М. Иброҳимова: «Фалончи вазирликдан ташриф буюрганлар»

М. Иброҳимова: «Фалончи вазирликдан ташриф буюрганлар»

…Хайрия тадбирларининг бирида жудаям хунук ходисанинг гувоҳи бўлдим. Кам таъминланган болажонлар ўқишдаги ютуқлари учун тақдирланишаётган эди. 
Тадбиркорлардан бири болажонларга йигирматта энг сўнги русумдаги ноутбукларни совға қилди. Камтарлик билан сўзга ҳам чиқмаган ҳамюртимиз тасвирга ола бошлаган журналистларнинг олдига бориб « Суратга олманг, уят бўлади. Савоб овоза билан қилинмайди» дея, камерани ўчиртириб қўйди. Юрагим ёришиб кетди, бироқ кейин…

«Фалончи вазирликдан ташриф буюрдик» деб, сўзга чиққан амалдор ўнта болага сифатсиз китобларни ( Китобни ёмони бўлмайди, лекин бу болаларга берилгани суратлари ўта хира, муқоваси аранг ёпишиб турганди) совға қилиб, Телевидение, радио, газеталардан келган журналистларга обдон мақтанди. Болаларга нафақатгина китобни, бояги ноутбукларни ҳам тутқизиб тасвирга олдирди…
Болажонлар кулиб туришган бўлсада, менинг юрагим қон йиғлади.

«Ўнг қўлинг берганини чапи билмасин!» деган мақолга қачон ҳамма баробар амал қилади. Яхши амаллар охират учун эмас, кўргазма учун қилинадими?
Бу холатдан сўнг, телевизор хақидаги ёзганимни қўймасам бўлмасди. Зеро бу эртак эмас, айни хақиқатдир!

ТИЛДАН ҚОЛГАН ТЕЛЕВИЗОР

Яқин ўтган замонда, ўзимизнинг томонда хонадонларнинг бирида оддийгина телевизор яшаган экан.
Нима бўлибди-ю ажойиб кунларнинг бирида у бузилиб қолибди. Хонадон соҳиблари ҳайрон эмиш.“Ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку, нега куйиб қолади?” Тўнғичи техникадан бир оз хабардор бўлгани учун телевизорнинг у ёқ бу ёғини очиб , боши қотибди. Хонадон энг яқин дўстидан айрилгандай чуқур қайғуга тушибди…. Кичкинтойлар севимли мульфильмларини кўра олмаётганидан, катталар эса сақичдай чайналувчи сериаллари ўтиб кетаётганидан хафа эдилар. Чақирилган бир нечта усталар телевизорнинг ичак-чавағини ағдариб ,елка қисишдан нарига ўтмай қайтиб кетишар экан.Ахийри улардан бири хонадон соҳибига тил ёрибди:
– Нега ишламаётганига хайронман. Икки соат уриниб тузата олмадим. Сизга бир маслаҳат,фалон маҳаллада телевизорларнинг тилини биладиган уста яшайди деб эшитганман. Агар ўша киши бунинг дардини топа олмаса янгисини олишдан бошқа чорангиз қолмайди.
Ўша машҳур устани бошлаб келишибди:
– Мени телевизор билан холи қолдиринглар, у билан гаплашиб олишим керак- дебди у, жиддий.
Иккаласи ёлғиз қолишгач, уста уни обдон текшириб кўрибди. Сўнг савол берибди:
– Бир қур кўздан кечириб чиқдим, ускуналаринг бинойидек, лекин ишламаяпсан. Нима бўлди?
– Эх устажон,- дебди телевизор,- дардимга ҳеч ким, хатто сиз ҳам малҳам топа олмайсиз!
– Нега ундай дейсан? Хонадон соҳибларидан бирортаси хафа қилиб қўйдими?
– Йўқ,- дебди телевизор,- бу оиладагилар мени асло ранжитишмайди. Қалбимга мутлақо бошқа инсонлар озор беришди. Майли, сизга айтиб бера қолай.
…Байрам арафаси эди. Оқшом кўрсатувларнинг бирида аллақайси корхона раҳбарининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, чет эллардаги ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиб, халқ манфаати учун ажойиб ишлар қилаётгани ҳақида жуда чиройли лавҳалар намойиш этишди. Фахрланиб кетдим. Нега десангиз, мени томоша қилиб ўтирган кичик томошабинларимнинг кўзларида нур порлаб, “Биз ҳам зўр ўқиб,келажакда ана шундай тадбиркор бўламиз. Маҳалламиздаги инсонлар учун иш ўринлари яратиб, дуоларини оламиз!”дейишди.
– Тўғрида, -дебди уста, -Агар элда иш биладиган, ақлли инсонлар қанча кўп бўлса юрт фаровон, дастурхонлар тўкин бўлади. Сен эса гўзал юрт манзараларини жон деб кўрсатасан. Қурилаётган янги бинолар, замонавий мактаб ва коллежлар, барпо этилаётган боғ-роғлар инсон меҳнатининг, ақл- заковатининг маҳсули эканидан хурсанд бўласан.
– Рост айтяпсиз,-давом этибди телевизор- Оқ- қора кўрсатган ота-боболаримнинг тушига ҳам кирмаган замонда яшаётганимдан хурсандман. «Кичик томошабинларимни кўпроқ яхши одамлар билан таништириб турсам, улар ибрат олади» деган ўйлар билан кўрсатувнинг қолганини жон деб намоиш этаётган эдим. Бироқ, кўрсатув мени ранжитадиган лавҳалар билан якунланди.
– Қанақа лавҳалар, тушунтириброқ гапир?!- деди уста ҳайрон бўлиб,- нима ўша тадбиркор қазо қилибдими?
– Йўқ, у ўлмаган аммо…. Хуллас кўрсатувнинг давомида ишбилармоннинг байрам арафасидаги савоб ишлари хақида гап кетди.У киши ҳар бир мулкдор саҳоватли бўлиб бева-бечораларга мурувват кўрсатиши лозимлиги тўғрисида гапирди. Томошабиннинг диққатини ўз маҳалласида қилаётган эзгу ишларига жалб этди. Лавҳаларнинг бирида карнай- сурнай наволари остида терилиб турган ўн нафар етим болалар суннат тўйларини нишонлаётган бўлсалар, яна бирида уйи таъмирланиб берилган отахон уни дуо қилаётган эди. Учинчи бир лавҳада эса, ночор бир оилага мебеллар тўплами совға қилингани кўрсатила бошлади. Уйига янги мебел келганидан қувонган аёл бой ва мурувватли маҳалладошини кўзида ёш билан дуо қилди.
– Зўр-ку!- деди уста,- бунинг нимаси ёмо? Ўзига тўқ бир инсон бошқаларга ёрдам қўлини чўзгани қандай яхши!
– Яхшиликка яхши. Аввал мен ҳам шундай деб ўйлар эдим. Қўли калта бир оилага инсонпарвар тадбиркорнинг ёрдами тегибди дедим Қувониб, лавҳаларни чин қалбимдан намоиш эта бошладим. Аммо ногаҳон ногиронлар аравачасида мунғайиб ўтирган оила бошлиғининг кўзларига кўзим тушди. У аёли каби қувонмас, атрофида йиғилиб турган одамларга қараб синиқ жилмайиб қўярди холос. Шунда мўъжиза рўй бериб, унинг хаёлларини ўқий бошладим.
…Аравачада ўтирганим билан, бугунга қадар ўзимни ҳеч қачон бунчалик нотавон сезмаган эдим. Уйимдаги жиҳозлар эски, аммо ўзимники эди. Биров аҳволимни сўраб келганида ўтказгани тузукроқ жой топа олмасам ҳам эски тўшакда меҳмоним билан мазза қилиб суҳбатлашар эдим… Кеча оқшом бой махалладошим олиб келган жиҳозлардан кўзим қувнади. Болаларим ҳам энди янги стол-стулда ўтириб дарс тайёрлашади, юмшоқ ётоқларда ухлашади дея уни астойдил дуо қилдим, аммо кейин…Мен саҳоватгўй инсон ҳадяларини оқшомда ҳеч кимга билдирмай, қўни-қўшни олдида ҳижолатга қўймай ташлаб кетди, деб бекор қувонган эканман. Эртасига кўлида камера кўтарган муҳбирлар, оиламга қилинган эҳсонни қайта-қайта тасвирга олишди. Ночорлигимга, шу нарсаларни болаларимга ўз меҳнатим билан олиб бера олмаганимга одамлар олдида ер чизиб, бир бурда бўлиб қолдим.Телевизоржон шуни сен орқали элга ноғора қилишди, мана ахволимга бир қара! Ногиронда ҳам уят ва энг муҳими ҳамият борлигини ишбилармон қўшним унутиб қўйган бўлса? Болаларим ҳали гўдак, лекин катта бўлгач эл орасида қандай бош кўтариб юришади. Ёнида кулиб турган ўртоғи кун келиб “катта бўлган каравотинг ҳам дадамнинг пулига келган” деса, ўғлим уялиб, қизим қизариб қолмайдими?”
Ногирон одамнинг ичидан вулқондек тошиб келаётган фарёд синиқ табассум ва “дуо”га айланаётганини кўриб портлаб кетсам керак деб ўйладим.
Балки, қаршимда ўтирган кичкинтойларнинг ўша тадбиркорга ўхшашларини истамаганим учун бузилиб қолгандирман.. Минглаб томошабинларнинг ярми болалар бўлса, эртага қанча ногироннинг, етимнинг юраги тирналади? Мени тузатасиз устажон, аммо яна шундай лавҳалар бўлса ёниб кетмаслигимга кафолат йўқ!

Телевизор қараса устанинг елкалари силкиниб, йиғлаётган экан.
-Ха, биродар “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” деган ҳикмат бежиз айтилмаган…
Телевизорнинг тилини топган устанинг кўзлари жиққа ёшлигини кўриб, хонадон аҳли хайрон қолди. У хизматига хақ ҳам олмади.

Муаззам Иброҳимова

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкент вилоятида 3 нафар эркак 600 кг. кўмир ўғирлади

ИИВ матбуот хизматининг хабар беришича, 2 февраль куни 18:00ларда "Бекобод" маҳалласида яшовчи уч нафар эркак ўзаро тил бириктириб, “Ўзбеккўмир” АЖга қарашли “Апартак” кўмир ...

Қозоғистонда ёниб кетган автобус ҳайдовчилари қўлга олинди

Қозоғистонда 18 январда ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонликнинг ўлимига олиб келган автобуснинг ҳайдовчилари ушландилар. Бу ҳақда фожиа юз берган Ақтўбе вилояти ...

Андижонда турли ёшдаги 450 бола ҳалигача туғилганлиги ҳақида гувоҳнома олмагани аниқланди

Андижон вилоятида турли ёшдаги 450 болага шу пайтгача туғилганлиги ҳақида гувоҳнома берилмагани аниқланди. Шундан 21 нафарига гувоҳнома топширилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400