Мисрда яшаётган қидирувдаги каттақўрғонлик Ўзбекистонга қайтмоқчи

4 фарзанднинг отаси, 48 яшар каттақўрғонлик Муҳиддин Сайфуллаев Ўзбекистонда диний мотивлар билан жиноят содир этганликда гумон қилиниб, қидирувга берилгани учун 13 йилдан Мисрда яшамоқда.

Озодлик билан суҳбатда Сайфуллаев яқинда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан ватанга қайтишига изн берувчи кафолат хатлари олганини айтди.

Муҳиддин Сайфуллаев Каттақўрғон туман, Чиғатой маҳалла фуқаролар йиғинида тузилган “қора рўйхат”га киритилган 8 фуқаронинг биридир.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, чет мамлакатларда бўлган ва қидирувга берилган 124 кишидан 2 нафари сўнгги ойларда ватанга қайтган.

Мисрда яшаётган Муҳиддин Сайфуллаев, агар Ўзбекистонга қайтса, уларнинг учинчиси бўлиши мумкин.

Диний мотивлар билан айбланиб, қидирувга берилган ва шу ой бошида Ўзбекистонга қайтган наманганлик йигит устидан тергов ҳаракатлари 26 апрель куни якунига етгани ва тахминан 20 кундан кейин унинг устидан суд бўлиши маълум бўлди.

Муҳиддин Сайфуллаевнинг Озодликка айтишича, ватанга қайтишга изн берилганига оид хушхабарни у Каттақўрғонда яшаётган, ҳуқуқ-тартибот органлари мулозимлари билан суҳбатда бўлган яқинларидан олган. Орадан кўп ўтмай, Муҳиддинга унинг иши билан шуғулланаётган идораларнинг кафолат хатлари ҳам етиб борган.

Кафолат хатлари

Муҳиддин Сайфуллаев нусхаларини Озодликка тақдим этган кафолат хатларидан бирини Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғининг 1- ўринбосари А. Худайбердиев имзолагани кўриниб турибди.

Унда “…қидирувда бўлган Сайфуллаев Муҳиддин Мансурович ўз ихтиёри билан қайтиб келса, келгусида унга қўлланилган “Қамоқ” эҳтиёт чораси “Муносиб хулқ-атворда юриш ҳақидаги тилхат”га ўзгартирилишига кафолат берамиз”, дейилган.

Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғи 1- ўринбосари майор А. Худайбердиев имзолаган хат нусхаси
Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғи 1- ўринбосари майор А. Худайбердиев имзолаган хат нусхаси

Худди шундай мазмундаги кафолатни Озодликка тақдим этилган Чиғатой МФЙ раиси К. Эрбўтаев имзолаган яна бир хатда ҳам кўриш мумкин.

Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғи А.С.Отамуродов имзолаган маълумотномада: “Сиз ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159- моддаси, 244- моддаси, бошқа бир қанча моддалар билан диний экстремизм оқими аъзоси (сифатида) қидирувда бўлганингиз юзасидан яшаш уйингизга келганингиздан сўнг Самарқанд вилоят ИИБ Тергов бўлимига мурожаат этиш ҳуқуқига эгасиз”, дейилган.

Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғи, подполковник А. Отамуродов имзолаган маълумотнома нусхаси
Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғи, подполковник А. Отамуродов имзолаган маълумотнома нусхаси

Учала хатда ҳам уларнинг жорий йил февраль-мартида ёзилгани кўриниб турибди.

Телефон орқали берилган ваъда

Муҳиддин Сайфуллаевнинг айтишича, унинг ўзи ички ишлар бўлими мулозимлари билан телефон орқали бир неча марта гаплашган:

– Ички ишларда ишлайдиган Нурбек деган йигит билан гаплашдим. У “Билет олганингиздан кейин, қачон учиб келишингизни менга хабар қилинг, ўзим аэропортга бориб кутиб оламан”, деди, – дейди Муҳиддин.

Қайтса¸ қамоққа олинмайдими?

Кафолат хатлари ва маълумотнома мазмунидан Муҳиддин Сайфуллаевнинг Ўзбекистонга қайтиши биланоқ қамоққа олинмаслиги уқилмоқда.

Муҳиддиннинг айтишича, ички ишлар мулозимлари унинг яқинлари билан суҳбатларда очилган жиноят иши юзасидан терговолди суриштируви ўтказилишини билдирган:

– Менинг Муҳаммадали исмли жиянимга улар “агар Муҳиддин келса, қамамасдан савол-жавоб қиламиз, ё терговгача оқлаб юборамиз, ёки тергов қилиб, оқлаймиз, судланмайди”, деган,- деди Муҳиддин Сайфуллаев.

“Президентга раҳмат!”

Озодлик билан суҳбатда Мисрдаги 13 йиллик ҳаёти давомида “Ал-Азҳар” университетида 3 йил таҳсил олгани, Ўзбекистонда ҳам, Мисрда ҳам ҳеч қандай экстремистик оқимларга қўшилмагани, аксинча, ҳозир яшаб турган мамлакатида ҳам ҳамюртларини тўғри йўлга даъват қилаётганини иддао қилган Муҳиддин шу кунда турмуш ўртоғи ва 4 фарзанди билан Ўзбекистонга қайтишга тараддуд кўриб турганини айтди:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ватандан ташқарида юрганларни авф қилиб, уларнинг қайтишига ижозат бердилар. Шундан мен жуда руҳланиб кетдим. Шунинг учун мен дарҳол ички ишлар билан боғландим. Улар мени жуда хурсанд қилишди. Ҳаммасига раҳмат. Шунинг учун юртимга қайтишга қарор қилдим. Ўзбекистонга қайтаман, – деди Муҳиддин Сайфуллаев.

Чиғатойнинг “қора рўйхати”

Каттақўрғон туманидаги Чиғатой маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Тошхўжа қишлоғи қаҳрамонимиз қайтадиган қишлоқдир. Чиғатой маҳалласи фаолларидан Озодлик олган маълумотга қараганда, ҚФЙ ҳудудида тузилган махсус рўйхатда ҳаммаси бўлиб 8 киши қайд этилган бўлиб, улардан бири Муҳиддиндир.

Чиғатой маҳалласи фаоли Озодликка рўйхатдагиларни қайтариш учун уларнинг оилалари билан мунтазам суҳбатлар ўтказилаётганини билдирди. Унинг айтишича, “қора рўйхат”даги 8 кишидан бири яқинда вафот этган. Демак, Муҳиддин қайтса, рўйхатда 6 киши қолади.

Самарқанднинг “қора рўйхат”ида фақат чет элда юрганлар қолган

Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизматидан олинган маълумотларга қараганда, вилоят ички ишлар идоралари махсус ҳисобида (“қора рўйхат”) 1 749 фуқаро бўлган.

Кейинги бир йил давомида уларнинг 1 625 нафари “Президентнинг бағрикенглиги ва ғамхўрлиги туфайли” рўйхатдан чиқарилган ва “уларга жамиятда ўз ўрнини топиши учун имконият берилган”.

“Махсус рўйхатда қолаётган 122 фуқаронинг барчаси хорижий давлатларда қолмоқда. Улардан Ургут туманидан бўлган 2 нафари юртга қайтиб келган, 7 нафари келиш истагини билдирган”, – деди Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати мулозими.

Ҳокимнинг ваъдаси

Самарқанд вилоят ҳокими Туроб Жўраев 12 март куни ўтказган йиғилишда Ўзбекистонга қайтганларни қамамасликка ўзи кафил бўлишига ваъда берган эди.

Қайтиб келганлар ҳам бор, уларнинг бири келаси ойда судланади

Озодлик қидирувда бўлган бошқа бир неча ўзбекистонликнинг чет давлатлардан қайтгани тўғрисида ўз вақтида хабар қилган.

Марғилон шаҳрида истиқомат қилган, хорижга чиқиб кетганидан сўнг бир қатор диний айбловлар билан айбланган, тўрт йил қидирувда бўлган Ботиржон Ибрагимов Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида 22 мартда, 4 йилдан буён Қирғизистонда яшаб юрган наманганлик Бахтиёр Ҳамроевнинг Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида эса, 3 апрелда хабар қилган эдик.

Бугунги материални тайёрлаш жараёнида марғилонлик Ботиржон билан боғлана олмадик.

Наманганлик Бахтиёр сўнгги 3 кун давомида ИИБда бўлиб, терговчи саволларига жавоб бергани, у билан терговчилар яхши муомалада бўлгани тўғрисида айтиб берди.

Диний мотивлар билан айбланиб, қидирувда бўлган Баҳромнинг айтишича, унинг иши бўйича тергов ҳаракатлари якунига етганини, тахминан 20 кундан кейин устидан суд ўтказилишини терговчилар 26 апрель куни эълон қилган.

Президент сиёсати

2017 йил 15 июнда президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида ўтказган видеоселектор мажлисида “қора рўйхат”га тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида топшириқ берган эди

2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасасида имом хатиблар билан учрашар экан, президент “қора рўйхат”да турган 17 минг мусулмондан 16 минг нафари рўйхатдан чиқарилганива улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.

Мақола “Озодлик” радиосидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? эрк ёви (ii)

(Давоми.) О, мен бундан қанчалар лаззат туйдим!  Босқинчига қарши бир–бирига қўл чўзмаган, миллий ғурурдан масуво хонларни лаънатладим!                                       ...

Путин хориж разведкасининг 400 агенти фош этилганини билдирди

Владимир Путин махсус хизматлардан хорижий разведкаларнинг сиёсий, иқтисодий ва мудоффа аҳамиятига эга маълумотларни олишларига бўлган уринишларини олдини олишни талаб қилди. ...

Қозоғистонда ҳибсга олинганлар сони 10 мингга яқинлашди

Охирги 24 соат ичида Олмаотада 1700 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган. Бу ҳақда шаҳар комендатураси хабар берди. Аввалроқ 8 мингдан ортиқ одам ҳибсга олингани хабар қилинган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400