Прокурорнинг ваъдасига ишониб Ўзбекистонга қайтган қидирувдаги диндорлар аэропортда қўлга олинди

Ака-ука Аброл ва Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар Тошкент аэропортида. 2018, 28 май.

Беш йилдан буён қидирувда бўлган тошкентлик ака-ука Аброл ва Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар қамалмаслиги ҳақидаги прокурор ваъдасидан сўнг 28 май куни Истанбулдан Тошкентга қайтгач, аэропортда қариндошларига бирров кўрсатилганидан сўнг қўлга олинди.

Ака-укалар аввал шаҳар прокуратурасида, сўнгра Бош прокуратурада сўроқ қилинганидан сўнг Тоштурмага киритилди.

Дўсмуҳаммедовларнинг яқинлари, прокурор президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаларига зид ҳолда уларни алдаганлигидан шикоят қилмоқда.

Диний айбловлар билан айбланган ака-ука Дўсмуҳаммедовлар 2013 йилнинг февралида Ўзбекистонни тарк этган эди.

Аэропортдаёқ ушланди

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган 56 яшар Аброл ва 53 яшар Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар 28 май куни Истанбул-Тошкент рейси билан Ўзбекистонга қайтгач, милиция ходимлари томонидан ушланди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Шуҳрат Дўсмуҳаммедовнинг хотини Махсуда Дўсмуҳаммедованинг сўзларига кўра, у эри ва қайнисини бирров кўришга улгурган, холос:

– Менинг хўжайиним Президентимиз қарорларига ишониб, қамамас эканлар деб, акалари билан бирга 28 май куни қайтиб келишди. Аэропортдан олиб чиқишдию, беш минут ҳам гаплашмасимиздан уларни ГУВДга олиб кетишди. Бир суткадан кейин МВДга ўтказиб юборишди. Яна бир кундан сўнг эса давлат ёллаган адвокати телефон қилиб, улар Тоштурмага ўтказилди, деб айтди, дейди Махсуда Дўсмуҳаммедова.

Прокурор ваъдасида турмади

Махсуда Дўсмуҳаммедова Тошкент шаҳар прокурорининг эри ва қайниси шу ой охиригача қайтиб келса қамалмайди, деган гапига чиппа-чин ишониб, уларни қайтишга кўндирганини айтади:

– Мен 25 май куни Тошкент шаҳар прокуратурасининг 16-бўлими прокурори Жаҳонгир Исмоиловнинг қабулига бориб, эрим қайтиб келмоқчилар, қамамайсизларми деб сўрадим. У киши, “ҳозир авф ойи бўляпти, ойнинг охиригача келсалар ҳаммаси яхши бўлади. Қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартирамиз, очиқда юриб тергов берадилар. Мен ўзим кутиб оламан, хавотир олманг”, деб ваъда берди. Мен ўн мартадан кўп қайта-қайта, “ростданми, хат қоғоз қилиб бермайсизми”, деб сўрасам, йўқ, қамамаймиз, деди. Кейин Баҳодир деган ГУВД ходими телефон қилиб, билет олсалар копиясини менга беринг, деди. Мен эрим билан гаплашиб, келаверинглар, прокурор ваъда берди, дедим. Лекин, бизни алдашди, президент айтганларига тескари иш қилишди,– деди Махсуда Дўсмуҳаммедова.

Суҳбатдошнинг айтишича, унинг эри Шуҳрат Дўсмуҳаммедов Тошкентда тадбиркорлик билан шуғулланган, оддий намозхон бўлган ва ҳеч қандай диний ташкилотлар фаолиятида иштирок этмаган:

– Эрим беш маҳал намозини канда қилмайдиган оддий одам. Давлат ва сиёсат билан иши бўлмаган. 2012 йилда унинг бир қанча намозхон танишларини қамоққа олишни бошлашганда, у ҳам акаси билан яширинишга мажбур бўлган ва кейин мамлакатдан чиқиб кетган эди. Кейин уни қидирувга беришганди, дейди Махсуда Дўсмуҳаммедова.

“Қамоқ ва қийноқдан қўрқиб ватанни тарк этишга мажбур бўлган эди”

Шуҳрат Дўсмуҳаммедов акаси Аброл билан бирга Ўзбекистонни 2013 йилнинг февралида тарк этган.

Аброл Дўсмуҳаммедовнинг айни пайтда Туркияда яшаётган хотини Замира Дўсмуҳаммедованинг Озодликка айтишича, унинг эрини 2012 йилда бир ой Тошкент шаҳар ИИББда асоссиз ушлаб, қийноққа солишгандан сўнг, укаси билан мамлакатдан чиқиб кетган:

– Бир ой ушлаб туриб, қийнаб, қўйиб юборишди. Кейин яна ўша йилнинг декабрида милиция ходимлари уйга келишди. Ўша пайтда хўжайиним уйда йўқ эди. Хўжайинимнинг бир неча ўртоқларини олиб бориб қийноққа солган, бир ўртоғи ўлган пайт эди. Бизга ҳам шундай кун келади деб, кейин мамлакатдан чиқиб кетишди. Олти ойдан сўнг ортларидан мен ҳам тўрт болам бимлан Туркияга бордим. Бир азоб билан яшадик. Мана президент ўзгариб, яхши хабарлар кела бошлади. Хўжайиним ҳам энди ватанга қайтамиз, бизни ҳеч қандай айбимиз йўқ, дейишди. Уйдан яхши хабарлар келганидан сўнг, уч кун ичида билет олиб жўнаб кетишди. Лекин аэропортдан ушлаб олиб кетиб, қамаб қўйишибди,- деди Замира Дўсмуҳаммедова.

Ака-укалар нимада айбланган?

Ака-ука Дўсмуҳаммедовларнинг давлат томонидан тайинланган адвокати Шоҳиданинг (адвокат фамилиясини Озодликка айтмади – таҳр.) айтишича, Аброл ва Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244- моддаcи, биринчи ва иккинчи қисми (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш; диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланиб, қидирувга берилган бўлган:

– Улар қидирувда бўлган, мана ўзлари келишди, энди ўшанга қараб текширишади. Кейин авф этиш тадбиқ қилинади. Буларни сиртдан қамоққа олишга аввал қарор қилинган, энди ўшани отмен қилиш керак. Менимча, ҳозир шу нарсани ҳал қилишяпти,- деди адвокат.

Озодлик Тошкент шаҳар прокуратурасининг 16-бўлим прокурори Жаҳонгир Исмоилов билан боғланди. Прокурор бу ҳақда телефон орқали ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтди.

Қайтганлар ва қайтмоқчи бўлаётган қидирувдагилар

Ўзбекистон Президентининг “қора рўйхат”га тушган диндорларни қайта текшириб ватанга қайтариш ҳақидаги топшириғидан кейин, оммавий бўлмасада, аммо қидирувдаги шахсларнинг мамлакатга қайтиши кузатилмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан қидирувга берилган марғилонлик Ботиржон Ибрагимов тўрт йилдан сўнг ўз ихтиёри билан хориждан Ўзбекистонга қайтди.

4 йилдан буён Қирғизистонда яшаб юрган наманганлик Бахтиёр Ҳамроев 28 март куни Ўзбекистонга қайтиб келди. Наманганга етиб келиши биланоқ шаҳар ички ишлар бўлимига бориб, “таслим бўлган” Бахтиёр 1-2 соатга чўзилган суҳбатдан сўнг қўйиб юборилди

4 фарзанднинг отаси, 48 яшар каттақўрғонлик Муҳиддин СайфуллаевЎзбекистонда диний мотивлар билан жиноят содир этганликда гумон қилиниб, қидирувга берилгани учун 13 йилдан Мисрда яшамоқда. Озодлик билан суҳбатда Сайфуллаев яқинда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан ватанга қайтишига изн берувчи кафолат хатлари олганини айтди.

Беш йилдан буён Туркияда қочқинликда яшаётган самарқандлик Ўткир Расулов ҳам Ўзбекистондаги ўзгаришлардан сўнг ватанга қайтиш ҳақида Озодликка гапирган эди.

Президент сиёсати

2017 йил 15 июнда президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида ўтказган видеоселектор мажлисида “қора рўйхат”га тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида топшириқ берган эди

2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасасида имом хатиблар билан учрашар экан, президент “қора рўйхат”да турган 17 минг мусулмондан 16 минг нафари рўйхатдан чиқарилганива улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.

Манба: “Озодлик” сайти

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкентда яна бир участка нозири аёвсиз калтакланди

Шу кунларда Тошкент шаҳрида ҳеч қандай асоссиз уйма-уй юриб хонадонларни текшириш,  у ерда кимлар яшаётганини рўйхатга олиш баҳонасида «текшир-текшир» авж олди, деб ёзади ...

Бмт: украиналик қочқинлар сони 4 миллиондан ошди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин 4 миллиондан ортиқ украиналик мамлакатни тарк этган. 29-март ҳолатига ...

Гитлер аргентинага қочганмиди? фқб маълумотларни очиқлади

АҚШ Федерал қидирув бюроси 1945 йили Берлин қулаганидан сўнг Адольф Гитлер Аргентинага қочиб кетгани ҳақидаги ҳужжатларни очиқлади. Ушбу маълумотларни ФҚБ га ходимларидан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400