Закот, фидя ва фитр садақаси кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилади?

Рамазон ойи – баракали ой. Чунки унда амалга ошириладиган молиявий ибодатлар туфайли эҳтиёжманд кишиларнинг мушкули осон бўлади, хайр-эҳсон қилувчиларнинг молига ҳам барака киради. Бу ойда, асосан, уч турдаги молиявий ибодат амалга оширилади. Булар закот, фидя ва фитрдир. Хўш, улар қайси тоифа одамларга берилади ва қанча миқдорда?  

ЗАКОТ

Фото: muslim.uz

Закот бериш ҳур, ақлирасо, балоғатга етган, мусулмон, нисоб миқдорича маблағга эга, нисобга эга бўлганига бир йил тўлган шахслар зиммасига фарз бўлади.

1) Закотнинг шарти иккитадир: биринчиси закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, иккинчиси эса, закотни бериш ёки ажратиш пайтида закот эканлигини ният қилишдир;

2) 85 грамм ва ундан ортиқ тиллоси бор киши закот бериши фарз бўлади;

3) пул ёки тижорат молларининг қиймати нисобга етса закот бериши фарз бўлади;

4) бир кишининг озгина тилло, озгина кумуш, озгина пули бўлса, уларнинг барчаси қўшилганда нисобга етса закот бериш фарз бўлади;

5) ишлаб чиқарувчи корхоналарда икки хил мол бўлади. Биринчиси, хомашёлар. Иккинчиси, тайёр бўлган маҳсулотлар. Закот бериш пайтида иккаласининг қиймати ҳисобга олинади. Лекин, завод, фабрикаларнинг асбоб-ускуналаридан закот берилмайди;

6) закот фарз бўлган вақтда уни адо этмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закоти зиммасидан соқит бўлмайди;

7) ҳозирги солиқларни закот ҳисобласа бўладими, деган савол туғилади. Ислом уламолари солиқлар ҳеч қачон закот ўрнига ўтмаслигини таъкидлашган;

8) яшаб турган уй-жойлари, истеъмолдаги кийимлари, минилиб турадиган улов, озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар тилла, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса) касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди;

9) гаровга қўйган бойлиги, мадомики, гаровга олган киши қўлида экан, ундан закот бериш фарз эмас (Фатовойи Оламгирия);

10) қарзини бўйнига олмай юрган қарздор кейинчалик қарзига иқрор бўлиб адо этса, ҳақдорнинг зиммасига ўтган йиллар учун закот бериш вожиб бўлмайди. (Фатовойи Оламгирия);

11) қарздор киши агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган бўлса, у кишига закот фарз эмас;

12) ижарага берилган бино, дўкон ва уловлардан закот берилмайди. Балки, улардан тушган маблағ нисобга етса, закот берилади.

13) чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилса ва нисобга етса улардан ҳам закот берилади. Туянинг сони 5 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй берилади. Қора молнинг сони 30 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта бир ёшли бузоқ берилади. Қўй ва эчкининг сони 40 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй ёки эчки берилади. Тижорат ниятида ўйда боқилаётган ҳайвонларни сони қанча бўлишидан қатъи назар уларни пули ҳисобланади. Агар пули нисобга етса қирқдан бири закот учун берилади.

Закотни кимларга бериб бўлмайди?

Закотни нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас. Закотни гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек, мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.

Кимларга берган афзал?

Ушбу саволга “Фатавои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот ва фитрни беришда энг афзали, аввало, ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.

“Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.

Эслатма: ЎМИ Фатво ҳайъати томонидан 2018 йилги закот нисоби 16 000 000 (ўн олти миллион) сўм этиб белгиланди.

ФИДЯ

Фото: muslim.uz

Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексалар ва сурункали касал бўлиб, тузалишига умид бўлмаган беморларга шариатимиз рўза тутмасликларига рухсат беради (“Баҳрур роиқ”).

Булар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришади. Фидя миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан милодий 2018 йил (ҳижрий 1439 йил) учун ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм, деб белгиланди.
Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берса, рўза ундан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди.

Маълум вақтлардан кейин тузаладиган касалликка чалинган шахсларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар, чунки қачондир тузалишларига умид бор. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Фидя берувчилар хоҳласалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг бошида ёки охирида беришлари мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).

Фидя закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади. Агар улар фидя беришганидан кейин қувватга тўлиб, рўза тутишга кучлари етадиган бўлиб қолишса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари керак (“Ниҳоя”).

ФИТР САДАҚАСИ

Фото: muslim.uz

Фитр садақаси фақирларга ғамхўрлик, уларга ҳайит кунини хурсандчилик билан ўтказишлари учун кўмакдир, уни берганлар учун эса, Рамазонда йўл қўйилган баъзи камчиликларга каффоратдир.

Фитр садақаси кумуш нисобидаги, ҳожатидан ортиқча молга эга мусулмонга вожиб бўлади. Ана шу миқдордаги мулкка эга киши фитр садақасини ўзи ва ёш болаларидан бериши вожиб. Балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқдан ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитр садақасини одамлар намозга чиқмасдан олдин беришни буюрдилар”. Аммо бу вақтдан олдин, масалан, Рамазон кириши билан берса ҳам бўлади. Лекин намозга чиқишдан олдин бериш мустаҳабдир. Фитр садақаси вожиб бўлиб, уни беролмай қолган киши зиммасидан соқит бўлмайди.

Фитр садақаси буғдой, буғдой уни ёки ёрмасидан ё майиздан ёки хурмо ё арпадан берилади. Буғдой ё унинг уни ёки ёрмасидан ва майиздан ярим соъ (тахминан 2 кг.), арпа ва хурмодан бир соъдир. Мазкур нарсаларнинг қийматини ҳам берса бўлади.

Фитр садақаси закотга ҳақдор бўлган кишиларга берилади.

Манба: kun.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дин ишлари бўйича қўмитага дхх тизимида ишлаган абдуғофур аҳмедов раис бўлди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага янги раҳбар тайинланди. “Kun.uz»нинг хабар беришича, бу лавозимга Абдуғофур Аҳмедов тайинланган. Абдуғофур Аҳмедов ...

Пайариқ шаҳрида “аллоҳ” деган ёзуви бор қўзичоқ туғилди

Пайариқ шаҳридаги “Мустақиллик” МФЙда яшовчи Суннат Мардонов хонадонида қўзичоқ туғилди , деб ёзади «Zarnews».   Фото:«Zarnews» Унинг бир томонида “Аллоҳ” деб ёзилган. Туман ...

Мусулмон оламидаги тушкунлик сабаби нимада? 

Бугун сайёрамизда статистик маълумотларга кўра, мусулмонлар ер юзи аҳолисининг 23 фоизини ташкил этади. Яъни уларнинг сони 1.7 миллиард. Бу ислом аҳкомлари амалларини ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400