Ишсиз магистрнинг ҳикояси ёҳуд Журналистика университети кимга керак?

«Холбуки фанимиз интернет тўғрисида экан, сизга интернетдан фойдаланишингизга рухсат бераман», дея домла секин қадамлар билан аудиториядан чиқиб кетди. Контрол иши саволларига жавобларни худди ҳаёлан эслаб, ақлли чеҳрани сақлаб ўтирган студентлар дарҳол телефонларини чиқариб Google амакидан саволларга жавоб ишлашга тушишди! Яшасин бўлажак плагиатчи журналистлар!

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида президент қарорига кўзим тушгач, беихтиёр бир неча йил олдин журналистика факультетида ўқиган даврим эсимга тушди.

Беш баҳога ўқишни хоҳлайсизми? Марҳамат қилиб, домла муаллифлик қилган китобдан сотиб олинг! Ўзбек тилида ёзилган дарсликдаги гапларни рус тилига таржима қилиб интернетда қидирсангиз википедия саҳифаларидан айни маълумотлар сўзма-сўз олинганини кўриб, домланинг таржимонлик маҳоратига қойил қоласиз.

Кейинги домламиз абжирроқ чикиб колди: фақатгина китоб сотиб олиш билан ишингиз битмайди. Китобнинг ҳар бир бўлимини конспект қилиб кўчириб, семинарда ўқиб бермасангиз, “беш” дан умидингизни узаверинг.

Фақат бу домла на ўзбек тилини, на рус тилини яхши билгани учун, китобнинг баъзи жойларида эга-кесими, баъзида эса умуман маъноси йўқ гапларга дуч келсангиз ҳайрон бўлманг.

Буниси ҳали холва! Кўпгина фанлардан дарсликлар умуман йўқ! Ўқитувчидан ўқув дастури ва дарсликлар рўйхатини сўраб овора бўлманг: сизга эси оғган кишига қарагандек қарашади, кейин эса шубҳаланиб бошлашади. Балки сиз қайсидир рақобатдаги ўқитувчининг топшириғи билан кимнидир фош қилиб, ушлаб турган мансаби, илмий даражасидан айирмоқчидирсиз?! Бу кулиб турган чеҳралар ортида кучли рақобат жанги кетмоқда!

Факультетнинг нимагадир компьютер хонаси бор, лекин газета дизайни фанида рассомлик маҳоратини ишга соласиз: газета дизайнини қоғозда чизасиз! Фотосуратлар ўрнига эса, принтердан чиқариб олинган расмларни ёпиштирасиз. Мана сизга 21 аср журналистикаси.

Интернет даврида замонавий журналистика дарсида ўтириб ўқитувчи билан биргаликда Париж меҳмонхоналаридан олиб келган газеталарни варақлаймиз. “Мана бу рекламани чиройлилигини қаранг!”, домламиз саҳифадаги автомашина расмидидан завқини яширолмай қолади.

Шу домланинг феълидаги ранглар жилосига қойил қолиш керак: бир пайтлар давлат ишида қандайдир ютуқларга эришиб эндиликда қувғинга учраган бу одамнинг ҳикояларининг адоғи йўқ. Бир гал чет эл сафарини гапирса, кейинга гал рестораторлик тажрибасидан эшитасиз, хуллас дарсда зерикиш йўқ.

Бу домламиз ҳозирда ҳукуматнинг назарига қайта тушиб, янги Журналистика университетининг ректори бўлиб тайинланиши ҳақида гап тарқаган.

Бир куни нима сабабдан журналистика касбини танлашганини гуруҳдагилардан сўрадим. Кўпчиликнинг аслида журналист бўлиш нияти йуқ эди. Кимгадир давлат ишида ишлашга имконият экан, кимдир кириш имтиҳонида математика бўлмагани сабаб, кимдир эса шеър ёзишга ихлосмандлиги учун шу йўлни танлаган.

Ўқишга киргунча магистрлик дипломини олиб хизмат даражасида ютуқларга эришиш орзусида юрган соддагина кўнглим қаердан ҳам биларди журналистикамизнинг ушбу ночор аҳволини.

Афсуски, мен ўқиган гуруҳдан хеч ким журналист бўлиб номи чиқмади. Албатта, плагиат билан узоққа бориш қийин. Тўғри, орамизда шеърий тўпламлар чиқарганлар бор эди.

Энг қизиғи, семестр охирида қайси фандан ким қандай баҳо олишини кафедра бошлиғи ҳал қилади. Аълочилар кўпайиб кетиши мумкин эмас. Аслида, беш баҳонинг нима фойдаси бор, оддийгина янгилик ёза олмаса?

Дунёга машҳур университетлар қошида журналистика мактаблари, институтлари мавжуд, лекин улар алоҳида ажралиб универститетга айлантирилмаган. Нимага Ўзбекистонда ушбу соҳани ислоҳот қилиш учун айнан алоҳида университет яратиш керак?

Бир пайтлар чет элга чиққан журналистларни ишдан ҳайдаб, чет эл ахборот воситалари учун ишлаётган журналистларда юрт сотқинларини кўришни тўхтатиб, халқаро журналистика мактаблари билан ҳамкорлик, тажриба алмашишларга йўлга қўйилса, муаммоларга ечим топилади.

Чет элда таҳсил олган бир танишим журналист бўлишни жуда хоҳлаган экан, лекин бу соҳада ўзини қобилиятсиз деб биларкан. Бир куни дарсдан кейин профессордан сўрабди: “Умуман ёзишга қобилияти бўлмаган, умрида ҳикоя ёки шеър ёзмаган одамдан журналист етишиб чиқиши мумкинми?” Ўқитувчининг қисқагина жавоби унинг бутун келажагини ўзгартириб юборибди. “Албатта”.

Бунинг учун журналистика университетида таҳсил олиш ҳам шарт эмас деган бўлардим мен.

Манба: www.bbc.com 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«грин кард» анкетасини тўлдириш муддати ўзгартирилди

Ҳар йили куз мавсумида АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинадиган «Грин кард» анкетасини тўлдириш муддати ўзгартирилди. Бу ҳақдаги илк расмий маълумотни АҚШнинг ...

Ўзбекистон халқ артисти ортиқ отажонов вафот этди

17 май куни Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 72 ёшида вафот этди. Жаноза маросими бугун аср намозидан кейин бўлиб ўтади ва Ўрикзор даҳасидаги Саид Ваққос Ота ...

Қозоғистонда ота-оналар рўмолли қизлар мактабга киритилмаётгани ортидан намойишга чиқди

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Фирдавсий қишлоғидаги ўрта мактабга рўмол ўраган ўқувчи қизлар киритилмаётгани ортидан 4 сентябрь куни 30 нафарга яқин ота-она норозилик ...