АҚШ БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини тарк этди

Қўшма Штатлар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ўз номига лойиқ эмаслигини айтиб, бу органни тарк этди. БМТдаги элчи Никки Ҳейлининг таъкидлашича, кенгаш азалдан ҳуқуқни поймол этувчиларни ҳимоя қилиб келади ва хусусан Исроилга нисбатан нохолис ёндашади.

Вашингтон Инсон ҳуқуқлари кенгашини ислоҳ қилишга, унга аъзоларни сайлаш тартибини ўзгартиришга чақириб келаётган эди. Исроил ҳукумати АҚШ қарорини олқишламоқда.

«Аъзоларига қаранг, энг фундаментал ҳуқуқлар даҳшатли равишда оёқ ости қилинаётганини кўрасиз», – дейди Никки Ҳейли Венесуэла, Хитой, Куба ва Конгога ишора қилиб.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам БМТнинг бу идорасини «шармандаларча иккиюзлама фаолият» юритаётганликда айблади.

БМТ бош котиби қуйидагича баёнот чиқарди:

«Бош котиб Қўшма Штатларнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашида қолишини жуда истарди. Бу тузилма бутун дунё бўйлаб ҳуқуқни тарғиб ва ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди».

12 ноҳукумат ташкилот, жумладан «Озодлик уйи» (Freedom House) ва «Болаларни Асранг» (Save the Children), АҚШнинг қароридан норозилик билдириб, давлат котибига мактуб йўллаган. Унда кенгаш фаолиятидаги нуқсонлар тан олинади.

«Аммо камчиликлар кенгашни тарк этиш учун асос бўлолмайди. Америка аъзолигисиз бу идора янада заифлашади», – дейилади мактубда.

«Халқаро Амнистия» (Amnesty International) ташкилоти раҳбари Салил Шетти АҚШни кенгашдан чиқиш фикридан қайтишга ундамоқда.

«Америка эъзозлашини даъво қилаётган фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларга Президент Трамп эътибор эканига яна гувоҳ бўлаяпмиз. Инсон ҳуқуқлари кенгаши мукаммал орган эмас, лекин масъулият ва адолат таъминланишида муҳим куч», – дейди у.

Хюман Райтс Вотч (Human Rights Watch) ташкилотининг Осиё бўйича директор муовини Фил Робертсон дейдики:

«Қўшма Штатлар биргина Исроил туфайли инсон ҳуқуқлари кенгашининг жаҳон бўйлаб қилаётган ишларини назарга илмаяпти».

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 2006-йилда, Инсон ҳуқуқлари комиссияси ўрнида тузилган. Унинг вазифаси – глобал майдонда инсон ҳуқуқларини тарғиб ва ҳимоя қилиш. АҚШ унга 2009-йилда қўшилган. Аввалги орган ҳам ҳуқуқни эъзозламайдиган давлатларни аъзоликка қабул қилгани учун танқид қилинар эди.

Кенгашга ҳар уч йилда ўзгариб турадиган 47 мамлакат аъзо ва улар йилда уч марта учрашиб туради. Сурия, Шимолий Корея, Бурунди, Мянма Жанубий Судан билан шуғулланувчи алоҳида комиссиялари бор. Вазиятни ўрганиш учун мустақил экспертларни ҳам давлатларга юборади.

Ўтган йиллар ичида БМТ инсон ҳуқуқлари идорасига Россия, Хитой, Саудия Арабистони ва Жазоир каби давлатлар сайлангани, шунингдек, унинг ҳар бир мажлисида Исроил танқид қилиниши АҚШнинг чуқур норозилигига сабаб бўлган. Элчи Никки Ҳейли Исроил масаласини кун тартибидан чиқариб ташлашни талаб қилаётган эди.

Трамп бошқаруви остида АҚШ йил охирида ЮНEСКО ташкилотини ҳам тарк этади.

Шу билан бирга АҚШ Фаластинлик қочқинларга кўмак кўрсатувчи БМТ идорасига молиявий ёрдамни 80 фоизга кесади.

«Инсон ҳуқуқлари кенгашни тарк этаяпмиз»,- дейди Ҳейли, «лекин инсон ҳуқуқлари ҳимоясидан чекинмаймиз».

Манба: amerikaovozi.com

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон янги локомотивлар харид қилади

2019-2021 йилларда локомотивлар паркини янгилаш учун жами 226,14 млн АҚШ долларини сарфлаш кўзланмоқда. Бу ҳақда Norma хабар берди. Осиё тараққиёт банки мамлакатга 5 йиллик ...

Ниғматилла йўлдошев кураш федерацияси раиси лавозимига сайланиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон кураш федерацияси раиси лавозимига сайланиши кутилмоқда. Бугун Термизда Ўзбекистон кураш федерациясининг ...

Жарималардан тушаётган миллиардлар қачон йўлларни таъмирлашга сарфланади?

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Акмал Юсупов бугун матбуот марказида ўтган табирда мазкур масалага ойдинлик киритди, деб ёзади ЎзА сайти. Тошкент ...