«Олтин тўп»ни ким қўлга киритади?

«Олтин тўп» соврини ҳар йилнинг охирида эгасига топширилса-да, кузда ҳал қилувчи ўйинлар бўлмаслигидан, одатда, ўша йили якунланадиган мавсум сўнгида кўп нарса маълум бўлиб улгуради. Жаҳон чемпионатлари бўладиган, хусусан, жорий йил ҳам истисно бўлиши мумкин, лекин тугаётган мавсумни таҳлил қилиб, асосий номзодлар ҳақида фикр юритса бўлади.

2002 йилда бразилиялик Роналдо бутун мавсумни жароҳати туфайли ўтказиб юборган ва мундиалгача тикланиб, у ерда терма жамоасига чемпионликни олиб келган асосий футболчи бўлганди. Бир ой давом этган мусобақа ҳужумчи учун йил якунлари бўйича энг яхши бўлишга кифоя қилганди.

Бу воқеа билан «Олтин тўп» совринида жаҳон чемпионатининг аҳамиятини ошириб юбормаслик керак, масалан, ўтган сафарги мундиалда Хамес Родригес жуда ёрқин ўйин кўрсатди, энг кўп гол урди, лекин сўровномада кучли бешликка ҳам кира олмади.

Родригес ва Роналдо ўртасидаги фарқ билан хулосалаш мумкин: Роналдо ўша жаҳон чемпионатидан олдин ҳам ўз даражасини аллақачон исботлаб улгурган топ футболчи эди. Демак, шунчаки, жаҳон чемпионатида ўта ёрқин ўйин кўрсатиш ҳам «Олтин тўп»ни кафолатламайди – ўша мусобақагача ҳам топ юлдуз сифатида ўзини кўрсатган бўлиш керак.

Фото: Getty Images

Ибраҳимович катта эҳтимол билан мундиалда қатнашмайди, мундиални кутиб ётган бошқа шерлар йўқ, демак, 2002 йилдаги каби сюрпризларни кутмасдан, ҳозирдан ушбу соврин учун асосий даъвогарларни айтиш мумкин.
Лео Месси, Криштиану Роналду, Муҳаммад Салоҳ ва Кевин Де Брюйне. Мавсумни юқори савияда ўтказган, мундиал бошланмасдан «Олтин тўп» даъвогарлари руйхатига ўз исмини қўшиб бўлган юлдузлар. Соврин айнан шу футболчилар (ва бошқалар) ўртасидаги курашда аниқланишини тахмин қилиш мумкин. Келинг ушбу футболчиларнинг имкониятларини чамалаб кўрамиз.

ЛИОНЕЛЬ МЕССИ

Фото: Getty Images

Шубҳасиз, дунёнинг энг яхши ўйинчиси. Одатда, даъвогарлардан ҳеч ким ҳеч нарса ютмаган мавсумларда назар айнан Лео Мессига тушади, чунки у дунёда энг яхши футболчи.

Шу нуқтаи назардан, агар «Реал» ёки «Ливерпуль» ЕЧЛ ни юта олишмаса, мундиал олдидан айнан Лео Месси фаворитга айланиб қолади. Чунки Криштиану Роналду ҳам, Муҳаммад Салоҳ ҳам жамоаси билан совринсиз қолган бўлади. Месси «Барселона» билан Испания чемпионлигини ва кубогини ютиб бўлди ҳисоб. Юқорида айтилганидек, жамоавий кўрсаткичлар тенг келиб қолганда, Мессининг имкониятлари ошиб кетади.
Шунингдек, ЕЧЛ қандай тугашидан қатъи назар, агар Аргентина жаҳон чемпиони бўлса, ёздаёқ Мессига «Олтин тўп»ни бериш мумкин. Зеро Аргентинанинг чемпионлиги айнан Мессининг ажойиб ўйинида содир бўлиши мумкин. Шундоғам, мавсумни юқори савияда ўтказган Месси агар терма жамоаси билан ҳам соврин ютса, ЕЧЛ нинг таъсири деярли қолмайди ва Месси катта фарқ билан рақобатчиларини ортда қолдириши турган гап.

Демак, «Олтин тўп» Мессига тегиши учун ЕЧЛ да «Реал» ёки «Ливерпуль» ғолиб бўлмаслиги ёки Аргентина жаҳон чемпиони бўлиши талаб этилади.

КРИШТИАНУ РОНАЛДУ

Фото: Getty Images

Чемпионлар Лигаси қироли. Ҳар доимгидек, португалиялик футболчи баҳорда, ҳал қилувчи паллада юксак спорт формасига қайтди ва бир қатор муҳим голлар муаллифига айланди.

«Реал» билан учинчи марта қаторасига Чемпионлар Лигасини ютиш табиийки, ушбу турнирда ақлбовар қилмас кўрсаткичларни қайд этаётган Криштиануга учинчи марта қаторасига «Олтин тўп»ни олиб келади.

Испаниянинг ўзида ҳеч нарса ютмаган бўлса-да, Роналдуни бу рақобатда енгиш учун рақобатчилар ўз терма жамоалари билан жаҳон чемпиони бўлишларига тўғри келади.

МУҲАММАД САЛОҲ

Фото: Getty Images

«Ливерпуль» сафида ажойиб мавсум ўтказаётган, жамоасининг барча мусобақалардаги 54 голида қатнашган Муҳаммад Салоҳнинг бу руйхатда бўлишини йил бошида тахмин қилиш қийин эди, лекин худдики анчадан бери мисрлик ҳужумчи топ-юлдуз бўлиб келаётгандек. У Англияда Роналдунинг бир қатор рекордларини янгилади, Европада  «янги Месси» деб аташмоқда.

Эртак яхши тугаши учун Салоҳ «Ливерпуль» билан биргаликда ЕЧЛ да ҳам ғолиб чиқиши керак бўлади. Тўғри, мисол учун, бир оёғи билан финалда бўлган «Ливерпуль» у ерда «Бавария»га ютқазса, мавсумнинг энг ёрқин ўйинчиси сифатида Салоҳ қолаверади – аммо Россия-2018 да Миср фаворит жамоа эмас, у ерда Месси ёки Роналду каби узоққа бориш Салоҳга насиб қилмаслиги мумкин.

Фото: Getty Images

Демак агар ЕЧЛда «Ливерпуль» ғалаба қозона олмаса, Салоҳ фаворит бўлмай қолиши мумкин. Аммо ўша ҳолатда ҳам, агар мисрлик ҳужумчи жаҳон чемпионати ва муҳими, қайси клуб сафида бўлишидан қатъи назар куздаги ўйинларда бугунги кўрсатаётган ўйинини давом эттирса, у яна асосий даъвогарга айланиши мумкин.

Биринчидан, Месси ва Роналду гегемонлигидан тўйган футбол жамоатчилиги учун Салоҳ жуда ёқимтой номзод, иккинчидан, фақат бир йилни топ даражада ўтказаётган футболчига бўлган шубҳалар тарқалиб кетиши учун Салоҳ йил охиригача шу даражасини ушлаб туриши керак.

КЕВИН ДЕ БРЮЙНЕ

Фото: Getty Images

Гвардиоланинг норози бўлганича бор. Кевин де Брюйне ажойиб мавсум ўтказмоқда – АПЛ даги голли паслар, яратилган хавфли вазиятлар, рақиб майдонида тўпни эгаллаш, ўртача баҳо, ўткир паслар, умуман ўз позицияси учун қандай кўрсаткичлар талаб қилинса, барчаси бўйича, Де Брюйне етакчи бўлди. «Манчестер Сити» «Ливерпуль»дан 22 очкога олдинда бормоқда, шундай бўлса ҳам, Англиянинг энг яхши ўйинчиси унвони Салоҳга топширилди.

Салоҳнинг кўп гол ургани, яъни ҳужумнинг якуний қисмларида кўпроқ кўзга ташлангани, шунингдек, жамоасининг голларидаги улуши каттароқ бўлгани мисрлик ҳужумчига қўл келди. Қайсидир маънода, Гвардиоланинг ўзи Кевинга панд бергани эҳтимол, сабаби, «Манчестер Сити»да барибир жамоавийлик устунроқ, ҳужумларда Стерлинг, Сане, Силва, Агуэро ва бошқа футболчилар ҳам кўпроқ иштирок этишган.

Шундай бўлса-да, айтайлик, Бельгия терма жамоаси билан мундиал ғолиби бўлиш Кевин де Брюйнени «Олтин тўп»нинг асосий даъвогари айлантиради. Таркиб нуқтаи назаридан бельгияликларнинг қўлидан бу иш келади.

ВА БОШҚАЛАР: ГРИЗМАНН ВА НЕЙМАР

Фото: Getty Images

Ҳар икки футболчи ўтган мавсумларда ҳам «Олтин тўп»дан у қадар узоқ бўлишмади. Ушбу мавсум ҳар икки футболчи учун ёрқин кечмаган бўлса-да, умуман олганда, маълум даражадан пастга ҳам тушиб кетишмади.

Фото: Getty Images

Демак, Бразилия ёки Франциянинг чемпионлиги ҳозирча бироз сояда қолаётган ушбу футболчиларни ҳам курашда фаворитлар қаторига қўшиши мумкин. Ўз терма жамоаларида етакчи бўлган бу юлдузлар бемалол жамоадошларини бош соврин сари етаклаб боришга қодирлар.

Қаҳрамон Асланов

Манба: kun.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Оқибатли дўст айрилмас

Улуғбек Тоғаев Инсоннинг савоб ва гуноҳ амаллари сарҳисоб қилинадиган кун, мабодо унинг савоб ишлари Жаннатга киритилмоғи учун етмай қолса, Тангри унга яна бир имкониятни ...

Депутат акмал умирзоқов: прописка тошкентда жиноятчиликни назорат қилиш учун зарур

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умирзоқов ўзининг "Facebook" саҳифасида Тошкент пропискаси Ўзбекистон фуқароларининг Конституцияда белгиланган эркин ...

Улуғбек расадхонасида қандай жиҳозлардан фойдаланилган?

Темурийлар даврида Самарқандда турли соҳалардаги каби астрономияда ҳам изланишлар олиб борилмоқда эди. Бир гуруҳ мунажжимларнинг ана шундай илмий фаолияти Мирзо Улуғбекнинг ...