Диққат: қийноқ ва ғайриинсоний муносабат! Жамшид Султонов “иши”

Маъбадлар тобламиш  ўзига башар,

Онларин ичинда энг шуми шайтон.

Ўликлар устинда машварат, ҳашар,

Тоғ келбат йигитлар майити майдон.

…Инсонни таҳқирлаш йўллари кўпдир,

Бошинда  палахмон, жигаринда ўқ.

Ютгани оғудир, топгани чўпдир.

Наҳот, иймон ўчган, топталган ҳуқуқ…

                                                    (РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК, “Сиёвуш” шеъридан)

Султонов Жамшид ҳозирда ўттиз ёшда! Муқаддам судланмаган,2016 йил 16 сентябр куни қамоққа олинган.

Ушбуни ўқиётиб, беихтиёр:  “Нима билан айбланиб, қамоққа олинган экан?”-деган мазмундаги савол туғилиши табиий! Шундай киноя, аммо Берия давридан суяк суриб келаётган ва яқин-яқин-ларгача ҳам ҳаётий кўникма сифатида сингиб кетган ҳолат бор: “Одам топилса бўлгани, айб қўйиш муаммо эмас!

Бу жирканч фалсафа,айниқса, ХХ аср 90-йиллари иккинчи ярмидан бошлаб мамлакатдаги аксарият ҳуқуқ-тартибот идоралари учун оддий касбий тушунчага айланиб қолганди.  Нафақат айб қўйиш, балки уйдирма даъво-ю гувоҳлик кўрсатмаларини ёздириб олиш ҳам совуб қолган чойни сепиб юборишдан-да жўнроқ иш саналарди… Ҳозир бироз сусайган бўлди, бироқ буткул барҳам топганича йўқ;  2016 йил охирги чорагидан кейин ҳам “Ўн йил аввал қайдадир ош еб қўйган”лиги учун  Ўзбекистон ЖК  тегишли моддасига илиниб келаётганлар оқими тўхтамаганди- Зоналарга гуруҳ-гуруҳ бўлиб боришаётганди эски “Ваҳҳобий”у   янги  “Салафий”лар…

Беш йил олдин гурунчдан кичикроқ  қорадорини касалманд отасига олиб ичиргани боис беш йилни бўйнига илиб келаётганлар ҳам  йўқ эмасди…

Мулоҳазамиз шунчаки иддао бўлиб қолмаслиги учун Жамшид Султонов масаласига қайтсак;

У гиёҳванд ҳам, ақидапараст ҳам эмас! Босқинчилик айби эса, фақат тергов материалларига таяниб, суд томонидан қўйилган, лекин Ўзи мутлақо тан олмаган, ҳатто КАЛТАКЛАБ ҳам иқрор қилдиролмаганлар! Айблов, юқорида айтганимиздек, одам топилгани учун…

 “Судланувчи Султанов Жамшид  Давронович суд мажлисида айбига иқрор эмаслигини билди-риб, ...ишни одилона кўриб чиқиб, қонуний қарор қабул қилишни сўраб, кўрсатувлар бериб ўтди…”  (Тошкент ш., ЖИБ Учтепа туман судининг 2017 йил 12 май кунидаги айблов ҳукмидан)

Энди  буёғига эътибор қилинг:

“-судланувчи Ж.Султановга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда, уни ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини… жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб…”

“…Ўзбекистон Республикаси ЖК 164-моддаси 4-қисмининг “в” банди ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилсин…

15 (ўн беш) йил  6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин…”

ЖИБ Тошкент шаҳар суди Аппелляция инстанцияси 2017 йил 5 сентябрдаги ажрими билан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган ҳатто суднинг ҳукмдаги  таъкидлари бир-бирига зид келса-да…

“…Апелляция инстанцияси…апелляция шикоятидаги важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга  таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини қаноатлантир-масдан, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топди…”-дейилган ажримда ва кейинги сатрларда суд ҳукми ЖПКнинг қатор моддалари талабига мувофиқ чиқарилганлиги таъкидланган. Ажабланарлиси, ажримда ЖПКнинг 11-, 23-, 82-, 455-моддалари талаблари ҳам мавжудлиги, суд бу талабларга қанчалик эътибор қаратганлиги кўрсатилмаган! Шунингдек, судланувчилар НИМА УЧУН ТЕРГОВДАГИ КЎРСАТМАЛАРИНИ ЎЗГАРТИРАЁТГАНЛИГИ ЕТАРЛИ ҲУҚУҚИЙ БАҲОЛАНГАН ЭМАС!

Жамшидга нисбатан айблов қўйишда суд асосан бошқа судланувчилардан тергов даврида олинган  кўрсатмаларга таянган. Кўрсатмалар қай усулда олинганлигини мен шарҳлаб ўтирмайман ҳозирча. Фақат ушбуга илова қилинаётган фотосуратларга қараб, хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўз ихтиёрига ҳавола!

Биргина изоҳ шуки, мазкур жиноий иш юзасидан бир оиладан уч нафар ака-ука айбланиб, УЗОҚ МУДДАТЛАРГА қамалган!

Балки кимдир айтар: ”Бу фотоларни судья(аниқроғи, судьялар!) кўрмай қолган бўлиши ҳам мумкиндир?

Эътироз йўқ, чунки биздаги аксарият судьялар КЎРмай қолган вазиятлар ҳисобсиз ва бу ҳақда шунчалар манбага эгамизки, бугунги жараёнлар ажаб эмас кўпчиликнинг нафақат кўзини, ҳатто Инсоф дийдаларини ҳам очиб юборса…

Шу ўринда бундан 15 йил аввал “Даракчи” газетасида эълон қилинган мақолаларимдан бири беихтиёр хаёлимдан кечди. Ўшанда Ўлим жазосига ҳукм этилган 18 ёшли ўспириннинг иши билан шуғуллангандим. Суд ҳукмида шундай жумлалар бор эди: “Судланувчи А.Исаевга нисбатан жазо тайинлашда суд ҳайъати…уни қайта тарбиялашнинг имкони йўқ , деб ҳисоблаб…ўлим жазоси тайинлашни лозим топади ”. Ўлим жазоси тайинланишида суд яна судланувчининг ёшлигини, муқаддам жиноят содир этмаганлигини, яшаш жойидан берилган ижобий тавсиф-номани, пушай-монлигини ҳам инобатга олган!?.  (“ДАРАКЧИ” ГАЗЕТАСИ, 21 август, 2003 йил, 34-сон)

 Ўша ўспириннинг онаизори менга йўллаган мактубида шундай ёзганди: “18 ёшли боламни олий жазога ҳукм қилишди… Дилмуроджон, жоним болам, қани айтинг-чи, бу дунёда ҳақиқат борми ўзи?

Қаранг, орадан Ўн беш йил ўтса-да, ҳануз Оналарнинг АДОЛАТ ИСТАБ  сарсонлиги барҳам топмабди: Шу йил 20 феврал арафаси кечга томон эшик тақиллади. Чиқдим. Икки нафар ёши улуғроқ опахон! Исмимни сўрашди.

Ичкарига таклиф қилдим. Ўзларини танитиб, келиш сабабларини айтишди.

Мен Жамшиднинг онасиман,-деди аёллардан бири.

Эсладим: озод бўлаётган куним Жамшид: “Онам Сизга учрашадилар, керакли ҳужжатларни сиз тушунтиргандек қилиб тайинлаганман, олиб борадилар, маслаҳат ва ёрдамингизни аяманг, илтимос!”-деганди.

Юқорида эслаганим 18 ёшли ўспириннинг Онаизори  билан Жамшиднинг Онаси ўртасида ўзига хос ўхшашлик кўргандек бўлдим: Иккови ҳам синиққан, лекин УМИДВОР!

Анча суҳбатлашдик. Онаизор ҳолатига қараб,эзилиб кетдим. Ахир, уч навқирон ўғилнинг дарди, келинларнинг тушкунлиги, набираларнинг отасини қўмсаб, хархаша қилиши…

Мен Онаизор келтирган ҳужжатларни олиб қолдим.

-Яқинда Наврўзга АФВ чиқишини айтишди суддагилар, шу тўғрими? Озроқ кутишни маслаҳат беришди, Сиз нима дейсиз?-сўради Онаизор.

-Бир ой олдин, бир ой кейин, майли кутамиз,-деган жавобни қилдим.

Агар: “Опажон, суддагилар қаёқдан билади, бу фақат Президент ваколатидаги масала”,-десам, опанинг судларга бўлган ишончи тамоман йўқолиши аниқ! Ҳозир эса, бу муштипарга фақат суянч бўла оладиган жавоб зарур! Судлардаги масъуллар ҳам бу фикрни қувватлаб, Жамшиднинг ишига холисона ёндошадилар, деган   умиддамиз.

Энди икки жумла юқоридаги : ”Бу фотоларни судья (аниқроғи, судьялар!)  кўрмай қолган  бўлиши ҳам мумкиндир?” деган эътироф атрофида!

Агар судья бу фотоларни кўрмаган бўлса, демак суд терговини талаб даражасида етарли олиб бормаган, кўрган бўлиб, ҳуқуқий баҳо бермаган бўлса, демак тегишли Халқаро меъёрлар, Ўзбекистон Конституцияси ва амалдаги тегишли жиноий ҳамда жиноий процессуал талабларни бажармаган ҳисобланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳукм бекор қилиниб,  “Иш” қўшимча терговга қайтарилиши зарур! Энди буёғини вақт кўрсатади. Биз эса, вақтга қараб турмай, юқори турувчи суд инстанциясига тегишли тартибда шикоятлар тайёрлаш босқичига ўтаверамиз. Нима бўлганда ҳам бугунги кун талаби ва Қонун барчага баробар!

Хулоса ўрнида (азиз муштарий нокамтарликка йўймасинлар!) юқорида эслаганим 15 йил аввал Даракчи” газетасида эълон қилинган мақола натижасидан бир иқтибос келтириш ўринли кўринди:

“…Муҳтарам Бош муҳаррир!

… Ҳукмдан норозилик билдириб, кўплаб идораларга…  мурожаат қилдик.

2003 йил ёз фаслида “Даракчи” таҳририятига мурожаат қилиб, бизга қонун доирасида кўмак берувчи мақола ёритилишини сўрадик. Кўп ўтмай газетангиз саҳифасида “Исаев иши” сарлавҳали каттагина мақола чоп этилди. Ушбу мақола ҳар жиҳатдан мадад бўлди. Шунингдек, мақола муаллифи Дилмурод Саййид номига ишонч қоғози бердик. Журналист мақола ёритиш билан чекланиб қолмай, ҳуқуқий ҳимоячи сифатида ҳам ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиб, биз билан бирга бўлди.

Яқинда, яъни Ўзбекистон Олий Суди Раёсатининг 2004 йил 16 апрел Қарори билан ўғлимга тайинланган ўлим жазоси бекор қилиниб, 20 йилга озодликдан маҳрум этиш белгиланди. Ушбу Раёсат Қарори ўғлимнинг тирик қолишига ва бир кун келиб яна бағримга қайтишига бўлган ишончимни мустаҳкамлади. Бунинг учун Аллоҳга беҳисоб шукроналар айтаман… “

Унсиной Исаева, Тўйтепа шаҳри. (“Даракчи” газетаси, 2004 йил 13 май)

Бу иқтибосни келтиришдан мақсад, ҳозирда ваҳимали кўринаётган ва ноҳақлигу адолатсизлик болалаб кетган деб таъкидланаётган  яқин ўтган кунимиздаки, ўнлаб ноҳақ чиқарилган ҳукмлар юзасидан журналистлик суриштируви олиб боришдан чўчимадик ва аксар ҳолатда ижобий натижага эришдик.

Ўша йиллари “тизгинлаб қўйилган”лиги бугун такрору такрор эсланилаётган ЎЗБЕК МАТБУОТИ ва ЖУРНАЛИСТИ  битта адолатсиз ҳукм юзасидан уч бошли аждарни эслатувчи  “терговчи-прокурор-судья” бирлигига қарши туришдан тоймадик ҳам, чекинмадик ҳам гарчи оқибати қандай тугашига ақлимиз етиб турса-да, ҳатто огоҳлантирилсак-да!..

Кечагидан кўра дориламон бўлиб турган эндиликда наҳотки, миллий матбуотимиз бизга ўхшаган “эски”лар билан ҳамкорлик қилмайди?  Ушбуни Ўзбекистон расмий ОАВ тармоқларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимиз ҳам ўқишларига ишонч бор. Ва бу машаққатли касб эгала-рига Алихон Тўра Соғуний ҳазратларининг бир ибратларини эслатиб ўтмоқчиман: “ Ўзбек халқи наҳорги ошга уюшгандек ҳар бир ишда уюшолганда ҳеч кимга мутеъ ҳам, қарам ҳам бўлмасди!

Юқорида мен Жамшид Султонов “Иши”га оид ҳужжату фикрларни ҳозирча дастурхон қилга-ним йўқ ; чунки… фотоларни судья(аниқроғи, судьялар!)кўрмай қолган  бўлиши ҳам мумкин-дир?  деган мулоҳазани босиб ўтгим келмади. Қолаверса, Ўзбекистон Президенти томонидан чиқарилган Фармонга кўра ғайриқонуний услубда олиб борилган тергов материаллари инобатга олинмаслиги керак!(Аслида бу талаб бундан йигирма йил аввал ҳам бор эди, ҳамиша бўлган, бироқ  ҚОҒОЗдагина  ишлатилмай тураверарди!!!)  Шу баробарида янада фаоллашиб, руҳан бардамлашиб бораётган мамлакатда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари ҳимоясига даҳлдор дўстларимиз ҳам бу борада ўз СЎЗларини айтишларига ишонаман. Мабодо, бирорта ақлли топилиб: “ Бу суд ҳукми Президент фармонидан олдин чиқарилган-ку!”-деб қолса, биз  Ўзбекистон ЖК  13-моддаси талабини эслатиш билан кифояланамиз!

Дилмурод  САЙЙИД,

Тошкент шаҳри.  13.03.2018 йил.

Фотоларда: Тошкент шаҳар  ЖИБ Учтепа туман судининг 2017 йил 12 май кунидаги айблов ҳукми билан ҳар бири узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган маҳкумларнинг тергов давридаги кўринишларидан лавҳалар.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон ва тожикистон фуқаролар учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилади

Тожикистон ва Ўзбекистон президентларининг Душанбеда бўлиб ўтган музокаралари якунида икки мамлакат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилиши борасидаги Келишув ...

2018-йилда ўзбекистон ёшлари орасида 14 мингдан зиёд жиноят содир этилган

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судяси Зафар Назаровнинг маълум қилишича, ўтган йилда ёшлар ўртасида 14 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 3 минг 990 таси ...

Дилмурод саййид: баҳор соғинчи (шеърлар)

АССАЛОМУ  АЛАЙКУМ! Аллоҳнинг марҳамати ва куюнчак Инсонларнинг дуоси билан яқинларим бағрига қайтдим! (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400