Ўзбекистон янги ҳокимияти икки босим остида

Ўзбекистонда ўтган даврда ҳукм сурган авторитаризм шу қадар қаттиқ бўлганлиги сабаб, зеҳниятларни шу қадар кучли мажруҳлаган эканки, янги ҳокимият келганига икки йил яқинлашаяпди, лекин жамиятдаги ишончсизликка асосланган фаолсизлик юқори. 

Янги ҳокимият жамиятни ислоҳотларга илҳомлантишни ўзининг муваффақиятини таминловчи шартлардан бири сифатида кўраяпди, ва бундай фикр тўлалигича асосли. Чунки, ислоҳотларга ишонмаган миллат, унда иштирок этмайди, ислоҳотларсиз эса иқтисодий фаровонлик ва одамларнинг ҳузур-халоватга эришиши имконсиз.

Лекин, айни пайтда, янги ҳокимият ҳам ўта марказлашган холатда қолаяпди. Бу эса жамиятдаги, мутафаккирлардаги ишончсизликнинг асосий сабабларидан бири. Дунё тажрибасида кенг ўрганилган сиёсий технологиялар борки, давлатни ва жамиятни чайқамасдан, уни яхлитлигига раҳна солмасдан, оҳиста равишда сиёсий тизимни кенгайтириш мумкин. Натижада, марказий ҳокимиятнинг авторитетини сақлаган ҳолда, Президент атрофида ўнлаб-юзлаб оммавий шахслар пайдо бўлади, ғоялар дефицитини йўқотишда, жамиятни ислоҳотларга илҳомлантиришда, сиёсий тизимни легитимлаштиришда ва барқарорлаштиришда муҳим рол ўйнайди.

Лекин, ҳозирча нима кузатилаяпди? Президент Мирзиёевга икки томонлама босим зимдан шаклланаяпди. Биринчиси, Президент ваъдалари фонида жамиятда янги ҳокимиятга нисбатан ижтимоий кутиш шаклланиб бўлди. Бу ижтимоий кутишнинг каттагина қисми кейинги йиллар давомида, янги ҳокимиятга нисбатан ишончсизлик ва нолегитимлик манбаи бўлиш эҳтимоли юқори. Чунки, оммавий майдондаги масъулият, ҳокимиятнинг ўта марказлашганлиги сабабли, алал-оқибат, яна ва фақат Президентга юкланади.

Иккинчи босим йўналиши – эски ҳокимият даврида шаклланган сиёсий маданият – ҳокимиятни асосли/асоссиз улуғлаш малакаси яна, кучли бир шаклда намоён бўла бошлаяпди. Бу эса, реалликни энг кучли бузувчи, ҳокимиятга суньий комфорт яратувчи омил бўлиб, тарихда бу холат қулаган давлатлар инқирозида марказий ролларни ўйнаган. Афсуски, Ўзбекистон сиёсий маданиятида малакали ва эҳтироссиз танқид қилиш тажрибаси мавжуд эмас. Уни устига, имкон қадар нейтрал, ёки мўтадил хайрихох таҳлил қилиш, фикр билдиришга бўлган зарурат ҳам давлат ва жамият томонидан муттасил инкор этиб келинди, ва вазият жиддий ўзгараётгани йўқ.

Президент сиёсий тизимни кенгайтиришда кечикса, ўз атрофидаги оммавий шахсларни сони ва салмоғини имкон қадар оширмаса, бутун давлат ва жамият муаммолари масъулияти яна уни гарданига юкланади. Бу масъулият эса, ҳар қандай шахсни, уни оила бола-чақалари билан тарихан бадном қилиш оғирлигига эга.

Камолддин Раббимов

Манба: Муаллифнинг “Фейсбук” саҳифаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ички  ишлар органларида ҳалигача иллатлар  авжида

2017 йил 20 октябрь куни Тошкент шаҳар Миробод тумани Ички ишлар бӯлимининг паспорт бӯлимига 4 кунлик оворагарчиликлардан кейин Ӯзбекистон Республикаси фуқаролиги бӯлмаган ...

Солиқдан қарздор санъаткорлар рўйхати эълон қилинди. улар орасида ўзбекистон халқ артистлари ҳам бор

Давлат солиқ қўмитаси 2018 йилнинг 28 февраль ҳолатига кўра концерт-томоша фаолиятини амалга оширишда қарздорлиги бор санъаткорлар рўйхатини эълон қилди. Қўмита томонидан ...

Путин 134 500 нафар ёшларни ҳарбий хизматга чақирмоқда

Россияда 1-апрелдан баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақириш бошланади. Ҳарбий хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган эркаклар чақирилади. Чақирув 15-июлга қадар давом этади. Шу ...