‘Жингалаксочим туфайли Мисрни тарк этишга мажбур бўлдим’

Мисрлик ёш аёл Иймон Эл-Диб 2016 йилда ватанидан чиқиб кетишга қарор қилади. Тарк этишнинг сабаби хорижда таълим олиш ёки ишлаш эмас эди. Иймон соч турмаги туфайли юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлади.

26 ёшли Иймоннинг жингалак сочларига ҳозирда ўзи яшаётган Испания аҳли ҳавас билан боқади.

Бироқ Европа гўзаллик меъзонларига амал қилиш одат тусига кирган Мисрда Иймон бу сочларини ўзига берилган тавқи-лаънат сифатида қабул қиларди.

«Ватандан кетиш қарорини қабул қилиш мен учун жуда оғир кечди. Ҳеч қачон бегона юртда яшайман, деб ўйламаган эдим,» ҳикоя қилади Иймон.

«Лекин мен чарчаган эдим… Пичоқ бориб суякка етган, кўринишим туфайли мазах қилишларига ортиқ чидай олмас эдим. Шу сабабли ўзимни озод ҳис қила оладиган жойга кўчиб кетишга қарор қилдим.»

Мисрлик аёлларФото муаллифлик ҳуқуқиMONA GHANDER

Иймоннинг айтишича, унинг жингалак сочларини ҳам танишлари, ҳам бегоналар бирдек калака қилиб келган.

“Мисрдаги банклардан бирида иш бошлаганимдан ўтган илк икки ой ичида деярли ҳар куни юқоридан одам келиб: ‘Сочингни тўғирла,’ дер эди,” сўзлайди Иймон.

Иймоннинг ватанни тарк этиш қарори ўзи учун оғир бўлган бўлсада, унинг ҳикояси Мисрдаги кўплаб аёллар эътиборини ўзига тортиши мумкин.

Аксар мисрлик аёллар табиатан жингалаксоч. Бу уларнинг қонида бор.

Кўплаб қизларни ёшлигидан, жамиятнинг гўзаллик қолипларига мос равишда, жингалак сочини тўғирлашга мажбурлайдилар.

‘Сочим туфайли устимдан кулар эдилар’

2016 йил март ойида Facebook’да аёлларни табиий сочларини асраб-авайлашга даъват қилувчи гуруҳ ташкил қилиниши шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Орадан икки йил ўтиб “Hair Addict” (Соч ихлосмандлари) номли ушбу гуруҳнинг 105,000 нафардан зиёдроқ аёл аъзоси бор. Аъзоларнинг 95 фоизи гуруҳ муҳокамаларида фаол қатнашади.

38 ёшли Гоа Давиш сочи сабабли калака қилинавергандан сўнг ушбу гуруҳга асос солган.

Гоа ДавишФото муаллифлик ҳуқуқиDOAA GAWISH

«Болалигимда сочим туфайли устимдан кулар эдилар… Уни доимо текислаб юришга мажбур эдим,» дейди у.

Америка компанияларидан бирида муҳандис сифатида фаолият юритадиган Доа ўзини «илмга муккасидан кетган» ҳисоблайди. Шу сабабли у ҳар бир қилаётган амалининг илмий жиҳатларини ўрганиб чиқишга ҳаракат қилади. У сочини текислаб юришга мажбур бўлган бўлсада, доимий қиздириш сочлар учун зарарли эканлигини яхши англар эди ва айни шу мавзуни тадқиқ қила бошлади.

У тадқиқоти давомида сочлар ва уларни парваришлаш борасида анчайин билимга эга бўлди. Сўнг ўз ўрганганлари бошқаларга ҳам ёрдам бериши мумкин, деган қарорга келди.

Facebook’даги гуруҳ қисқа вақт ичида мисрлик аёллар ўртасида довруқ қозонди. Гуруҳ аъзолари сочни қандай парваришлаш ҳақида ўз мулоҳазаларини улашар, фикр алмашарди. Зум ўтмай, улардаги жасорат юксалиб, табиий жингалаксочни қиздириш орқали текислаш зарар, деган фикрни тарғиб қила бошладилар.

2016 йил июль ойида сочларни қиздиришга қарши ҳаракат бошланди ва шу вақтга қадар ушбу ҳаракат улкан муваффақиятга эриша олди.

Ўзгараётган қарашлар

32 ёшли Норан Амр, бир йил бўлибди-ки, сочларини қиздиришдан воз кечган. Ўтган ой илк маротаба табиий жингалак сочларини яширмаган ҳолда никоҳ тўйида иштирок этди.

«Тўйдаги одамларнинг сочимга муносабати жуда ижобий бўлди. Ҳамма сочимни мақтади,» хурсанд бўлади Норан.

«Одамларнинг қарашлари ҳозирда ўзгаряпти. Мисрда сочни жингалак қилиш урфга айланган.»

Норан АмрФото муаллифлик ҳуқуқиNORAN AMR

Нораннинг фикрича, ижтимоий тармоқларда ушбу мавзу қизғин муҳокама қилинмаганда жингалаксоч ҳануз гўзалликнинг қабул қилиб бўлмас ўзига хос хусусиятилигича қолаверарди.

Ҳозирда мисрлик фаоллар томонидан ижтимоий тармоқларда ташкил қилинган бир неча гуруҳ жингалаксочни қандай тўғри парваришлаш борасида маслаҳатлар бериб келмоқда.

‘Илк ижобий фикр’

Талаб шу даражада ортиб кетганидан жорий йилда сочларни жингалак қилиш хизматини таклиф қилувчи илк гўзаллик маркази очилди.

Мисрнинг энг бой мавзеларидан бирида жойлашганига қарамай, “Тҳе Cурлй Студио” номли ушбу гўзаллик салони хизматидан фақатгина олдиндан қайд этдириб қўйиш орқали фойдаланиш мумкин. Салон ҳафтасига 30 дан зиёд мижозни қабул қилади. Уларнинг аксарияти ёш аёллардир.

АёлларФото муаллифлик ҳуқуқиTHE HAIR ADDICT

«Айниқса, ўрта ёшли аёллар ўртасида сочини жингалак қилдириш урфга айланиб кетди,» дейди салоннинг 33 ёшли бекаси Сара Сафват.

Иймон ҳам мамлакатдаги ўзгаришни ҳис қилмоқда.

«2017 йил апрелида Мисрга борганимда бир такси ҳайдовчиси сочимни мақтади. Аввалига у пичинг қиляпти шекилли, деб ўйладим. Кейин унинг хушомади самимий эканлигини англадим.»

«Бу Мисрда сочим тўғрисида билдирилган илк илиқ фикр эди.»

Манба: Би-би-си

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Москвада ўзбекистонлик аёл севганининг уйланганини эшитиб, ўзига ўт қўйди

Москвада асли ўзбекистонлик аёл севганининг уйланганини эшитиб, ўзига ўт қўйди.  Маълум бўлишича, 32 ёшли Дилфуза исмли аёл Сирожиддин исмли йигит билан Ўзбекистонда учраша ...

Дилмурод саййид билан учрашув

Суратда: (ўртада) Дилмурод Саййид, Қаҳрамон Мурод ва Рўзибой Азимий Кеча "Бирдамлик" ХДҲ фаоллари - Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўйича етакчиси Қаҳрамонхон Маҳмуд, журналистлар ...

Cotton campaign ўзбек пахтаси бойкотини бекор қилмади

Пахта саноатида мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича халқаро кампания - Cotton Campaign Ўзбекистон ҳукумати делегацияси билан музокаралар олиб боргач, ўзбек пахтасининг ...