Юртимизга бутун дунёдан сайёҳлар келмоқда! Ҳожатхоналаримиз ободми?

Юртимизга бутун дунёдан сайёҳлар келмоқда! Ҳожатхоналаримиз ободми?

2000 йиллар бошида ишланган қайсидир бир корейс фильмида шундай саҳнаси бор: қаҳрамонлардан бири қаердалигини билмаса ҳам нуқул: “Ўзбекистонга кетаман”, деяверади. Дўстидан: “Ўзбекистон қаерда жойлашган?” деб сўраганида, географиядан умуман бехабар дўсти киноя ва кулгу аралаш: “Қозоғистоннинг ёнида”, дейди. Ўзбекистонни билмайдиган одам Қозоғистонни ҳам билмаслиги кундек равшан. Бу бир тўқима фильмдан лавҳа, холос.

Аммо яқин ўн йиллар аввал ҳам корейслар Ўзбекистон ҳақида тасаввури жуда тор бўлиб, кўпчилик Россия билан Ўзбекистонни битта давлат, деб ўйлагани ҳам бор гап. Ҳозирга келиб эса бундай эмас. Юртимизга қизиқувчилар, саёҳатга боришни дилига тугган корейслар билан суҳбатлар одамни ғурурлантириб юборади. Сўнгги йилларда корейс интернет оламида саёҳатнома тарзида битилган блог-постлар анчагина  урф бўляпти. Ўзим, асосан, юртимизга бориб келган саёҳатчи блогерларнинг саҳифаларини кузатаман ва таассуротларини ўқишга қизиқаман.

Блогерлар юртимизнинг гўзал табиатию меҳмондўст халқимиз, маҳобатли тарихий обидаларимизу бетакрор ўзбек ошхонасини оғзидан бол томиб мақташади. Лекин деярли барча саёҳатномаларда меҳмонхоналардан ташқаридаги – кўчалардаги жамоат ҳожатхоналари ҳақида ҳам ачиниш, ҳам танқид билан ёзишади.

Инсоф билан айтганда, кўп жойларда ҳожатхоналаримизни обод, дея олмаймиз. Қўрқинчли, хавфли, санитарияга зид.

Ўзим ҳам бир неча йил кореялик сайёҳларга таржимонлик қилиб, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимизда бўлганман. Ҳожатхоналар билан боғлиқ кулгули ва афсусланарли ҳолатларга кўп бора дуч келшганман. Катта йўл ёқасида тўхтаб, пул тўлаб (!) ҳеч бир шароиту хавфсизлик ва санитария талабига жавоб бермайдиган ҳожатхонага кириб чиқиш корейс сайёҳларини қанчалик ажаблантирса, мени шунчалик уялтирадиган ҳолатлар эди. Ҳожатхонанинг бадбўй ҳидидан бир сайёҳимиз ҳушини йўқотганлиги ҳам кечагидек эсимда. Умуман, ҳожатхоналар мавзуси оғриқли нуқталаримиздан бири. бу бугун пайдо бўлиб қолган муаммо эмас, албатта. Ҳожатхоналарни ободонлаштириш, шаҳарлалраро катта йўллар бўйлаб замонавий тўхтаб ўтиш жойлари қуриш ичка ва ташқи туризм талабларидан биридир. Бу туризм ривожи учунгина эмас, аслида ҳар бир инсоннинг эҳтиёжларини  қондиришга киради. Баъзан йўл четида туриб, эҳтиёжини қондираётган одамларга кўзимиз тушиб қолади. Шаҳарнинг қоқ ўртасида ҳожатхона тополмай қизариб-бўзариб юришлару, дарахт, гуллар панасига ўтиб, “чоптириб кетишлар”ни ҳам кўп кўрганмиз ва кўраяпмиз. бу ўша инсоннинг ўзи учун ҳам, кўзи тушиб қолган инсон учун ҳам бирдек ноқулай ҳолат.

Ҳозирда Жанубий Кореяда “Тоза ҳожатхоналар” кампанияси давом этаяпти. Ушбу кампания доирасида янги замонавий ҳожатхоналар қуриш, вилоятлараро йўллардаги  жамоат ҳожатхоналарини озода тутиш ва жамоат ҳожатхоналаридаги ишлатилган қоғозлар ташланадиган челакни йўқотиш ишлари бажариляпти! Ҳа, айнан шундай. Ишлатилган қоғозлар ташланадиган челаклар ҳожатхоналарни ифлослантирувчи ва бадбўй ис чиқаишига сабаб қилиб кўрсатилаяпти. Шу туфайли ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарувчи компаниялар олдига янги вазифалар қўйилмоқда. Энди қоғоз компаниялари унитаз сувига тушгач, юмшаб, “эрийдиган” ва канализация йўлларидан “силлиқ” чиқиб кетадиган қоғозлар ишлаб чиқармоқда. Жанубий Корея ички ва ташқи туризмдан жуда катта фойда кўрадиган мамлакатлардан ҳисобланади. Туризм учун барча шарт-шароитлар яратилган. Соҳа ривожи учун ишларда майда икир-чикир нарсалар йўқ: ҳожатхоналаргача доимий эътиборда. аслида ҳожатхоналар мавзуси майда мавзу эмас. Маълумотларга қараганда, ўтган февраль ойида Қишки Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилган корейслар мусобақалар ўтказиладиган Пйонгчанг шаҳрининг ўзида 52 та замонавий жамоат ҳожатхоналари қуриб битказган.

Туризм бир гуруҳ одамнинг таржимон оғзига тикилганча, тарих ҳақидаги узундан-узун ҳикоясини эшитиб,эснаб туришдангина иборат эмас. Кореялик сайёҳ блогерлар фикрларидан маълум бўлаяптики, охирги йилларда корейс сайёҳлари Ўзбекистонга асосан голф-тур, бизнес-тур ва рюкзакли-тур доирасида бормоқда.

Голф-тур. Корейслар бўш вақтларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, голф ўйнашни ёқтиришади. Жанубий Кореяда бир-биридан гўзал голф майдонлари мавжуд. Аммо хизмат ҳаққи Ўзбекистонга солиштирилса жуда қимматга тушади. Гуруҳ бўлиб, ҳам саёҳат, ҳам голф ўйнаш баҳонасида юртимизга келишади ва ўйин-кулги билан вақт ўтказишади.

Бизнес-тур. Юртимизда ўз шахсий бизнесини очиш истагида бўлган ёки бирор соҳага инвестиция киритишни хоҳлаган ишбилармон корейслар бозорни ўрганиш учун саёҳатга келишади.

Рюкзакли-тур. Бу шартли номни корейс оғзаки тилидан тўғридан-тўғри таржима қилиб қўя қолдим. Бунда елкасига рюкзак, бўйнига камерасини осган кўйи юртимизнинг чекка қишлоқларию чўлу биёбонлари, тоғларига пиёда саёҳат қилинади.

Жанубий Кореяда ОҳМйНеwс деб номланган интернет нашри бор. «Ҳар бир фуқаро – ЖУРНАЛИСТДИР!»,деган шиори мавжуд нашр Ўзбекистонга сафар қилган қанчадан-қанча блогерларнинг саёҳатномаларини эълон қилган. Барча сайёҳларнинг тассуротларига назар ташласак, албатта, ҳожатхоналар мавзусига тўхталиб ўтишган. 2015 йилнинг ёз фаслида жанубий кореялик машҳур блогер Жонг Хё Жонг «ОйМйНеwс» нашрида Оролбўйидаги Мўйноққа саёҳати ҳақида уч қисмлик катта блогпостлар сериясини эълон қилган. У қуриб битаётган Орол денгизи ва унинг ўрнидаги «кемалар қабристони» ҳақида ҳикоя қилган. Бу блогер ҳам жамоат ҳожатхоналарини қониқарсиз баҳолаганди.

Умуман, охирги йилларда Оролбўйи минтақаси ва Айдаркўл бўйларига саёҳат қилувчи сайёҳлар кўпайиб бораяпти. Рюкзакли сайёҳлар фото ва видео блогларини эълон қилиб боришаяпти. Ҳозирги тезкор ахборот даврида ҳеч нарса эътибордан четда қолмайди.

Менимча, вилоятлараро катта йўллар бўйлаб маълум километр масофаларда замонавий озода ҳожатхоналар, тезюрар автобус ва машиналар тўхтаб, «нафас ростлаб, томоғини хўллаб кетадиган» дам олиш масканлари, кичик мотеллар қуриш вақти аллақачон етган. Бу нафақат хорижлик сайёҳлар учун, балки юртимизда тобора ривожланиб бораётган зиёрат туризми учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Оролбўйи ва чўл майдонларига борадиган хорижлик сайёҳлар учун ўтовли мехмонхоналар тикиш ҳам яхши самара беради. Ўтган йили кузида Ўзбекистоннинг Айдаркўл бўйларига саёҳат қилган корейс блогери ўз саҳифасида ўтовда тунаганлигию туяларда сайр қилганлигини суратлар орқали катта завқ билан ҳикоя қилганди. «Ҳақиқий Буюк Ипак йўлида эканлигимни ҳис қилдим»,деб ёзади блогер.

Бу ўз навбатида юртимизда туячиликни янада ривожлантиришни ҳам талаб этади. Самарқанду Бухорога кетар чоғимизда йўл ёқаларида туяларни кўриб қолиб, олдига бориб суратга тушиш истагини билдирган бир нечта сайёҳларни кўрганман.

Бутун дунё юртимиздаги ижобий ўзгаришларни кўриб турибди. Ўтган йили президентимиз Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга сафари чоғида юртдошларимизга «Сарой жавоҳири» сериали орқали яхши таниш актриса Ли Ёнг Энинг корейсларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини етказиб бериши, сайёҳлик элчиси бўлиши ҳақида хабарлар берилди. Бу жуда катта иш. Демак, сайёҳлар учун шароитларни яхшилашга янада зўр беришимиз керак. Ҳожатхоналарни замонавийлаштириш, обод қилиш эса шундай ишларнинг дебочаси бўларди…

ОТАБEК ЙЎЛДОШEВ

Манба: blog.xabar.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Паолага кўрсатилган мулозамат ўзбекларга қачон кўрсатилади?

24 ёшли атлет, мексикалик қиличбоз Паола Плиегога Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги тўғрисидаги хабарни ўқиб, рости хўрлигим келиб кетди.  Олдиндан айтиб қўяй, менда ...

Баҳодир чориев: сиёсий ислоҳотлар ўтказилмас экан, ҳар қандай ўзгаришлардан наф йўқ

18.05.2017 09:21 msk Фарғона   Ўзбекистонда яқин ўн йил ичида иқтисодий ўсиш ва ривожланиш бўлмайди, негаки янги президент ўтмишдоши Ислом Каримовнинг йўлидан кета ...

Ғарб цивилизацияга ружу қӯйиб, канализацияга тушманг!

Ёзажак янгиликни эшитган пайтимда мен қӯшни Қозоғистонда эдим.  Квартирада бирга яшайдиган қозоғистонлик дӯстим эрталаб менга: -- Нур, янгиликларни ӯқидингми? –деб қолди.  У ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400