Юрт ўғлонига хайрихоҳлик кўрсатилиши керак!

Таниқли мухолифат вакили, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг етакчиси Баҳодир Хон Туркистоннинг “Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини Ўзбекистондаги бир туман мисолида исботлай оламиз”, деб номланган Янги лойиҳаси Mulkdor сайтида эълон қилингандан кейин ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозара авж нуқтага чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига ёзилган мазкур Лойиҳага доир мунозаралар хусусида тўхталишдан олдин ушбу Лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига шахсан топшириш учун борган “Бирдамлик” ХДҲнинг Ўзбекистондаги фаоллари билан рўй берган воқеалар хусусида қисқача тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Бизнинг Президентнинг Халқ қабулхонасидаги мутахассислар билан учрашиш жараёнида рўй берган воқеа тафсилотларини ёритишдан кўзда тутган мақсадимиз Девонда ишлаётган ходимларнинг обрўйига путур етказиш, мартабасига доғ тушириш ёки уларнинг иш услубларидан камчиликлар топиш эмас, балки “Бирдамлик” ХДҲ етакчиси томонидан таклиф қилинган янги лойиҳага нисбатан уларнинг муносабатларини аниқ тавсифлашдан иборат.

Хуллас, 2018 йил 8 май куни биз фаоллар Халқ қабулхонаси мутахасассислари қабулига кирдик. Биздан “Бирдамлик” ХДҲ етакчиси қаламига мансуб Лойиҳани қабул қилиб олган мутахассис у ерда тилга олинган таклифларни ҳафсала билан ўқишга журъат эта олмай, бизни Қабулхона раҳбариятига рўбаро қилди.

Бизнингча, бизни учраштирган киши ё Қабулхона раҳбари ёки ўринбосари. Чунки эшигига “Қабулхона” деб ёзилган эди. Мутахассис Лойиҳани бошидан охиригача диққат билан ўқиб чиқди. Лойиҳани ўқиркан, қаршисида ўтирган биз унинг ич-ичидан ғазабланаётганини осонгина сездик. Ўқиб бўлгач, унга “давлатни поракандага айлантиришга асосланган лойиҳа”, дея қисқа баҳо берди ва Лойиҳани қабул қила олмаслигини билдириб, қайта қўлимизга тутди.

Сўнгра ғазабини яшира олмай, бизга  зудлик билан бинодан чиқиб кетишимизни буюрди, акс ҳолда тегишли органларга топшириб юборишга ҳақли эканини маълум қилди. Мутахассис бизнинг хатни олиб қолинг илтимос, деган илтижоли саволимизни узил-кесил рад этиб, керак бўлса, хатларингизни президентнинг ижтимоий тармоқлардаги электрон манзили орқали юборинглар, дея совуққина хайрлашди.

Бизнингча, мутахассис Лойиҳани қабул қилиб олишдан бош тортиб тўғри иш қилмади. У ҳар қандай тақдирда ҳам Лойиҳани қабул қилиб олиб, давлат раҳбарига етказиши, Президент эса уни мутасадди шахслар билан бирга чуқур ва батафсил ўрганиб чиқиши, камчиликлар хусусида ўз фикрларини билдириши, мақбул келмаган таклифларни муаллифга анализ қилиб тушунтириши, етти ёт бегоналар орасидан инвестор қидириб андармон бўлгандан кўра, она ватанимизнинг гуллаб-яшнашига сидқидилдан ҳисса қўшиш иштиёқида бўлган шу юрт фарзандига, қалби элим-юртим дея талпинаётган, миллий ва маҳаллий шароитни, миллий дунёқарашни чуқур биладиган, иқтисодиётни, сиёсатни яхши тушунадиган, дунё кўрган, паст-баланд йўллардан ўтган юрт ўғлонига албатта хайрихоҳлик кўрсатиши керак эди.

Бироқ ундай бўлмади, эскича усулда ишлашга ўрганган, обдон эски давлат раҳбарининг йўриғида юриб, “оч қорним, тинч қулоғим” нақлига содиқ қолган “мутахассислар” Лойиҳани манзилига етказишдан қўрқиб, уни ярим йўлдаёқ тинчлантиришга интилди.

Муаллиф “Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини Ўзбекистондаги бир туман мисолида исботлай оламиз”, деб номланган Янги лойиҳасидаги таклифларини “қадам” сифатида таклиф қилган. Қуйида бир-иккита таклифларга эътиборингизни қаратамиз.

Йигирма бешинчи қадамда шундай дейилади: “Туман ҳокимлиги ва туманда фаолият юритаётган барча тадбиркорлар импорт, экспорт шартномаларини ўзлари мустақил тарзда амалга оширади. Республикадаги тақиқ ёки бошқа назоратлар олиб ташланади. Марказнинг туман иқтисодиётига аралашувига йўл қўйилмайди”. Бунинг нимаси ёмон? Аксинча, бу туманнинг келгуси равнақи учун хизмат қилмайдими?

Бу тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг ҳамда тадбиркорликни, ишбилармонликни рағбатлантиришнинг энг оқилона усули эмасми? Ахир тадбиркор бой бўлмай туриб, давлат бой бўлмаслигини  амалдаги президент ҳам бот-бот таъкидлаяптику! Бир туман миқёсида тадбиркорликни ривожлантириб, ишбилармонларнинг фаолиятига том маънода мустақиллик бериб, эл-юртни бойитиш истагида яратилган Лойиҳада давлатни поракандага айлантиришдан нишона борми?

Ёки бўлмаса Йигирма саккизинчи қадамга разм солайлик: Унда шундай дейилади: “Туман боғча, мактабларни қисман ўз қарамоғига олади ҳамда уларни янги мактаб, бинолар, ўқув қуроллари, мактаб формалари, уч маҳал иссиқ овқат ва керакли дарсликлар билан таъминлашга ҳаракат қилади”. Бу таклиф замирида ҳам фақат эзгулик мужассам топганини ҳатто оддий одамлар ҳам тез илғай олади.

Демак, бу Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасидаги мутахассислар айтганидек, “поракандачи” эмас. Шундай бўлгач, “Бирдамлик” ХДҲ фаоллари томонидан буюртма почта орқали жўнатган Лойиҳани мутахассислар қайта ўрганиб чиқса, бунга юқорида айтганимиздек, шахсан Президент эътибор қаратса фойдадан холи бўлмайди.

Энди ушбу мақоланинг бошида айтиб ўтганимиздек, Лойиҳага доир мунозаралар ҳақида тўхталсак. Лойиҳа ижтимоий тармоқларда эълон қилингандан кейин ўз навбатида ҳам ижобий, ҳам салбий фикрлар билдирилди.

Мазкур Лойиҳани Фейсбук орқали бир неча кишилар ўз саҳифалари орқали қайта тарқатишди, элимизнинг ардоқли адиби, мустақиллик куйчиси, Эврил Турон “Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги йўлида” деб номланган мақоласида Баҳодир Хон Туркистоннинг “Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини Ўзбекистондаги бир туман мисолида исботлай оламиз”, деб номланган Янги лойиҳасини атрофлича шарҳладилар. Бир неча ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Лойиҳани қўллаб-қувватладилар.

Биз “Бирдамлик” ХДҲ фаоллари мазкур Лойиҳага доир барчангизнинг, жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг муносабатини кутиб қоламиз.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Баҳодир хон туркистон 15 октябрдан  ақшнинг вашингтон шаҳрида очлик   акциясини эълон қилди

Бирдамлик Халқ Демократик Партиясининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон 15 октябрдан  АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ўзининг норозилигини намойиш қилиб, очлик   акциясини эълон ...

Баҳодир хон туркистон: ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан алоқаларни тиклаши давр зарурати

Бугун, 5 сентябрда Ўзбекистон президенти Қирғизистон пойтахти Бишкекка келди. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бу кунни қирғиз ва ўзбек эллари 25 йил кутишганини ...

Бизда нега адолат қоғозда ва оғизда қолган, нега амалда йўқ?!

Мен Умида Бердиалиева Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз тумани ички ишлар бошқармасига ҳорижга чиқиш паспортини олиш учун керакли ҳужжатларни топширдим, шунингдек паспорт учун ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400