Олий суднинг Фуқаролар қабулхонасида жанжал

Пойтахтимиздаги давлат органлари қошида ташкил этилган “Фуқаролар қабулхонаси”га ҳар куни кимдир узоқ Сурхондарёю Қашқадарёдан, кимдир Хоразм вилоятининг энг чекка туманидан, кимдир Фарғона вилоятининг тоғли ҳудудларидан тоғлар ошиб келади, яна кимдир Навоий ёхуд бошқа вилоятлардан йиллар давомида ҳал қилолмаётган муаммоларини ечиш илинжида не-не умидлар билан қадам ранжида қилади.

Мамлакатни ва унинг аҳолисини 27 йил давомида қўрқитув, алдов йўлию ёлғонларга бурканган сиёсати билан бошқарган И. Каримов оламдан ўтгандан кейин юртимизнинг барча вилоят ва туманларида “Халқ қабулхоналари”, “Фуқаролар қабулхоналари” очилди. Буни халқимиз яхши билади. Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолият юрита бошлади. Бироқ,  бора-бора шикоятчилар, жабрдийдалар кўплиги, ўтган йиллар давомида аҳолининг арз-додини эшитадиган бирон ташкилот қолмаганлиги, муаммолар чуқур илдиз отганлиги, уларнинг кўлами ниҳоятда кенглиги ойдин бўлгач, амалдаги ҳукумат раҳбарлари  мамлакатимиздаги барча давлат органлари, катта-кичик ташкилот ва муассасалар ҳузурида “Фуқаролар қабулхонаси”ни очишга мажбур бўлишди. Ана шундай қабулхоналардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий судида очилган Фуқаролар қабулхонасидир.

Олий суднинг Фуқаролар қабулхонаси ҳар доим шикоятчилар билан лиқ тўла. У ерда бизнесидан айрилган тадбиркорларни ҳам, ноҳақлик қурбони бўлган собиқ маҳкумларни ҳам, ҳокиму вазирлардан азият чеккан жабрдийдаларни ҳам, собиқ МХХ фитнасию фирибидан, зўравонлигидан кўнгли вайрон, соғлиги яксон бўлган айбсиз айбдорларни ҳам, хулласи калом турфа муаммоларга ечим тополмаётган фуқароларни учратасиз.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролар қабулхонасида катта жанжал бўлди. Мазкур жанжал Олий суднинг Фуқаролар қабулхонасидаги масъул шахсларнинг бир неча километр йўл босиб, пойтахтга адолат излаб келган жабрдийдаларга, умуман, қабулхонага келган барча кишиларга нисбатан ҳурматсизлиги, боқибеғамлиги, уларга паст назар билан қараши туфайли юзага чиқди.

Халқ ва фуқаролар қабулхоналари гарчи янги замонда ташкил этилган бўлса-да, у ерда ҳалигача эскича усулдан фориғ бўлмаган ходимлар ишлаётганлиги кўпчиликка сир эмас. Олий суднинг Фуқаролар қабулхонасида рўй берган мажорога айнан мана шу омил, яъни у ердагиларнинг эскича, каримовча усулда ишлаши туртки берди, десак хато бўлмас.

Эрталабдан бери навбат кутиб, раҳбарият қабулхонасига аранг кирган фуқароларни раҳбарларнинг ҳеч қандай сабабларсиз қабул қилмасликлари у ердаги мурожаатчиларнинг фиғонини фалакка чиқарди.

Жанжал авж нуқтага чиққандан кейин қабулхонага Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исоқов чиқиб, тўпланганларга буйруғона оҳангда мурожаат қилди. Раҳбарларнинг бундай хатти-ҳаракатлари мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали тизими яратилмаганлигини, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш етарли даражада ўзлаштирилмаганлигини англатади.

Масалан, Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоровга учрашиш истагида бўлган кўпчилик мурожаатчиларнинг истаклари инобатга олинмасдан уларни Бахтиёр Исоқов қабулига киритиши мурожаатчилар ҳуқуқи поймол бўлишига олиб келганидан далолатдир. Шу куни Олий суднинг Фуқаролар қабулхонаси фаолиятидан норози бўлган бир гуруҳ жабрланувчилар ва тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенатига мазкур қабулхонадаги вазият устидан шикоят қилиш мақсадида йўл олдилар.

Бизнингча, халқ ва фуқаролар қабулхоналарида аҳоли билан бевосита ишлаш учун зарур билимга, ташкилотчилик ва таҳлил қилиш қобилиятига эга бўлган юқори малакали мутахассислар кам. Мутассадди шахслар ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, бир оила тақдири, фарзандлар келажаги мужассам эканлигини ҳали-ҳануз тўлиқ даражада англаб етмаётир.

Р.S. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролар қабулхонасига 2013 йил 9-февралда Қашқадарё вилоят Жиноят ишлари бўйича судининг ҳукми билан ноҳақдан ноҳақ 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, лекин кеч қарор топган адолат туфайли тўрт йиллик умри пажара орқасида ўтган, собиқ президент Ислом Каримовни судга берган қашқадарёлик “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг фаоли Чўян Маматқулов ҳам мурожаат қилмоқда. “Бирдамлик” ХДҲ ва Чўян Маматқулов айни пайтда фаол Ч. Маматқуловнинг реабилитация қилинишини ҳамда унга тегишли миқдорда компенсация тўланишини ва ноҳақ тергов даврида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Ч. Маматқуловга тегишли бўлган ҳамда мусодара қилинган “Матиз” автомобилини қайтариб бериш юзасидан мурожаат қилмоқда.

“Бирдамлик” ХДҲ матбуот хизмати

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Малоҳат эшонқулова: ҳуқуқбон елена урлаева қамоққа олинди

Меҳнатга оид мониторинг жараёнида ҳуқуқбон Елена Урлаева Германия журналистлари билан қамоққа олинди, деб ёзади Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, мустақил журналист ...

Ӯқитувчиларга тинчлик бўлган замон қачон туғаркин?

Кеча Озодликдан: Тошкент вилояти мактабларида ўқувчиларга дўппи кийиш буюрилди, деган мақолага кўзим тушди. Шу кунга қадар Тошкент вилоятида мактаб формаси бир, икки марта ...

Қирғизистон томони чегарада навбатлар кескин қисқарганини тушунтириб берди (видео)

8 ноябр кунги маълумотга қараганда, Қозоғистон билан чегарадаги «Ақ-Тилек» ўтиш пунктида атиги 40 га яқин юк машинаси қолди. Сўнги кунларда НЎПда навбатлар кескин камайди, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400