Лондон олий таълим олиш ва талабалар учун энг яхши шаҳар деб топилди

Лондон олий таълим олиш ва талабалар учун энг яхши шаҳар деб топилди

QS (Quacquarelli Symonds) томонидан халқаро олий таълим бўйича эълон қилинган маълумотларда ўтган сафар Монтреал ва Париж биринчи ўринга қўйилган эди.

Мазкур рейтингни белгилашда шаҳардаги йирик университетлар сони, маҳаллий меҳнат бозори имкониятлари, маданият турфалиги ва турмуш шароити ҳисобга олинади.

Лондон ушбу меъзонларнинг бири бўйича жуда паст баҳо олди – арзончилик.

Университетлар жойлашган шаҳарлар рейтинги QS олий таълим сифатини баҳолаш гуруҳи томонидан тузиб чиқилган. Йиллик World University Rankings (Жаҳон Университетлари Рейтинги) ҳам айни шу гуруҳ нашри ҳисобланади.

50 минг нафар талаба нуқтайи-назарини қамраб олган сўровнома орқали шаҳарларнинг олий таълим олиш учун афзалликлари ва ноқулайликлари қиёслаш орқали аниқлаб чиқилади.

Маданий пойтахт

Бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ Лондонда кўплаб олий даражали ўқув масканлари йиғилган. Масалан, Лондон Империал Коллежи, Лондон Коллеж Университети, Лондон Иқтисодиёт Мактаби ва Қироллик Коллежи.

Лондонда талабалар, шунингдек, музейлар, театрлар, кинотеатрлар ва ресторанлар таклиф қиладиган ранг-баранг маданий ҳаётдан баҳраманд бўлиш имконига эга.

Лондон ишга жойлашиш учун ҳам ажойиб имконият маскани.

Лондон халқаро шаҳарга ҳам айлана олган. Бу ердаги бағрикенглик ва хилма-хиллик даражаси шу даражада юқорилигидан хорижий талабалар ўзини бегона юртдагидек ҳис қилмайди.

Бироқ гап яшаш харажатлари ва арзончиликка бориб тақалганда, Лондон ўз жозибасини йўқотади. Нархлар қимматлигидан камхарж талабалар анчайин қийинчиликларга юзланиши мумкин.

QS гуруҳида тадқиқотлар бўйича директор сифатида фаолият юритувчи Бен Совтернинг айтишича, Лондон «нархлар одамни чақадиган бўлишига қарамай, олий таълим олиш учун энг яхши шаҳарлигича қолмоқда».

Токионинг даъвоси

Иккинчи ўринга «исталганлик» меъзонлари бўйича яхши натижа кўрсатган Япония пойтахти Токио қўйилган. «Исталганлик» меъзони хавфсизлик, ҳавонинг ифлосланиши ва яшаш шароити омиллари билан белгиланади ва талабалар қайси шаҳарда яшашни кўпроқ исташига асосан аниқланади.

Барча шаҳарлар ичида Канаданинг Торонтоси исталганликнинг энг юқори даражасини кўрсатган. Торонто бу меъзон бўйича Токио ва Амстердамдан олдинга қўйилган.

Австралия шаҳарлари ҳам халқаро таълим масканларининг йирик бир қисмига айланиб бормоқда. Ҳозирда бу мамлакатда хорижий талабалар сони сезиларли ошган. Мелбурн талабалар учун энг зўр шаҳарлар рейтингида учинчи ўринга қўйилган бўлса, Сидней тўққизинчи ўриндан жой олган.

Ҳар икки шаҳар ҳам хорижий талабаларни бир-бири билан қоришиб кетишига имконият яратиб бериш меъзони бўйича юқори натижа кўрсатган. Умуман олганда, Канада ва Янги Зеландия ўқув масканлари ушбу меъзон бўйича энг юқори ўринларда.

Шотландиянинг энг зўр университети ҳисобланмиш Эдинбург QS рейтингида 16-ўриндан жой олган.

World University Rankings’да АҚШ ўқув масканлари пешқадамлик қилмоқда. Массачусетс Технология Университети етакчилигидаги АҚШ университетлари энг юқори тўрт ўринни эгаллаган.

Меҳмондўст шаҳарлар

Аммо талабалар учун энг зўр шаҳарлар топ 10 талигида бирор Америка шаҳри йўқ. Германиянинг Берлин ва Мюнхен шаҳарлари ушбу 10 таликдан ўрин олган. АҚШнинг Бостон ва Ню-Йорк шаҳарлари фақатгина топ 30 таликка киритилган, холос.

Бир неча йилдан бери биринчиликни эгаллаб келган Париж бешинчи ўринга тушиб кетган.

Нарх-наво жиҳатидан талабалар учун энг мос шаҳар, деб Венгрия пойтахти Будапешт топилган. Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳри эса иккинчи ўринда.

QS гуруҳининг бошқа қисми томонидан жорий ҳафтада эълон қилинган алоҳида йиллик тадқиқотда маълум қилинишича, хорижлик талабалар учун икки омил жуда катта аҳамиятга эга: таълим сифати ва шаҳарнинг меҳмондўстлик даражаси. Маълум бўлишича, аксар талабалар ўзларини бегона ҳис қилмайдиган шаҳарларда ўқишни истайди.

67,000 иштирокчи фикрига асосланган International Student Survey (Халқаро Талабалар Сўровномаси) Европа Иттифоқидаги талабаларнинг 39 фоизи “Брексит туфайли Буюк Британияда ўқиш истагим пасайиб кетди,” деб ўйлашидан огоҳлантирмоқда.

Ушбу талабалар Брексит ортидан Британия университетларида ўқиш баҳоси янада кўтарилиб кетиши ва мамлакат Иттифоқдан келганларга нисбатан ёпиқроқ бўлиб қолиши эҳтимоли юзасидан ўз хавотирини билдирган.

Талаба визалари

Рейтингда Лондоннинг муваффақият қозониши ортидан Британиянинг хорижий талабалар ва виза талабларига нисбатан муносабати юзасидан узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган баҳс-мунозаралар янада оловланиши мумкин.

Шу йилнинг бошларида Олий Таълим Сиёсати Институти томонидан амалга оширилган тадқиқот давомида халқаро талабаларни Британия ғазнасига йилига деярли $27 миллиард даромад келтириши аниқланган эди.

Лондон шаҳри ғазнасининг ўзига хорижий талабалардан йилига $6,2 миллиард келиб тушади. Маҳаллий иқтисодиётида хорижий талабалар улуши энг кўп шаҳар эса Шеффилд эканлиги маълум бўлган.

Олий Таълим Сиёсати Институтига кўра, ушбу рақамлар халқаро талабаларга нисбатан қўйилган иммиграция чекловларини олиб ташлашга чорлайди.

Британия ҳукуматининг иммиграция назорати ва хавфсизлик масалалари департаменти эса халқаро талабаларга нисбатан ҳеч қандай чеклов жорий қилинмаганлигини иддао қилади.

Талабалар учун энг зўр шаҳарлар – 2018

1. Лондон

2. Токио

3. Мелбурн

4. Монтреал

5. Париж

6. Мюнхен

7. Берлин

8. Цюрих

9. Сидней

10. Сеул

11. Вена

12. Гонконг

13. Торонто

14. Бостон

15. Сингапур

16. Эдинбург

17. Ванкувер

18. Ню-Йорк

19. Киото-Осака-Кобе

20. Тайпей

21. Брисбан

22. Канберра

23. Окленд

24. Манчестер

25. Буэнос Айрес

26. Пекин

27. Амстердам

28. Москва

29. Шанҳай

30. Прага

Манба: BBCUZBEK.COM

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Деҳқонобод тумани ҳокими зоир алиқуловга  полковник унвони топширилди

Қашқадарёда 2 сентябрь куни ўтказилган вилоят ИИБ тизимда фаолият юритувчи ходимларни тақдирлаш маросимида Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқуловга полковник унвони ...

Май апрелдан оғирроқ келадими? инқироз бошландими? сўз қўчқоровга

Коронавирус пандемияси ортидан келаётган инқироз 2008 йилги молиявий инқироздан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – ...

Бизга кучли танқидчилар керак

Ўзбек адабиёти ва санъатига назар ташлар эканмиз, устозларимиздан қолган адабий мерослар билан фахрлансак арзийди. Бу мерослар, истиқболимиз йўлини ёритгучи маёқлардек нур ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400