҳарбий кучларни силжитиш борасидаги Келишув сабаб бўлганди. «1996 йилги Келишув амалдаги хитой-совет чегарасини бекор қилинишини ва янги демаркацияни талаб қилди, – деб ёзади Брюс Панниер. – 1999 йили Қозоғистон ҳукумати Хитой даъво қилаётган 34 минг квадрат километрнинг ярмидан воз кечишга тайёр эди. У пайтлар мамлакат парламентидаги легитим мухолифатчи депутатлар, жамоат ҳаракатлари ва мустақил матбуот ҳукуматнинг бундай қарорини кескин танқид остига олди. Давлат матбуоти Қозоғистон «56,9 фоиз» бахсли ҳудудни қўлга киритди, деб ёзганида бунга қарши чиққанлар қолган “43,1 фоиз ер” Хитой билан тузилган янги келишувга қадар қозоқларники бўлганига эслатиб ўтдилар. Хитой билан чегара борасидаги Келишув 1999 йил 3 февралда мамлакат парламентида маъқулланди. 10 март куни Сенат мазкур ҳужжатни тасдиқлаган сўнг, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев унга қўл қўйди.

2016 йилги ер борасидаги норозиликлар туфайли 2021 йил 31 декабргача Ер кодексига ўзгартиришлар киритилмайдиган бўлди. Ернинг чет элликларга сотилиши масаласи очиқлигича қолган.

Қирғизистон

Марказий Осиё республикали ичида Қирғизистон Хитойдан олган қарзлари бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат Молия вазирлигининг 2018 йил 28 февраль маълумотига кўра, Қирғизистоннинг умумий давлат қарзи $4402,67 млн (деярли 300 млрд сўм) иборат, ундан Хитой олдидаги қарзи— $1711 млн.ни ташкил этади. Хитой давлат экспорт-импорт банки (Эксимбанк) Қирғизистоннинг энг катта қарз берувчиси ҳисобланади ва ундан олинган қарз кунига $470 мингга ўсиб боряпти.

Хитой Қирғизистондаги автомобил йўллари қурилиши, энергетика соҳаси («Датка-Кемин» электр ўтказгич линияси), саноат (Қора болтадаги нефтни қайта ишлаш заводи, Толи – Булоқ олтин кони ва ҳ.к) қурилишларига сармоя киритган.


«Датка-Кемин» электр ўтгазгич линияси участкаси. Gov.kg сайти фотоси

2018 йил январь маълумотига кўра, ҳозирда Қирғизистоннинг давлат қарзи бироз камайган, у 2017 йил октябридан бошлаб биринчи бор $222,14 млн га камайган. «24.kg» ахборот агентлигининг ҳисоб-китобига кўра, давлат қарзини узиш учун ҳар бир қирғизистонлик 703 доллардан бериши керак. 2018 йил март ойида ҳукумат чеклов ўрнатди: битта кредитор олдидаги қарз давлат ташқи қарзининг ярмидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бундай қоида Қирғизистон республикасининг 2018—2020 йиллар давлат қарзларини бошқариш Стратегиясига киритилган.

Агар Бишкек Хитой олдидаги қарзларини уза олмаса, у ҳолда қарз олтин, темир, нодир металлар мавжуд ерлар ҳисобига узилиши мумкин. Қирғизистонда қарзларни ер ҳисобига узиш масаласи кўтарилмаган. Чунки, бу ҳолатда одамлар ғалаён кўтариши мумкин. 1996 ва 1999 йиллардаги Хитой билан чегарани демилитация қилиш бўйича Келишувга кўра, Қирғизистон бахсли 125 минг гектар еридан маҳрум бўлган ва яна 161 кв.км қирғиз ҳудуди қўшимча келишув асосида Хитойга ўтказиб берилган.

Тожикистон

Тожикистонга нисбатан кўпинча “Хитойнинг мутлоқ қарзга ботган колонияси”, “Пекиннинг иқтисодий мустамлакаси” каби вулоққа хуш келмайдиган иборалар ишлатилади. Тожикистон ташқи давлат қарзининг тенг ярми Хитойга тўғри келади. Бу рақам 2018 йил бошида $1209,6 млн (умумий ташқи қарз – $2879 млн ) ташкил этган. Хитойнинг «Эксимбанк» кредити – $1201,6 млн ташкил этади, Бу мамлакатда ҳам Хитой томони энергия лойиҳалари, автойўллар қурилиши , алюминий ишлаб чиқариш, уяли алоқа хизмати ва олтин қазиб чиқариш соҳаларига пул тиккан.


Тожикистон тоғларида Хитойнинг юк машиналари. Umma-42.ru сайти фотоси

Тожикистонга илк бор 2007 йили $216 млн миқдоридаги қарз берилган, лекин борган сари мамлакатнинг хитойликлар қарзига бўлган қарамлиги ҳаддан зиёд ортиб кетади. Ҳозирда Тожикистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри сармоя ажратганлар орасида Хитой биринчи ўринда туради ва у ҳар йили тожикларнинг турли эҳтиёжларига қарз ажратади. Кўриниб турибдики, ушбу қарзлардан осонликча қутулиб бўлмайди.

Жорий йилнинг апрель ойи бошида Хитойнинг TBEA компанияси Сўғд вилоятидаги “Юқори Кумарг” конида олтин қазиш бўйича лицензияни қўлга киритди. Хабар берилишича, мазкур кон «Душанбе-2» иссиқлик электростанциясини модернизация қилиш учун олинган қарзларни қоплаш эвазига берилган. Аввали ушбу компания “Шарқий Дуоба” конини ўзлаштиришга рухсат олганди. ТВЕА берилган қарзларнинг ўрни қопланмагунча олтин қазиб чиқаверади. Шундан сўнг Тожикистон ҳукумати мазкур компания билан янги шартнома тузади.

Тожикистон Фанлар академиясининг иқтисод ва демография институтининг бўлим бошлиғи Хўжамаҳмуд Умаровнинг айтишича, ер ости ресурслари ва стратегик корхоналарнинг акция пакетларидан ташқари, республика Хитойга алоҳида транспорт йўналишлари ва ерларни ҳам бериши мумкин. Маълумки, 2011 йили Тожикистон хитойликларга Шарқий Помирдаги 1 фоиз ерини — 1 минг кв.км бахсли ҳудудни берган эди. Хитой Помирнинг фойдали қазилмаларга бой (уран, олтин, боксит, асбест, тоғ хрустали ва ҳ.к) ҳудудига даъво қилади, шу боис қарзни ер ҳисобига тўлаш давом этиши мумкин. Бунинг учун чегарани ўзгартирмаган ҳолда, ҳудуд узоқ муддатли ижарага берилади.

Туркманистон

Туркманистон газга бой ҳудудларни разведка қилиш ва Галкиниш ўлкасида газ қазиб чиқариш учун Хитойдан имтиёзли кредитлар олган (миқдори эълон қилинмаган) ва қарз газ етказиб бериш ҳисобига узилади. Хитойнинг CNPC давлат нефт корпорацияси Туркманистон билан йилига газ қазиб чиқаришни 30 млрд кубометрга етказиш ва унинг 25 млрд кубометрини Хитойга етказиб бериш ҳисобига шартнома имзолаган. Россия ва Эрон туркман газини сотиб олишдан бош тортганида хитойликлар ягона харидор бўлиб қолганди. 2017 йили Турманистон Хитойга 30 млрд кубометр газ етказиб берган. Республика олинган қарзларни узиш эвазига Хитойга яна неча йил газ етказиб бериши номаълум.


CNPCнинг Туркманистондаги офиси. Dogrulyk.com сайти фотоси

МДҲ давлатларининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон институтининг бўлим бошлиғи Андрей Грозин Туркманистонни Тожикистон ва Қирғизистон қатори Марказий Осиё давлатлари орасида Хитойнинг “мамлакат иқтисодиёти ва молиявий соҳасида мутлоқ устунликка эришган” республикалардан бири, деб ҳисоблайди. Туркманистоннинг қарзларни узиш учун табиий газидан бошқа бойликлари йўқ. Мамлакатнинг ёпиқлиги унинг нақадар қарзга ботганлигини баҳолашга имкон бермайди.

Ўзбекистон

Хитой билан умумий чегарага эга бўлмаган Ўзбекистон узоқ йиллар ҳар қандай ташқи молиявий оқимлардан сақлангани боис, минтақадаги бошқа республикаларига нисбатан унинг хитойликлардан жуда оз миқдорда қарзи бор. Лекин мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг хитойликлар қўлдан бой берилган имкониятларни жиловлашга ҳаракат қилмоқдалар. Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар туфайли Хитой Ўзбекистонни Қозоғистонга кўра анча жозибали деб баҳоламоқда, масалан, бозор салмоғи бўйича. Аҳолининг кам даромадга эгалиги хитойликларни қизиқтирмайди. Шарқий-Африка давлати Жибути ва Жануби-Шарқий Осиёдаги Лаос бекорга Хитойга иқтисодий қарам бўлган мамлакатлар рўйхатидан ўрин олмаган.

Қозоғистонлик хитойшунос Руслан Изимов кузатувига кўра, Хитой Ўзбекистонни минтақавий транспорт лойиҳаларига жалб қилишга уринмоқда. Жумладан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши шулар жумласидандир. Хитойнинг Ўзбекистон истисодиётига киритаётган сармоялари ортиб бораётгани кузатилади: 2017 йили хитойликлар Ўзбекистонга $7,6 млрд миқдорида кредит ажратган. Улардан $130 млн Жиззахдаги эркин иқтисодий ҳудуд лойиҳасига йўналтирилган. Ўзбекистон телекоммуникация жиҳозлари, қурилиш, электр техникаси ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун Хитойдан $200 млн дан ортиқ қарз олишни режалаштирган.

* * *

Давлат қарзини бошқариш Стратегиясига кўра, мамлакатнинг ташқи қарзи унинг ялти ички маҳсулотлари миқдорининг 40 фоизидан ошмаслиги керак. Агар ташқи қарз мана шу кўрсатгичга етиб қолган бўлса, у ҳолда мамлакат мустақиллиги хавф остида қолади. Халқаро иқтисодий форум маълумотларига кўра, МДҲ давлари ичида ЯИМ га нисбатан ташқи қарзнинг кўплиги бўйича Украина биринчи ўринни эгаллайди (80,2%), иккинчи ўринда — Қирғизистон (68,8%). Тожикистон олтинни ўринни эгаллаган бўлса (35,9%), Қозоғистон еттинчи ўринда (23,3%). Туркманистон ва Ўзбекистон бўйича маълумотлар йўқ ( Синьхуа агентлиги маълумотига кўра, 2016 йили Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 16% ташкил этган).

Кредит – бу босим ўтказиш қуролидир, Хитой, Россиядан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон берган қарзларидан воз кечмайдиган мамлакатдир. Россияга келсак, у гоҳида МДҲ давлари, гоҳида Африка давлатлари, гоҳида Яқин Шарқ мамлакатларига тегишли миллиардлаб қарзлардан воз кечиб келган. Айрим Марказий Осиё республикалари қарзлардан ташқари, бахс-мунозарага сабаб ҳудудларга ҳам эга. Қарз ҳисобига ўша ҳудуддан бир қисмни узиб олиш ҳам мумкин. XVII асрдан бери Хитойнинг қўшни давлатларга нисбатан ҳудудий даъволари анчагина йиғилиб қолган. “Қўлдан бой берилган ҳудудларни қайтариб олиш” – Пекин ташқи сиёсат концепциясининг бир қисми ҳисобланади. Ҳанузгача Хитойнинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга нисбатан ҳудудий даъволари бор.

Хитой ҳукумати бу борада дунё ҳамжамиятини тез-тез юпатиб туради. Охирги марта ХХР раиси Си Цзинпин Хайнан провинциясининг Боао шаҳрида очилган Осиё истисодий форумида мурожаат қилганди. У яна бир бор Хитойнинг ҳудудий тажовуз қилмаслигига барчани ишонтирмоқчи бўлди. Лекин бу гал ҳам ҳеч ким унинг гапларига ишонмади.

Манба: «Фарғона» халқаро ахборот агентлиги

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нега ҳаммаси аксинча?

Xусусий тeлeкaнaллaрдaн биридa Фaрзaндлaрини мaктaбгa олиб борaётгaн отa-онaлaрнинг интeрвюлaри бeрилди. Ҳaммaси яшaш жойидaн йироқроқ мaктaбгa бeришнинг пулли бўлгaнидaн ...

Қалампирнинг «аччиғи» самарқандга ҳам етиб келди(ми?)

Шу йилнинг 14 сентябрь куни Kun.uz сайтида “Аччиқ қалампир экканларни пиёз экканлар қисмати кутмоқдами?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унинг якунида аччиқ қалампир ...

Самарқандда бир кунда тонировкадан 537 млн сўм пул ундирилди

5 августдан янги тартиб асосида автотранспорт воситалари ойналари тусини ўзгартиришга рухсатномалар бериш бошланди. Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400