РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК: “ШОИРНИНГ ОНАСИ ИЗТИРОБ, АХИР!..”

ЎЗБЕК шеъриятининг Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдураҳмон Водилий каби иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган БУГУНГИ вакили – РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК  эди.

У ҳаётининг сўнгги ўн йилида учта шеърий тўпламни ўз қўли билан нашрга тайёрлади. Минг афсуски, тириклигида бу тўпламлар қўлёзмалигича қолаверди. Бунинг ўзига яраша дунёвий сабаблари борки, бу “сабабу боис”ларни изоҳлашга сиз-у бизнинг ақлимиз ҳам, илмимиз ҳам, дунёқарашимиз ҳам торлик қилади. Таъкидлаганимиздек, Рауф Парфи Ўзбек шеъриятининг … иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган бугунги Ўзбекистондаги ЯГОНА ВАКИЛИ эди. Айнан шу ҳақлилиги унинг тўпламлари нашрига ҳам таъсир кўрсатган бўлса, ажабмас. Шу ўринда фикримизга қувват сифатида Рауф Парфи шеъриятидан мисралар ўқийлик:

Тириклик синчини, авом тинчини

Синдирдинг – кўксимнинг синиқларини.

Эрларнинг сиртини, аёл ичини

Булғотдинг – сувларнинг тиниқларини…

 

…Нечун виждонини сотиб яшайдир,

Не-чун қуллигидан бехабар ҳар қул?

Не-чун зулм яшар, зулм ошайдир?!

Ҳақсиз оломоннинг тириклиги шул!..”

Ушбу сатрлар шоир вафотидан кейин – 2006 йил қиш охирларида чоп этилган “СЎНГГИ ВИДО” деб номланган  шеърий тўпламидан олинди. Бу тўплам, таъбир жоиз бўлса, нафақат Ўзбек адабиёти ва китобхонларининг, балки МИЛЛАТИМИЗнинг маънавий ютуғи, Ўзбек шеъриятининг кейинги ЎН ЙИЛдаги энг эътиборли, ижобий силжишидир. Зеро, мансабу унвон тақиш, киборлар даврасидан ўрин топиш удумга айланган бир кунда Рауф Парфининг: “…Ўзим – халқман, ўзим – оломон, мен – Шоирман, ахир…” дея олиши ўзига хос камтарлик, хокисорлик ва беқиёс матонатдир. Ва шундай дейишга Рауф Парфигина ҳақли эди!..

“Сўнгги видо” тўпламини бир-бир варақлайман. Фақат ўқий оламан холос ундаги сатрларни. Изоҳлаб беришга мендаги мантиқ илми анчайин саёзлик қилади. Шу боис фақат ўқийман, қайта-қайта ўқийман:

“… Сен – Шоир, мангулик охират каби.

Шеърият – ибтидо, шеърият – охир.

Изтиробдан ўлмас Шоирнинг қалби,

Шоирнинг онаси Изтироб ахир!”

 Бу шунчаки ташбеҳ эмас, чин Шоирнинг таржимаи ҳоли! Бу “Таржимаи ҳол” Иймон қўлию Эътиқод қалами билан аввал Юрак қатига битилган бўлади. Уни Яратганннинг ўзи лавҳ этиб қўяди. Қолганини эса, Шоирнинг маънавияти Халққа етказиш учун қоғозга туширади.

Бугунги шеърият иккига бўлинган.Шулардан бири – ХАЛҚҚА ЕТКАЗИШ УЧУН ҚОҒОЗГА ТУШИРИЛГАН ИЗТИРОБЛИ ШЕЪРИЯТ!

Бу тоифа шеърият жуда кам эълон қилинадиган Изтироблар ҳосиласи бўлиб, унинг вакиллари ХХ асрда  анчагина эди…

Келинг, яхшиси Рауф Парфининг шеърий тўплами- “Сўнгги видо”дан ўқийлик:

“Иймон қайда, билмас қаттол, жавонмарг

Дам кўкка боқадир, дам ерга боқар.

Аламзор қўйнида эзилган бир барг,

Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар…

Даврлар қаърида инграйдир башар

Айтадир: “Шоир йўқ, шеърият яшар!”

                                            (“Йўловчи” шеъридан, 2001 й. )

Маъбадлар тобламиш  ўзига башар,

Онларин ичинда энг шуми шайтон.

Ўликлар устинда машварат, ҳашар,

Тоғ келбат йигитлар майити майдон.

Ирфоннинг қўлларин, қанотин кесдинг,

Ёвуз саодат – сен, ёнглишқон кўлка.

Остингда ётқонни бағрингда эздинг,

Тепангга минганни ирғитдинг кўкка…

…Инсонни таҳқирлаш йўллари кўпдир,

Бошинда  палахмон, жигаринда ўқ.

Ютгани оғудир, топгани чўпдир.

Наҳот, иймон ўчган, топталган ҳуқуқ,

Наҳот, бу миллатнинг қаҳрамони йўқ,

Наҳот, бу миллатнинг шоири йўқдир?!

                                                    (“Сиёвуш” шеъридан)

 Рауф Парфининг “Сўнгги видо” тўпламини варақлар эканман, 1983 йили ёзилган “Абдулҳамид Чўлпонга мухаммас” эътиборимни тортди. Уни қайта-қайта ўқиб ҳам бир аср оралиқда икки шоир қарашларида сира тафовут сезмадим, аксинча, Рауф Парфи сатрлари Чўлпон мисралари билан уйғун-лашиб, яхлитлик касб этганлигига ҳайратландим:

“Аллоҳ, Аллоҳ  йиғлаюрсен булутдек бағри сўзонсан,

Мунавварсан, мукаррамсан, рисолат туғида шонсан,

Сен Каъбасан – Туркистонсан, хунимсан сен  ахир қонсан,

Тириксан, ўлмағонсан, сен-да Одам, сен-да Инсонсан,

Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсан!”

Назаримда, Иймон ва Эътиқоднинг икки буюк соҳиби биргаликда даъват этаётгандек!.. Яна тушунишимча, Рауф Парфи комиллик остонасига етиб улгурган эди. Аммо бу қутлуғ остонага етганлигини биз 2003 йил ёзган “Тҳокурнинг сўнгги шеъри” сарлавҳали мисраларидан қисман англашимиз мумкин. Чунки тўлиқ англаш имконимиз чекланган – Рауф Парфидек Изтиробимиз– шеъриятимиз йўқ!

Гарчи  бу битиклар “Тҳокурнинг сўнгги шеъри” деб номланса-да, изтироб фарзанди –  шоир Рауф Парфининг қалби муҳрланган мисраларда:

“…Бу қандай каҳкашон? Бу қайси иқлим?

Алдандимми туғилиб? Ростми? Ё ёлғон?..

Эй, менинг паришон, эй шўрлик халқим,

Бағрим, қачон туғиласан, сен, қачон?!

…Ўзимни топканда Сизни қидирдим,

Унутдим  ўзимни, топдим еримни.

Мен сизга бир дунё  дунё қолдирдим –

Мен сизга қолдирдим қонли шеъримни!..»

Мен Рауф Парфини кўрган-таниган, ҳамсуҳбат, ҳамфикр бўлган бир мухлисиман, холос. Унинг салоҳияти, изтироб мезони, сатрлари хусусида ўзимдан ўзгага изоҳ билдиришга буткул ожизман. Чунки Уни яхшироқ билиш учун ҳам Шоир шеърларини ўқиш, уқиш зарур. Унинг дунёси – шеъриятида! Бу дунёга разм солиш ва англаш учун, энг аввало, ИЙМОН кишиси бўлиш, сўнгра Рауф Парфига мухлис бўлмоқ мумкин.

Зеро, бу фикрни Рауф Парфининг қуйидаги сатрлари ҳам тасдиқлайди:

Менинг отам – Одам, момом –Ҳаводир,

Менинг Туркистоним ёрилган ерим.

Менинг фароғатим улуғ жафодир,

Менинг етим болам – севгили шеърим!

Менинг илк шиорим Исфидан Зардўшт,

Муҳаммаддир Расуллуллоҳ паноҳим пирим.

Менинг лашкаримдир  ҳар душман, ҳар дўст,

Менинг тирик нолам – севгили шеърим!        

                                                                             (2003 йил)

  Муаллиф: Дилмурод  САЙЙИД, Тошкент шаҳри

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-шоирнинг сирри

Ўн  беш  куннинг  ичида  махдумнинг  меҳмонхонаси  расмий  бир  маҳкамага  айланаёзди. Ўрдаға ариза билан мурожаат қиладирған ҳар ким, ҳатто расмий кишилар ҳам аввал маслаҳат ...

Чингиз айтматов:қиёмат 21-қисм

II Ўшанда  Қуддусда  ҳаво  эрталабдан  қизиб,  кун  иссиқ  бўлишидан  дарак  берарди.  Ирод саройининг  Арк  айвонида  мармар  устунлар  тагида  прокуратор  Понтий  Пилат  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 49-қисм

Лекин  бўриларни  учратмади.  Шундан  сўнг  дунё  кўзига  қоронғу  кўриниб,  уйга  қайтди. Лекин  бари  бир  уйқу  келмади.  Қоронғуда  анчагача  тўлғаниб  ётди,  миясини  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400