Андижон воқеаларига 13 йил тўлди: Ким, нима, қачон, қаерда?

Орадан 13 йил ўтиб, Андижон воқеалари аста-секин хотиралардан кўтарилаётгани, гувоҳлар ҳам унутишга ҳаракат қилаётгани кузатилмоқда. Қуйида Ozodlik радиосининг Андижон қирғини билан боғлиқ асосий саволларга жавоб изланган мақоласини ҳавола қилмоқчимиз.

Андижонда 2005 йилнинг 13 майида нима бўлган?

Андижон. 12 майдан 13 майга ўтар кечаси. Акрамийлик гуруҳига аъзоликда айбланиб, судланаётган 23 кишининг қирқтача яқини патруль-пост батальонига ҳужум қилиб, у ердаги қуролларни қўлга киритди. Сўнгра улар шаҳардаги ҳарбий қисмга ҳужум уюштирди. Кейин қамоқхонага ҳам ҳужум қилиниб, у ердан судланаётган 23 киши ва бошқа маҳбуслар озодликка чиқариб юборилди. Ўша куни ярим тунда вилоят ҳокимлиги биноси эгалланиб, шаҳар прокурори, солиқ инспекцияси бошлиғи ва бир қанча ҳарбийлар исёнчилар томонидан гаровга олинди. Расмийлар берган маълумотга кўра, ўша тунда 9 ҳарбий ҳалок бўлди.

Андижон 13 май. Эрта тонгдан вилоят ҳокимлиги биноси олдига андижонликлар йиғила бошлади. Майдон эса ҳукумат қўшинлари томонидан ўраб олинди. Тушдан сўнг майдонда, норасмий маълумотларга кўра, 10 мингга яқин одам йиғилди. Одамлар ҳукумат ва Президент истеъфосини талаб қила бошлади. Кечқурун соат 18 лар атрофида отишма бошланди. Одамлар уч томонга бўлиниб қочди. Президент Ислом Каримов кейинчалик ўтказилган матбуот анжуманида одамларга қарата ўт очишга буйруқ бермаганини айтди. Исёнчилар эса ҳарбийлар БТРлардан ва автоматлардан ҳаммани бир чеккадан ўққа тутганини билдирди.​

Андижон қирғинида неча одам ўлдирилди?

​2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.

​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

​Бобур майдонидаги қонли фожиадан кейин халқаро жамоатчилик мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ расмий Тошкент рад этган. Шу тахлит, юзлаб одам қирғинбарот қилинган 13 май фожеаси йиллар оша сиру синоатларга кўмилганича қолмоқда.

Андижон қочқинлари кимлар ва улар қаерда?

13 май куни ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун юзлаб андижонликлар қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлди.

Бир неча ой ўтиб БМТ Қочқинлар идораси кўмагида 500га яқин андижонликлар Руминияга ўтказилди.

Кейинчалик қочқинларга дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Швеция, АҚШ, Канада каби сиёсий бошпана берилди.

Акрам Йўлдошев ким?

2004 йил июнидан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан биттама-битта ҳибсга олинган андижонлик 23 тадбиркорнинг яқинлари¸ ҳамкасблари бошлаган намойишлар пировардида 13 май воқеаларига элтган эди.

Расмийлар “акрамийлар” деб атаган, бу атамани ўзлари тан олмайдиган, лекин Акрам Йўлдошевга алоқаси борлигини инкор этмайдиган андижонлик тадбиркорлардан 23 нафари 2004 йилнинг июнидан бошлаб бирин-кетин қўлга олинди ва бир неча ой давомида сўроқ қилинди.

Акрам Йўлдошев 1963 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Андижон қирғинидан сўнг А.Йўлдошевнинг терговда берган кўрсатмаларига кўра, у дастлаб 1998 йилда 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Амнистия бўйича озодликка чиққандан сўнг иккинчи марта 1999 йилда 17 йилга қамалган. Жазони ўташ муассасаларида сил касалига чалинган. 2003 йил октябрида Тошкентдаги жазони ўташ муассасаларининг умумий шифохонаси бўлган 64/18-қамоқхонага келтирилган.

2004 йилда Акрам Йўлдошев ва унинг шерикларига қарашли 11 корхона ёпилиб, уларнинг раҳбарлари ҳибсга олинган.

А.Йўлдошев ўз кўрсатмасида Андижон туманининг Оқёр қишлоғида акрамийлар ва милиция ходимлари ўртасидаги жиддий жанжалдан сўнг жиҳод бошлашга фатво берганини таъкидлаган.

23 тадбиркор қаерда?

12 майдан 13-га ўтар кечаси Андижон турмасига қилинган ҳужумдан сўнг бошқа маҳкумлар қатори 23 тадбиркор ҳам қамоқдан озод қилинган эди.

Ўша куни қамоқдан чиқиб кетган 23 кишининг 15 нафари кейин яна қўлга олиниб, қамалган, бири қазо қилган, яна бири бедарак йўқолган.

Баъзилари Андижонни ташлаб чиқишга улгурмаган, баъзиларини Ўзбекистон махсус хизмати қўшни давлатлардан ушлаб олиб кетган.

Шу кунда ҳам улар қамоқда. Ҳар ҳолда бу гапни инкор этадиган бошқа маълумот йўқ.

23 тадбиркордан 6 нафари дунёнинг турли бурчакларидан сиёсий бошпана олишган. Улардан бири Швецияда, уч нафари Ҳолландияда, бири Финляндияда, яна бири АҚШда яшайди.

Андижон қирғини бўйича санкциялар?

2005 йил ноябр: Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилди. Бир йиллик муддатга жорий қилинган жазо чораларининг биринчи пункти ўлароқ, Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларининг Европа иттифоқи ҳудудига киритилиши тақиқланди.

Қора рўйхатга Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов киритилмаган бўлса-да, унга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, ҳозирда ҳам амалда қолаётган Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби расмийларнинг исмлари киритилган эди.

2006 йил ноябр: Европа кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятнинг яхшиланмагани ва қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга имкон берилмагани боис, санкциялар жумласидан виза чеклови олти ойга, қурол эмбаргоси бир йилга узатирилди.

2008 йил ноябр: Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларига нисбатан жорий қилинган виза чеклови бутунлай бекор қилинди.

2009 йил ноябр: Санкциялар рўйхатида қолаётган қурол эмбаргоси ҳам бекор қилинди.

2016 йил сентябрь: Президент Ислом Каримов вафот этиши ортидан, Ўзбекистонда ҳокимият алмашди. Каримов ўрнига 13 йил давомида бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев президентликка сайланди.

2018 йил февраль: Ўзбекистон собиқ Ички ишлар вазири¸ 68 яшар генерал-полковник Зокиржон Алматов яна вазирликка қайтди.

Манба: “Озодлик” сайти

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қамчиқ довонида пиёдани бир неча машина босиб кетди

22 октябрь куни тунда Наманган вилояти Поп тумани Қамчиқ довонида номаълум ҳайдовчи уриб юборган пиёдани, сўнгра яна бир неча машина босиб кетган. Бу ҳақда “Соф.Уз” нашри ...

Кетмон можароси: депутатнинг facebook’да жанжаллашишдан бошқа иши қолмадими?

Бу йил 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ажойиб тарзда нишонланганига гувоҳ бўлдик. Йирик шаҳарларда уюштирилган парадлар ва бошқа тадбирлар санага тантанавор руҳ ва ...

Корейслар бирлаша бошладими?

Шимолий Корея президенти Ким Чен Ин Пхеньянда Жанубий Корея делегацияси билан “очиқ ва ошкора гаплар” бўлганлиги ҳақида гапириб, унда Жанубий Корея билан бирлашиш тўғрисидаги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400