Ўттизга яқин иш ўрни яратмоқчи бўлган тадбиркорга нима учун ер берилмаяпти?

Шу йилнинг май ойи бошларида KUN.UZ сайти ходимлари Сурхондарё вилоятида хизмат сафари билан бўлди. Унда ўқувчиларимиз томонидан ёзилган аризалар асосида қатор муаммолар юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Шўрчи туманида фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири ҳам мурожаат қилиб, оилавий корхонаси учун туман мутасаддилари томонидан ер ажратилмаётгани, шу сабабли корхона фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, тадбиркор “Тамаддун” маҳалласида фойдаланилмаётган ва ташландиқ ҳолатга келиб қолган ер майдонида темирчилик ва дурадгорлик устахоналари ташкил этишни режалаштираётган бўлса-да, ушбу ер майдони унга берилмаётганини билдирди. Биз муаммо нимадан иборат экани, унга нима учун ер ажратилмаётганини ўрганиш мақсадида Шўрчи туманига ҳам бордик.

“Алпомиш тоза мебеллари” оилавий корхонасини очдим. Мебель ишлаб чиқарардик. Фаолиятимни ижарада туриб амалга оширдим. Ишни бошлаганимда ижара еримни эгаси ўзи фойдаланиши учун сўраб қолди. Ерни қайтариб бердим. Ер йўқлигидан қийналганим учун корхонамни вақтинчалик ёпдим.

Мана бу фойдаланилмай турган ер майдонида эса, ишлаб чиқариш бинолари қурмоқчиман. Пишириқ цехи, пахта титиш цехи олиб келганман. Шу ерда бино қуриб, уларни жойлаштирмоқчиман. Туман архитектураси томонидан менга фойдаланиш учун бериладиган ер майдонинг топосьёмкаси ҳам тақдим этилган. Унда барчаси акс этган”, – дейди Нажмиддин ака.

Биз унинг юқоридаги режаларини амалга оширишда тўсиқ бўлаётган нарса нима эканига қизиқамиз. Унинг айтишича, туман ҳокимлиги бир неча йиллардан буён фойдаланилмай келаётган ерни туман захирасига қайтариб олиш ва мақсадли фойдаланиш учун йўналтириш чораларини кўрмайди. Шунга кўра, ундан ҳеч ким фойдалана олмайди.

“Бугунги кунда мени фаолиятимни тўғри йўлга қўйишда тўсиқ бўлаётган нарса шуки, туман ҳокимлиги 10 йилдан ортиқ вақтдан бери фойдаланилмаётган ерни захирага қайтариб олмаяпти ва менга бермаяпти. Ер майдонидан менга қисман ажратиб бериш бўйича туман ҳокимлиги ҳузуридаги қурилиш учун ер участкалари танлаш ва ажратиб бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссияси далолатномаси ҳам бор. Фақат унга маҳалла раиси Мингпўлат Рўзиев ва туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича муовини Ўткир Мамадалиев имзо чекмаяпти. Улар бу ер бошқа бировга тегишли эканини иддао қилишмоқда. Далолатномага ҳудуднинг бош плани ҳамда топосьёмкаси ҳам илова қилинган.

Бу ерда бировнинг ери йўқ-ку. Вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси ҳам, ҳокимият ҳам мулкдор мулкини бузгандан кейин ер майдони ўз-ўзидан туман захирасига ўтиши бўйича жавоб хатлари берган. Илгари бу ерда “Охунбобоев” колхозининг жуда катта омборхонаси бўлган”, – деди Нажмиддин ака биз билан суҳбатда.

Бош планда ҳам барчаси очиқ-ойдин. Уни қўшимча изоҳлашнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, тадбиркор Н.Исаев шу цехларнинг атрофини ободонлаштириш, Оталар чойхонаси ва фаввора қуришни ўз ҳисобидан амалга оширишга ҳам шай турибди, бунга розилик ҳам билдирган.

Шунингдек, Нажмиддин ака унга ер берилса ва ишлаб чиқаришни кўнгилдагидек йўлга қўйиб олса, 30 кишига яқин қишлоқ ёшларини доимий иш билан таъминлаши мумкинлигини, Ж.Кореядан олиб келинадиган идора курсилари чиқаришга мўлжалланган цех жойлаштирилгач, тайёр маҳсулотларни яқин қўшни давлатларга (Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон Сурхондарё билан чегарадош – таҳр.) ҳам экспорт қилишни режалаштираётганини таъкидлади.

Маълум бўлишича, ушбу омборхонани 2005 йилда шу ерлик фуқаро Йигитали Ражабов харид қилганидан сўнг, унинг бинолари, жиҳозлари ва бошқа ускуналарини сотиб юборган. Ер майдони кўриб турганингиздек ташландиқ аҳволга келган. Қолаверса, омборхона сотиб юборилганидан сўнг, Йигитали Ражабов томонидан ер майдонлари ноқонуний равишда бошқа фуқароларга сотилган, бу ерда 2та турар-жой биноси барпо қилинган.

Буни Сурхондарё вилояти Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан 2016 йил 24 октябрда берилган 256-сон билдиришнома ҳамда Шўрчи туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Абдурасулов томонидан 2011 йил 19 август санаси билан имзоланган мактуби ҳам тасдиқлайди.

Вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси билдиришномасида жумладан шундай дейилади:

“Ўрганиш жараёнида…омборхона ҳудуди Худойбердиев Янгибой ва бошқаларга тарқатилган. Бузилган омборхона ҳудудидан Худойбердиев Янгибой 13*8 метр ўлчамдаги уй биноси ноқонуний равишда қурилган. Шунингдек, Й.Ражабов томонидан 17*3,5 метрга уй қурилган. …шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмас”.

Ҳужжатлар билан танишгач, нима учун тадбиркорга ер ажратилмаётганини билиш мақсадида Шўрчи туман ҳокимлигига бориб, туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Мамадалиев ҳамда туман бош архитектори билан учрашдик.

Биз даставвал туман ҳокимлиги собиқ омборхона ҳудудида уйлар қурилганига нисбатан қарашлари билан қизиқдик. Ў.Мамадалиевнинг айтишича, бирор иншоот харид қилинишида, унда тадбиркорлик қилиш важ қилиб кўрсатилган бўлади. У мулк бузилганидан кейин ўрнида уй-жой қурилса, ноқонуний ҳисобланади.

Туман ҳокими муовини ер майдони нима учун захирага олинмаганини омборхонани харид қилган Й.Ражабовга яна бир бор имкон бериш истаги билан изоҳлади. Нажмиддин Исаев эса, 13 йилдан буён бирор ўзгартиришни амалга оширмаган, тадбиркорликни йўлга қўйиш ўрнига бино-иншоотларни сотган, камига бўшаган ер майдонларида ноқонуний қурилмалар қилган, ер майдонини бошқа фуқароларга ноқонуний равишда сотиб юборган фуқарога яна қандай имконият бериш мумкинлигини тушуна олмаётганини таъкидлади.

Аммо, ҳоким муовини ўзининг бундай қарорини инсонпарварлик нуқтаи назаридан тўғри қилаётгани билан шарҳлади. Аслида, мулкдор мулкини сотиб бўлган ва бинолардан бўшаган ер ўз-ўзидан туман захирасидаги ерга айланган. Энди уни юридик жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, туман ҳокимининг қарори чиқарилиши ва шу қарор асосида ким бўлишидан қатъиназар “ишлайман, сармоя киритаман, ишчи ўрни яратаман”, деган тадбиркорга фойдаланишга тақдим этилиши мақсадга мувофиқ эмасми?

Хуллас, туман ҳокимлиги омборхонадан бўшаган ерни на захирага қайтариб олиш чорасини кўради, на Нажмиддин Исаев бўлмаса, бошқа тадбиркорга бериб, “Тамаддун” маҳалласи қоқ марказида, тадбиркорлик учун қулай жойдаги ердан самарали фойдаланишни йўлга қўяди. Аксинча, айнан шу нарса нима учундир пайсалга солинмоқда. Ажабланарлиси, туман ҳокимлиги тадбиркорга “Тамаддун” маҳалласидан бўлмаса, бошқа жойдан ҳам бўш ер майдони ажратиш устида бош қотирмаётганидир.

Бу борадаги президент ва ҳукумат қарорлари кўр-кўрона ижро этилмаяпти. Ердан ва иншоотлардан бир неча йиллар давомида самарали фойдаланмаган фуқарога нисбатан инсонпарварлик билан ёндашиш ёддан кўтарилмаяпти, бироқ тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқарога ер ажратиш масаласида масъулиятсизлик қилинаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Биз собиқ омборхонанинг эгаси Й.Ражабов ер майдонларини сотиб юборгани ростми-йўқми, деган савол билан “Тамаддун” маҳалласи раиси Мингпўлат Рўзиевга мурожаат қилдик.

Маълум бўлишича, омборхонадан бўшаган ерлар маҳаллада яшовчи бир неча фуқароларга сотиб юборилган. Бироқ уларнинг ҳеч бири билан белгиланган тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилмаган. Чунки Й.Ражабов ер майдонини сотишга доир ҳуқуққа эга бўлмаган.  Шунчаки оғзаки келишув ва ҳужжатларни тайёрлаб бериш шарти билан олди-берди қилинган.

Шундан сўнг, маҳалла раиси ҳамроҳлигида Йигитали Ражабов фикрларини ҳам билиш учун унинг хонадонига ташриф буюрдик. Бироқ айрим (одоб юзасидан ёзмадик) сабабларга кўра, Й.Ражабов билан суҳбатлаша олмадик.

Мана шу ўрганишларимиз натижаси. Унда ким ҳақ, кимнинг фикри жўяли эканини мутасадди ташкилотлар ўрганиб чиқишади, деган умиддамиз. Н.Исаевга ер ажратиш муаммоси, давлатнинг фойдаланилмаётган ерини туман захирасига қайтариш масаласи ижобий ҳал этилади, дея ишонч билдириб қоламиз. Таҳририят эса, унинг ечими қандай ҳал этилишини кузатишда давом этади.

Манба: kun.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

50 нафар муҳожирни олиб кетаётган кема ўрта ер денгизида ағдарилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича агентлиги ва Ливия соҳил қўриқчиларининг маълум қилишича,  Европага йўл олган қайиқ Ўрта Ер Денгизида ағдарилган. Унинг ...

Тасс: россия ўзбекистонга 12 та ми-35 зарбдор вертолётини етказиб беради

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва «Рособоронэкспорт» Ми-35 русумидаги 12та жанговор вертолёт етказиб бериш борасидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда “Россия ва Ўзбекистон: ...

Туркиялик генералнинг уйида ишлаган ўзбек оқсоч қиз ўзини отиб қўйгани айтилмоқда

Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси депутати, нафақадаги генерал Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаётган 23 яшар ўзбекистонлик Нодира Қодирова генералнинг тўппончаси ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400