Аркадий Бабченко ўз ‘ўлими’ ҳақида: ‘Ҳеч нарсадан уялаётганим йўқ’

Журналист Аркадий Бабченко ўзининг Киевда саҳналаштирилган ўлимидан сўнг Украина фуқаролигини олишга қарор қилди. У Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) махсус амалиётида қандай иштирок этгани ҳақида Би-Би-Си мухбирлари Жона Фишер ва Иля Барабановга батафсил сўзлаб берди.

«Менда бошқа қандай танлов бор эди?»

Жона Фишер: «Ўлиш» қанақа бўлар экан?

Аркадий Бабченко: Совуқ. Бу қоғозбозлик туфайли жуда узоқ давом этган совуқ жараён бўлди. Амалиётнинг бошидан охирига қадар 13 соат вақт ўтди.

Ж.Ф.: Украин махсус хизматлари сизга ушбу амалиётда иштирок этишни таклиф қилишганда «йўқ» деб жавоб бергингиз келмадими?

А.Б.: «Йўқ» дегим келди, қаерларгадир бош олиб кетгим келди, Шимолий Қутбга кетиб, ўша ерда йўқ бўлиб кетгим келди, Англия ёки АҚШга кетиб, изсиз ғойиб бўлгим келди. Аммо ўша пайт англашимча, менда бирор танлов йўқ эди – ёки ишлаймиз ё барибир ишлаймиз. Шундай қарор қабул қилиниб бўлинган эди.

Ж.Ф.: Сизда бундай юқори даражадаги фейк-нюс (ёлғон хабар)да иштирок этиш олдидан қандайдир қўрқув ёки хавотир уйғонмадими?

А.Б.: Фейк-нюс ҳақида гап кетмади, ҳамма гап махсус амалиёт ҳақида эди. Олдинга келиб, ўзинг ҳақингда барча маълумот, паспорт маълумотларинг, рафиқангнинг паспорт маълумотлари, уйингнинг суратлари, рафиқангнинг уйи суратлари, паспортинг ва паспорт столингдаги ўз суратингни кўрсатганларида…

Менинг паспорт номерим Россиядаги паспорт столида сақланади. Сенга «мана сен учун шунақа ҳужжатлар келди, суиқасд буюртмасига,» деб кўрсатишганда сен «бу фейк-нюс бўлиб қолмайдими,» деб сўраб ҳам ўтирмайсан. Ҳаёлингга келадиган ягона савол шундай бўлади: «Жин урсин, тирик қолгим келяпти.» Менга бу махсус амалиётда иштирок этишни таклиф қилишди.

Ж.Ф.: Амалиёт давомида нимага эришилди?

А.Б.: Бу саволни мендан сўраманг. Бу саволни Украина Хавфсизлик хизматига бериш керак. Менга иш қандай олиб борилаётгани, қандай усулда олиб борилаётгани ва нега олиб борилаётгани ҳақида ҳисобот бермайдилар.

Эришилган нарса шу бўлдики, бир жиноятнинг олди олинди. Бунинг исботлари мавжуд. Адашмасам, Украина Жиноят Кодексининг 271-моддаси, жиноятни ташаббуслантириш (Бабченко жиноят содир этилиши юзасидан назорат ҳақидаги Украина ЖКнинг 271-моддасини назарда тутмоқда – Би-Би-Си).

Жиноят ҳужжатлаштирилди, жиноят исботланди, энди далиллар бор. Иккинчи ҳолат: жиноятчи бир шахсми бўлганми ёки кўпчилик, тушунарсиз эди. Шу сабабли иккинчи жиноятчи йўқлигига ишонч ҳосил қилиш зарур эди. Ташкилотчиларни чўчитиб юбормаслик, улар бу тузоқ эканлигини сезиб қолмаслиги ва буюртмани бажарадиган бошқа одамни излашга тушмасликларини таъминлаш лозим эди.

Ж.Ф.: Матбуот анжуманида рафиқангиздан узр сўрадингиз. У ўтказилаётган амалиётдан хабардор эдими?

А.Б.: Бу ишга оила аъзоларимни умуман аралаштирмасликларини жуда истаган бўлар эдим.

Рафиқам, албатта, ҳаммасини биларди. Чунки бутун тайёргарлик, уйимда, унинг кўз ўнгида олиб борилди. Аммо, ўтинаман, унинг исмини бу иш доирасида тилга олманг. Мен ўз ҳаётим учун хавфсирашдан чарчадим. Энди оилам хавфсизлиги учун қўрқиб юришни истамайман.

Ж.Ф.: Кўпчилик, дўстларингиз, ҳамкасбларингиз сизнинг ўлимингиз тўғрисидаги хабардан даҳшатга тушдилар. Уларни бундай ҳолга тушиб қолишларида ўзингизни айбдор ҳис қиласизми?

А.Б.: Шак-шубҳасиз. Мен туфайли мени танийдиганлар ва мени танимайдиган ўқувчиларим ёмон аҳволда қолдилар. Шак-шубҳасиз, уларни оғир ҳолатга тушириб қўйганимдан афсусдаман. Ўз ҳамкасбини дафн қилиш қандай бўлишини яхши биламан. Мен бир неча марта ўз ҳамкасбларимни дафн қилганман ва бу жуда оғир.

Ж.Ф.: Улардан кечирим сўрадингизми?

А.Б.: Ҳа, СБУ матбуот анжуманида сўзлаган нутқим бошида ҳаммаси учун афсусда эканлигимни маълум қилдим.

Ж.Ф.: Сизни қўрқмас, дангал ва ҳақиқатни очиқ айтадиган журналист сифатида биладилар. Сизнингча, Россия бу воқеадан фойдаланиб, ахборот ва бутун-бошли журналистикага бўлган ишончга путур етказиш йўлида фойдаланмайдими?

А.Б.: Келинг бундай қиламиз: олдингизга махсус хизматлар келиб, сизни йўқ қилиш учун буюртма берилганлигини айтишганда сиз мағрур туриб, бундай амалиёт ОАВ обрўсига зарар етказади ва мен бу ишда иштирок этмайман, майли мени ўлдираверишсин, дейсиз.

Бу иш ҳақида СБУ ходимлари менга айтган илк нарса ва олдинги қўйилган илк вазифа менинг ҳаётимни сақлаб қолиш бўлди. Қолган ҳамма вазифалар – ташкилотчини қўлга олиш, жиноят занжирини фош этиш, текширув ўтказиш, ҳаммаси исботлаш – муҳим эди, лекин асосийси – бу сенинг ҳаётингни сақлаб қолиш. Айтганимдек, гап фейк-нюс ҳақида кетмади, гап махсус амалиёт ҳақида эди.

Ж.Ф.: Лекин журналист сифатида сиз бундай амалиёт ОАВга бўлган ишончни сўндириши мумкинлиги ҳақида ўйламадингиз?

А.Б.: Менда бошқа қандай танлов бор эди? Ўрнимда бўлганингизда нима қилган бўлардингиз?

‘Моргда санитарнинг хонасига олиб киришди ва мен у ерда қайта тирилдим’

БабченкоФото муаллифлик ҳуқуқиGETTY IMAGES

Ж.Ф.: «Ўлган» кунингиз тунда нималар бўлганини айтиб бера оласизми?

А.Б.: Тайёргарлик жуда узоққа чўзилди. Менга нисбатан суиқасд уюштирилаётганини хабар қилишгандан то амалиёт кунига қадар орадан бир ой вақт ўтди.

Ўша кунни ташкиллаштириш борасида якуний қарор қилиниб бўлингандан сўнг гримчи келди. Футболкам олдиндан ўққа тутилган эди. Биз ўқ еган одам қандай йиқилишини машқ қилдик. Мени грим қилишди, қон ҳақиқий эди. Ҳаммаси ҳақиқий эди.

Аёлим полиция ва тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Полиция ҳам, тез ёрдам ҳам етиб келди.

Мени тез ёрдам машинасига ортишди. Ўша пайт мен «тирик» эдим. Машина бироз юргандан сўнг аҳволим «оғирлашди», реанимация қилишни бошлашди. Сўнг мен «ўлдим». Тез ёрдам машинасидан менинг «ҳаётдан кўз юмганлигим» ҳақида хабар беришди.

Шундан сўнг мени моргга олиб бордилар. Дарвоза ёпилмагунча мен ўликдек ётавердим.

Моргда мени санитар хонасига олиб киришди ва мен у ерда қайтадан тирилдим. Футболкамни ечдим – ҳаммаёқ қон эди, ювинишга тушдим. Кейин чойшабга ўраниб, телевизорни ёқдим ва ўз «ўлимим» ҳақидаги хабарларни томоша қила бошладим.

Бироз ўтиб мени моргдан хавфсиз жойга олиб кетишди. Ҳаммаси эрталаб соат бешда тамомланди. Қолгани кечки соат олтида бошланди.

Мен деярли бир сутка соқчилар ҳимоясида бўлдим. Ҳаммаси мени СБУ матбуот анжуманига олиб келишгандан сўнг тугади.

Иля Барабанов: Тўғрисини айт-чи, мен ўша куни тунги соат иккида сенга атаб марсия ёздим, кейин Минск орқали Киевга сенинг дафн маросимингга келдим, дўстларингни ярми ўзида эмас эди, сен қилган ишингдан уялмайсанми?

А.Б.: (Кулади) Йўқ, ҳеч нарсадан уялаётганим йўқ. Кечиринглар, рости, шунақа бўлишга тўғри келиб қолди, лекин бошқа йўл йўқ эди, тушуняпсанми?

И.Б.: Тушунишимча, бу амалиёт ҳақида хотинингдан бошқа ҳеч ким олдиндан хабардор бўлмаган, шундайми?

А.Б.: Дўстларим ва танишларим билишмаган, лекин хабардорлар бор эди…

Айтяпманку, бу махсус амалиёт эди. Унга узоқ тайёргарлик кўрилди.

Воқеа жойига етиб келган милиция наряди, тез ёрдам ходимлари, моргдаги санитарлар – ҳаммаси олдиндан билар эди. Тасаввур қилинг, ўлган одам бирданига тирилиб кетса, улар қанақа ҳолга тушган бўларди. Табиийки, иштирок этган ходимларнинг ҳаммаси олдиндан хабардор эди.

Худога шукур, ҳеч қандай маълумот сизиб чиқиб кетмади. Бу ҳақиқатан катта иш. Яқинлар ва дўстлар, афсуски, ҳеч нарсадан хабардор эмасди. Мен 125 бора уларни оғир қайғуга солиб қўйганимдан узр сўрайман. Аммо тушуняпсанми, уларни олдиндан хабардор қилиб қўйиш умуман мумкин эмас эди.

БабченкоФото муаллифлик ҳуқуқиGETTY IMAGES

И.Б.: Бир нарсани тушунтириб берсанг: кўпчилик ҳали ҳам яхши тушунмаяпти -албатта «ўлиш» шартмиди? Нега сени оғир аҳволда шифохонага олиб кетиш саҳнаси ҳақида ўйланмади?

А.Б.: Билмайман, амалиёт режасини мен ишлаб чиқмаганман. Бу саволни СБУга бериш керак. Уларда ўзига яраша сабаблар бўлган бўлса керак. Балки жиноят охирига етказилгандек кўрсатиш керак бўлгандир. Эҳтимол, қотил буюртмачининг олдига бориб: «Мана, мен уни йўқ қилдим. Марҳамат, мана далиллар. Энди пулимни беринг,» дейиши лозим бўлгандир. Буюртмачи қотилга пулни беради ва ўша ернинг ўзида иккаласи далиллар билан қўлга олинади. Менимча, биринчидан, шу сабаблар туфайли менинг «ўлишим» шарт бўлган.

Иккинчидан, ҳозир қотил-буюртмачи занжири бироз равшанлашди. Тайёргарлик пайти ҳеч нарса маълум эмасди. Масалан, мен ҳозир касалхонада «оғир аҳвол»да ётганимда буюртма олганлар битта шахсми ёки кўпчилик эканлигини аниқлаб бўлмас эди.

И.Б.: Уйинг, паспортинг расмлари, портретларинг ва паспорт маълумотларингдан ташқари сенга суиқасд ташкилланаётганини исботлайдиган яна қанақа далиллар кўрсатишди? Балки сенинг бир ўзингга эмас, 30 нафар мухолифатчига суиқасд ташкиллангандир. Сенга ҳеч қандай рўйхат кўрсатишмадими?

А.Б.: Йўқ, кўрсатишмади. Менга айтишган нарсалар тергов сири бўлгани учун улар ҳақида ҳозир гапиролмайман.

И.Б.: Сенинг ўлиминг Москвадан ташкиллангани эҳтимоли тўғрисида бирор маълумот ёки тахмин борми?

А.Б.: Билмайман.

И.Б.: Бу ерда қўлга олинган ташкилотчининг кимлиги ва у нега сенинг ўлимингни истагани ҳақида бирор нарса биласанми?

А.Б.: Йўқ, билмайман.

И.Б.: Ғалати савол бераман: келажакда ростдан ҳам сенга бирор нима бўлсаю, лекин одамлар бу хабарга ишонмай қўйишларидан қўрқмайсанми?

А.Б.: Менга бунинг умуман қизиғи йўқ. Биласанми, ҳозир Facebook’да мен ҳақимда жуда кўп мемлар чиқиб кетди ва улар менга жуда ҳам ёқяпти. «Бабченко кейинги сафар яна ўлса, уни бир сутка давомида бармоқ ниқтаб текшириб кўриш керак.» Марҳамат, дўстлар, ниқтайверинглар. Мен муаммоларни ўз ҳолича ечишни афзал биламан.

Асосий муаммо – ҳаётим ва оилам хавфсизлигини сақлаб қолиш эди.

И.Б.: Демак ойинг, қизинг, асраб олган болаларинг – ҳаммаси ҳозир Киевдами?

А.Б.: Улар ҳақида гаплашмаймиз. Асосий масала – ҳаётимни сақлаб қолиш, оилам хавфсизлигини таъминлаш бўлди. Юқори ахлоқли шахслар мени ёлғончиликда айблайверсин, очиғи, бу фейк-нюс эканлиги ҳақида энг сўнгги навбатда ўйладим.

Дўстларим, яна бир бор қайтараман, келинг бундай қиламиз: олдингизга келиб: «Мана маълумотлар, сени ўлдиришмоқчи. Яшашни истайсанми ёки маънавиятчилик қиласанми?» дейишди. Нима қилган бўлардингиз? Илтимос, насиҳатгўйлик қилманг – мен омон қолишни истадим, холос.

Манба: BBCUZBEK.COM

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қоғозда бошқа, ҳаётда бошқа нарх-наво

Мамлакатимизда товуқ боқиш кенг кӯламда тарғибот қилинган 2017 йилда товуқ тухуми ва товуқ гӯшти барқарор нархда бӯла олмади. (more…)

«унутмайлик ва бошқа ҳеч қачон қайтарилишига йўл қўймайлик»

Болалигимдан тарих билан қизиқаман. Аммо Ўзбекистоннинг 19- ва 20-аср бошларидаги тарихини яхши билмайман. Нега десангиз у вақтлар тарихини ўқисам юрагим қон бўлиб кетади, ...

Нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар ақш президентининг нархни тушириш чақириғини эътиборсиз қолдирди

Нефть ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК ва ташкилотга аъзо бўлмаган бошқа йирик нефть ишлаб чиқарувчилар АҚШ президенти Дональд Трампнинг нархни ...