Ҳақ сўзни айтмасликдир аслида халққа хиёнат

Ҳақ сўзни айтмасликдир аслида халққа хиёнат

Ҳақ  сӯзни айтмаслик халққа хиёнат

Эшилиб, тўлғониб ингранади куй,

Асрлар дардини сўзлар Муножот.

Куйи шундай бўлса

Ғамнинг ўзига

Қандай чидай олди экан Одамзот?!

Айтишларича ва Муқаддас битикларда ёзилишича Сизу биз яшаётган жумлаи жаҳон – жамики мавжудот, ҳаммамиз ва  ҳаммаси Тангрининг биргина каломи СӮЗдан бошланган экан.

Демак, ҳар қанақа Сўз эмас, айнан Ҳақиқат йўлида топиб айтилган ҳақ Сўзгина Тангрининг каломи!

Нега мен сўзимнинг бошиданоқ халқ шоирининг сўзларига мурожаат этдим?!

Шеъриятни ортиқча ҳиссиётларга берилувчан, романтикларга хос меланхоликлик дея камситувчилар, албатта, буни тушунолмайдилар ёки тушуниш учун ўзларида куч тополмайдилар.

Аммо шуни фахр билан айта оламанки, бир инсон тақдири ҳал бӯлаётган ва муҳокама этилаётган энг жиддий маҳкама — Суд залида ҳам судланувчилардан тортиб, ҳуқуқ ҳимоячиларию прокурорларгача  журналист Бобомурод Абдуллаев иши бӯйича олиб борилаётган  жараёнларда ўз фикр ва хулосаларини мустаҳкамлаш учун билибми билмайми, балки беихтиёр буюк поэзия усталарининг сатрларига, яъни Сўзга мурожаат этишди.

Мен келтирган Сўзлар буюк поэзия устаси Абдулла Ориповнинг сатрлари эса нафақат Ўрта Осиё халқлари, балки Ер юзидаги жамики халқлар, бутун инсониятнинг ўтмиш ва кечмиш тақдирига қайғуриб айтилган Сўзлар эди аслида.

Журналист Бобомурод Абдуллаев иши юзасидан бошланган суд жараёнлари ҳам ниҳоят ниҳоясига етмоқда.

2 май куни бўлиб ўтган суд, суд залинию залдагиларнинг қалбларини ҳам ларзага соладиган даражадаги ҳолатлар ва руҳият билан тўлдириб юборди.

Энг сўнги хулосаларни тинглаш Прокурорнинг хулосаларини тинглашдан бошланди.

Адвокатлар Сергей Майоров ва Муножот Парпиеваларнинг маҳорат билан олиб борган меҳнатлари, судьялар жамоасининг ишга адолат билан ёндошувлари туфайли икки ойдан буён давом этаётган суд жараёнларида тергов жараёнларидаги сохталиклар очиб ташланган, фош этилган ва исботланган эди.

Шунга кўра прокурорнинг судланувчиларга нисбатан  “Жатва”, яъни “Ўрим” лойиҳаси бўйича қўзғатилган жиноий айбловларнинг олиб ташланишини, бекор қилинишини суд залида тан олишдан бошқа иложи қолмади.

(Шундай қилиб,  “Жатва” асоссиз деб топилди. Буни суд жараёнларида эришилган энг муҳим ютуқ дея баҳолаш мумкин.)

Прокурор судланувчи  Бобомурод Абдуллаевдан ташқари қолган судланувчилар Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровларни айбсиз деб топиб, озодликка чиқарилишини, аммо Бобомурод Абдуллаевга нисбатан 159- модданинг 3- бандига асосан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги хулосаларини тинглаган суд залидагилар ҳам қувонч, ҳам қайғудан бир қалқиб тушди, десак хато бўлмайди.

Бу, албатта, прокурор хулосалари эди.  Бизга таскин берадиган жиҳат шунда эдики, ҳал қилувчи хукм Суд Ҳаками томонидан чиқарилади ва у ҳали эълон қилинмади.

Аслида шу пайтгача Бобомурод Абдуллаевнинг суд ишига мажбурий тақаб киритилган Шавкат Оллоёров, Равшан Салаев, Ҳаётхон Насриддиновларнинг панжара ортида ўтириши ҳар қандай кишида мутлақо ноўрин кўриниш сифатида, инсон эрки ва ҳуқуқларининг беҳуда поймол этилиши каби таассурот уйғотади.

Мана, ниҳоят, Бобомурод Абдуллаевнинг ишига ўта жиддий ва хавфли тус бериш учун у билан биргаликда панжара ортида ўтиришга мажбур этилган бегуноҳларнинг  озод этилиши  қуйидаги хулосамизга асос бўлмоқда.

Дейлик, панжара ортида Бобомурод Абдуллаевнинг бир ўзи қолди.

Суд энди жиноий гуруҳ устидан  эмас, журналистнинг, яъни, Ўзбекистондаги Сўз Эркинлигининг устидан суд жараёнларини юритишга мажбур бўлиб қолади.

Бундай ҳолат эса суд иши учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам фахрланса арзигулик иш ҳисобланмайди ва ушбу ҳолатга Буюк Ислоҳотлар йўлини танлаган ҳукуматимиз ҳам, суд тизимимизнинг ўзи ҳам йўл қўйиб қўймайди, албатта.

Прокурор хулосалари тинглаб бўлингач, (Бобомурод Абдуллаевга нисбатан хулосалар пайтида эса кўпчилик қатори менда ҳам “Ҳақсиз қарор!” деган ички ҳайқириқ  руҳиятим узра даъват бўлиб янгради ва юқорида таъкидлаганимдек), зал ҳам гўё бир қалқиб тушди.

Ана шундай тасвир ва таассуротларга рӯбаро бӯлганимизда ва етиб келганимизда  эса адвокат Сергей Майоров сўз олди.

“Мен ўзга дин вакилиман. Аммо Ислом динига ва унинг муқаддас китоби ҳисобланмиш “Қуръон” оятлари шарҳига ҳурмат ва муносабатим шу қадар юксакки, ижозатларингиз билан мен унга мурожаат этсам”, дея сўз бошлади.

“Қуръон” қалб малҳами. Энг оғир вазиятларда ундан ортиқ таскин ва юпанч топилмаса керак дунёда.

Бу гал ҳам йиғлаётганларга (Бобомурод Абдуллаевнинг яқин оила аъзолари, дўстлари ва унинг тақдирига бефарқ бӯлмаган барча хайрихоҳларга) ва ҳатто қалби тош қотган айрим кимсаларга нисбатан ҳам энг одил судлов, энг меҳрибон таскин бўлиб, “Қуръон” оят ва сураларидан Тангри Сўзлари зал узра тарала бошлади.

“Қуръон”нинг 58- оятида шундай Сўзлар бор”, дея гапини давом этдирди Бобомурод Абдуллаев ҳимоячиси Сергей Майоров.“Энг оғир гуноҳ  бўҳтон, ёлғончилик ва иккиюзламачиликдир.

Улар ҳақиқатни билар эдилар, аммо била туриб, ёлғон сўзладилар”.

“Ҳақиқат эса Оллоҳнинг омонатидир. Омонатга хиёнат эса ҳақиқатга, Ҳаққа бўлган хиёнатдир”.

“Бобомурод ҳақиқатни билар эди ва у бу ҳақда сўзламасликни, ёки ёлғон сўзлашни унинг тарбияси, эътиқоди қабул қилмас, виждони йўл қўймас эди”.

“У нимаики ёзган бўлса, ҳақиқат учун, Ҳақ учун, Халқ учун ёзди”.

“Машаққатли, аммо виждони буюрган Ҳақ йўлидан юргани учун уни жазолаш аслида  Тангри буюрган амалларга ҳам қарши чиқиш, Ҳақиқат ва Ҳаққа нисбатан ҳам қасддан хиёнат билан баравар эмасми аслида?”.

“Бугун Бобомуродни жазолаш сўралаяпти. Ҳурматли судьялар, жаноб прокурорлар, ҳурматли суд кузатувчилари! Қани айтингчи, агар биз шу йўлни танласак, Тангри йўлидан оғганлардан бўлиб қолмаймизми?!  Зеро, ҳеч биримизни Оллоҳ ўз назаридан айро этмасин!”

Адвокат Майоров гоҳида ҳазин, гоҳида майин, аммо жуда сокин ва самимий сўзлади. Ҳақиқатни ва Ҳақни сўзлади!..

Зал гўё юпанч, овунч ва таскин оғушига чўмгандек бўлди. Гўё  яраланган, жароҳатланган қалбларга “Қуръон” малҳам бўлиб етиб келгандек эди!..

Шундан сўнг адвокат Муножат Парпиева сўз олиб, ҳамкасбининг сўзларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.  Шунингдек, у суд ҳайъатидан Бобомурод Абдуллаев вояга етмаган фарзандлар отаси ва оила боқувчиси эканлигини, ёлғиз ўғил фарзанд сифатида муштипар онасининг  ягона суянчиғи ва боқувчиси эканлигини ҳам инобатга олишни  илтимос қилиб сўради.

Ҳар бир Сўзловчини одатдагидек диққат билан тинглаётган, уларнинг фикрларини атрофлича ўрганиб, хулосаларидан холислик билан хулоса чиқараётган суд ҳайъати ва ҳайъат раиси Зафар Нурматов  бу галги жуда таъсирли таассуротларга бой бўлган ушбу  суд жараёнини ҳам  бошдан оёқ адолат мезонлари асосида бошқарди ва олиб борди.

Шу ўринда икки оғиз сўз муҳим жараёнларни бошқараётган судьялар жамоаси ҳақида: Судьяларда машаққатли, аммо айни пайтда ўта  шарафли ҳисобланмиш ўз касбларига нисбатан адолатлилик,  ҳалоллик, поклик ва шу билан бирга, ўзимизда қадим-қадимдан ва азалдан  муқаддас саналадиган Устоз ва Шогирд анъаналарининг самимийлик, ҳурмат ва ўзаро меҳр каби фазилатлар асосида тўғри шаклланганлиги ҳам яққол сезилиб турибди…

Ҳа, Бобомурод Абдуллаев иши ўз касбининг усталари ҳимоясида ва муҳокамасида. Ҳал қилувчи ҳукм ўқиб эшиттирилишигасаноқли кунлар қолди.

Ҳукм олдидан Бобомурод Абдуллаевга сўнги хулосасини сўзлашга изн берилганда у Сўфи Оллоёр сатрларига мурожаат этди:

“Гар дўзах лабида бўлиб қолсанг ҳам

Ноумид бўлма ҳеч,

Қодир Худойим…”

“Мен ўзимни дўзах лабида деб ҳисобламайман, албатта, аммо менга ҳам адолатли ҳукм ўқилишидан умидимни узмайман”, деди.

Ҳа, нафақат Бобомурод, биз ҳам умидимизни узмаймиз.

Дўстлар, ҳал қилувчи, ҳаяжонли дақиқаларга ҳам оз фурсат қолди.

Умид қиламизки, ғалаба кунлари яқинлашмоқда!

Муаллифлар:  Дилфуза Жавоҳир Лангар, Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нега кўпчилик давлат хизматчиси бўлгиси келмайди?

Ростдан ҳам, нега? Ҳамма эмас, кўпчилик нега давлат хизматчиси бўлгиси келмайди? Халқ тилида айтганда, «давлатнинг иши»да ишлагиси йўқ? Бирон мутахассисликни эгаллаш учун ...

Гулнора каримова сиёсий ӯйин қурбони

ГУЛНОРА КАРИМОВА  "Бирдамлик" Халқ-демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбат.  -- Ҳурматли Баҳодир Хон Туркистон, рости, Сизнинг сиёсий қарашларингиз ...

Президент шавкат мирзиёев бош прокурорга жиддий топшириқ берди. қишлоқ хўжалиги бўйича текшириш ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400