Китоб туман ҳокимининг собиқ ўринбосари Розия Ашурова қамалди

Қашқадарё вилояти Китоб туман ҳокимлигида қарийб 20 йил ишлаган ҳоким ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раисаси Розия Ашурованинг қамалгани ҳақидаги шов-шувлар бирпасда бутун туманни қамраб олди. Чунки Розия Ашурова туманликлар орасида ўзининг қаллоблиги, фирибгарлиги ва бошқа сон-саноқсиз “фазилат”лари билан яхши таниш эди. “Ўзи хон, кўланкаси майдон” Розия Ашурова 20 йиллик фаолияти давомида оддий халқнинг арз-додига қулоқ тутмай, мансабини суистеъмол қилган ҳолда ўзи билган ишни амалга ошириш билан машғул бўлди. Унинг устидан юқори ташкилотларга шикоят қилган бир неча туманликлар ҳар хил азобларга дуч келди.

Гапларим қуруқ сафсата бўлиб қолмаслиги учун ўз бошимдан ўтган воқеалар ҳақида қисқача баён қилмоқчиман. Мен 2017 йили тумандан ер участкаси олиш мақсадида илк бор туман ҳокимига учрашганимда ҳоким мени Розия Ашурова қабулига жўнатган эдилар. Шу тариқа Розия Ашуровани яқиндан танишга муваффақ бўлганман. Розия Ашурова билан танишганимдан кейин ишларим олдинга эмас, аксинча орқага қараб силжий бошлади. Розия Ашурова менинг барча ҳақ-ҳуқуқларимни ошкора тарзда оёқ ости қилиш билан машғул бўлди.

Розия Ашурова мени Китоб-Тошкент йўллари орасида сарсону саргардон қилди. У Тошкентдаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари гап-сўзларига ҳам парво қилмади. Ахийри, очиқчасига: “Сенинг муаммоларингни ҳал қилиш менинг ваколатимга кирмайди. Тошкентдагиларингга бориб айт, муаммоларингни ўзлари келиб ҳал қилиб бера қолсин” деб, хонасидан чиқариб юборади. Унинг жавобидан қаноат ҳосил қилмай яна Тошкентга бориб, тегишли ташкилот раҳбарларига мурожаат қилиб қайтганимдан кейин том маънода унинг пайтавасига қурт тушди.

Мен қамоқдан чиққанимдан кейин Розия Ашурованинг олдига бориб, мен билан рўй берган ишда унинг  беқиёс ҳиссаси борлигини айтганимда, буни ошкора тарзда тан олиш билан чекланиб қолмасдан, менга қараб: “Сен юзтубан қамалиб чиққанингдан кейин ҳам ўзингга келмабсан. Сени бир марта илинтирдим, энди туҳматчи деб қаматтираман, камида уч йил ўтирасан”, деб хонани бошига кўтарган эди. Унинг бу пўписасига жавобан мен: “Мен сизнинг асл башарангизни юзага чиқараман”, дегандим. Ғазаб отига минган Розия Ашурова эса ўшанда ўзининг кимлигини билдириб қўйиш мақсадида менга қараб: “Мени сендан зўрлар юзага чиқара олмаган! Сен тирранчага йўл бўлсин! Битта сени йўқ қилолмасам 20 йилдан бери бу курсида нимага ўтирибман, йўқол?!” дея бақирганди. Бу ҳам етмаганидек, мен унинг буйруғи, фирибгарликлари асосида қамалганимдан кейин у ўзининг югурдаклари орқали 3 нафар фарзандимни олдига олиб келиб, фарзандларимга пўписа қилган эди. Уларга қараб: “Онанглар қамоқда, у энди қамоқдан чиқмайди, чиқса ҳам ўлиги чиқади”, деб қаттиқ қўрқитганди. Болаларим Розия Ашурованинг бу жавобини эшитиб қаттиқ йиғлаган.

Мен ўзим билан содир бўлган воқеани Ўзбекистон телеканалининг “Учбурчак” кўрсатуви орқали оммага ошкор қилган эдим. Кўрсатувда Розия Ашурова ҳам иштирок этганди. Аммо у ушбу кўрсатувдан кейин ҳам тўғри хулоса чиқара олмаганди. Кўрсатув эфирга узатилгандан кейин Розия Ашурова мени олдига чақириб: “Шунча жойга чиқдинг, лекин қўлингдан нима ҳам келди, фақат ўзингни шарманда-ю шармисор қилганинг қолди. Мен шу курсида ўтирарканман, кўраман, қандай уйнинг калитини қачон ва қандай оларкансан?”, дея илгаригидан кўра бадтар таҳқирлаб, устимдан кулган эди.

Розия Ашурованинг найранглари туманда овоза бўлиб кетгандан кейин уни 2017 йилнинг 20 октябрь куни лавозимидан қонунан озод қилганди, аниқроғи, пенсияга кузатганди. “Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас” деганларидек, Розия Ашурова ишдан бўшагандан кейин ҳам нафси ҳакалак отиб, ҳар ишга бўйин суқиш одатини тарк эта олмади. Икки нафар қизнинг ота-онасидан уларнинг қизларини коллежга ўқишга киритиб қўйиш учун пора олаётган чоғида қўлга тушди. Тергов натижалари ҳақида хабар берган туман Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Жамшид Зайниев Розия Ашурованинг уч йил муддатга  уй қамоғи жазосига маҳкум этилганини билдирди. Шу тариқа узоқ йиллардан бери на каттани ва на кичикни ҳурмат-иззат қилишни билмай, оёғи ердан узилган, бошқаларга жабру ситамлар етказиб келган Розия Ашурова эл-юрт олдида шармандаю шармисор бўлди.

Муаллиф: Умида Бердиалиева

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Одатлар иқтисодиёти: янгиликни қўллаш нега бунчалар оғир

Аксарият кундалик хатти-ҳаракатларимиз одат тусига кирган. Ҳаётимиз ўз қўлимизда, деб бонг урсак-да, одатга айланган юриш-туришимизни ўзгартириш ниҳоятда машаққатли кечади. ...

Тожикистонда хитойнинг яширин ҳарбий базаси жойлашган

Тожикистоннинг Хитой билан чегарадош Мурғоб туманида уч йилдан буён Хитойнинг яширинча ҳарбий базаси мавжуд. Бу ҳақда The Washington Post гезетаси ёзмоқда. Фото – Джерри ...

Бўстон шаҳарчасида талон-тарож қилинмаган объект қолдими?

Жиззах вилояти Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасида ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилишади. Кейинги пайтларда Бўстон шаҳарчасида замонавий бинолар, иншоатлар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400