«Ҳожибой Тожибоев маст ҳолда автомобиль бошқараётганда…» ёки «Суиқасд уюштирилиб вафот этди» каби миш-мишлар қаердан чиққан?

Ҳожибой Тожибоевнинг сўнгги кунлари, фарзандлари ва аёли ҳақида…

Ҳожибой Тожибоев – самимий ва беғараз кулги устаси эди. У ижтимоий ҳаётдаги камчиликларни ҳазил-мутойибаға буриб айтардики, унинг қочиримлари камчиликларимизни ойнадек кўрсатарди.

Афсуски, ҳаёт қонунлари олдида бизнинг хоҳишларимиз ожиз. Керакли инсонни йўқотаётганда, кўз ёш тўкиб хайрлашишдан ўзга иложимиз йўқ. Марҳум ижодкор Ҳожибой Тожибоев оламни эрта тарк этди. У ҳам меҳнатларининг самарасини кўришга, қизларини узатиб, бобо бўлишга ҳақли эди…

Ҳожибой Тожибоев ҳақида мақола тайёрлаш мақсадида унинг оиласи билан боғландик. Бир қанча қўнғироқдан сўнг марҳумнинг фарзанди Интизор Тожибоева бизни мўъжазгина хонадонга таклиф этди.

Ҳожибой Тожибоев 1955 йили Тожикистоннинг Хўжанд вилоятидаги Янгиқишлоқ қишлоғида дунёга келган. Отаси Шомурод ва онаси Шаҳринисо тўнғич фарзандларига Ҳожимурод деб исм қўйишган. Ҳожимурод Тожибоев 1973 йили Тошкент театр ва рассомчилик институтининг «Драматик театр ва кино актёрлиги» бўлимига ўқишга киради. 1977 йили институтни аъло баҳолар билан тамомлаб, Андижон давлат филармониясига ишга киради. Актёр 1990 йили бир актёр театри шаклидаги томошаларни кўрсата бошлайди. Унинг репертуари асосан юмористик ва сатирик йўналишдаги монологлардан иборат эди. У «Кулги-1990» кўрик танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритади. Шу йилдан бошлаб Ҳожибой тахаллуси билан концерт ва тадбирларда иштирок эта бошлайди. «Ўзбекнинг ўзи қизиқ, ўзидан сўзи», «Кулгининг 97 хили», «Янгисидан бор» каби концерт дастурлари шулар жумласидандир. Унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 1998 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланади. Шу йили Тожикистон ҳукумати ҳам худди шундай унвон билан сийлайди.

— Интизор, отангиз бошқа қизиқчилардан фарқли ўлароқ якка тарзда ижод қиларди. Концерт давомида мухлислар нигоҳини ўзида ушлаб қолиш ниҳоятда қийин. У концертга тайёргарлик кўраётганда нималарга эътибор берарди?

— Отам жуда мураккаб санъат турини танлаган эди. Ҳақиқатан икки соат мобайнида одамларни танаффуссиз кулдириш, ҳеч қандай саҳна безаги, куй-қўшиқсиз эътиборни ушлай билиш ниҳоятда қийин. Отам концертларининг сценарийсини ўзи ёзарди. Эсимда, отам костюмининг ички чўнтагида доимо ёндафтарини олиб юрарди. Тўйда ёки концертларда одамлардан бирор қизиқроқ гап эшитса, четроққа ўтиб, дафтарига ёзиб қўядиган одати бор эди.

— Ҳамкасбларидан бири «Ҳожибой ака саҳнадагина қизиқчи эди, ҳаётда жиддий инсон эди» деганди.

— Тўғри, ҳуда-беҳудага куладиган, ҳар ерда ҳам латифа айтиб одамларни кулдирадиган инсон эмасди. Отам раҳматли китоб ўқишни яхши кўрарди. Уйимизда катта кутубхона бор, отам уни янги чиққан китоблар билан бойитиб турарди. Кечаси хизматлардан қайтгач, хонасидаги курсига ўтириб, китоб ўқишни ёқтирарди. Болалигидан расм чизишга ҳам қизиққани учун барчамизни стол атрофига ўтқазиб, истаган расмимизни чизиб берарди. Спортга қизиққани боис бизни ҳам бирор спорт машғулотига олиб борарди. Биримиз теннис, бошқамиз сузиш ва бокс билан шуғулланишимизга имконият яратиб берганди.

— Отангизнинг ўлими миш-мишлар билан қоришиб кетди. Ҳаётлик чоғида соғлиғидан шикоят қилганмиди?

— Отам раҳматли жигар хасталиги билан роппа-роса олти йил курашди. Бормаган табиби-ю шифокори қолмади. Ҳатто хориж клиникаларида ҳам даволанди. Аммо муолажалар кутилган самарани бермади. Оёқлари ва қорни шишиб, ранги ҳам сўлғинлашиб бораверди. Декабрь ойида берган сўнгги концертини кўрсангиз озиб кетганига ҳам гувоҳ бўласиз. Концертдан кейин икки ой ўтиб, тўшакка михланиб қолди. Уйда бемажол, қон қусиб ётганлари кечагидек ёдимда (йиғлайди). Ўшанда 14 ёшда эдим. Отамнинг феъл-атворидаги ўзгариш мени ҳайратлантирарди. Биз билан овқатланишни, суҳбатлашишни истамай қолгандек туюлганди. Онамдан ҳам «Шаҳло, қизлар кетишдими?» деб сўраб, сўнг унга суяниб ҳовлига чиқарди. Биз уйда бор пайтимиз эса хонасидан чиқмасди. Энди ўйлаб қарасам, отам қийинчиликларини кўришимизни истамаган экан. Бизнинг тасаввуримизда ҳамиша тетик ва бардам инсон бўлиб қолишни истаган экан, афсус…

— «Ҳожибой Тожибоев маст ҳолда автомобиль бошқараётганда…» ёки «Унга суиқасд уюштирилиб вафот этди» каби миш-мишларга муносабатингиз қандай?

— Рости, бундай гап-сўзларни эшитсак, қалбимиз тилка-пора бўлади. Ахир отамнинг шифохонадаги аҳволини кўрган-билганлар бор-ку. Отамнинг аҳволи кутилмаганда ёмонлашди. 23 июль куни кечки соат тўққизларда Тошкентдаги 16-шифохонага ётишига тўғри келди. Чунки аҳволи оғирлашган эди. Уйдан чиқиб кетар экан, «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Онаси, мен қайтиб келаман, болаларга қараб туринг, қайси бири айтганингизни қилмаса, келганимдан сўнг ўзим гаплашиб қўяман…» деб чиқиб кетган эди. Энди қайтмаслигини нафақат биз, ҳатто ўзи ҳам билмаган.

Эртаси куни тушдан сўнг шумхабар келди. Отам оламдан ўтибди…

— Суҳбатимиз аввалида онангиз билан ҳам суҳбатлашишни ният қилгандик. Аммо унинг соғлиғи ёмонлигини айтдингиз.

— Ҳа, отамдан кейин онамнинг бошига яна бир оғир жудолик тушди. Бир ой ўтмай синглиси ҳам оламдан ўтди. Онам анча вақтгача ўзига келолмай, дардини ичига ютди. Анча йиллардан буён ошқозоности бези касаллиги билан оғрирди. Депрессия туфайли яра очилиб, жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. Онам роппа-роса 5 ой шифохонада даволанди. Бир неча марта шифокорлар «Энди тузалмайди, бу ерда қолганидан фойда йўқ» деб қайтариб ҳам бермоқчи бўлишди. Ўша пайтда бизга жуда қийин бўлганди. Қариндошлар узоқда, келишса ҳам бир ҳафта ўтмай, мамлакатдан чиқиб кетишлари керак (йиғлайди). Шукур, онам оёққа турди, аммо асоратлари қолган. Унинг саломатлиги доимий назоратда бўлиши керак.

— Ёруғ кунларнинг келгани рост бўлсин. Энди мухлисларни ўйлантираётган яна бир саволга жавоб олсак. Сиздан ташқари яна ким санъат соҳасининг этагидан тутди?

— Руҳангиз опам тиббиёт соҳасида таҳсил олди. Ҳозир жажжи жиянчамизнинг тарбияси билан банд. Мен айни кунларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олаяпман. Синглим Мадина эса туризм соҳасида ўқийди.

— Мишмишларга қараганда, отангизнинг ўғил фарзандлари ҳам бор. Улар билан алоқа ўрнатганмисизлар?

— Бу ўта шахсий савол. Бу ҳақида гапиришни истамайман. Тўғри, биз кўпчиликмиз, улар билан ёмон муносабатда эмасмиз.

Интизор Тожибоева 

— Сизнинг санъат соҳасига кириб келганингиз тасодиф эмас. Отангиз ҳаётлик чоғида санъатга қизиқишингизни пайқаганмиди?

— Бир куни отамга санъаткор бўлиш ниятим борлигини айтганимда «Осон эмас-да, қизим» деб хўрсиниб қўйганди. Аммо «йўқ» деб чеклов қўймаганди. Отам пианинони маромига етказиб чаларди. Рақсдаги илк устозим ҳам ўзи бўлади. Биласизми, отам жуда эътиборли инсон эди. Оиламизда кимнингдир туғилган куни бўлса, бошқаларга ҳам совға харид қиларди. Гастролдан қайтаётганда қўнғироқ қилиб онамга: «Онашларимни соғиниб кетдим, ухлаб қолишмасин, фалон соатда етиб бораман», — дерди. Отамнинг келиши чинакам байрам эди, совға-саломларга кўмилиб келарди.

— Бўлажак актрисасиз, аммо фильмларда камнамосиз. Бунинг боиси нимада?

— Отам раҳматлининг «Санъатда ўзини ўтга-чўққа уриш ярамайди. Йўқса, у санъат эмас, саноатга айланади» деган сўзларининг маъносини тушуниб етдим. Шу боис ҳозирча ўқиш билан бандман. Фильмларда суратга тушишга шошмаяпман. Айни кунларда актёрликдан ташқари вокал сабоқларини ҳам олаяпман. Қўшиқчиликда ҳам ўзимни синаб кўриш ниятим бор.

— Ниятларингиз амалга ошсин. Отангизнинг ушалмаган орзуларига сиз етинг.

Наргиза Муродова суҳбатлашди.

Манба: xabar.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳиндистонда келин-куёв чақалоқни тириклайин кўмиб ташлади

Ҳиндистоннинг Шоҳжаҳонпур шаҳрида ота-она ўзининг янги туғилган чақалоғини тириклайин кўмиб ташлади деб, Daily Mail нашри ёзмоқда. Ҳиндистонлик қоҳинлар “қизингизнинг ичига ...

Зойир мирзаев ўрнига отабек муродов бош вазир ўринбосари бўлди

Мажбурий меҳнат туфайли ишдан кетган Зойир Мирзаев ўрнига Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродовга Бош вазир ўринбосарлиги вақтинча юклатилди. Бу ҳақда Turon24  нашри хабар ...

Ўзбек-тожик чегарасидаги миналар 2019 йил охиригача олиб ташланади

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги "Гулбаҳор" чегара пости, февраль, 2018 йил. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари 2019 йилнинг охирига қадар давлат чегарасини миналардан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400