Хўрак қопқонга қарши бош кўтаради. Валентина Чупик мигрантлар учун бепул юридик ёрдам курсларини очди

Мигрантларга ёрдам бериш курсини тамомлаган юристлар Валентина Чупик билан (Чупик пастки қаторда чапдан)

Мигрантлар учун бепул ёрдам кўрсатадиган юрист Валентина Чупик кунни-кун, тунни-тун демасдан чет эл фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилади, улар учун бепул тренинглар ўтказади. Жумладан, полиция ходими билан мулоқотда ўзни қандай тутиш, инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий ўқишлар шунга киради. Ҳар куни Чупик ўнлаб меҳнат муҳожирларининг депортация қилинишининг олдини олади, иш берувчилар томонидан берилмаган ойликларни одамларга ундириб беради, ҳужжатларни тўғри расмийлаштиришга ёрдам қилади. Шу боис, тобора коррупция ботқоғига ботиб кетган системага қарши тура оладиган, қилмаган айблари учун полиция нозирларига пора бермайдиган мигрантларнинг сони кўпайиб бормоқда.

Россияда миллионлаб мигрантлар ишлайди, лекин уларга бепул хизмат кўрсатадиган юристларни бармоқ билан санаш мумкин. Шунинг учун Валентина Чупик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бепул курсларни ташкил этди. Бунинг учун талабгорларда юридик маълумот ва мигрантларга холисона ёрдам бериш иштиёқи бўлиши керак.

Чупик амалиётда мигрантларга ёрдам бериш бефойда ва бепул ишлайдиган юристларни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди, деган иддаоларни қиладиганларга доимо дуч келган, шунинг учун бу аёл ҳаётда мазкур қолип тушунчаларни парчалаб, бунинг аксини исбот қилолди.

–Мен ижтимоий тармоқларда бепул тренингга юристлар йиғаётганим ҳақида эълон бердим, – дейди Чупик. – Одатда 15 киши курсга ёзилади, охирида уларнинг бештаси курсни тамомлайди. Мен курс бошиданоқ бу иш ташвишли экани, обдон ўйлаб кериш кераклигидан уларни огоҳлантираман.

Нега энди бепул ёрдам кўрсатиш кераклиги тўғррисидаги саволга Чупик шундай жавоб беради:

– Мигрантларга кўмак бермоқчи бўлган юрист юракдан холис бўлиши керак. Мигрантлар устидан пул ишлаб бўлмайди. Мигрантлар бизни бойитмайди, бунинг акси – бизларга моддий томондан зиён келтириши мумкин. Келинг, олдиндан келишиб олайлик: биз меҳнатимиз учун ҳақ олмаймиз, лекин бизлар пайти келиб ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларда ишлайдиган юристлар авлодини етиштиришимиз мумкин.

Чупик бераётган сабоқларни қуйидаги мавзуларга бўлиш мумкин: мигрантларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари, прокуратура, Тергов қўмитаси билан муносабати; ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси, шартнома тузиш, мигрантлар саломатлиги муаммоларини хал этиш, уларнинг ойлик маошларини ўз вақтида олишига кўмак бериш; мигрантларни судларда, Олий судгача бўлган босқичда ҳимоя қилиш, даъво аризаларини бериш, вақтинча ва доимий яшашга рухсатномалар олишда кўмак бериш масалаларидир.

Валентина бу каби тренингларни авваллари ҳам ўтказиб келган, лекин бу галги семинарлар анча уюшқоқлик билан ўтмоқда. Бунга замонавий технология сабаб бўлди: талабаларнинг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳида умумий чат борлиги қўл келмоқда. Валентина Чупик бу ерга ноҳақдан ушланган мигрантлар тўғрисида хабар юклайди. Бир ойлик ўқув курси давомида юристлар дарс олишдан ташқари, ўнлаб мигрантларга амалий ёрдам ҳам бера олдилар. Шу қатори кўпчилик Россияда мигрантлар ҳуқуқлари поймол этилиши, уларнинг камситилиши одатий ҳолга айланиб қолганига гувоҳ бўлмоқдалар.

Курсга ёзилган ўн беш нафар одамдан финалга олтитасигина етиб келди. Битирув кечасида юристлар мигрантларга қандай ёрдам берганлари ва келажакда нима ишлар билан машғул бўлишларини гапириб бердилар.


Полиция мигрантларни текширмоқда. Molbulak.ru сайти фотоси

150 одам муштлашига бир баҳя қолганди

Марина Павлованинг тўртта фарзанди бор. У – ўзбекистонлик, Санкт-Петербургда бир неча йиллардан бери истиқомат қилади. Марина мигрантларга хос муаммолар билан биринчи бор фарзандига РФ фуқаролигини расмийлаштираётганда дуч келган. Унинг ўзи Россия фуқаролигига эга.

– Россия паспортини олиш учун аввало қизим ўзбек паспортини олишга мажбур бўлди, чунки у Россияга кўчиб келганимизда балоғат ёшига етмаганди, – дейди Марина. – Ўша пайт Петербургда яшаётган 11,5 минг одамда қизимникига ўхшаш муаммолар бор экан. 2005 йилдан 2013 йилгача қизимга Россия фуқаролиги ўзбек паспортисиз ҳам берилиши борасида бормаган жойим, кирмаган кабинетим қолмади. Ваниҳоят ниятим амалга ошди. Амалдорлар кабинетига кириш учун коридорда навбат кутиб турган пайтларим юзлаб қайғули воқеаларни эшитдим. Мен бу борада озми-кўпми тажриба орттирганим учун уларга қўлимдан келганча кўмак бера бошладим. Кимгадир тақиқни бекор қилишга ёрдам бердим, кимгадир РВП (вақтинчалик яшаш рухсатномаси) олишига ҳиссамни қўшдим. Ушбу ҳаракатим давомийликка эга бўлди. Чунки, бир одамга ёрдам берсанг, у мана шундай муаммога дуч келиб, нажот қидираётган бошқа одамга сен ҳақингда гапириб беради, унга телефон рақамингни беради. Шундай қилиб ҳуқуқ ҳимоячисига айланиб борасан.

Семинарга келгунча Марина ОАВ ёзганидек Россияда миграция сиёсати у қадар ёмонмас, деб ўйлаган. Бир ой вақт ўтмай у бу борада аҳвол жудаям аянчли эканига иқрор бўлди. Шундай қилиб, у фикрини ўзгартирибгина қолмай, мигрантларга бепул кўмак берадиган ҳам бўлди.

Марина 150 нафар мигрантнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олишига ёрдам беролди. 22 май куни уларни гўёки Сахароводаги Миграция марказида жанжал бошлаганликда айблаб, ҳисбга олишади ва турли ички ишлар миграция масалалари бўлимига олиб боришади. Мигрантлар ҳеч қанақа уруш жанжалда иштирок этмаганларини айтиб, марказга ҳужжат олиш учун келганларини айтадилар.

– Ўша куни тожик миллатига мансуб Украина фуқароси менга қўнғироқ қилиб, полиция ходимлари уни қўлга олишганини айтди, – дейди Павлова. – Мен дарҳол Валентина билан боғландим. У командировкада эди, лекин олисдан нима ишлар қилишим кераклигини айтиб турди. Орадан бир кун ўтиб, қўлга олинган мигранларнинг барчаси озод этилди. Уларнинг орасидан фақат биттаси, яъни миграция қонунини бузган фуқаро участкада қолди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси йиллар давомида бюрократия билан курашиш, ҳуқуқлари поймол бўлганларга ёрдам беришга қайдан куч олади, деган саволга “адолатнинг қарор топиши инсонга куч бағишлайди”, деб жавоб беради Марина.


Курсни тамомлаганлик тўғрисида Сертификат

Полиция билан тўғри муомила қилиш

Бахтиёр Жўраев 2004 йилдан бери Россияда яшайди. Тренингга “мигрантларни қўтқаришни ўрганиш” учун келган.

– Асли Тожикистондан келганман. Юристликка ўқиб, ҳозирда электрик бўлиб ишлаяпман. Лекин ўз касбимга қайтмоқчиман, – дейди Бахтиёр.

Бир ой давомида у курсдошлари билан ноқонуний ушалган мигрантлар арзига кўра ички ишларнинг миграция бўлимларига қўнғироқлар қилиб, чет эл фуқароларининг нима учун, нима мақсадда ушлани сабабларини сўраб, уларга таржимон берилганлигини суриштирди, элчихоналар билан боғланди, ҳибсга олинган мигрантларнинг нега ўз вақтида овқатлантирилмаётгани, ҳожатга чиқарилмаётгани билан қизиқди ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Полицияга бир эмас, бир неча марта қилинган қўнғироқлар ноқонуний ушланган мигрантларни озод этилишига, депортациянинг олдини олишга ёрдам беради.

– Агар бошидан полиция билан тўғри, саводли мулоқот ўрнатилса, мигрант иши участкагача бормайди, – дея аниқлик киритади Чупик. – Асосийси, қўрқмасдан полиция ходимидан нима учун мигрант ҳужжатини текшираётганини сўраш керак. Тажриба шуни кўрсатадики, бундай ёндошилганда 80 фоиз мигрантларни дарҳол қўйиб юборадилар.

Ўзингни қутқар – атрофингдаги минглаб одамлар қутулиб қолади

Ўзбекистон фуқароси Машраб Мадраҳимов Москвада яшаб, Плеханов номидаги Россия иқтисодий университетининг юридика факультетида таълим олади.

Машраб «Тут ждут» компаниясида юрист бўлиб ишлайди.

– Менга мигрантлар тез-тез ўз муаммолари билан мурожаат қиладилар. Мен малакали маслаҳатлар беролмаганлигим сабаб, ушбу курсга ёзилдим. Эндиликда анча билимга эга бўлдим ва уларни ҳаётга тадбиқ қилиш имконияти бор. Масалан, яқинда Тверь шаҳрига иш билан бордим. Мижозларим маҳаллий миграция марказига навбатга ёзилишиб, эртаси куни патентга ҳужжатлар топшириши керак эди. Лекин эрталаб улар билан марказга борсак, у ерда патент нархи икки баробар ошганлиги ҳақида эълон осилиб турибди. Шу билан бирга бу ерда фақат ўзлари берган ҳужжатларнигина (регистрация, ОМС ва ҳ.к) қабул қилишаркан. Албатта, бу ноқонуний ҳол бўлиб, эълонни камида бир ой олдин беришлари керак эди. Биз жанжал кўтариб, телевидение таклиф қилдик. Шундан сўнг Миграция маркази янги тартибини бекор қилишга мажбур бўлди. Шундай қилиб, биз нафақат ўзимиз (Машрабнинг мижозлари назарда тутилмоқда – таҳр), балки марказга мурожаат қилаётган барча мигрантлар ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилаолдик.


Мигрантлар учун юристларни тайёрлаш курс битирувчилари

Огоҳлиги ҳаммани лол қолдирди

Муҳаммад Собиров тожикистонлик йигит. У Москва давлат юридик университети магистрлик бўлимининг 1 – курс талабаси, курьер бўлиб ишлайди. Муҳаммад кўп вақтини метрода ўтказади. У нафақат юртдошларининг полиция ходимлари томонидан доим текширилишига гувоҳ бўлган, балки ўзи ҳам мана шундай текширувларнинг “манбаи”га айланиб улгурган. Валентина Чупик семинарига келгунча вазият шундай бўлган.

«Горбушка» бозорида бўлган айнан Муҳаммад ОМОН томонидан славян кўринишига мос келмаган одамларнинг асоссиз равишда ёппасига қўлга олинаётганлигини хабар қилган. Бундан ташқари Собиров полициячиларга савол беришдан қўрқмаган, уларнинг ҳаракатини видеога олиб, ушалган мигрантлар билан полиция участкасига бирга борган.

– Полиция бўлимида ҳужжатларимизни текширишди, – дейди Муҳаммад. – Негадир менинг сумкамни текширишди. Бунга жавобан улардан қонун бўйича протокол тузишларини талаб қилдим. Улар менинг бу нарсаларни билишимдан ҳайрон қолишди. Шунда мен уларнинг хизматига оид қонунда белгиларган ҳаракатлар ҳақида гапириб бердим, сумкамда ётган полиция тўғрисидаги қонунни кўрсатдим. Қўлга олинган одамларга келсак, уларни уч соатдан кейин қўшиб юборишди.

Ноқонуний операция

Ўзбекистонлик Зарнигор Омониллаева ҳомиладорлигига қарамасдан курсларда иштирок этди. У 2013 йилдан бери Москвада яшайди, Москва давлат юридика академиясини тамомлаган, бир неча йил ФМХда ишлаган. Мигрантлар ҳаётда кўпгина ноҳақликларга дучор бўлишини кўрган Зарнигор одамларга малакали юридик ёрдам бериш учун Чупик курсига ёзилган.

Зарнигорнинг «диплом иши» Москвага бепуштликни текшириш учун келган ва рус тилини мутлоқо билмайдиган тожикистонлик бир аёл бўлди.

– Бу аёл турли анализлар учун 100 минг рубль тўлайди ва шундан сўнг унга операция белгилашади, – дейди Зарнигор. – Операция тўлиқ наркоз остида қилинган бўлсаям, беморни келаси кун касалхонадан чиқариб юборишади. Орадан бир неча кун ўтгач аёлда қаттиқ оғриқлар пайдо бўлади ва у мени ёрдамга чақиради. Оғриқни қолдирадиган дорилар ёрдам бермайди. Мен ундан ҳужжатларни кўрсатишни сўрадим. Аниқланишича, унга пулли операция қилишган, шартномада эса фақат “маслаҳат” кўрсатилган. Биз бирга ўша касалхонага бордик. Врач кабинетига киришимиз осон бўлмади.

Зарнигор биринчи дуч келган врачга шартномани кўрсатиб, унинг мижозига операция қилишганини, аёлдан қон кетаётганини айтади. Бордию, чора кўришмаса касалхонани судга беришини айтади. Операция ўтказган врач бирпасда топилади.

– Қўшнимни дарҳол палатага ётқизишди, – дейди Зарнигор. – Аниқланишича, негадир 50 минг рубль пул врачнинг дугонаси ишлаётган клиникага ўтказилган ва у операция қилган. Операция яхши ўтганига мени ишонтира бошлашди. Мен уларга аёлнинг аҳволи ёмонлиги боис операция ёмон қилинган ёки ноқонуний қилинганини айтдим. Чунки берилган хизматлар ҳақида баённома йўқ эди. Ўша ернинг ўзида учта ариза ёздим: касалхонанинг бош шифокори номига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва президент номига. Шундан сўнг врачлар тожикистонлик аёлни даъволашга рози эканликларини айтдилар. Бу ерда қонунларни яхши билишим ишда қўл келди.

* * *

Курсни тамомлаган талабаларга тарқатилган дипломда бу ҳужжат соҳиби нафақат керакли билимларни олгани, балки “Тартибли инсонлар Жамиятининг тенг ҳуқуқли аъзолари” бўлгани ҳам ёзилган.

Бироқ, курсни тамомлаган талабалар эндигина гуруҳ бўлиб суратга тушиб, тортни кесаётган пайт телефон қўнғироғи чалинди: Наро-Фоминскдаги маҳаллий кафеда ишлаётган мигрантларни қўлга олишибди…

Яна ишга қайтишга тўғри келди.

Екатерина Иващенко

Манба: “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон банкларида одамлар сумкаларда пул билан навбатда турибди

Ўзбекистондаги банкларда одамлар сумкалар билан навбатда тургани айтилмоқда. Хабарингиз бор кеча, 20 августдан банклар аҳолига доллар сота бошлади. Шундан сўнг бугун ...

Ўзбекистонда йил бошидан буён 90та қотиллик содир этилди

Прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси томонидан прокуратура органлари томонидан 2019 йилнинг дастлабки 3 ойида тергов қилинган жиноят ...

Фуқаролар борган сари сиёсатдан камроқ гапирадиган бўлмоқда​

Италия фуқаролари борган сари сиёсатдан камроқ гапирадиган бўлмоқда, дейилади миллий статистика хизматининг 2008-2017-йиллар оралиғидаги кўрсаткичлари асосидаги маълумотга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400