Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини Ўзбекистондаги бир туман мисолида исботлай оламиз

Кучли ғоя, кучли жамоа — муваффақиятларимизнинг калити.

Ислоҳотлар халқ манфаатига ишлаши учун ислоҳот режалари халқчил бўлиши керак!

Ислоҳотлар режаси юқоридан пастга қараб эмас, пастдан юқорига қараб ишлаб чиқилиши шарт!

Баҳодир Хон Туркистон

Таниқли рус физик-математик олими Игор Васильевич Курчатов 1943 йилда янги атом энергияси институти (кейинчалик ушбу институтга Курчатов номи берилди) қурилаётганда қурувчиларга институт ҳовлисидаги йўлларни асфальт қилмай туришни буюрди. Институт ходимлари бир йил ичида ўзлари учун осон ва қисқа жойлардан юришиб, янги йўлакчалар ҳосил қилди. Бир йилдан кейин И. В. Курчатов ходимлар юриб йўлакча ҳосил қилган изларни асфальтлашни буюрди.

Ўзбекистон 70 йил советлар бошқаруви тузумида, 27 йил диктатор Ислом Каримов тузумида бошқарилди. Шу давр ичида Ўзбекистонда хусусий мулк тушунчаси деярли ўз маъносини йўқотди. Мамлакатдаги барча ишлаб чиқариш масканлари, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳалари билан бирга халққа қарашли ерлар ҳам миллийлаштирилиб, давлат мулки деб эълон қилинди.

Салкам 100 йил мабойнида ер, сув, қазилма бойликлар, завод ва фабрикалар давлат мулки дея ҳисобланиб, ушбу мулклар совет раҳбарлари томонидан 70 йил давомида режали бошқарилди. Совет Иттифоқи парчаланиб, ўрнида пайдо бўлган иттифоқдош республикалар ўз мустақиллигини эълон қилиб, демократик қадриятларга етарлича эътибор қаратган ҳолда мамлакатларида эркин Бозор Иқтисодиётига ўтдилар. Бироқ айрим давлатлар ҳанузгача тараққиёт йўлига ўта олмай аросат исканжасида қолмоқда. Мен 2017 йилда ёзган “Ислом Каримов диктатура тузумини яратди, Мирзиёев уни давом эттиради”, деб номланган мақоламда шу ҳақида батафсил тўхталганман. Қуйида ушбу мақола билан тўлиқ танишишингиз мумкин:

Ислом Каримов диктатура тузумини яратди, Мирзиёев уни давом эттиради http://birdamlik.info/ .

Ўзбекистоннинг янги Президенти, ҳурматли Шавкат Миромонович ўз чиқишларида “Биз икки йил қаттиқ ишлашимиз керак. Шу икки йил ичида биз аниқ ривожланиш йўлига ўтамиз. Ҳамма соҳаларда ислоҳотларни изчил амалга оширамиз”, деб катта ваъдалар берди.

Афсуски, муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев фаолияти давомида кўпгина ислоҳотларни бошлади-ю аммо бошланган ислоҳотларнинг деярли ҳаммаси ўз ўрнида депсиниб қолди. Президент Мирзиёев жорий қилган ислоҳотларнинг амалга ошмай қолишига ислоҳотга доир режаларнинг халқчил эмаслиги, улар халқдан узоқлашган, оёғи ердан узилиб қолган бир тўда коррупционер амалдорларнинг хаёлий фантазияси асосида қурилган ислоҳот режалари эканлиги каби омиллар асосий сабабдир.

Янги раҳбар бошқаруви даврида Президентнинг бир неча қарорлари эълон қилинди. Лекин чиққан қарорлар халқчил бўлмаганлиги, жойлардаги амалдорларнинг демократия, эркин бозор иқтисодиётидан бехабарлиги каби унсурлар амалиётга тадбиқ этилган қарорлар ижроси таъминланишига йўл бермади. Шу тариқа, биз Бирдамлик Халқ демократик ҳаракати мамлакатда энг аввало, сиёсий ислоҳотлар зарур, деб бонг уриб чиқдек.

Мен мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатининг асосчиси ва раҳбари сифатида шу кунгача Президент ва унинг жамоаси фаолиятини қаттиқ танқид остига олиб келдим. Ҳукуматни танқид қилганим учун ўз навбатида ҳукумат ва бошқа шахс ҳамда гуруҳларнинг танқид нишонига айландим.

Аслида танқид демократик қадриятларнинг ўзига хос кўриниши саналади. Биз ҳукумат фаолиятини танқид қилар эканмиз, ҳеч қачон шахсларнинг шахсиятига тегмадик, туҳмат ва бўҳтонлар қилмадик. Раҳбар ва амалдорларнинг иш фаолияти ва иш фаолиятидаги камчиликларини сиёсий маданият доирасидан четга чиқмаган ҳолда танқид қилиб келдик. Эндиликда биз фақат қуруқ танқид қилиш билан чекланмасдан, амалий иш орқали ўзимизнинг кимлигимизни кўрсатиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Биз Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати ватанимиз Ўзбекистонни ҳақиқатанан ҳар томонлама ривожлантириш учун мамлакатда энг аввало сиёсий ислоҳотлар ўтказиш кераклигини таъкидлаб келдик. Ўз чиқишларимизда фақат сиёсий ислоҳотгина бошқа ислоҳотларни самарали якунлашда ўзига хос калит вазифасини бажаришини бот-бот такрорладик. Шахсан мен ҳозир ҳам ушбу фикримда собитман.

Ўзбекистонда мухолифат иштирокида сиёсий ислоҳотлар амалга оширилгандагина мамлакатда қатор ўзгаришлар рўй беради. Бундай ўзгаришлар барча жабҳаларни, жумладан, сиёсий ҳокимият учун курашдан тортиб, то бошқа соҳалардаги ислоҳотларни ўз ичига қамраб олади. Ислоҳотларнинг самарали ва тўлиқ якунланиши учун эркин сиёсий рақобат муҳитини вужудга келтиради. Шундагина мухолифат ва сиёсий ҳокимият ўртасида ҳар жойда рақобат ва ўз-ўзини назорат қилиш, халққа тўғри юзланиб, халқнинг оғирини енгил қилиш, камчилик ва порахўрликка қарши кураш кескин тарзда кечади. Мамлакатда коррупция кўлами камайиб, қонун устуворлиги кучаяди. Атрофингиздаги амалдорлар фақат Сиздан қўрқиб, Сиз олиб бораётган сиёсатга мослашиб, Сизни алдаб кун кўрмасдан, балки сиёсий рақиб — мухолифат билан ҳисоблашишга ён босади, халқнинг ҳақиқий дардини эшитиб, чин кўнгилдан тоза фаолият олиб боришга мажбур бўлади.

Биз Сизнинг ҳозирги бошқарув усулингиз остида нималарни кузатяпмиз? Тўғри, ислоҳотлар бошланган, аммо юқорида таъкидлаганимиздек, улар бир жойда депсиниб турибди. Ҳар қадамда кўзбўямачилик, ёлғон, халқни алдаш амаллари олиб борилмоқда.

Биз Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати ўзимиз томондан бир неча йиллардан буён доимий равишда Ўзбекистонда зарур деб таъкидлаб келинаётган сиёсий ислоҳотларни юртимиздаги бир туман миқёсида 4-5 йил ичида қанчалик ижобий натижаларга олиб келишини амалда исботлаш ниятидамиз. Биз сиёсий ислоҳотдан бошланган фаолиятимиз бошқа ислоҳотларнинг самарали якун топишини туман миқёсида ниҳоясига етказиб, кейинчалик ушбу туманни ичига олган вилоятда ҳам худди шундай ислоҳотларни амалга ошириш мумкин, деган қатъий фикрдамиз.

Биз дастлаб туман, сўнгра вилоят миқёсида ўтказажак ислоҳотларимизнинг самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда бундай ислоҳотларни кейинчалик Сиз билан бирга республика бўйича тадбиқ қилишимиз мумкин бўлади.

Агар бизга тўлақонли сиёсий фаолият юритишимиз учун етарли даражада имкон берилса, у ҳолда биз республикамиздаги энг иқтисодий қолоқ вилоятнинг энг қашшоқ туманида ҳар томонлама чуқур ислоҳотлар ўтказишга тайёрмиз. Ўзимизга берилажак иқтисодиёти ночор қайсидир туманни 4-5 йил ичида иқтисодий жиҳатдан қудратли, самарали ислоҳотлар орқали ривожланган, ҳатто баъзи бир вилоятлар билан тўла-тўкис беллаша оладиган, бир неча ўн қадамлар билан тубдан ижобий томонга ўзгарган республикамиздаги энг кучли туманга айлантира оламиз, деган ишончдаман.

Демак, асосий қадамлар:

Биринчи қадам

Сизнинг бизга бўлган ишончингиз ва раҳнамонгиз остида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан биз тўлиқ ислоҳот ўтқазмоқчи бўлган, биз учун танланган туманни ажратиб бериш тўғрисида қарор чиқарилиши керак. Шунингдек, ҳозирги кунда “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати номи остида фаолият юритаётган Ҳаракатни “Бирдамлик” Халқ Демократик партияси сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказишимиз учун имкон берилиши лозим.

Иккинчи қадам

Туманда туман халқ кенгаши ва туман ҳокимлигига сайланиш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқарилиши керак. Бу қарорда туман кенгаши ва туман ҳокимлигига эркин ўтказилажак сайловда мухолиф сиёсий партиялар рўйхатга олиниши кўзда тутилиши даркор. Қарор чиққандан кейин туманда ҳар бир партия номзодларининг ўз сайлов олди штабини тайёрлаш учун 3 ой муддат берилиши керак. 3 ойдан кейин туман халқ кенгаши ва туман ҳокимлигига сайлов ўтказишга старт берилиши лозим.

Учинчи қадам

Сайловда кўп овозга эга бўлган сиёсий партиялар овозларига мутаносиб равишда туман халқ кенгашида ўз жойларига эга бўлади. Туман ҳокимлигига эса, алоҳида сайлов бюллетенларида номзодлар кўрсатилиб, бир ёки икки босқичли сайловда туман ҳокими сайланади. Мабодо, янгидан рўйхатдан ўтган “Бирдамлик” Халқ Демократик партияси томонидан кўрсатилган номзод сайловда туман ҳокимлигига сайлана олмаса, унда Партия мазкур туманда ўз ислоҳотлар дастуридан фойдаланишдан воз кечади. Ғалабага эришган бошқа номзодларга омад тилаб, сайловда ютқазганини тан олиб, тумандаги сайлов штаби фаолиятини тўхтатади. Агар сайловда ғалабага эришилса ҳамда туман халқ кенгашида кўп жойлар қўлга киритилса, у ҳолда туманда кенг қамровли ислоҳотлар дастурини амалга оширишга киришилади. Шу тариқа мамлакатимиз учун зарур бўлган сиёсий ислоҳотларни туман миқёсида якунлаш эълон қилинади.

Тўртинчи қадам

Кейинги фикрларимни биз туманда ўтказилган сайлов ғолиблари — туман ҳокимлиги ва туман халқ кенгашининг аксар кўп жойларини эгаллаган партия тимсолида ёзишда давом этаман. Шундай қилиб, биз туман ҳокимлигига халқ сайлови орқали эришдик.

Бу қадамда қилинадиган асосий ишлар эски ҳокимнинг тинч йўл билан кетиши ва янги ҳокимга ўз жойини бўшатиб беришдан иборат. Янги туман ҳокими эса ўз жамоаси билан ҳокимият кабинетларини эгаллаши, янги депутатлар ҳам ўз навбатида туман халқ кенгашида ўз жойларини эгаллашлари керак.

Бешинчи қадам

Биз мамлакат ҳарбий хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятига аралашмаймиз. Ўз навбатида, улар ҳам бизнинг иш фаолиятимизга умуман аралашмаслиги керак. Ҳар қандай аралашув мамлакат Президенти ва биз — туман ҳокимияти билан ўзаро келишилган ҳолда амалга оширилади. Фавқулодда вазиятлар рўй берганда, масалан, уруш ёки мамлакатда нотинчлик вужудга келганда биз ҳам ҳамма қатори Ҳарбий хизмат ва Давлат хизмати буйруқларига сўзсиз итоат қиламиз.

Фавқулотда вазиятларда мамлакат ҳарбий хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда биз бошқараётган туманда тўлақонли, тўсиқсиз ўз хизмат фаолиятларини олиб бора олади.

Олтинчи қадам

Биз туман ички ишлар бошқармасида тўлиқ ислоҳотлар ўтказамиз. Биз бошқараётган туман ички ишлар бошқармаси, фавқулотда вазиятларда Республика Ички Ишлар Вазирлигига тўлиқ бўйсинади. Лекин тинч ҳолатларда, яъни туман раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида эркин фаолият юритиб, қатор ислоҳотларни амалга оширади. Жумладан, туман ички ишлар бошқармаси “Полиция” бошқармаси деган янги ном остида фаолият юритади. Янги ислоҳ қилинган Полиция бошқармасининг барча ходимлари биз томондан тақдим қилинган янги полиция формаси билан таъминланади ҳамда янги полиция хизмати тинч ҳолатларда туман ҳокимига бўйсунади.

Еттинчи қадам

Туман прокуратураси ходимлари ҳар туман кенгашида ўзларининг фаолиятлари ҳақида батафсил ҳисобот бериб боради. Худди шундай ҳисоботлар туман солиқ хизмати, туманда ташкил қилинажак божхона хизмати, туман халқ таълими бўлими, туман тиббиёт ва санитария хизматлари, шунингдек, бошқа тумандаги давлат хизматлари томонидан ҳам берилади. Улар ҳар туман йиғилишларида ўзлари қилган ва режалаштираётган иш-фаолиятлари ҳақида батафсил ахборот-ҳисобот бериб боради.

Саккизинчи қадам

Туман ўз иқтисодий ислоҳотларини бошлар экан, янги солиқ ва божхона ставкалари ҳамда бошқа тўлов ва йиғимларни мустақил равишда ўзи белгилайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси туманга 5 йил давомида солиқ, божхона ҳамда бошқа тўловлар ва йиғимларни ўзи белгилашига рухсат беради. Тумандаги барча солиқдан тушган даромадлар 5 йилгача туман ихтиёрида қолади. Беш йилдан кейин давлат барча туманлар қатори ушбу тумандан тушадиган солиқ тушумларини қайта тиклайди ёки туманда ислоҳ қилинган солиқ ва божхона тўловлар кўпчиликка мақбул бўлса, у ҳолда бутун Республика бизнинг туманимиз амалиётга тадбиқ этган солиқ ва божхона тизимларига ўтиши мумкин.

Тўққизинчи қадам

Туманга электр қуввати ва газ узлуксиз тўлиқ бериб борилади. Ислоҳотлар кўламининг ошиши туманда янги электр қуввати ва газ истеъмолига бўлган талабни оширади. Вазирлар Маҳкамаси электр қуввати ва газ истеъмолига нисбатан талабларнинг ўсиб боришидан келиб чиққан ҳолда туман учун кучли лимитлар ажратилишини ҳисобга олишни сўрайди.

Туман ҳокимияти Вазирлар Маҳкамасидан туман аҳолисининг газ, электр энергияси бўйича ҳамма қарзларини 3 йил муддатга музлатиб туришни сўрайди. Бу вақт ичида туман ва газ идораларида туб ислоҳотлар ўтказилиб, айбдорлар, ўғри, коррупционерларга тегишли равишда жазо белгиланади. Аҳолининг қарзи батафсил ўрганилиши жараёнида электр қуввати ва газдан ҳақиқий қарздорлар аниқланади ҳамда уларнинг қарзлари тегишли ташкилотларга тўлиқ миқдорда, 100% ундирилиб берилади. Кейинчалик газ ва электр энергиясига тўловлар тартибга солиниб, аҳоли ишлатилган электр қуввати ва газ учун тўлиқ, ҳар ойда, ўз вақтида тўлаб бориш механизми жорий қилинади.

Ўнинчи қадам

Туманда биз ер ислоҳотини ўтказамиз. Тумандаги барча ерлар туман халқига берилади. Бу ислоҳотни бошлашдан олдин давлат ўз эҳтиёжи учун, масалан, ҳарбий қисм, йўллар, сув каналлари, газ қувури ўтказгичлар (трубапроводлар), ҳарбий завод, фабрикалар, давлат аҳамиятига молик бўлган объектлар қуриш учун туман ҳудудидан ўз ҳисобига етарлича ер майдонини ажратиб олади. Ўз навбатида, туман ҳокимияти туман аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш учун янги мактаб, болалар боғчаси, парк, дам олиш масканлари, кутубхоналар, шифохоналар, сув каналлари, ичимлик суви тармоқлари, газ, электр қуввати учун тармоқлар, янги йўллар қуриш ва бошқа ҳаётий заруриятларни қондириш мақсадида ер майдонларига эгалик қилади ёки мавжуд иншоотлар майдонларини кенгайтириш мақсадида қўшимча ер майдонларини ажратиб олади , ажратилган ер майдонлари туман халқ кенгашида тасдиқланади. Қолган ер майдонлари эса, туман аҳолисига ерларни хусусийлаштиришнинг бир неча усулларидан биридан фойдаланиб, аҳоли ўртасида тақсимланади. Туманга қарашли ерлар эгаси туман аҳолиси саналади.

Ўн биринчи қадам

Туман аҳолиси давлатнинг пахта, ғалла, пилла ёки бошқа кўринишдаги давлат буюртмаларидан тўлиқ озод эитилади. Ердорлар агар истаса, ўз ихтиёри билан фермер хўжалиги ташкил этиши, оилавий бизнес ишларини юритиши, турли-туман тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиши ёки ўз хоҳиш-истаклари билан ўзларига тегишли ерларни иккинчи кишига сотиши, васият қилиб қолдириши, ижарага бериши ёки хорижий ширкатлар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар очиши мумкин бўлади. Давлат ёки туман ҳокимияти ер эгалари – мулкдорларнинг ердан фойдаланиш ишларига аралашмайди. Туман ер эгалари ўзлари етиштирган полиз ва деҳқончилик маҳсулотларини мамлакатимиздаги истаган бозорда сотиши, хоҳишига кўра мамлакатимиздан ташқарида сотиш имконига эга бўлади. Уларнинг тижорат ишларига ҳеч бир давлат органи аралашмаслиги шарт.

Ер эгалари ўзларининг истак ва хоҳишига биноан нархни олдиндан келишган ҳолда пахта, ғалла экиши, ўзлари хоҳлаган деҳқончилик турлари билан шуғулланиши, ўзларига тегишли ерларда бир неча йил деҳқончилик қилмасдан, бўш қолдириши мумкин. Ер эгалари ҳар йили ер солиғи ва йиллик даромадларига оид декларация тўлдириб, бир йиллик даромад солиғини тўлайдилар.

Ўн иккинчи қадам

Туманнинг ўз аэропортига эга бўлиши муҳим қадам саналади. Туман вилоят марказига узоқ ёки яқинлигидан қатъи назар ўз ҳудудида халқаро аэропорт қуриш учун янги лойиҳани бошлайди. Ҳам йўловчи, ҳам карго юкларини ташишга мўлжалланган ушбу аэропорт лойиҳаси тўлиқ ташқи қарз – кредит ёрдамида амалда оширилади. Ушбу лойиҳа ҳурматли Президент Шавкат Миромоновичнинг маслаҳати ва амалий кўмаги асосида амалга оширилади.

Ўн учинчи қадам

Тумандаги барча йўллар қайта қурилади ёки таъмирланади. Туман имкон қадар ички иқтисодий имкониятлардан фойдаланиб, йўллар сифатини яхшилашга ҳаракат қилади, бунинг учун туманнинг имкони бўлмаса, кучи етмаса, у ҳолда ташқи қарз – кредитга суянилади.

Ўн тўртинчи қадам

Туманда узлуксиз электр таъминоти йўлга қўйилади. Ички имкониятлардан фойдаланиб барча электр ўтказиш линиялари, тақсимот станциялари янгиланади, имкон бўлмаган чоғда ушбу лойиҳа учун ташқаридан қарз -кредит олинади. Туманда электр эҳтиёжи учун қўшимча имконият сифатида қуёш батареялар қуриш ташкил қилинади. Республика Электроэнергия ташкилоти туманда қурилаётган қуёш батареялар тизими фаолиятига қаршилик қилмаслиги, яхшиси умуман аралашмаслиги шарт.

Ўн бешинчи қадам

Туманда газ таъминоти узлуксиз ва талабга доир амалга оширилади. Тумандаги барча газ қувурлар ва газ тақсимоти станциялари қайта кўрикдан ўтказилиб, таъмирга муҳтож қисми тўлиқ таъмирланади. Газ билан таъминланмаган туман аҳолисининг қолган қисмига янги газ қувурлари тортилиб, аҳоли 100% газ билан таъминланади.

Ўн олтинчи қадам

Туманда чиқинди сувлар ва канализация масаласига жиддий эътибор қаратилади. Чиқинди ва канализация оқова сувлари учун янги станция қурилиб ишга туширилади. Бу станция лойиҳаси тўлиқ ташқи қарз – кредит ҳисобига қурилади. Зовур ва шўр сувлар ҳолати текширилиб, улардан қайта фойдаланиш масалалари ўрганилади. Туманда янги зовурлар қуриш, эскиларини қазиш, таъмирлаш, янги дренаж қувурлар ётқизиш ишлари бажарилади.

Ўн еттинчи қадам

Туманда ичимлик сувига доир масалалар жиддий ўрганилиб, туман аҳолисининг ичимлик сувга эҳтиёжини 100% қоплай оладиган лойиҳа ташқи қарз – кредит ҳисобига амалга оширилади. Шу билан бирга ариқ, каналларни тозалаш, ер эгаларига ҳосил майдонларини суғориш учун етарли миқдорда сув етказиб бериш лойиҳасини амалга ошириш ишлари ҳам кўзда тутилган.

Ўн саккизинчи қадам

Туман аҳолисининг четга чиқиши учун фуқаро паспорти ичига ёпиштириладиган “Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун” деб ёзилган чиқиш визаси — ОВиР стикери узоғи билан 3 кун ичида амалга оширилади. Биз аслида мамлакатда ОВиР стикерлари бутунлай бекор қилиниши тарафдоримиз.

Туманга келишни режалаштираётган меҳмонлар, сайёҳлар, туристлар, тадбиркорлар, сармoядорларнинг қайси давлатдан бўлишидан қатъи назар ҳеч қандай муаммосиз виза олишлари таъминланиши керак. Туманимизга келажак меҳмонлар учун қолиш муддати 90 кун деб белгиланиши, улар меҳмонхоналарга жойлашиш имконига эга бўлишлари, хоҳласалар шу оралиқда Ўзбекистоннинг бошқа вилоят, туман, шаҳарларига сайр, томоша қилиш ҳуқуқларига эга бўлишлари мумкин бўлсин.

Ўн тўққизинчи қадам

Туманга сармоя киритажак сармоядор агар Интерпол халқаро ташкилоти орқали қидирувда бўлмаса, у ҳолда бу шахс ҳеч қачон текширилмаслиги керак. Бошқа ҳолларда у ўз сармоясини туманга олиб келиши ва ишлатиши мумкин бўлади. 5 йилдан кейин ушбу сармоядорга Ўзбекистон фуқаролигини бериш амалиёти йўлга қўйилиши керак бўлади.

Йигирманчи қадам

Сармоядорлар учун туман раҳбарияти туман миқёсида алоҳида соддалаштирилган ва паст кўрсаткичларда белгиланган солиқ ставкаларини қўллайди. Сармоядор ўзи истаганича нақд пул ёки нақдсиз пул маблағларини туманимизга олиб кириш ва истаган вақтида ўз сармоясини тўлиқ олиб чиқиб кетиш имконига эга бўлади.

Йигирма биринчи қадам

Туманда темир йўл тармоғи, юк тушириш ва ортиш логистик станциялари бўлиши керак. Агар туман ҳудудидан темир йўл тармоғи ўтмаган бўлса туманга ташқи қарз – кредит ҳисобига темир йўллар тармоғи ҳамда юк қабул қилиш ва жўнатиш логистик базалари қурилади.

Йигирма иккинчи қадам

Туман тадбиркорлар орқали ўз эҳтиёжи учун зарур бўлган нефть маҳсулотларини қўшни давлатлардан ўзи белгиланган божхона ставкалари орқали кирим қилдириб, туман аҳолиси учун эркин бозор нархларида сотувга чиқариш учун тадбиркорларга имкон ва шароит яратиб беради. Нефть маҳсулотлари Республика нефть базалари билан ҳам келишилган нархларда шартнома бўйича тадбиркорлар орқали келтирилиб, аҳоли эҳтиёжи учун эркин сотувга чиқарилади. Ёқилғи нархлари мамлакатдаги ёқилғи нархларидан бошқа нархда бўлиши мумкин. Туманда нархлар эркин бозор иқтисодиётига таянган ҳолда белгиланади.

Йигирма учинчи қадам

Қазилма бойликлардан келган даромадлар 5 йил туманнинг иқтисодий ривожланиши учун туманда қолади. 5 йилдан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бу даромад турини кимга қолдиришини қайта кўриб чиқиб янги қарор қабул қилади.

Йигирма тўртинчи қадам

Туман ҳокимлиги ёки туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ва Республикадаги цемент, кўмир, қурилиш материаллари, ҳар хил турдаги хом-ашёлар, материаллар ишлаб чиқарувчи корхоналар билан материал, хом-ашё, маҳсулотлар етказиб бериш ҳақида имзоланган шартномалар бўйича туманга шартномада кўрсатилган нарсаларни ўз вақтида, камомадсиз, бенуқсон, ҳеч бир камчиликсиз етказиб бериши шарт. Шартнома қоидалари бузилган ҳолларда шартномани бузган томон катта жаримага тортилади, туман ҳокимлиги ва у ерда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ушбу шартномаларда кўрсатилган хом ашё, материал, маҳсулотларни ўзларига қулай ва арзон нархларда қўшни давлатлар ёки бошқа давлатлардан туманга олиб келиши кўзда тутилган.

Йигирма бешинчи қадам

Туман ҳокимлиги ва туманда фаолият юритаётган барча тадбиркорлар импорт, экспорт шартномаларини ўзлари мустақил тарзда амалга оширади. Республикадаги тақиқ ёки бошқа назоратлар олиб ташланади. Марказнинг туман иқтисодиётига аралашувига йўл қўйилмайди.

Йигирма олтинчи қадам

Туман ўз ҳудудидаги тиббиёт муассасаларининг барчасини тўлиқ хусусийлаштиришга ҳаракат қилади. Туманда тиббий суғурта бозорига ўтилади. Барча корхона, ташкилот, давлат идоралари, маориф ва бошқа соҳа ходимлари ўртасида тиббий суғурта жорий қилинади. Ҳокимият ногирон, нафақахўр, мактаб ўқувчилари каби кам ижтимоий ҳимояга эга қатлам учун ўз ҳисобидан тиббий хизмат тўловини амалга оширади.

Йигирма еттинчи қадам

Туман ўз ҳудудида ишчи, хизматчи, деҳқон, фермер ва бошқа турдаги маош олувчиларнинг давлат хазинасига тўлаётган солиқларини қайта кўриб чиқади. Имкон қадар уларнинг солиқ ставкалари камайтирилади.

Йигирма саккизинчи қадам

Туман боғча, мактабларни қисман ўз қарамоғига олади ҳамда уларни янги мактаб, бинолар, ўқув қуроллари, мактаб формалари, уч маҳал иссиқ овқат ва керакли дарсликлар билан таъминлашга ҳаракат қилади.

Йигирма тўққизинчи қадам

Туманда туман ҳокимлигининг расмий нашри, туман телевидениеси ва радиоси билан бирга мустақил нашрлар, интернет сайтлари фаолияти йўлга қўйилади. Барча турдаги нашрларда сўз эркинлиги, матбуот эркинлигига алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилади.

Ўттизинчи қадам

Туманда интернет сифати ва тезлиги ривожланган давлатлар: АҚШ, Канада, Европа давлатлари, Жанубий Корея, Япониядаги каби тез, сифатли бўлмоғи, нархлари ҳам ушбу риволанган давлатлардаги интернет нархларидан ошмаслиги лозим. Ҳар қандай сайтга интернет тўсиғи жорий этилишига йўл берилмайди.  туман аҳолиси ўзлари истаган сайтга ҳеч бир тўсиқсиз кира олиши ва ушбу сайтларга ташриф буюргани учун тақиб ва тазйиқларга учрамаслиги керак.

Ўттиз биринчи қадам

Туманда чакана ва улгуржи савдо-сотиқ ишлари ўзбек сўми билан бир қаторда АҚШ долларида ҳам олиб борилиши мумкин бўлсин. Барча халқаро шартномалар АҚШ доллари ҳисобида тузилади. Четдан сармоя олиб келган банклар туман ҳокимининг қарорига асосан, Республика Марказий банки лицензиясини ҳеч бир қийинчиликсиз, тўсқинликларсиз олиши керак.

Ӯттиз иккинчи қадам

Лойиҳа муаллифининг демократия тамойилларига таянилган ҳолда ишлаб чиқилган  сиёсий ислоҳотларга доир янги лойиҳаси унинг муаллифисиз амалиётга тадбиқ этилиши мумкин эмас

_______________________________________________________________

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, чет эл сармаядорларини жалб қилиш учун давлат хазинасидан миллион доллар эмас, ҳатто миллиардлаб долларлар ҳаражат қилмоқда. Аммо натижа кутилгандай эмас. Биз эса давлат хазинасидан ортиқча пул олмай, четдан қарз – кредит олсак ҳам олган кредитларимизни талон-тарож қилмасдан тўғри ва мақсадли йўналтириб, қарз – кредитларимизни ўз вақтида қайтарамиз. Энг муҳими, биз бошқараётган туманда янги замонавий аэропорт, темир йўл станциялари, транспорт логистикалари, туман учун янги инфратузилмани ташкил қиладиган сифатли йўллар бунёд этилади, аҳоли сифатли ичимлик суви, газ, электр таъминоти билан узлуксиз таъминланади, уларга хусусийлаштирилган тиббиёт муассасалари, замонавий боғча-мактаблар хизмат кўрсатади, туманликлар хусусийлаштирилган ерларга эга бўлади.

Биз четда ишлаб юрган туман аҳолисининг деярли 100% ини туманда юқори маошли иш билан таъминлаймиз. Туманга кучли сармоядорлар кириб келади. Яна бир томони, ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоят ва туман ҳокимлари учун бизнинг фаолиятимиз катта мактаб ўрнини босади. Улар фаолиятимиз билан яқиндан танишиб, туманимизга сармоя киритган сармоядорларни биздан ўрганган тажрибалари асосида ишга солиб, ўзларига жалб қила оладилар. Биз бошқарган туманда аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб, фаровонлиги ошади!

Ҳурматли муҳтарам Президент Шавкат Миронович!

Биз юқорида сиёсий ислоҳотдан бошланган ислоҳотлар халқимиз учун самарали кечади, деб ёздик. Келинг, бир беллашув ўтказсак. Сиз ўзингиз истаган яна бир иқтисодий ночор туманни танлаб олинг. Ушбу туманга сиёсий ислоҳотсиз, ўзингиз энг яхши билган, ишонган амалдорларингизни ҳоким қилиб тайинланг. Истасангиз туман халқ кенгаши таркибини ўзларингизга мос ҳолда ўзгартириб олинг. Биз томондан ислоҳотларимиз учун сўралган шарт-шароитларни уларга ҳам тенг ташкиллаштириб беринг. Бюджетдан ажратилган молия ҳам бир хил бўлсин. Бошқа кўмак, ёрдам, қўлловлар ҳам иккала туманга бир хил даражада кўрсатилсин. Улар ҳам биз билан бир вақтда иш бошлаб, биз каби 5 йил фаолият юритсин. Натижаларни ҳар йил ва 5 йилдан кейин солиштирайлик.

Агар ҳукумат бизга тўсқинлик қилмасдан ростдан ҳам икки беллашаётган туманга бир хил кўз билан қараб, бир хил шароитлар яратиб берса, ушбу беллашувда биз ютқазсак, унда малакатда сиёсий ислоҳот зарур деган талабимиздан бутунлай воз кечамиз.

Ушбу таклифни тайёрлашдан кўзда тутилган асосий мақсадимиз мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатининг мамлакатимиз ривожи учун иштирокини таъминлаш жуда муҳим эканлигини ошкора намоён қилишдан иборатдир. Чунки биз жорий ҳукумат билан мамлакатимизда эркин сиёсий рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қиламиз. Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар амалга оширилар экан, барча соҳаларда ислоҳотлар эркин, сиёсий рақобат муҳити доирасида содир бўлади. Бизнинг мамлакат сиёсатидаги ўз ўрнимиз Ўзбекистон халқи равнақи учун хизмат қилади.

Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатининг асосчиси ва етакчиси

Баҳодир Хон Туркистон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Америка  ўзбекистон  муносабатларига  россиянинг  таъсири

Баҳодир Хон Туркистоннинг  “Ислоҳотларимизнинг муҳимлигини бир туман мисолида исботлай оламиз”  лойиҳаси асосида Бирдамлик ХДҲ фаоллари мазкур лойиҳани  Ўзбекистон ...

Баҳодир чориев “сайловчиларга мурожаат”

Азиз ватандошлар! Қадрли миллатдошлар! Аввало, барчангизни кириб келган Наврўз билан табриклайман. Баҳор ва янгиланиш – халқимизнинг узун йиллардир орзиқиб кутаётганидир. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400